Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.05.2019 й. 390-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 10 майдаги

390-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар

ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини, шунингдек, унинг раҳбарлари функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Вазирлик ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, хорижий, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштириш, халқаро молия институтлари (бошқарув офислари) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик, республикага ташқи беғараз кўмак маблағларини (грант, техник кўмак, мақсадли беғараз ёрдам) жалб қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади.

3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, мазкур Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мулкчилик ва идоравий бўйсуниш шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


5. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан бевосита ва ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари, шунингдек, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, давлат тилида ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, жумладан, хорижий валютадаги ҳисобрақамларга эгадир.


7. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, қисқартирилгани - Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ - Ministry of Investments and Foreign Trade of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилгани - Ministry of Investments and Foreign Trade;

в) рус тилида:

тўлиқ - Министерство инвестиций и внешней торговли Республики Узбекистан, қисқартирилгани - Мининвествнешторг.


8. Вазирлик жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳар, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИК ТУЗИЛМАСИ


9. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади);

туманлар (шаҳарлар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари (кейинги ўринларда туманлар (шаҳарлар) бўлимлари деб аталади);

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги;

Экспортни рағбатлантириш агентлиги;

Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази;

Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги;

Рақамли трансформация маркази.

10. Ҳудудий бошқармалар Вазирликка, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб беради.

Вазирликнинг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳисоб беради.



3-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ҲАМДА ТУМАНЛАР (ШАҲАРЛАР)

БЎЛИМЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари


11. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро самарали ҳамкорликни амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг республикага ташқи беғараз кўмак (грантлар, техник кўмак, мақсадли беғараз ёрдам) маблағларини жалб қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг мақсадли фойдаланилишини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро шартномаларини тайёрлаш, келишиш ва имзолашда иштирок этиш;

инвесторлар билан доимий қайта алоқани йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар ва маҳаллий компанияларга кўмаклашиш, инвестиция таклифларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

ташқи савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг самарали ишлашига кўмаклашиш ва таъминлаш, ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

савдода тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ҳамда электрон тижорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва у билан ҳамда бошқа кўп томонлама иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш;

улгуржи ва биржа ташқи савдони тартибга солиш масалаларини мувофиқлаштириш, халқаро бозорлар ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва товарларнинг жаҳондаги нархлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш;

ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан транзит салоҳияти даражасини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, шунингдек, экспорт маршрутларини диверсификация қилиш масалаларини илгари суриш;

маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришни таъминлаш.

12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш соҳасида:

давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари, шунингдек, техник кўмаклашиш маблағларини (грантларини) жалб қилиш дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишида вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини мувофиқлаштиради;

республика ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш ва инвестициялар оқимига тўсқинлик қилувчи мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва улар доирасида маблағлар ўзлаштирилишининг, шунингдек, ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ушбу инвестиция дастурларига киритишнинг доимий мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, шунингдек, лойиҳалар ташаббускорлари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорликда давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан чет эл инвестициялари ва кредитлари (қарзлар) иштирокидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг мониторинг тизимини ташкил этади, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлайди ва бунинг асосида инвестиция жараёнларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштиради, эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгашлари ишчи органи функциясини амалга оширади;

эркин иқтисодий зоналар ривожланишининг мониторингини амалга оширади, маъмурий кенгашларга янги инвестиция лойиҳалари бўйича маъмурий кенгашлар аъзоларининг хулосалари асосида таклифлар киритади ва эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар самарали амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш объектларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хусусий тадбиркорлик субъектларининг бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлари ишлаб чиқариш фаолиятини тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳалари ("йўл хариталари")ни ишлаб чиқиш бўйича идоралараро комиссиянинг ишчи органи функцияларини амалга оширади;


2) хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро самарали ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

чет эл инвестицияларини, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишда, шунингдек, улардан самарали фойдаланишда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга кўмаклашади;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари, хорижий банклар, фондлар, агентликлар, компаниялар ва бошқа ташкилотлар билан уларни республика учун стратегик аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш бўйича таклифларни, истиқболли ва жорий дастурларни ўрганади, умумлаштиради ва тайёрлайди;

устувор ва истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда техник кўмаклашиш маблағларини (грантларни) жалб этиш дастурлари портфелининг шакллантирилишида қатнашади;

чет эл инвестициялари ва кредитлари (қарзлар) ва техник кўмаклашиш маблағлари (грантлари) оқимининг ҳисоби ва таҳлилини юритади, ўрганади ва уларни жалб қилиш ва рағбатлантиришнинг жаҳон тажрибасини умумлаштиради;

чет эл инвестициялари ва кредитлари (қарзлар), илғор технологиялар, шунингдек, техник кўмаклашиш маблағларини (грантларини) жалб қилиш учун устувор ва истиқболли лойиҳаларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантиради ва доимий янгилайди;

хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестиция масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) котибиятларининг аъзоси сифатида иштирок этади, тегишли ҳамкор давлатлар билан савдо ва инвестиция соҳаларида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифларни шакллантириш ва ҳар тамонлама сифатли тайёрлашда ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик қисми бўйича эришилган келишувлар ва ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларни амалга оширишда қатнашади;

тегишли халқаро молия институтлари билан амалга оширилаётган ўзаро ҳамкорлик ҳақида Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро молия институтлари бошқарув идораларини мунтазам хабардор қилишни таъминлайди;

халқаро ва хорижий ҳукуматлар молия институтларидан жалб қилинадиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашиш маблағлари (грантлари), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобига марказлаштирилган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида ёки Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган шартномаларни ва қўшимча битимларни рўйхатдан ўтказади;

қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда ва зарур бўлганда, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотлари қоидалари ҳамда тартиб-таомилларига мувофиқ инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқишни назорат қилади, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг тендер ва конкурс савдоларини мувофиқлаштиради;

лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари раҳбарларини танлаш ва тасдиқлаш, шунингдек, уларни малакали мутахассислар билан шакллантириш, шунингдек, ушбу мутахассислар малакасининг инвестиция лойиҳаларини бошқариш соҳасидаги талабларга мос келишини аниқлаш бўйича ишларни ташкил этади;

давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг аъзоси сифатида қатнашади ва харидларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади, тендер савдолари қоидаларини ва йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришда иштирок этади;


3) давлат органлари ва ташкилотларининг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакилларининг, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат улуши устун келадиган тижорат банклари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ягона инвестиция сиёсати амалга оширилиши бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ва уларга чет эл инвесторларини жалб қилишда вазирликлар ва идораларга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассасаларида ташқи иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи ходимларни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг тегишли ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли ўринбосарларининг тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни ҳамда техник кўмаклашиш маблағларини (грантларини) жалб қилиш, ташқи савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмларини ошириш ва бошқа масалалар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг чет эл муассаларидаги ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғуланнувчи ходимларнинг ҳисоботларини эшитади;

республика тадбиркорлик субъектларининг чет эл компаниялари билан ишлаб чиқариш ва илмий-техник ҳамкорлик ўрнатишига, шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этишга ва биргаликдаги тадбиркорликнинг бошқа шаклларини ривожлантиришда кўмаклашади;


3-1) давлат органлари ва ташкилотларининг республикага ташқи беғараз кўмак (грант, техник кўмак, мақсадли беғараз ёрдам) маблағларини жалб қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг мақсадли фойдаланилишини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш соҳасида:

ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ҳамда донор билан ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларини мувофиқлаштиради;

ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ҳисобга олиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқади;

4) Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари борасидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, келишиш ва имзолашда иштирок этиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникация ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқади, келишади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий келишувлар (битимлар, меморандумлар, баённомалар ва бошқалар), шартномалар (контрактлар) лойиҳаларини келишади ва уларни тузиш бўйича таклифлар киритади;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия институтлари, банк тузилмалари ва бошқа иқтисодий ҳамда савдо ташкилотлари билан қарзга оид ва шу каби музокараларда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникация ҳамкорлик масалалари бўйича имзоланган халқаро шартномалар ҳамда келишувлар (битмлар, меморандумлар, баённомалар ва бошқалар) ва контрактларнинг маълумотлар базасини юритади, уларни бажариш бўйича доимий мониторинг олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли маълумот ҳамда таклифларни киритади;

халқаро иқтисодий ташкилотлар ишида, савдо иқтисодий ва инвестиция мавзуига бағишланган халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилади ва қатнашади, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикасига келган чет эл делегацияларини қабул қилади;


5) инвесторлар билан доимий қайта алоқани йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар ва маҳаллий компанияларга кўмаклашиш, инвестиция таклифларини ишлаб чиқишни ташкил этиш соҳасида:

республикадаги лойиҳа ташаббускорларига чет эллик инвесторлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишда кўмаклашади;

тадбиркорлик субъектларига ва бошқа шахсларга хорижий инвесторларни топишда, узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишда кўмаклашади, шунингдек, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун лойиҳа таклифлари ва бошқа зарур материаллар тайёрлашда услубий ёрдам кўрсатади;

хорижий инвесторларни мамлакат иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида кенг хабардор қилиш учун Ўзбекистон Республикасида ва хорижда халқаро конференциялар, семинарлар, инвестиция форумларини ташкил этади ва уларда қатнашади;

инвестиция ва савдо фаолиятига, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни доимий асосда ўрганади;

инвесторлар мурожаатлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам умумлаштирилишини таъминлайди ва инвесторларнинг, шу жумладан салоҳиятли инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритади;

давлат органлари томонидан ўтказиладиган халқаро инвестициявий ва иқтисодий форумлар ва бошқа халқаро инвестициявий ва иқтисодий тадбирларни келишади;

тегишли идораларнинг инвестиция циклининг ҳар бир босқичида инвесторларни қўллаб-қувватлаш, бюрократик кўринишларнинг олдини олган ҳолда юзага келаётган ташкилий масалаларни, шу жумладан инвестициядан кейинги даврда ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб боришини ташкил қилади;

инвестиция компанияси ва молия институтлари миссияларининг амалий учрашувлари жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;


6) ташқи савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг самарали ишлашига кўмаклашиш ва таъминлаш, ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

тенг шериклик, ўзаро манфаатли ва камситмаслик принципларига асосланган ташқи савдо фаолиятини эркин ҳамда тенг ҳуқуқли амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишда иштирок этади;

ташқи савдони либераллаштириш ва унга кўмаклашиш, республиканинг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида халқаро муносабатларни ривожлантириш мақсадида давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг хизмат сафарлари ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, нодавлат тузилмалар ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи натижалари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан тегишли мониторингни таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида экспорт ва импорт прогнозлари бажарилиши таҳлилини ва мониторингини олиб боради, экспорт ва импорт суръатлари, улуши ва самарадорлиги прогнозини амалга оширади ва уларни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика марказининг ички ва ташқи бозорлардаги савдо фаолиятига таъсир қилувчи чораларни қўллаш бўйича ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг самарали ишлашини ва унинг тизимига кирувчи ташкилотларнинг самарали фаолият юритишини таъминлайди;

экспортни назорат қилиш соҳасида ваколатли давлат органи функциясини бажаради;

ташқи савдо келишувлари ва халқаро битимлар шартлари асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган енгиб бўлмас кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган муассасаларнинг чет элда ташкил этилган ташкилотлари реестрини яратади ва юритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарининг ва мазкур ваколатхоналар хорижий ходимларининг аккредитациясини белгиланган тартибда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритади;


7) савдода тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ҳамда электрон тижорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади, ташқи савдонинг асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва мамлакат божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда қатнашади;

ташқи савдода имтиёзли режимларни қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини татбиқ этиш борасида белгиланган тартибда ўрганишларни олиб боради, шунингдек, ташқи савдода техник тўсиқларни қўллаш бўйича ишларда иштирок этади;

маҳаллий хом ашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш масалалари бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритади, маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича дастур ва концепция ишлаб чиқишда қатнашади ва импортни оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш, ташкилотлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган маҳсулотларни сертификатлаштириш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентларни маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда технологик жараёнда фойдаланиладиган тоифага киритиш тўғрисида хулосалар беришни мустақил амалга оширади ёки бу борадаги ваколатларни тегишли ташкилотларга беради;

ташқи иқтисодий фаолият доирасидаги электрон тижорат соҳасида ташқи савдо сиёсатини шакллантиришда иштирок этади;

ташқи савдо инфратузилмасини жаҳон электрон савдо тизимига интеграциялаштириш, Интернетнинг тармоғида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларнинг мавжуд бўлишини кучайтириш бўйича дастурлар ва комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг сони ва сифатини эксперт баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;


8) Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш соҳасида:

хорижий мамлакатлар, шу жумладан, "Бир макон, бир йўл" ташаббусининг иштирокчи давлатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалда руёбга чиқаради;

хорижий мамлакатлар билан юқори технологиялар, инновациялар, саноат, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлайди;

олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги келишувларнинг сўзсиз ва сифатли ижро этилиши устидан доимий ҳамда тизимли мониторинг ва назоратни ташкил қилади;

хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги амалий чора-тадбирлар режаларини ("йўл хариталари") сўзсиз амалга ошириш бўйича ҳамда мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида масъул ижрочилар - вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасидаги кўп томонлама халқаро шартномалар ва тузилмаларда Ўзбекистон Республикасининг иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектларининг ташқи бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, ташқи савдо ҳамкорлигининг ҳар хил шаклларини кенгайтирилишига кўмаклашади;

экспорт салоҳиятни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мамлакатнинг экспорт сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштиради;

қисқа, ўрта ва узоқ муддатли даврда мамлакат асосий экспорт товарларининг жаҳон бозоридаги ўрнини тадқиқ этади ва мустаҳкамлаш сценарийсини ишлаб чиқади;

экспорт фаолиятини рағбатлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш ва қонунчилик таҳлили асосида экспорт салоҳиятини ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

экспортбоп маҳсулотлар, шунингдек, соҳа корхоналарининг экспорт маҳсулотлари ва экспортчилар бўйича маълумотлар базасини яратади ва юритади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда экспортни қўллаб-қувватлаш стратегиясини, шу жумладан уни рағбатлантирувчи воситаларни ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси вазирлик, идора ва хўжалик субъектлари билан биргаликда ташқи савдо соҳасида халқаро савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркалар, форумлар, тақдимотлар, конференциялар ва бошқа шундай тадбирларни мамлакатимизда ва хорижда ташкил қилади ва ўтказади;

тақдимотлар, реклама тадбирлари ва акциялар ўтказиш, махсус адабиётлар, буклетлар чоп этиш, Интернет тармоғида махсус веб-сайтлар яратиш орқали Ўзбекистон Республикасининг юқори халқаро мавқеини шакллантиради ва қўллаб-қувватлайди;

хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар)нинг Ўзбекистонга оид қисмлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларнинг котибиятлари функцияларини амалга оширади;

9) Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва у билан ҳамда бошқа кўп томонлама иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (кейин ўринларда ЖСТ деб аталади) аъзо бўлиши учун зарур бўлган материаллар ва ҳужжатлар тўпламини жамлаш ва тайёрлаш, шунингдек, миллий қонунчиликни ушбу ташкилот билан битимлар талабларига мувофиқ мослаштриш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар жараёнида иштирок этади, унинг котибияти билан ўзаро ҳамкорлик қилади, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ташқи савдо соҳасида халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларни тузади;

ЖСТ билан ишлаш ва ҳамкорлик бўйича идоралараро комиссияси котибияти вазифасини бажаради;

ЖСТ тамойилларига мувофиқ юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш, сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш ишларида қатнашади ва юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш фаолиятини ташкил этишни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ЖСТдаги хорижий вакиллари фаолиятини ва уларнинг ЖСТ тузилмалари билан ишини мувофиқлаштриади;


10) улгуржи ва биржа ташқи савдоларини тартибга солиш масалаларини мувофиқлаштириш, бозор ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва товарлар нархлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш соҳасида:

хорижий давлатлар бозорлари маркетингини тадқиқ этиш асосида товарларнинг янги турларини, уларни кейинчалик экспорт қилиш учун ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий шериклар билан узоқ муддатли, барқарор шериклик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташқи бозорларини комплекс тадқиқ этади;

халқаро савдо ҳолатини, хорижий давлатлардаги иқтисодий вазиятни таҳлил қилади, конъюнктурани ўрганади ва шу асосда ташқи бозорларнинг ривожланиш тенденциясини прогнозлаштиради;

ташқи бозорларнинг истиқболлари ва самарадорлигини инобатга олган ҳолда, уларнинг ривожланиш ҳолати ва прогнозини чуқур таҳлил қилади ҳамда асосий экспорт номенклатураси бўйича маркетинг ва таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;

ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларининг нарх конъюнктурасини тизимли асосда ўрганади, шу жумладан ҳудудларга чиққан ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар билан ҳар ойда учрашувлар ўтказади, шунингдек, ўрганиш натижалари, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархлари даражаси тўғрисидаги маълумотлар ўз расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини ташкил этади;

ҳар ойда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчиларга асосий сотиш бозорлари бўйича таҳлил натижалари ва прогнозларини, хусусан, нарх конъюнктурасининг ўзгаришлари, белгиланган пунктлар кесимида юклаш ҳажмлари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилишда техник талаблар тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш орқали тақдим этади;

ўтказилган маркетинг тадқиқотлари ва ташқи бозорларни ўрганиш натижасида ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг стандартлари ва сифатларини оптималлаштириш бўйича хўжалик юритувчи субъектларга тавсиялар беради;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларига экспорт қилаётган маҳсулотлар бўйича ҳуқуқий, нарх, молиявий хусусиятлар тўғрисида маълумотлар, маслаҳатлар бериб боради;


11) ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан транзит салоҳияти даражасини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, шунингдек, экспорт маршрутларини диверсификация қилиш масалаларини илгари суриш соҳасида:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда транспорт, транспорт алоқалари ва халқаро логистика соҳасида ташқи савдо сиёсати масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

транзит салоҳиятини ошириш, транспорт-коммуникация тизимларини халқаро транспорт коммуникациясига интеграциялаштириш мақсадида ташқи савдо товарларини оптималлаштириш, янги транспорт йўналишларини (йўлакларини) кўпайтириш мақсадида чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транзит орқали ўтадиган хавфли юклар, қурол-аслаҳалар, ҳарбий ускуналар, ҳарбий мулклар, портловчи моддалар ва маҳсулотларни ўтказиш чоғида хулоса беради.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин;


12) маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришни таъминлаш соҳасида:

мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни жалб қилиш, туманлар (шаҳарлар) салоҳиятини ишга солиш ва уларнинг нисбий устунликларидан фойдаланиш асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш "драйверлари" бўлган тармоқларни аниқлайди;

тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўяди;

сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратади;

"қўшимча қиймат занжирлари"ни кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади;

кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлайди ва фаолиятини мувофиқлаштиради;

замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлайди, тренинг дастурларидан кенг фойдаланади;

тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштиради;

йирик ишлаб чиқарувчилар ҳамда кичик бизнес ва ўрта бизнес субъектлари ўртасидаги (кооперация) электрон тизимни такомиллаштиради.


2-§. Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг

вазифалари ва функциялари


13. Қуйидагилар Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

ҳудудларда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;

ташқи савдо фаолияти соҳасида ҳудудларда ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш, экспортни рағбатлантириш, ҳудудларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;

ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига кўмаклашиш, корхоналарнинг, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чоралар қабул қилиш;

ўз ваколатлари доирасида вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш.


14. Вазирлик ҳудудий бошқармалари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш соҳасида:

ҳудудлар ва тармоқларининг инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва улар доирасида маблағлар жалб этилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради;

ҳудудларнинг салоҳиятини ўрганиш натижасида давлат ривожланиш дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш ва ишлаб чиқишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда бошқа вазирлик, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар - лойиҳа ташаббускорлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳудудларда инвестиция дастурлари амалга оширилиши ҳолати юзасидан мониторинг тизимини ташкил этади;

тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш бўйича Вазирликка таклифлар киритади;

2) ҳудудларда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

инвестициялар жалб қилиш мақсадида салоҳиятли ва истиқболли инвестиция ва кредит бозорларининг доимий таҳлилини олиб боради;

вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига ва бошқа ташкилотларга ҳорижий инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда ва улардан самарали фойдаланишда кўмаклашади, халқаро иқтисодий ва молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлайди;

"ягона дарча" тамойили бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи хорижий инвесторлар билан инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади;

ҳудудларнинг салоҳиятли ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфелини ҳамда техник кўмаклашиш маблағларини (грантларни) жалб этиш дастурларини шакллантиришда иштирок этади;


3) ташқи савдо фаолияти соҳасида ҳудудларда ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш, экспортни рағбатлантириш, ҳудудларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш соҳасида:

ҳудуд корхоналарининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудлардаги хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади ҳамда корхоналар ва ташкилотларда маркетинг хизматларини ташкил этилиши ва фаолият юритишида услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

ташқи савдо масалалари бўйича хорижий делегацияларнинг ташрифи, хусусан, учрашув ва музокаралар ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширади;

вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда республикада ва хорижда ҳалқаро савдо-саноат ярмаркалари, форумлар, тақдимотлар, конференциялар ва шу каби бошқа тадбирлар ўтказилишида иштирок этади;


4) ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига кўмаклашиш, корхоналарнинг, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чоралар қабул қилиш соҳасида:

ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан экспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ҳудудга бўйсинувчи корхоналарнинг экспорт прогнози ижро этилиши ҳолати бўйича мониторинг олиб боради, бунинг асосида уларнинг экспорт фаолиятини таҳлил қилади ва корхоналар экспортини жадаллаштириш ва рағбатлантириш бўйича аниқ таклиф ва кўрсатмалар киритади;

ҳудуд корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳамда ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини рағбатлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

ҳудудга бўйсинувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганади, корхоналарнинг мавжуд экспорт имкониятлари захираларини аниқлайди, ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини олиб бориш асосида мавжуд экспорт захираларидан фойдаланиш бўйича таклифлар киритади;

тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўяди;

5) ўз ваколатлари доирасида вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, давлат инвестиция ривожланиш дастурларининг амалга оширилиш ҳолатини ва ҳудудлар экспорт прогнозини тизимли мониторинг қилади ҳамда ўрганади.

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши, шу жумладан, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиққан ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этилишини мониторинг қилади;

эркин иқтисодий зоналар жозибадорлигини ошириш ва уларнинг иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш бўйича Вазирлик раҳбариятига таклифлар киритади;

кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлайди ва фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ҳудудий бошқармалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-§. Вазирлик туман (шаҳар) бўлимларининг

вазифалари ва функциялари


15. Қуйидагилар Вазирлик туман (шаҳар) бўлимларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, туманларда (шаҳарларда) хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини ҳамда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига кўмаклашиш, корхоналарнинг, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чоралар қабул қилиш.


16. Вазирлик туман (шаҳар) бўлимлари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, туманларда (шаҳарларда) хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини ҳамда эркин иқтисодий зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

туманлар (шаҳарлар) инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва улар доирасида маблағлар жалб этилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради;

туманларнинг (шаҳарлар) салоҳиятли ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфелини ҳамда техник кўмаклашиш маблағларини (грантларни) жалб этиш дастурларини шакллантиришда иштирок этади;

инвестициялар жалб қилиш мақсадида салоҳиятли ва истиқболли инвестиция ва кредит бозорларининг доимий таҳлилини олиб боради;

мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиққан ҳолда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилишида иштирок этади;

мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни жалб қилиш, туманлар (шаҳарлар) салоҳиятини ишга солиш ва уларнинг нисбий устунликларидан фойдаланиш асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш "драйверлари" бўлган тармоқларни аниқлайди;

2) ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига кўмаклашиш, корхоналарнинг, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш бўйича комплекс чоралар қабул қилиш соҳасида:

туман (шаҳар) корхоналарининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва туман (шаҳар) хўжалик юритувчи субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади;

туманларни (шаҳарлар) иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари концепциясини, шу жумладан экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

туманга (шаҳарга) бўйсинувчи корхоналарнинг экспорт прогнози ижро этилиши ҳолати бўйича мониторинг олиб боради, бунинг асосида уларнинг экспорт фаолиятини таҳлил қилади ва корхоналар экспортини жадаллаштириш ва рағбатлантириш бўйича аниқ таклиф ва кўрсатмалар киритади;

туманлар (шаҳарлар) корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳамда ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини рағбатлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

қўшимча қиймат занжирлари"ни кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўллаб-қувватлайди.

Туман (шаҳар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК, УНИНГ МАРКАЗИЙ АППАРАТИ,

ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРИ ВА ТУМАН (ШАҲАР)

БЎЛИМЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


17. Вазирлик ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлардан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, республиканинг чет элдаги дипломатик ва садво ваколатхоналаридан, давлат улуши устун бўлган тижорат банкларидан Вазирлик ваколатига тегишли масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

хориждаги халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар ҳамда Ўзбекистон Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, алоқаларни ривожлантириш ва ёзишмалар олиб бориш;

хорижий давлатлар билан белгиланган тартибда техник ва иқтисодий ахборотлар билан алмашиш;

давлат статистика органларидан зарур статистик ахборотни бепул олиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Вазирлик фаолиятининг белгиланган соҳасига таалуқли масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг масъул шахсларининг ҳисоботларини эшитиш;

Вазирлик фаолиятини амалга ошириш доирасида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар ўтказиш учун давлат буюртмасига мувофиқ лойиҳаларни саралаш бўйича танловлар эълон қилиш ва танлов комиссияларини тузиш;

бюджетнинг илмий тадқиқотларга йўналтирилган молиявий ресурсларини тақсимлашда иштирок этиш;

ташқи савдо фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузаётган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат топшириғига кўра, халқаро ташкилотларда мамлакат манфаатларини ифода этиш ҳамда белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ шартномалар тузиш;

инвестиция ва ташқи савдони ривожлантириш соҳасида кадрлар тайёрлаш учун белгиланган тартибда идоравий илмий ва ўқув марказлари, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш марказларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги вазифаларни ёритиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ва матбуот органларини ташкил этиш;

Вазирлик ва унинг идоравий мансуб тузилмаларининг давлат мулкини ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида бир бўлинмадан бошқасига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда ўтказиш;

товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш, ташкилотлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган маҳсулотларни сертификатлаштириш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентларни маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда технологик жараёнда фойдаланиладиган тоифага киритиш тўғрисида хулосалар бериш бўйича ваколатларни тегишли ташкилотларга беришдан даромад олиш;

Вазирлик биноларига хизмат кўрсатиш, асбоб-ускуналар, хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва оргтехникаларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини амалга ошириш, дастурий таъминотни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалаларни ҳал қилиш учун шартнома асосида илмий муассасалар, шу жумладан, хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этиш;

Вазирликнинг ижтимоий инфратузилмасини қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил қилиш ва такомиллаштириш, Вазирлик тизими ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва мукофотлашнинг ягона тизимини шакллантириш;

зарурат бўлганда, Вазирликнинг расмий таклифига биноан, шунингдек, унинг розилиги билан идоравий мансуб ташкилотларининг расмий таклифига мувофиқ Ўзбекистонга келган хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республика ҳудудида яшаши ва транспорт харажатларини тўлаш;

Вазирлик ва унинг тизимига кирувчи таркибий бўлинмалар ва ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш чораларини кўриш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Вазирлик:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган буйруқлар амалга оширилишининг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасини ривожлантириш, шунингдек, дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



2-§. Вазирлик марказий аппаратининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


19. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотларидан ташқи иқтисодий фаолият масалаларини таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни сўраш ва олиш;

Вазирликда кўриб чиқиладиган ташқи иқтисодий фаолият масалаларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш, шу мақсадда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни пухта ишлашни талаб қилиш, зарурат бўлганда, уларни қайта ишлаш учун қайтариш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларига жадал ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Вазирликка юкланган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирликнинг буйруқлари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш.

Вазирликнинг марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Вазирликнинг марказий аппарати:

ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Вазирлик марказий аппарати бўлинмаларининг ишини ташкил этиш;

Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг тайёрланиши сифати ва экспертизадан ўтказилиши;

худудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан республика ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил этиш учун жавоб беради.



3-§. Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


21. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари, хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, бошқа ташкилотлардан ўз зиммасига юкланган вазифаларни сифатли бажариш учун зарур бўлган ахборот материалларини сўраб олиш;

инвестиция ва ташқи савдо масалаларида давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари, хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

Вазирлик туман (шаҳар) бўлимларига топшириқ ва кўрсатмалар бериш;

давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида мажлислар ўтказиш;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш.


22. Вазирлик ҳудудий бошқармалари:

қонун ҳужжатлари, вазир ва унинг ўринбосарлари топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан амалий назоратни амалга ошириш;

ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

ҳудудий бўлинмалар фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

Вазирликка киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг амалга оширилиши сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

туманларда (шаҳарларда) аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида ташқи иқтисодий фаолият соҳасини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ривожлантиришга доир таклифларни тайёрлаш учун жавоб берадилар.



4-§. Вазирлик туман (шаҳар) бўлимларининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


23. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик субъектлари туман (шаҳар) бўлинмаларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан ўз зиммасига юкланган вазифаларни сифатли бажариш учун зарур бўлган ахборот материалларини сўраб олиш;

инвестиция ва ташқи савдо масалаларида давлат бошқаруви органлари ва хўжалик туман (шаҳар) бўлимлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида мажлислар ўтказиш;

ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг туман (шаҳар) бўлимлари, шунингдек, илмий ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш.


24. Вазирлик туман (шаҳар) бўлимлари:

қонун ҳужжатлари, вазир ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан амалий назоратни амалга ошириш;

туман (шаҳар) бўлимларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

туман (шаҳар) бўлимлари фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

туманларда (шаҳарларда) тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини ривожланишига тўсқинлик қилувчи муҳим муаммоларни ва тизимли камчиликларни аниқлаш, ташқи иқтисодий фаолият масалалари бўйича туман (шаҳар) ривожлантириш дастурларига қўшиш учун таклифлар киритиш учун жавоб берадилар.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


25. Қуйидагилар вазирнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

Вазирлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

ўз ўринбосарларининг ва Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларининг, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотларнинг айрим фаолият йўналишлари ҳамда участкаларига раҳбарлик қилишда ваколатларини ва шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун Вазирлик юритуви соҳасига кирадиган масалалар бўйича таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш (виза қўйиш). Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар билан Вазирлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсатининг масалаларни кўриб чиқиш бўйича йиғилишларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасига "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Норма ижодкорлик фаолиятини такомиллаштириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти деб аталади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларни Вазирлар Маҳкамаси аппаратида қайта ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқишда иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг Намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосарлари ва ҳудудий бўлинмалар, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини доимий танқидий таҳлил қилиш, Вазирликнинг ҳайъат йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиш-қолмаслиги мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Вазирлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

ўз ваколатлари доирасида Вазирлик тизими ходимлари учун бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг харажатлар сметаси ва штат жадвалини тасдиқлаш;

ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари тузилмаларини тасдиқлаш ва уларга ўзгартиришлар киритиш;

марказий аппарат таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ва ҳудудий бошқармалар низомларини тасдиқлаш масалаларини келишиш;

Вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Вазирликнинг кадрлар захирасини шакллантириш, Вазирлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг фаолиятида Вазирлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни бажариш.


26. Қуйидагилар вазир ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Вазир вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан инвестиция ва ташқи савдо соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизани ташкил қилиш ва сифатли тайёрлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазир ўринбосарларининг топшириғига биноан устувор вазифалар бажарилишини мувофиқлаштириш;

Вазирликнинг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ Вазирлик тегишли бўлинмаларига бевосита раҳбарлик қилиш;

вазир ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган Вазирликнинг марказий аппарати бошлиқлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни белгиланган тартибда Вазирга тасдиқлаш учун киритиш;

вазир ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган таркибий бўлинмалар бошлиқларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан таклифлар киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича Вазирга таклифлар киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чоралар кўриш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чоралар кўриш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Вазирга киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳар чораклик режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ходимларининг, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Вазир томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Вазирнинг топшириғига биноан иштирок этиш;

Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизалардан пухта ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Вазирга таклифлар тақдим этиш уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

Вазирлик ҳайъати, вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни бажариш.


27. Қуйидагилар марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга ошириш, мазкур бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар ижросини таъминлаш;

таркибий бўлинма тўғрисида тасдиқланган низом доирасида аниқ йўналишлар бўйича вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режаларини ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифтали бажарилишини таъминлаш;

прогноз кўрсаткичларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ва қайд этилган кўрсаткичларга ҳудудий бўлинмалар томонидан сўзсиз эришишни таъминлашга йўналтирилган қўшимча чораларни кўриш юзасидан таклифларни Вазирнинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш, Вазирликнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келгусида муҳокама этиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Вазир топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон, "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Вазирликка тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лоийҳалари ва таклифларни тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа турдаги экспертизадан пухта ўтказиш;

таркибий бўлинмалар ходимларини, ўзининг ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чораларни амалга ошириш;

мутасаддилик қиладаган соҳаларнинг ривожланиш ҳолатини сифатли баҳолаш ва уларни янада ривожлантириш ва амалга ошириш механизмлари бўйича Вазирлик раҳбариятига аниқ таклифлар киритиш;

таркибий бўлинмалар ходимлари томонидан Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам ўтказиш юзасидан самарали ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, улар фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш;

давлат сири ва махфий ахборотлар тоифасига кирувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни бажариш.


28. Қуйидагилар ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Вазирлик ҳудудий бошқармалари фаолиятини уларга юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этиш;

Вазирлик туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳудудий бошқармалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, ҳудудий бошқармалар фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик хайъати қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ҳудудларни ривожлантириш ҳолатини сифатли баҳолаш ва уларни янада ривожлантириш ва амалга ошириш механизмлари бўйича Вазирлик раҳбариятига аниқ таклифлар киритиш;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиш, ҳудудий бўлинмаларнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

ҳудудий бошқармалар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чораларни амалга ошириш;

ҳудудий бошқармалар ваколатига кирувчи масалалар бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда Вазирликка кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

ҳудудий бошқармалар ходимлари томонидан Вазирлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши таъминланишини назорат қилиш;

"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ҳудудий бўлинмалар тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан, "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам ўтказиш юзасидан самарали ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, улар фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш;

давлат сири ва махфий ахборотлар тоифасига кирувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни бажариш.


29. Қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқларининг функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

бўлимлар фаолиятини уларга юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этиш;

бўлим мутахассислари ўртасида топшириқларни тақсимлаш ҳамда уларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш;

Вазирлик ҳудудий бошқармалари билан доимий асосда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

инвестиция дастурларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони ривожланишини тизимли равишда таҳлил қилиш;

Вазирлик хайъати қарорлари, вазир ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун туманлар (шаҳарлар) бўлималари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Вазирлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиш, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимлари томонидан мазкур қоидаларга риоя этилишини таъминланиш;

туманлар (шаҳарлар) бўлимларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

бўлим ваколатига кирувчи масалалар бўйича туман (шаҳар) ҳокими ва Вазирлик ҳудудий бошқармаларига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

Вазирлик ҳудудий бошқармаларига алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини кўриш бўйича кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

давлат сири ва махфий ахборотлар тоифасига кирувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни бажариш.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


30. Вазир:

ушбу Низом ва бошқа қонун хужжатлари билан Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда Вазирлик фаолиятдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;

мазкур Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг (ёки мажбуриятларининг) сифатли бажарилиши;

амалга ошириладиган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар натижаларига эришиш, уларни мамлакат ва ҳудудларнинг инвестициявий ҳамда ташқи савдо жиҳатидан ривожлантиришга таъсири;

Вазирликда, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилиниши учун масъулдир.


31. Вазир ўринбосарлари:

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Вазирликка юкланган вазфалар ва функцияларнинг бажарилиши;

мазкур Низомнинг 26-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг (ёки мажбуриятларининг) сифатли бажарилиши;

тегишли йўналишлар бўйича топшириқларнинг ўз вақтида бажарилиши ва натижадорилиги;

мутасаддилик қиладиган йўналишларда инвестициявий ва ташқи савдо жиҳатидан ривожланишни таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар натижадорлиги ва самарадорлиги учун масъулдир.


32. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари:

Қонунчилик ҳужжатлари, Вазирлик раҳбарларининг топшириқлари ҳамда юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини самарали назорат қилиш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг республика ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар билан биргаликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

Вазирликка ҳудудларни инвестициявий ва ташқи савдо жиҳатдан ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги объектив таҳлилий маълумотларни ўз вақтида тақдим этилиши;

инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида амалга оширилган ҳудудий дастурлар таъсирининг натижадорлиги;

ҳудудларни ривожлантириш бўйича юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун масъулдир.


33. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари:

Қонунчилик ҳужжатлари, Вазирлик раҳбарлари ва ҳудудий бошқармалар топшириқлари ҳамда юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини самарали назорат қилиш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг республика ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар билан ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаб чиқиш тартиби, методологияси, тамойиллари ва муддатларига риоя этиш;

ҳудудий бошқармага кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган таҳлилий материалларнинг ўз вақтида, сифатли, тўлиқ топширилишини таъминлаш;

ҳокимликлар раҳбарлари билан бирга инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида туманларни (шаҳарларни) ривожлантириш дастурларини амалга ошириш натижалари учун масъулдир.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Вазирлик раҳбарияти


34. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.

Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар биринчи ўринбосар ва олти нафар ўринбосарга эга.

35. Қуйидагилар:

Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директорлари вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директорларининг ўринбосарлари вазир томонидан лавозмга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, унинг ўринбосари вазир билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

туман (шаҳар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари бошлиқлари Қоралпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари тақдимномасига биноан вазир билан келишилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.



2-§. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг

унинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар)

бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби


36. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан қуйидаги масалаларда яқин ҳамкорлик қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлик раҳбарияти топшириқларининг ҳамда Олий Мажлиси депутатлари сўровларининг ўз вақтида бажарилишини, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ва прогнозларини тармоқларни ривожлантириш дастурлари билан биргаликда ишлаб чиқишда давлат бошқаруви органлари бўлинмалари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигини таъминлаш;

ҳудудларнинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш йўналишидаги ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича Вазирлик ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

инвестициявий ва ташқи савдо бўйича ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасидаги тадбирлар ва инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини, асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ўзгаришини тизимли мониторингини олиб бориш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига тўсқинлик қиладиган тизимли муаммоли масалаларни аниқлаш ва ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқиш ва виза олиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ўрганиш ва экспертизадан ўтказиш ҳамда улар бўйича хулосалар тайёрлаш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш.



3-§. Вазирликнинг давлат бошқаруви органлари ва хўжалик

юритувчи субъектлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик тартиби


37. Вазирлик, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик жараёнида:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларни ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиши ва киритилишида қатнашади;

фаолият йўналишларидан келиб чиқиб номутаносибликларни бартараф этишда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорлик қилади.


38. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилади.



4-§. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат ва эксперт органлари


39. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича) ҳамда фаолиятнинг асосий йўналишларида мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари таркибидан иборат ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан Вазир тақдимномаси бўйича тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирликнинг мазкур Низом билан белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аниқ вазифалари ва топшириқлари сифатли бажарилишини ташкил этиш;

Вазирлик ва давлат бошқарувининг бошқа органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

қўшимча чоралар қабул қилиш ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритиш асосида инвестиция ва ташқи савдо фаолияти соҳасида амалга оширилаётган топшириқлар натижадорлигини баҳолаш;

Вазирликнинг марказий аппарати номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.

Ҳайъат, шунингдек, Вазирлик ваколатига тегишли бошқа масалаларни ҳам муҳокама этиш ҳуқуқига эга.

Вазирлик ҳайъати йиғилишига зарур ҳолларда, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, давлат улуши устун бўлган тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари (ўринбосарлари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ходимлари таклиф этилади.

Ҳайъат, агар унинг йиғилишида аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли деб ҳисобланади. Қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари ва хайъат баённомалари билан амалга оширилади. Хайъат раиси ва аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, вазир юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъати тасдиқлайдиган регламентда белгиланади.


40. Вазирлик ҳузурида вазирнинг тегишли биринчи ўринбосари (кенгаш раиси), Вазирликнинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирувчи алоҳида таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва бизнес-уюшмалар вакилларидан иборат таркибда Жамоавий маслаҳат кенгаши тузилади.

Жамоавий маслаҳат кенгаши аъзоларининг сони, шахсий таркиби ва унинг низоми вазир буйруғи билан тасдиқланади.

Жамоавий маслаҳат кенгаши йиғилишида қабул қилинган қарор асосида кенгаш раисига унинг шахсий таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Қуйидагилар Жамоавий маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бозор усуллари ва бошқарув механизмларини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳусусий мулк ва тадбирколикни янада ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли ҳамда республикада тадбиркорлик, инвестиция ва савдо муҳитини яҳшилаш бўйича масалаларни муҳокама қилиш;

тадбиркорлик фаолиятининг тез суръатларда ривожланишига, ҳусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқий механизмларини ва кафолатларини янада мустаҳкамлашга, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ва уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишни камайтиришга, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш механизмларини танқидий кўриб чиқиш;

ишлаб чиқиладиган ва Вазирликка кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш орқали қонунчилик базасини такомиллаштиришда иштирок этиш.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАРИ


41. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳолаб борилади.


42. Қуйидагилар фаолиятининг самарадорлиги:

Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосарлари, вазир ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқларининг - белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган фаолият самарадорлигини баҳоловчи интеграциялашган кўрсаткичларга асосан;

бошқарма ва бўлим бошлиқлари, шунингдек, марказий аппарат ва худудий бошқармалари ходимлари, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларининг - вазир томонидан тасдиқланган фаолият самарадорлигини баҳоловчи кўрсаткичларга асосан баҳоланади.


43. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жазо чоралари;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Вазирлик унинг раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услубини ишлаб чиқади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ ХОДИМЛАРИ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


44. Вазирликни моддий-техника билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.


45. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантирувчи тўловлардан иборат.

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ва унинг ташкилий тузилмасига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда узоқ йиллик хизмати учун ойлик устама ҳақ тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маоши коэффициентларида):

1 йилдан 3 йилгача - 0,3;

3 йилдан 5 йилгача - 0,6;

5 йилдан 10 йилгача - 0,8;

10 йилдан 15 йилгача - 1,0;

15 йилдан 20 йилгача - 1,2;

20 йилдан ортиқ - 1,5.

Узоқ йиллик хизмати учун устама ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.


46. Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, Вазирликнинг бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлик ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.

Вазирликнинг Ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси низоми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


47. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини таъминлаш ва молиялаштириш (шу жумладан, ходимларни моддий рағбатлантириш) Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети, вилоятлар ҳудудий бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари даромадлар прогнозининг орттириб бажарилиши ва тегишли бюджетларнинг бўш қолдиқлари ҳисобига Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимлари учун моддий рағбатлантиришнинг қўшимча турларини (устама ҳақ, қўшимча ҳақ, мукофотлар ва иш ҳақига бошқа тўловлар) белгилаш ҳуқуқига эга.


10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ,

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ТЕГИШЛИ ТАРКИБИЙ

ТУЗИЛМАЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ОЛДИДА ҲИСОБДОРЛИГИ


48. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик жараёнида:

вазирликка юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритади;

инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда таклифлар, тавсиялар ва таҳлилий материаллар тайёрлашни таъминлайди;

инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш, амалга ошириш ва самарадорлигини баҳолаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади ҳамда инвестиция жараёнларининг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

мунтазам равишда инвестиция ва ташқи савдо соҳасида муҳим йўналишлар ва вазифалар амалга ошириш ҳолатини, шунингдек, мазкур соҳада мавжуд бўлган тизимли муаммо ва камчиликларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятида кўриб чиқишни ташкил қилади;

ўрнатилган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.


49. Вазирлик унинг ҳудудий бошқармалари, давлат бошқарувининг тегишли органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг маълумотларини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида инвестиция ва ташқи савдо соҳасида ривожланиш кўрсаткичларининг якунлари тўғрисидаги таҳлилий материалларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


50. Вазирлик ҳар чорак якунлари бўйича инвестиция ва ташқи савдо соҳасида мамлакатнинг ривожланиш кўрсаткичлари якунлари тўғрисидаги пресс-релизни ўз веб-сайтида эълон қилиб боради.


51. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳар чоракда чуқур таҳлил асосида туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг якуний маълумотлари, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг маълумотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги соҳасидаги белгиланган прогноз ва мақсадли параметрларга эришиш ва мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича асосланган таклифларни вазирликка киритади.


52. Вазирликнинг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ҳар чоракда инвестиция ва ташқи савдони ривожлантиришнинг белгиланган прогноз ва мақсадли параметрларига эришиш йўлларининг таҳлилини ҳар томонлама чуқур ўрганиш асосида туман (шаҳар) ҳокимликларининг мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифлар ҳақидаги таҳлилий маҳлумотларни вазирликнинг ҳудудий бошқармаларига киритади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


53. Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 май