Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.05.2019 й. 381-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 майдаги

381-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи

юридик шахсларни аккредитация қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом объектларни қуриш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни (кейинги ўринларда талабгор деб аталади) аккредитация қилиш тартибини белгилайди.


2. Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда аккредитацияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади ва қурилиш лойиҳаларининг экспертизасини ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига гувоҳномалар (кейинги ўринларда гувоҳнома деб аталади) берилади.

3. Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш фаолияти билан ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланган тартибда гувоҳнома олган юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.

Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича берилган эксперт хулосаси "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидаги Эксперт хулосаларининг ягона "реестри"га мажбурий равишда киритиб борилади, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.

4. Гувоҳнома беш йил муддатга берилади.


5. Давлат хизматлари марказлари ва аккредитацияловчи орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.



2-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ

ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Қуйидагилар аккредитация қилиш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) қонунчилик ҳужжатлари, давлат стандартлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мажбурий риоя этиш;

б) муассислар ва (ёки) экспертиза органлари бенефициарлари таркибида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахсларининг бўлмаслиги;

в) мулкий ҳуқуқ ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида экспертиза органи фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли бинолар ва иншоотлар, техник-технологик ва аппарат-дастурий воситаларнинг мавжудлиги;

г) талабгорнинг штатида қурилиш лойиҳаларининг экспертизасини ўтказиш бўйича лойиҳалаштириш ишларида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган 6 нафардан кам бўлмаган сертификатланган, соҳа бўйича олий маълумотли мутахассислар, шу жумладан, архитектура ва қурилиш ечимлари бўйича (архитектор, конструктор) 2 нафар мутахассис, 1 нафар смета (баҳолаш) бўйича мутахассис, 1 нафар ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассис, 1 нафар муҳандислик тармоқлари бўйича мутахассис, 1 нафар энергия самарадорлиги бўйича мутахассиснинг айни шу ташкилотда асосий иш жойи бўйича мавжуд бўлиши;*

д) лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилотлари томонидан "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидаги "Эксперт хулосаларининг ягона реестри"га мажбурий киритилиши;

е) эксперт тайинланишида бевосита ёки билвосита иштирок этган лойиҳалар юзасидан ёхуд эр (хотин) ва (ёки) бошқа яқин қариндошлар иштирокида бажарилган лойиҳалар юзасидан экспертиза ўтказмаслик;*

ё) шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари билан меҳнатга оид, молиявий жиҳатдан ва (ёки) бошқача тобелик муносабатларида бўлмаслик;*

ж) лицензияланган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларини айнан ушбу ташкилот томонидан экспертизадан ўтказмаслик;*

з) шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган хавф-хатар тоифалари бўйича кўриб чиқиш;*

и) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўз ичига олган маълумотлар базасининг шакллантирилиши шарт.

Изоҳ. *) Қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар.


3-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Талабгор гувоҳнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.


8. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими талабгор номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса талабгор мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

мулк ҳуқуқи билан экспертизадан ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарларнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

мутахассислар дипломлари нусхалари.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

9. Аккредитацияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларидаги мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олиши, объектларни жойига чиқиб ўрганиши, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари таркибидан ёки ўз ҳисобидан бошқа шахсларни жалб қилган ҳолда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиши, шунингдек, талабгорнинг аккредитация талаблари ва шартларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.

10. Зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан ва сўровномага киритилгандан сўнг талабгор уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.


11. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида йиғим ундирилади. Гувоҳнома олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу бандда кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганда йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.

Талабгор берилган сўровномадан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим қайтарилмайди.

Талабгор унга гувоҳнома бериш рад этилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида гувоҳномани олиш учун йиғимни тўламасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, гувоҳнома олиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.


13. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.


14. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни аккредитацияловчи органга юборадилар.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда аккредитацияловчи органга юборилади.



4-БОБ. ГУВОҲНОМА БЕРИШ ЁКИ

ГУВОҲНОМА БЕРИШНИ РАД ЭТИШ


15. Аккредитацияловчи орган сўровнома тушганидан сўнг етти иш куни мобайнида сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва талабгорга гувоҳнома бериш учун ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорда йиғим қийматини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки гувоҳнома талабгорига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда уни юборишни рад этади.

Давлат хизматлари маркази ҳисобварақ-фактура тушганидан бошлаб бир соат мобайнида бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали талабгорни хабардор қилади.


16. Талабгор ҳисобварақ-фактура тушганидан сўнг бир ой мобайнида ҳисобварақ-фактурада қайд этилган йиғимни тўлайди.

Гувоҳнома бериш учун йиғим тўлиқ тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.

Белгиланган муддатда тегишли йиғим тўланмаслиги гувоҳнома беришни рад этиш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатларда талабгор умумий тартибда давлат хизмати олиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

17. Йиғим қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.

18. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган шакл бўйича электрон шаклда расмийлаштирилади ва Аккредитацияловчи органнинг ЭРИси билан тасдиқланади.

Аккредитацияловчи орган гувоҳнома учун йиғим тўлиқ тушганидан сўнг бир иш куни мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани электрон шаклда расмийлаштиради ва тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.


19. Давлат хизматлари маркази гувоҳнома тушганидан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази талабгорнинг сўровига кўра унга гувоҳномани электрон шаклда ёки қоғоз шаклида бериши мумкин.


20. Қуйидагилар гувоҳнома беришни рад этиш учун асос бўлади:

талабгорнинг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

талабгор тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

талабгорнинг аккредитация қилиш талаблари ва шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, гувоҳнома бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан гувоҳнома беришни рад этишга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. ГУВОҲНОМАНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ


21. Гувоҳнома субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, гувоҳнома субъекти ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда Аккредитацияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда гувоҳномани қайта расмийлаштириш тўғрисида сўровнома бериши шарт.


22. Гувоҳномаларни қайта расмийлаштиришда талабгорнинг гувоҳнома бериш тўғрисидаги сўровнома кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Бунда, йиғим миқдори ушбу Низомнинг 11-банди талаблари асосида тақсимланади.



6-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


23. Аккредитация қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда Аккредитацияловчи органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

аккредитация субъекти аккредитация қилиш талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширувлар ўтказиш;

аккредитация қилиш талаблари ва шартларига гувоҳнома субъекти томонидан риоя этилиши юзасидан қисқа муддатли текширишларни жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида махсус ваколатли органнинг қарорига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиш;

аккредитация қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича аккредитация субъектидан зарур маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

текширув натижалари асосида аккредитация субъекти йўл қўйган аккредитация қилиш талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

аккредитация субъектига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

гувоҳноманининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш.

Аккредитацияловчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


24. Аккредитация қилиш талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш вақтида Аккредитацияловчи органнинг масъул ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси аккредитация субъектига берилади, иккинчи нусхаси Аккредитацияловчи органда қолади.



7-БОБ. ГУВОҲНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ГУВОҲНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ


25. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва гувоҳномани бекор қилиш "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

26. Аккредитацияловчи органнинг гувоҳномани амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, аккредитацияловчи орган гувоҳнома субъекти олдида аккредитация субъекти кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ГУВОҲНОМА РЕЕСТРИ


27. Аккредитациядан ўтказилган экспертиза органлари тўғрисидаги ахборот киритиладиган Реестрни, шунингдек, аккредитация гувоҳномаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ҳамда аккредитация гувоҳномаларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар Аккредитацияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


28. Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

гувоҳнома рақами;

гувоҳнома берилган кун, ой, йил;

аккредитация субъектининг давлат тилидаги тўлиқ, қисқартирилган (агар бўлса) фирма номи. Агар таъсис ҳужжатларида номи хорижий тилда кўрсатилган бўлса, Реестрга кўрсатилган тилдаги номи ҳам киритилади;

аккредитация субъектининг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

аккредитация субъектининг иш телефони ва факси рақами, электрон почтаси, веб-сайти, веб-саҳифалари, ижтимоий тармоқлардаги аккаунт манзиллари (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчи - аккредитация субъектининг идентификация рақами;

аккредитация субъекти жойлашган манзил (почта манзили);

аккредитация субъекти фаолият юритиш жойининг манзили;

аккредитация соҳаси;

қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш ҳамда амал қилишини тўхтатишнинг асоси ва санаси (кун, ой, йил).

Реестр қонунчиликда назарда тутилган бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтида аккредитация объектлари тўғрисида қўшимча маълумотлар жойлаштирилиши мумкин.


9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Давлат хизматлари марказлари ва Аккредитацияловчи орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган аккредитация субъекти ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.


30. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


31. Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи

юридик шахсларни аккредитация қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш

муддатлари




1-босқич

Талабгор

1. Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитациялаш гувоҳномасини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш.


2. Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлаш.

1. Хоҳишига кўра

2. Мурожаат

қилинганда





  

  

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

Сўровномани ва белгиланган ҳужжатларни аккредитацияловчи органга юбориш.

1. 1 соат мобайнида


2. Автоматик тарзда



  

  

  

3-босқич

Аккредитацияловчи орган

Сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва талабгорга гувоҳнома бериш учун ҳисобварақ-фактурани гувоҳнома беришнинг давлат божи қийматини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига юбориш.

7 иш куни

мобайнида



  

  

  

4-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

Талабгорга ҳисобварақ-фактурани бериш.

Мурожаат келиб

тушган куннинг ўзида

  

  

    


5-босқич

Талабгор

Хабарномада белгиланган йиғимни тўлаш.

1 ой мобайнида


  

  

   

6-босқич

Аккредитацияловчи орган

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли Давлат хизматлари марказига юбориш.

1 иш куни

мобайнида

  

  

  

7-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳномани талабгорнинг электрон манзилига юбориш ва ўзи келиб мурожаат қилганда гувоҳномани талабгорга бериш.

1. 1 соат мобайнида


2. Автоматик тарзда








Низомга

2-ИЛОВА

         


(сана)

(рақам)


Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи

юридик шахсларни аккредитация қилиш давлат

хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА


I. Ариза берувчи - юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. тўлиқ номи:


2. СТИР:


4. ИФУТ:


7. юридик манзили:


8. телефон рақами:


9. электрон почта манзили:



янги гувоҳномани расмийлаштириш

гувоҳномани қайта расмийлаштириш

гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш

гувоҳномани бекор қилиш

II. Юридик шахснинг мутахассислари ҳақидаги маълумотлар:


Ф.И.О

Лавозими

Мутахассислиги бўйича

иш стажи

Маълумоти бўйича

мутахассислиги

(диплом бўйича)

Экспертиза қилишда иштирок этган асосий

объектлар рўйхати (мавжуд бўлса)

1.






2.






3.






4.






5.






6....






III. Сўровномага илова:

Мулк ҳуқуқи билан экспертизадан ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарларнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжат-ларнинг нусхалари


Мутахассислар дипломларини нусхалари


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 май