Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2019 й. 364-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 29 апрелдаги

364-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати

органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг

мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши

билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини

қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органи ходимининг (кейинги ўринларда ходим деб аталади) ёки унинг яқин қариндошларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотинлар, фарзандлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари ва опа-сингиллари) мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибини белгилайди.


2. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ходимнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.

Мазкур Низом давлат божхона хизмати органларидан пенсияга чиқарилган шахсларга, агар зарар уларнинг ёки яқин қариндошларининг мол-мулкига давлат божхона хизмати органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган бўлса, татбиқ этилади.



2-БОБ. ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ МАСАЛАСИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


3. Мазкур Низомни амалга ошириш мақсадида ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича божхона бошқармаларида, "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология марказида (кейинги ўринларда божхона органлари деб аталади) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий фаолият кўрсатувчи комиссиялар тузилади.


4. Комиссия таркиби божхона органининг тегишли хизматлари ходимларидан ташкил топади ва божхона органи раҳбари томонидан тасдиқланади.


5. Зарар ўрнини қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштириш божхона органларининг Кадрлар бошқармаси ва жойлардаги кадрлар бўлимлари (кейинги ўринларда кадрлар хизматлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.


6. Ўз мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ходим ёки унинг яқин қариндошлари божхона органи раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.

Ариза у келиб тушган куннинг ўзида божхона органи раҳбари томонидан кадрлар хизматига йўналтирилади.


7. Мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги билдирги (ариза) келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддатда божхона органининг кадрлар хизмати томонидан тегишли комиссияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида ходимнинг билдиргиси ёки унинг яқин қариндошларининг аризаси;

мол-мулкига зарар етказилган ҳолатлар бўйича текширув хулосаси;

мол-мулкига етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар.


8. Комиссия томонидан ҳужжатлар улар тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади.


9. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ёки уни қоплаш рад этилиши тўғрисида комиссия қарори қабул қилинади ва божхона органи раҳбари томонидан тасдиқланадиган баён билан расмийлаштирилади.


10. Комиссия қарори уч кун муддатда манфаатдор шахсларга етказилади.


11. Комиссия раиси ва аъзолари зарарнинг ўрнини қоплаш ёки қоплашни рад этиш тўғрисидаги комиссия қарорининг қонунийлиги ва тўғри қабул қилинганлигига масъул ҳисобланади.



3-БОБ. ЗАРАРНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


12. Мол-мулкка етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлаш, божхона органи томонидан баҳолаш ташкилоти жалб қилинган ҳолда, мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида амалга оширилади. Бунда зарар миқдори унинг ўрнини қоплаш вақтида амал қилаётган бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


13. Ҳисоб-китоблар нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Зарар натура шаклида, тенг қийматдаги мулкни бериш, уни таъмирлаш ёки бошқа кўринишларда ҳам қопланиши мумкин.

Мазкур Низомда назарда тутилган тўловлар божхона органларининг молия-иқтисодиёт хизматлари томонидан амалга оширилади.


14. Мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг, ушбу зарарнинг ўрни божхона органлари томонидан ўн кун муддатда манфаатдор шахсларга қоплаб берилиши лозим.


15. Мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.



4-БОБ. ЗАРАРНИ АЙБДОР ШАХСЛАРДАН

УНДИРИШ ТАРТИБИ


16. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган божхона органи бу билан боғлиқ харажатларни зарар етказилиши учун айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чораларини кўради.

Бунда айбдор шахсларни топиш мақсадида ваколатли органларга тегишли сўровномалар юборилиши ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа зарур тадбирлар амалга оширилиши мумкин.


17. Божхона органлари молия-иқтисодиёт хизматлари томонидан зарарнинг ўрни қопланган кундан бошлаб икки кун муддатда зарарнинг ўрни қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (тўлов топшириқномаси, чиқим касса ордерлари, тўлов ведомстлари ҳисоб-фактура ва бошқалар) нусхалари тегишли божхона органининг юридик хизматига айбдор шахслардан зарар суммасини ундириш чораларини кўриш учун тақдим этилади.


18. Божхона органларининг юридик хизматлари зарарнинг ўрни қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун муддатда:

айбдор шахсларга нисбатан даъво (қарши даъво) киритиш учун қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда зарур ҳужжатларни расмийлаштиради ва уларга нисбатан даъво (қарши даъво) киритиш чораларини кўради;

судларда тегишли божхона органи вакили сифатида иштирок этади;

ундиришга қаратилган, лекин ундирилмай қолган маблағларни (айбдор жисмоний шахс вафот этган, I гуруҳ ногиронлик рўйхатига киритилган ҳолларда) маблағларни ҳисобдан чиқариш учун суд қарорлари ёки бошқа ҳужжатларни тегишли божхона органининг молия-иқтисодиёт хизматига тақдим этади;

ўз ваколати доирасида зарарнинг ўрнини қоплаш харажатларини ундириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга оширади.


19. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мазкур Низомнинг иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича низо ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати

органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг

мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан

боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар



Амалга ошириладиган

тадбирлар номи


Бажариш

муддати

1-босқич

Божхона органи ходими, унинг яқин қариндошлари, айбдор шахс


Мол-мулкка ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарар ҳолатини аниқлаш.


Зарар етказилган вақтда







2-босқич

Қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология маркази


Мол-мулкка ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарар ҳолатини ўрганиш учун зарурий ҳужжатларни комиссияга киритиш.


Уч кун муддатда







3-босқич

Қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология марказидаги комиссиялар


Тақдим этилган ҳужжатларни комиссияда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.


Ўн беш кун муддатда







4-босқич

Қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология марказидаги комиссиялар


Комиссия қарорини манфаатдор шахсга етказиш.


Уч кун муддатда







5-босқич

Қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология маркази


Етказилган зарарни манфаатдор шахсларга қоплаб бериш.


Комиссия қарори қабул қилинганидан сўнг ўн кун муддатда







6-босқич

Қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология маркази


Етказилган зарар қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш ва харажатларни айбдор шахслардан ундириш бўйича суд органларига даъво (қарши даъво) киритиш.



Тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг ўн кун муддатда







7-босқич

    

Қўмитанинг марказий аппарати, Корақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология маркази, давлат ижрочилари

      


Етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш.


Суд қарорида белгиланган муддатда

     

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 апрель