Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Божхона институти магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2019 й. 365-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 29 апрелдаги

365-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия

вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг

Божхона институти магистратурасига ўқишга

қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Божхона институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) магистратура босқичига тингловчиларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Институт магистратурасига номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Бутлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Божхона қўмитаси) раисининг Институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан амалга оширилади.

3. Иқтисодиёт ва юриспруденция (шу жумладан божхона иши ва божхона ҳуқуқи мутахассислиги) таълим йўналишларини, шунингдек, магистратурага қабул бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган турдош таълим йўналишларини тамомлаган божхона органлари ходимлари магистратурага танлов асосида қабул қилинадилар.

4. Институт магистратурасига танлов ва ўқишга қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида икки босқичда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

касбий танлов.

Ушбу тадбирлар мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


5. Дастлабки танлов қабул йилининг 1 майдан 30 июнгача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади.

Божхона қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология марказида (кейинги ўринларда ҳудудий божхона бошқармалари деб аталади) ҳар ўқув йили учун магистратурада ўқиш истагини билдирган номзодлар рўйхати тузилади.

Номзодларнинг хизмат фаолиятлари ўрганиб чиқилиб, уларнинг магистратурада ўқишга лаёқатлилиги, шунингдек соҳа бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга қобилияти ҳудудий бошқармаларнинг Аттестация комиссияларида кўриб чиқилади. Комиссия томонидан номзод магистратурада ўқишга муносиб деб топилганда, унинг тегишли ҳужжатлари Институтга тақдим этилади.


6. Номзодлар бўйича қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

билдирги (мутахассислик йўналиши кўрсатилган ҳолда);

ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғининг номзодга берган тавсифномаси (Божхона қўмитасининг раиси ўринбосарининг Божхона қўмитасининг марказий аппарати ходимига берган тавсифномаси);

ходимнинг маълумотнома-сўровномаси;

паспорт нусхаси;

мазкур Низомнинг 107-бандида назарда тутилган ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлса);

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси (асл нусҳаси);

хорижий тилларни билиш даражаси бўйича камида В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат нусхаси.

Бунда номзодлар томонидан хорижий тилларни билиш даражаси бўйича тақдим этиладиган сертификатлар Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасалари магистратура мутахассисликларига ҳужжат топширишда талаб этиладиган бу турдаги сертификатларга қўйилган талабларга мос бўлиши лозим.

7. Номзодларнинг тегишли ҳужжатлари қабул йилининг 5 июль кунига қадар Институт қабул комиссиясига юборилади.


8. Касбий танловнинг асосий мақсади номзодларнинг интеллектуал салоҳияти, божхона соҳасидаги амалий кўникмаларини холисона баҳолашдан иборатдир.

Касбий танлов қабул йилининг 10 июлидан 25 июлигача бўлган муддатда мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон (камида 2 та фандан) шаклда ўтказилади.

9. Институт магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонлари ўзбек ёки рус тилида ўтказилади. Номзоднинг магистратурага кириш тўғрисидаги билдиргисида имтиҳонни қайси тилда топшириш кўрсатилиши лозим.


10. Магистратурага кириш имтиҳонлари мутахассисликлар бўйича алоҳида ўтказилади.


11. Мутахассислик фанларидан имтиҳонлар ўтказиш жадваллари Институт бошлиғи буйруғи билан тасдиқланади. Ушбу буйруққа имтиҳонга кирувчи номзодлар рўйхати илова қилинади.

Ёзма имтиҳонлар ўтказиш жадваллари ушбу тадбирлар бошланишидан камида 10 кун олдин номзодларга тегишли тартибда етказилади.


12. Институт магистратурасига қабул қилинган ходимлар Институт тингловчиси ҳисобланади. Магистратурада ўқиш даврида тингловчиларнинг охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади.

13. Институт магистратурасига ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида, ҳар ўқув йили учун Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан Институт магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича қабул комиссияси тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.


14. Қабул комиссиясининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан белгиланади.


15. Қабул комиссиясига Институт бошлиғи раҳбарлик қилади. Қабул комиссияси Давлат божхона қўмитаси ва Институт ходимлари таркибидан шакллантирилади.

Қабул комиссияси:

касбий танлов ўтказиш тадбирларини ташкил қилади;

касбий танлов бўйича имтиҳонлар саволлари, қайдномалар ва бошқа материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди.


16. Қабул комиссияси ўз фаолиятини қабул йилининг 1 июлидан 30 августига қадар олиб боради.


17. Қабул комиссияси таркибида касбий танловни ўтказувчи комиссия (имтиҳон комиссияси, махсус комиссия)лар тузилиши мумкин. Ушбу комиссиялар таркибига Давлат божхона қўмитаси ва Институтнинг етакчи мутахассис ходимлари, шунингдек республика олий ўқув юртларининг мутахассислари киритилиши мумкин.



2-БОБ. ИНСТИТУТ МАГИСТРАТУРАСИГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Институт магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича танлов тегишли тартибда эълон қилинади. Эълонда танловни ўтказиш муддатлари, ўтказиш жойи, ўқишга қабул қилиш шартлари ҳамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар акс эттирилади.


19. Институт магистратурасига ўқишга кириш истагини билдирган Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ходими Давлат божхона қўмитаси раиси номига, ҳудудий божхона божхона бошқармаси ходими ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғи номига мазкур Низомнинг 2-иловаси ва Институт бошлиғи номига мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклдаги билдирги билан мурожаат қилади.

Билдиргилар қабул йилининг 1 майидан 30 майига қадар қабул қилинади. Билдиргига мазкур Низомнинг 107-бандида назарда тутилган ҳужжатлар нусхаси илова қилинади (мавжуд бўлса).



3-БОБ. ДАСТЛАБКИ ТАНЛОВ


20. Дастлабки танлов доирасида Институт магистратурасига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг назарий билим ва амалий салоҳиятлари ҳамда илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш учун зарур бўлган қобилият ва кўникмаларига эга эканликлари аниқланади.


21. Қуйидагилар дастлабки танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

номзоднинг маънавий-ахлоқий хислатларини ва касбий малакасини, эгаллаб турган лавозимидаги эришган ютуқларини баҳолаш;

номзоднинг фаол фуқаролик позицияси ва республикада ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари бўйича дунёқарашларини аниқлаш;

номзоднинг келгусида божхона соҳасида илмий, илмий-педагогик фаолиятни давом эттира олишига ёки танлаган соҳавий йўналиши бўйича етук мухасиссис бўлиб чиқишига баҳо бериш;

номзоднинг касбий танловда иштирок этиш масаласини коллегиал тарзда ҳал қилиш.


22. Дастлабки танловда иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.


23. Дастлабки танлов ҳудудий божхона бошқармаларнинг Аттестация комиссиялари томонидан ўтказилади.

Аттестация комиссиялари томонидан қуйидаги хулосалардан бири чиқарилади:

номзод "касбий танловда иштирок этишга тавсия этилади";

номзод "касбий танловда иштирок этишга тавсия этилмайди".



4-БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОНЛАРНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


24. Ёзма имтиҳонларни ушбу Низомга қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш масъулияти Қабул комиссияси раиси, масъул котиб, аудитория раҳбарлари ва кузатувчилари, имтиҳон комиссияси ва махсус комиссия аъзоларига юкланади.


25. Ёзма имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида амалга оширилади.


26. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш жараёнлари бўйича қуйидагилар Қабул комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёзма имтиҳон ўтказиш жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш;

ёзма имтиҳон ўтказиш учун бино ва аудиторияларни тайёрлаш;

ёзма имтиҳонни ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратиш;

номзодларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, шунингдек, ёзма имтиҳон натижалари тўғрисида уларга тўлиқ маълумотларни тақдим этиш.


27. Ёзма имтиҳонни ўтказиш жараёни видеотасвирга олиш орқали амалга оширилади. Ёзма имтиҳон тугагач 1 соат ичида видеотасвирлар Қабул комиссияси раисига топширилади. Видеотасвирдан нусха кўчириш тақиқланади.


28. Ёзма имтиҳон олинадиган фанлар дастури, қоида тариқасида, имтиҳон бошланишидан бир ой олдин Божхона қўмитаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бошқармаси орқали белгиланган тартибда номзодларга етказилади.

29. Ёзма имтиҳонлар ўтказилишига қадар Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ қабул комиссияси томонидан фанлардан консультациялар ташкил этилади.


30. Ёзма имтиҳон, қоида тариқасида, Институтга тегишли биноларда ўтказилади.

Ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинолар ва аудиторияларни тайёрлаш бўйича жавобгарлик масъул котиб зиммасига юкланади.


31. Қабул комиссияси ёзма имтиҳон ўтказиладиган кунда соат 7:00 гача назоратдан ўтиш жойлари хизматчиларига Институт бошлиғи тасдиқлаган бино ҳудудига киришга рухсат берилган шахслар рўйхатини топширади.

Имтиҳон ўтказиладиган бинога кириш эшиги олдида номзодларни тартибли ва ўз вақтида бинога киритиш учун назорат-рухсат пунктлари ташкил этилиши лозим.


32. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бинода имтиҳон материалларини тарқатиш ва йиғиб олиш учун имтиҳон вақтида ушбу материалларни сақлаш учун сейфлар билан жиҳозланган махсус хона (кейинги ўринларда Штаб деб аталади) тайёрланиши лозим.


33. Ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинода уни ўтказиш учун санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган зарур техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилиши керак.


34. Аудиторияларни тайёрлашда ёруғлик тушиши, шамоллатиш, номзодларни тикка тушувчи қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олиниши лозим.


35. Ҳар бир аудитория камида 15 нафар номзодни жойлаштириш имкониятига эга бўлиши керак. Барча аудиториялардаги ўринлар рақамланган бўлиши лозим.


36. Аудиторияларнинг эшикларида номзодлар жойлаштириладиган гуруҳ мутахассислиги шифри ва мутахассислик номи ёзилган кўрсаткичлар бўлиши лозим.


37. Ҳар бир аудитория соат, бўр ёки маркер, доска ва елим билан таъминланган бўлиши шарт.


38. Аудиторияларда ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган фанларга тааллуқли бўлган кўргазмали воситалар бўлмаслиги лозим.


39. Ёзма имтиҳон ўтказиладиган биноларда имтиҳон жараёнида фойдаланилмайдиган, шу жумладан нусха кўчириш ва турли алоқа воситалари мавжуд хоналар, шунингдек қаватларнинг кириш-чиқиш эшиклари 1 кун олдин масъул котиб томонидан қулфланиб муҳрланиши лозим.


40. Ёзма имтиҳон ўтказиладиган аудиториялар сифатида ошхона, йўлак ва шунга ўхшаган хоналардан фойдаланиш тақиқланади.


41. Ҳар 15 кишилик гуруҳга бир нафардан аудитория раҳбари ва кузатувчиси бириктирилади.

Аудитория раҳбари ва кузатувчилари сифатида қабул жараёнига Институтнинг шаҳодатланган ходимлари жалб қилинишлари мумкин.



5-БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОНЛАР САВОЛЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


42. Магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ёзма имтиҳон саволлари ҳар бир мутахассислик бўйича экспертлар гуруҳи томонидан тузилади.

43. Саволларни тузишда қуйидаги талабларга алоҳида эътибор қаратилади:

саволлар номзодларда таҳлилий фикрлаш даражасини, божхонага оид иқтисодий-ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш, шунингдек, қўйилган муаммолар бўйича хулосаларни баён этиш қобилиятини аниқлашга қаратилган бўлиши лозим;

саволлар тегишли фан ўқув дастурига, шунингдек, тегишли соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши лозим;

саволлар мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларнинг мақсадлари ва вазифаларини акс эттириши лозим;

саволлар лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши лозим;

саволларда фойдаланилган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши, шунингдек, улар қонунчилик ҳужжатларида ва фанда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилиши лозим;

саволлар умумий қабул қилинган грамматик, орфографик, пунктуация қоидаларига мувофиқ адабий тилда ва иқтисодий ҳамда юридик терминологиядан фойдаланган ҳолда тузилиши лозим.

44. Тузиладиган саволларнинг сифати ва мазмуни бўйича масъулият эксперт гуруҳи аъзоларига юкланади. Эксперт гуруҳи фаолиятини Қабул комиссияси раиси бошқаради.


45. Эксперт гуруҳи томонидан тузилган ёзма имтиҳон саволлари Қабул комиссияси раисига топширилади ва имтиҳон билетлари шакллантирилгунига қадар унда сақланади.


46. Тузилган саволлар ёзма имтиҳон ўтказилишидан бир кун олдин ёзма имтиҳон билетларини шакллантириш учун масъул котибга топширилади.

Ҳар бир билет:

мутахассислик фанлари бўйича ҳар бир билет 3 та саволдан (иккита назарий ва битта амалий) иборат бўлиши лозим;

чет тили фани бўйича учта вазифадан (ўқиш даражасини аниқлаш; ёзма нутқ кўникмаларини аниқлаш; гапириш кўникмаларини аниқлаш) иборат бўлиши лозим.

48. Шакллантирилган имтиҳон билетлари конвертларга солинади, улар ўз навбатида тегишли мутахассисликлар бўйича аудиториялар сонини ҳисобга олган ҳолда алоҳида пакетларга солинади. Конвертлар ва пакетлар Қабул комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади ва штабда сақланади.



6-БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШДА

АУДИТОРИЯ РАҲБАРЛАРИ ВА

КУЗАТУВЧИЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


49. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган куни аудиториялар раҳбарлари ва кузатувчилари бириктирилган бинога соат 7:30 дан кечикмасдан етиб келишлари шарт.


50. Аудитория раҳбари ва кузатувчилар томонидан ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинога алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, шпаргалка ва шу кабиларни олиб кириш тақиқланади.


51. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган куни Штабда соат 7:30 дан 7:50 гача аудитория раҳбарлари ва кузатувчилари аудиторияларга тақсимланади. Улар бириктирилган аудиторияларга боришади ҳамда ўзларининг исми, отасининг исми ва фамилияларини доскага ёзиб қўядилар.


52. Кузатувчилар соат 7:50 дан 8:00 гача аудиториянинг имтиҳонга тайёрлик ҳолатини текширади, имтиҳон жараёнига салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, зудлик билан уларни бартараф этиш чораларини кўради. Шунингдек, кузатувчилар аудиториядаги ўриндиқларнинг тўғри рақамланганини ҳам текширади.


53. Аудитория раҳбари соат 8:00 дан 8:15 гача Штабда имтиҳон комиссияси раисидан номзодларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини қабул қилиб олади, имтиҳон билетлари бўлган пакетларнинг муҳри бузилмаганлигини текширади ва имтиҳон комиссияси аъзоларидан бирининг иштирокида аудиторияга олиб келади.


54. Кузатувчилар соат 8:30 гача аудитория раҳбаридан гуруҳ бўйича рўйхатни олади, шунингдек, номзодларни гуруҳлар рўйхати асосида паспорти (хизмат гувоҳномаси) билан текшириб, аудиторияга киритади. Номзодлар рўйхатда кўрсатилган рақамли жойга бориб ўтиради.

Ёзма имтиҳонга келмаган номзодларнинг ўрни ёзма имтиҳон ўтказиш жараёнида бўш қолдирилади.


55. Кузатувчилар икки нафар номзод гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган пакетлар муҳрланганига ишонч ҳосил қилгач, конвертларни очади.

Кузатувчилар номзодларга қатъий ҳисобда турувчи рақамланиб муҳрланган ёзма иш ёзиладиган дафтарларни тартиб билан тарқатадилар.

Бунда дафтарларнинг варақлари алмаштириш имконини истисно қиладиган тарзда Қабул комиссияси раисида сақланадиган муҳр ва масъул котиб имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.


56. Аудитория раҳбари номзодларга дафтар муқовасида ўз фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиши, дафтар варақларини букмаслик, фарқ қилувчи белгилар қўймаслик, ёзувлар тагига чизмаслик, жавобларни белгилашда кўк ҳаворанг шарикли ручкадан бошқа ручкадан фойдаланмаслик ҳақида тушунтириш бериши, шунингдек, ушбу талабларни бузиш ёзма имтиҳон ўтказиш талабларини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида номзодларни огоҳлантириши лозим.


57. Кузатувчи соат 9:00 гача номзодларни рўйхат бўйича олдига чақириб уларга имтиҳон билетларини тарқатади ва уларнинг тартиб рақамини кўрсатган ҳолда билет ва дафтарларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида қайдномага имзо қўйишини таъминлайди.

Ёзма имтиҳонларга келмаган номзодлар ҳақида гуруҳ рўйхатига "қатнашмади" деган ёзув киритилади.


58. Аудитория раҳбари соат 9:00 да ёзма имтиҳон бошланганлигини эълон қилади ҳамда ёзма имтиҳоннинг бошланиш ва тугаш вақтини доскага ёзиб қўяди.


59. Аудитория раҳбари соат 11:00 да ёзма имтиҳон саволларига жавоб ёзиш учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилади ва кузатувчига дафтарларни жавоби билан йиғиб олиш бўйича кўрсатма беради.

Дафтарлар йиғиб олингандан сўнг аудитория раҳбари дафтарларнинг ушбу Низом 56-бандида белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириб, номзодларга аудиториядан чиқишга рухсат беради.


60. Барча дафтарлар, шу жумладан имтиҳон ўтказиш вақтида фойдаланилмай қолган дафтарлар ҳамда ёзма имтиҳондан четлаштириш бўйича тузилган далолатномалар тегишли дафтарларга елимланган ҳолда алоҳида-алоҳида қутига солинади.


61. Аудитория раҳбари соат 11:15 дан кечикмай барча қутиларни имтиҳон комиссияси раисига топширади ҳамда у ушбу қутиларни топширган вақтини тасдиқлатиб, тегишли жойига имзо қўяди.


7-БОБ. ЁЗМА ВА ОҒЗАКИ ИМТИҲОН

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


66. Номзодлар ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинога паспорти (хизмат гувоҳномаси) билан тегишли тартибда киритилади. Киришда видеокузатув олиб борилади.

Номзодлар аудиторияларга мутахассисликларига қараб жойлаштирилади.


67. Ёзма имтиҳон соат 9:00 да бошланади ва 2 соат давом этади.


68. Номзодлар ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинога соат 8:00 гача, аудиторияга соат 8:30 гача киритилади. Соат 8:30 дан кейин номзодлар аудиторияга киритилмайди.


69. Ёзма имтиҳонга келмаган номзодлар учун қўшимча имтиҳонлар ўтказилмайди.


70. Ёзма имтиҳон бошланганидан кейин номзодлар билан имтиҳон билетлари юзасидан суҳбатлашиш тақиқланади.


71. Имтиҳон билетларига жавоблар дафтарга кўк ҳаворанг шарикли ручкада тушунарли қилиб ёзилиши лозим.


72. Номзодларга сўзларни қисқартириб ёзиш, сўзларнинг ости ёки устига чизиш, дафтарга, хусусан, ҳошия қисмига тушунарсиз белгилар қўйиш, шунингдек, берилган саволларнинг жавоби билан боғлиқ бўлмаган сўзларни ёзиш, ёзма имтиҳон материалларини бир-бирига узатиш, бошқаларга ёрдам бериш тақиқланади.

Имтиҳон жараёнига номзодлар томонидан уяли телефон ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш қатъиян тақиқланади.


73. Ёзма имтиҳонга уяли телефон, компьютер ва бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини, луғат, китоблар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилган ёки олиб кирган, имтиҳон жараёнида имтиҳон материалларини бошқага узатган ёки ёрдам берган, ёзма имтиҳон учун ажратилган вақт тугаганидан кейин имтиҳон материалларини топширмаган, имтиҳон материалларини аудитория ташқарисига олиб чиққан номзод ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.


74. Ёзма имтиҳон давомида номзодларга аудиториядан чиқиш тақиқланади. Ўзбошимчалик билан аудиторияни тарк этган номзодлар ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади. Соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда имтиҳон материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.


75. Ёзма имтиҳон ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган номзодлар ёзма имтиҳондан четлаштирилади, ёзма имтиҳондан четлаштириш бўйича мазкур Низомнинг 4-иловасида берилган шаклга мувофиқ аудитория раҳбари ва кузатувчи томонидан далолатнома расмийлаштирилади.


76. Ёзма имтиҳондан четлаштирилган номзодларнинг ёзма ишлари баҳоланмайди ва бундай номзодлар ёзма имтиҳонда иштирок этмаган ҳисобланади.


77. Аудитория раҳбари томонидан ёзма имтиҳон учун ажратилган вақт тугаганлиги эълон қилинганда номзодлар имтиҳон материалларини топширадилар. Номзодлар белгиланган муддатдан олдин жавоб ёзишни тугатганда ушбу Низомнинг 56-бандида назарда тутилган тартибда муддатидан олдин имтиҳон материалларини топширишлари мумкин.


78. Имтиҳон комиссияси раиси имтиҳон якунлангач дафтарлар солинган қутиларни аудитория раҳбарларидан қабул қилиб олади, дафтарларнинг муқоваси ва биринчи варағига махсус шифрлар қўйиб, дафтар муқовасини ажратиб олади ва ушбу Низомнинг 7-иловаси шаклида ёзма имтиҳонлар қайдномасининг 2 ва 3 устунларини тўлдириб ёзма имтиҳон олиш бўйича махсус комиссияси раисига топширади.

Қўйилган шифрларнинг сир сақланиши учун имтиҳон комиссияси раиси шахсан жавоб беради.


8-БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОН ЖАВОБЛАРИНИ

ТЕКШИРИШ ВА БАҲОЛАШ


81. Махсус комиссия ёзма имтиҳонлар ўтказилишидан бир кун олдин тузилади. Махсус комиссия раиси Институт бошлиғининг тавсиясига кўра, Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан, махсус комиссиянинг бошқа аъзолари эса Институт бошлиғининг буйруғи билан тайинланади. Махсус комиссия аъзоларининг сони ҳар бир мутахассислик бўйича номзодларнинг умумий сонидан келиб чиққан ҳолда Институт бошлиғи томонидан белгиланади.

Лозим бўлганда махсус комиссия таркибига Давлат божхона қўмитаси ва бошқа олий таълим муассасалари ёки идоралардан мутахассислар таклиф қилинади.


82. Махсус комиссия аъзолари ёзма имтиҳон ўтказиладиган куни соат 10:00 дан кечикмай ўз паспорт (хизмат гувоҳнома)лари билан тегишли мутахассислик бўйича ёзма имтиҳон натижаларини текшириш ва баҳолаш учун ажратилган ва видеокузатиш тизими билан жиҳозланган хонага келишлари лозим.


83. Махсус комиссия аъзолари томонидан ёзма имтиҳон натижаларини текшириш ва баҳолаш учун ажратилган хонага уяли телефонлар ва бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб кириш тақиқланади.


84. Махсус комиссия раиси махсус шифрланган муқовасиз дафтарлар солинган қутиларни имтиҳон комиссия раисидан қабул қилиб олади ҳамда махсус комиссия аъзолари иштирокида очади ва дафтарларнинг муқовалари ажратилганлиги ва шифрланганлигини текширади.

Муқоваси ажратилмаган, шифрланмаган ёки номзоднинг шахсини аниқлаш имконини берувчи бошқа белгилари мавжуд бўлган дафтарлар аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади. Бундай ишлар текширилмайди.


85. Махсус комиссия раиси текшириш ва баҳоларни қўйиш мақсадида имтиҳон натижалари ёзилган дафтарларни божхона иши ва юриспруденция соҳасидаги малакали мутахассислардан иборат бўлган комиссия аъзоларига тақсимлаб беради ҳамда улар томонидан имтихон натижалари текширилади.

86. Ёзма жавоблар махсус комиссия аъзолари томонидан ушбу Низомнинг 5-иловада назарда тутилган баҳолаш мезонларига мувофиқ текширилади ва баҳоланади.

87. Мутахассислик фанлардан билетдаги ҳар бир савол ёки вазифага қўйилган баллар қўшилади ва 3га бўлинади, ҳосил бўлган қиймат ёзма имтиҳондан олинган якуний балл ҳисобланади.


88. Мутахассислик фанлар бўйича ёзма имтиҳон баллари махсус комиссиялар томонидан тегишли шифрлар билан ушбу низомнинг 7-иловаси шаклидаги қайдномага киритилади. Тўлдирилган қайдномалар имтиҳон комиссияси раисига топширилади.

Имтиҳон комиссияси раиси ушбу низомнинг 7-иловаси асосида 8-илова шаклидаги қайдномани шакллантиради ва уни Қабул комиссияси раиси ёки масъул котибга топширади.

90. Дафтарлар ва ёзма имтиҳон натижалари қайдномалари қутиларга солинади ҳамда махсус комиссия раиси томонидан имтиҳон комиссияси раисига топширилади.


91. Институт магистратурасига кириш учун ёзма имтиҳонни қайта ўтказиш тақиқланади.


92. Ёзма имтиҳон натижалари имтиҳонлар ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади.


9-БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОН НАТИЖАЛАРИ

БЎЙИЧА ШИКОЯТ ҚИЛИШ


96. Агар номзод ёзма имтиҳон натижаларига рози бўлмаса, Қабул комиссияси томонидан ёзма имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида апелляция комиссиясига шикоят бериш ҳуқуқига эга.


97. Шикоят қилувчи номзодга имтиҳон бўйича апелляция куни ва вақти ҳақида хабарнома берилади.


98. Зарур ҳолларда апелляцияни кўриб чиқиш жараёнига тегишли масалалар бўйича махсус комиссия аъзолари, аудитория раҳбари ва кузатувчилар жалб қилиниши мумкин.


99. Шикоят тушган куни масъул котиб томонидан шикоят ёзган номзоднинг ёзма имтиҳон материаллари апелляция комиссиясига топширилади.


100. Номзод хабарномада назарда тутилган вақтда хизмат гувоҳномаси билан етиб келиши ва апелляция комиссиясида шикоятини кўриб чиқишда ўзининг иштирокини таъминлаши шарт.


101. Шикоятни кўриб чиқишда номзоднинг сўровига асосан унга ёзма иши берилиши мумкин.


102. Номзод ўз эътирозларини ёзма равишда ёзади ва унга берилган материаллар билан бирга апелляция комиссиясига топширади.


103. Апелляция комиссияси томонидан шикоятни кўриб чиқиш муддати шикоят берилган санадан бошлаб 2 иш кунидан ошмаслиги лозим, натижа бўйича қарор қабул қилиниши шарт.


104. Номзоднинг шикоятида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган тақдирда, апелляция комиссияси ёзма имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


105. Номзоднинг шикоятида кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, апелляция комиссияси шикоятчининг ёзма имтиҳон ишига узил-кесил балл қўяди ва қабул қилинган якуний қарор ҳақида номзодга хабар беради.



10-БОБ. КАСБИЙ ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ

АНИҚЛАШ ВА ЭЪЛОН ҚИЛИШ


106. Ёзма имтиҳон бўйича максимал балл 100 баллни ташкил этади.

110. Номзодларнинг касбий танловда мутахассислик фанларидан имтиҳонда олган баллари асосида энг юқори балдан бошлаб камайиб бориш тартибида 8-иловага мувофиқ шаклда қайднома расмийлаштирилади ҳамда Институтга ўқишга қабул қилиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилишга асос бўлади.


11-БОБ. ИНСТИТУТГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


112. Мутахассислик фанларидан имтиҳон юзасидан энг юқори балл тўплаган номзодлар белгиланган квоталар асосида мутахассисликлар бўйича магистратурага тингловчи сифатида қабул қилинадилар.

113. Институтга ўқишга қабул қилиш жараёнида мутахассислик фанларидан имтиҳон натижаларига кўра, квота бўйича белгиланган рўйхатда охирги ўринда турувчи номзоднинг тўплаган жами бали билан ундан кейинги ўринда турувчи номзодларнинг тўплаган баллари бир хил бўлса, уларнинг барчаси ўқишга қабул килинадилар.

114. Қабул комиссияси номзодларни ўқишга қабул қилиш бўйича тегишли баённомани расмийлаштиради.


115. Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган баённома номзодларни Институтга ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштириш учун асос бўлади.

Ҳар йили 1 августга қадар Институт бошлиғининг номзодларни магистратура тингловчилари сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади.

117. Институтга ўқишга қабул қилинган божхона органлари ходимларига ўз хизмат ўташ жойларига тақдим этишлари учун уларнинг ўқишга қабул қилинганлиги бўйича буйруқдан кўчирма берилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


118. Ушбу низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Божхона институти магистратурасига танлаш ва ўқишга

қабул қилиш тадбирларини амалга ошириш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар

Бажарувчилар

Ўткакзиладиган тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Божхона қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий божхона бошқармалари

     

Дастлабки танлов

    

1. Божхона қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий божхона бошқармалар, таркибий бўлим ва бўлинмалар ҳамда божхона постларида тарғибот ишларини олиб бориш.

2. Божхона институти магистратурасида ўқиш истагини билдирган ходимлардан билдиргилар қабул қилиш.


3.  Божхона институтининг магистратурасида ўқиш истагини билдирган ходимларни танлаш.    


4. Божхона институти қабул комиссиясига хужжатларни юбориш.


Қабул йилининг

1 апрелидан

30 апрелигача


Қабул йилининг

1 майидан

30 майигача


Қабул йилининг

1 июнидан

30 июнигача


Қабул йилининг

1 июлидан

5 июлигача

2-босқич

Божхона институти

Махсус касбий танлов

      

1. Хужжатларни ўрганиш, касбий танловга тайёргарлик кўриш.


2. Кириш имтихонларини ўтказиш.

Танлов ўтказиш (магистратурага қабул қилинган номзодлар бўйича бўйруқ чиқариш).

Қабул йилининг

6 июлидан

9 июлигача


Қабул йилининг

10 июлидан

25 июлигача





Низомга

2-ИЛОВА




га



(ҳудудий бошқарма бошлиғининг унвони ва Ф.И.О.)


БИЛДИРГИ


Менга Божхона институти магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларимни расмийлаштиришга ва дастлабки танловда иштирок этиш учун рухсат беришингизни сўрайман.

Танловда _________________________________ мутахассислиги бўйича иштирок этаман.






(имзо)

(лавозими, унвони ва Ф.И.О.)


20___ йил "____" _____________






Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Божхона институти бошлиғи





га



(унвони ва Ф.И.О.)


БИЛДИРГИ


Менга Божхона институти магистратурасига ўқишга кириш учун учун ҳужжатларимни расмийлаштиришга ва касбий танловда иштирок этишга рухсат беришингизни сўрайман.


Танловда _________________________________________ мутахассислиги бўйича иштирок этаман.

Касбий танловларни


тилида топшираман.


(ўзбек, рус)







(имзо)

(лавозими, унвони ва Ф.И.О.)


20___ йил "____" _____________






Низомга

4-ИЛОВА



Ёзма имтиҳондан четлаштириш

ДАЛОЛАТНОМА

Тошкент шаҳри


20___ йил "___" ___________

Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, номзод

(Ф.И.О.)

қуйидаги сабабларга кўра ёзма имтиҳондан соат ___:___ да четлатилди:

уяли телефон, компьютер ва бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб,

шпаргалкадан фойдаланди;

ёзма имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатди;

абитуриентларга ёрдам берди;

Низомда назарда тутилган бошқа ҳолатлар:

Номзод томонидан Божхона институти магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг _______ -бандлари талаблари бузилди.

1. Аудитория раҳбари





(Ф.И.О.)

(имзо)


2. Кузатувчи





(Ф.И.О.)

(имзо)


Изоҳ. Ушбу далолатнома абитуриентга берилган дафтарга елимланади.






Низомга

5-ИЛОВА



Мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон

саволларга ёзган жавобларини

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Ҳар бир саволга берилган жавоблар қуйидаги мезонлар асосида 100 балгача

баҳоланади:

  

Балл

Жавоб тавсифи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланилганлик даражаси

86 баллдан

100 баллгача

мазмунан аниқ ёритилган, моҳияти тўлиқ очиб берилган, мантиқий изчил ифодаланган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланган ҳолда тўғри жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинган ҳамда уларнинг самаралари ва натижалари бўйича мустақил ижодий фикр юритилган;

тегишли масалалар бўйича ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси эътиборга олинган;

фикр мантиқий изчил баён этилган, савол бўйича тегишли хулосалар чиқарилган;

ҳуқуқий атамалардан тўғри фойдаланилган.

зарур бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс ва унинг ҳавола қилинган нормаси аниқ кўрсатилган;

қонунчиликка киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар уларнинг мазмуни ва амалий аҳамиятидан келиб чиқиб таҳлил қилинган;

ушбу соҳада қабул қилиниши назарда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида етарлича маълумотга эга.

71 баллдан

85 баллгача

мазмунан ёритилган, моҳияти очиб берилган, изчил ифодаланган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланган ҳолда яхши жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинган;

тегишли масалалар бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилинган;

фикр изчил баён этилган, савол бўйича хулосалар чиқарилган;

ҳуқуқий атамалардан тўғри фойдаланилган.

зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс кўрсатилган;

қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга олинган;

ушбу соҳада қабул қилиниши назарда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида қисман маълумотга эга.

55 баллдан

70 баллгача

мазмунан қониқарли даражада ёритилган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга етарлича асосланмаган ҳолда жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар эътиборга олинмаган;

савол бўйича тўлиқ бўлмаган хулосалар чиқарилган;

айрим ҳуқуқий атамалар нотўғри қўлланилган.

айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган;

қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга олинмаган;

ушбу соҳада қабул қилиниши назарда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида маълумотга эга эмас.


0 баллдан

54 баллгача

26 баллдан 54 баллгача:

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланмаган ҳолда жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга умуман эътибор қаратилмаган.

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар мавжуд эмас ёки мавжуд ҳаволалар ҳам ноўрин қўлланилган.

1 баллдан 25 баллгача:

ҳуқуқий атамалар нотўғри қўлланилган;

савол бўйича аниқ тасаввурга эга эмас.

0 балл:

нотўғри жавоб берилган ёки умуман жавоб ёзилмаган;

ўқув адабиётларидан ва қонун ҳужжатларидан сўзма-сўз кўчирилган.





Низомга

7-ИЛОВА



Ёзма имтиҳон бўйича ____ гуруҳ

ҚАЙДНОМАСИ

Ёзма иш ўтказилган фаннинг номи:

Мутахассислик фанлари

Номзодларнинг танлаган мутахассислиги:

Номзодларга ёзма иш ўтказилган сана: 20___ йил  "___" _________________________

    

Т/Р

Махсус шифр

(номзодга берилган шифр)

Тўплаган

бали

1



2



3



4



5



6



...



Номзодларнинг умумий сони_________

Шу жумладан:

имтиҳонда  _____________  иштирок этди;

имтиҳонда  ______________ иштирок этмади;

имтиҳондан ______________ четлаштирилди.

Имтиҳон комиссияси раиси:




(имзо)

(Ф.И.О.)

Махсус комиссия раиси:




(имзо)

(Ф.И.О.)

Комиссия аъзолари:



(имзо)

(Ф.И.О.)



(имзо)

(Ф.И.О.)





Низомга

8-ИЛОВА



Номзодларнинг ёзма иш натижалари бўйича ____ гуруҳ

ҚАЙДНОМАСИ

Ёзма иш ўтказилган фаннинг номи:

Мутахассислик фанлари

Номзодларнинг танлаган мутахассислиги:

Номзодларга ёзма иш ўтказилган сана: 20___ йил "___" _________________________

Т/Р

Махсус шифр

(номзодга берилган шифр)

Номзоднинг ф.и.ш.

Тўплаган

бали

1




2




3




4




5




6




...




Номзодларнинг умумий сони_________

Шу жумладан:

имтиҳонда  _____________  иштирок этди;

имтиҳонда  ______________ иштирок этмади;

имтиҳондан ______________ четлаштирилган.

Имтиҳон комиссияси раиси:




(имзо)

(Ф.И.О.)

Махсус комиссия раиси:




(имзо)

(Ф.И.О.)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 апрель