Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2019 й. 394-сон "Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
13.05.2019 й.
N 394
МЕҲНАТ БОЗОРИДА ТАЛАБ ЮҚОРИ
БЎЛГАН МАЛАКАЛИ КАДРЛАРНИ КАСБГА
ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда, энг аввало, янги иш ўринлари ташкил этиш ва тадбиркорлик ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш ҳисобидан аҳоли, айниқса, ёшлар фаровонлигини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳадаги вазифаларни ҳал этиш меҳнат бозорининг, шу жумладан жойларда ташкил этилаётган йирик корхоналар ва кластерларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, юқори малакали ишчи мутахассисларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш заруратини келтириб чиқармоқда.
Меҳнат бозорининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, касбга ўқитишни ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграциялаштириш, касбий билим ва кўникмаларни баҳолашнинг халқаро тизимини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифаларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимини (кейинги ўринларда Касбий билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими деб аталади) жорий этиш тўғрисида қуйидагиларни назарда тутувчи таклифига розилик берилсин:
касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил қилиш;
белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш нодавлат марказларида (кейинги ўринларда касбга ўқитиш марказлари деб аталади) банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш;
белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган билим ва кўникмаларни баҳолаш нодавлат марказлари (кейинги ўринларда билим ва кўникмаларни баҳолаш марказлари деб аталади) фаолиятини ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда, банд бўлмаган аҳолини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбга ўқитиш марказлари ва бошқа таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида касбга ўқитиш учун давлат буюртмасини ҳар йили жойлаштириш;
билим ва кўникмаларни баҳолаш марказлари томонидан муайян мутахассислик (касб) бўйича касбий билим ва кўникма даражасини тасдиқлайдиган ҳамда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг касблари классификаторига мувофиқ ишчилар касблари малака разрядларини бериш учун асос ҳисобланадиган малака сертификатларини бериш амалиётини жорий этиш;
ўрта бўғин мутахассислар ва ишчиларнинг малака даражасини изчил ошириб бориш механизмини жорий қилиш;
ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар лавозимларининг касб стандартларини ишлаб чиқиш, қўллаш ва янгилаб бориш механизмини жорий қилиш;
ихтиёрийлик, ишончлилик, тўлов ва шаффофлик принциплари асосида касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда беришда иштирок этиш.
2. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тайёрлаш тартиби эксперимент сифатида жорий қилинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларни ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлашни ташкил этиш учун касб-ҳунар коллежлари ҳамда уларга бириктирилган йирик корхоналар ва кластерлар рўйхати (кейинги ўринларда рўйхат деб аталади) тузилгани маълумот учун қабул қилинсин.
Касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассислар ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тайёрлашни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ 1-иловага мувофиқ таркибда (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузилсин.
Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жойларга бориб ва рўйхатда кўрсатилган йирик корхоналар ва кластерлар раҳбарлари билан шахсан учрашувлар ўтказиб, юқори малакали ўрта бўғин мутахассисларни ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ўрганишни ташкил қилиш;
рўйхатда кўрсатилган йирик корхоналар ва кластерлар раҳбарларига касб-ҳунар коллежларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларни ва ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлашни ташкил этишда томонларнинг устуворликлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш;
касб-ҳунар коллежларида талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларни ва ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик шартлари, шу жумладан йирик корхоналар ва кластерлар раҳбарларининг уларни рўйхатга киритиш тўғрисида асослантирилган ёзма буюртманомалари асосида тайёрлашни ташкил этишни янада кенгайтиришга кўмаклашиш;
юклама даражаси паст бўлган ёки реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки қайта жиҳозлашни талаб қиладиган ва бинолари ҳамда иншоотлари касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш учун хусусий инвесторларга берилиши мумкин бўлган касб-ҳунар коллежларини аниқлаш.
4. Ишчи гуруҳ (Абдуҳакимов):
а) икки ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини:
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларни ва ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлашни ташкил этиш учун уларнинг буюртманомаларини ҳисобга олган ҳолда тузилган касб-ҳунар коллежларининг рўйхати;
бинолари ва иншоотлари касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш учун хусусий инвесторларга берилиши мумкин бўлган касб-ҳунар коллежларининг рўйхати;
Касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассислар ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тайёрлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
б) касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассислар ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тайёрлашни ташкил этиш юзасидан жорий қилинган эксперимент натижаларини таҳлил қилиш якунлари бўйича асослантирилган таклифларни киритсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, касб-ҳунар коллежларида ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ ўрта бўғин мутахассисларни ва ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш қуйидагилар асосида ташкил этилади:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик шартлари асосида:
йирик корхона ёки кластер, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўртасида уч томонлама шартнома тузиш, унда томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шартларини мустаҳкамлаш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунар коллежларида банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш учун давлат буюртмасини ҳар йили жойлаштириш;
умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тугатгандан кейин ўқишга қабул қилинадиган шахсларни ўқитиш учун касб-ҳунар коллежларининг профессор-ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари бинолари ва иншоотларини сақлаб туриш учун касб-ҳунар коллежи умумий харажатларининг 50 фоизидан ошмайдиган харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан ва етишмаётган қисмини эса йирик корхоналар ва кластерлар маблағлари ҳисобидан қоплаш;
умумтаълим муассасаларининг 11-синфини тугатгандан кейин ўқишга қабул қилинадиган шахсларни ўқитиш учун касб-ҳунар коллежларининг маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлари, шунингдек, профессор-ўқитувчилари меҳнатига йирик корхоналар ва кластерлар ёки таълим олувчилар ёхуд бошқа ўқитиш буюртмачилари ҳисобидан ҳақ тўлаш;
б) қуйидаги тартиб асосида, унга кўра:
йирик корхона ёки кластер раҳбари ёхуд у томонидан тайинланган бошқа шахс касб-ҳунар коллежи директори ҳисобланади ҳамда йирик корхоналар ва кластерлар маблағлари ҳисобидан коллеж ходимларига устамалар, қўшимча ҳақлар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар белгилашга ҳақли бўлади;
касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғин мутахассисларни тайёрлаш муддати икки йилгача, ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш муддати тўққиз ойгача бўлган муддатни ташкил этади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган Касб-ҳунар таълими йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторидан келиб чиқиб белгиланади;
касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар касб-ҳунар коллежларидаги назарий машғулотларни бевосита йирик корхоналар ва кластерларнинг махсус ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш хоналарида ишлаб чиқаришга ўқитиш билан интеграциялаштириш принципи асосида тайёрланади;
йирик корхоналар ва кластерлар ўрта бўғин мутахассисларни ва ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлашни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда биргаликда ташкил этиш учун бошқа корхоналарни ҳам жалб қилиши мумкин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнига методик раҳбарлик қилади, уларнинг раҳбарлари ва ўқитувчилари малакасини оширади, шунингдек, касбий стандартлар ва малака талаблари асосида ўқув режалари ҳамда дастурларни тасдиқлайди;
йирик корхоналар ва кластерга бириктирилган касб-ҳунар коллежларида ўқишни битиргач, давлат намунасидаги диплом ёки бошқа расмий ҳужжат берилади.
6. Белгилаб қўйилсинки, банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш, касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда беришнинг замонавий стандартларини жорий этиш мақсадида касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этишга доир лойиҳаларни амалга оширишда инвесторларга қуйидаги турдаги давлат ёрдами кўрсатилиши мумкин:
касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини қуриш учун ер участкаларини бепул ажратиш;
касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш учун юклама даражаси паст бўлган ёки реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки қайта жиҳозлашни талаб қиладиган касб-ҳунар коллежлари бинолари ва иншоотларини ижарага бериш;
касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш учун фойдаланилмай турган бинолар ва иншоотларни инвесторларга ижара ҳақининг "ноль" ставкаси бўйича бериш;
банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш учун давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасини белгилаш.
7. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ушбу қарорнинг 6-бандига мувофиқ:
касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги инвесторлар билан битимлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича тузилади;
касбга ўқитиш марказларини ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ инвесторларга берилган ер участкалари ва кўчмас мулкни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишмасдан олиб қўйиш тақиқланади.
8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Касбий малакаларни ривожлантириш республика кенгаши (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади), шунингдек, давлат бошқаруви органлари ҳузурида касбий билим ҳамда кўникмаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари ташкил этилсин.
Қуйидагилар Республика кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларида, жумладан, вақти-вақти билан ва танлов асосида текширувлар ҳамда ўрганишлар ташкил этиш орқали касбга ўқитишни, касбий билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш ва бериш жараёнининг сифатини назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш;
халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, Касбий билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
9. Белгилаб қўйилсинки:
касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда бериш имконини берадиган аниқ мутахассисликлар (касблар) бўйича касбий стандартлар касбий билим ва кўникмаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари томонидан меҳнат органлари ва касбий билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказлари билан биргаликда ишлаб чиқилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида албатта экспертизадан ва рўйхатдан ўтказилади;
касбий билим ва кўникмалар ишончли баҳоланмагани ҳамда ноқонуний берилган ҳоллатлар аниқланганда, Республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига билим ва кўникмаларни баҳолаш марказлари аккредитациясини чақириб олиш ва берилган малака сертификатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимномалар киритади.
10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, йирик иш берувчи корхоналар томонидан "World Skills Uzbekistan" ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
бир ой муддатда "World Skills International" халқаро ассоциациясига, шу жумладан расмий ариза юбориш ва музокаралар ташкил этиш орқали қўшилиш юзасидан зарур чоралар кўрсин;
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида эксперимент тарзида ташкил этилаётган банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш бўйича "Ишга марҳамат" мономаркази негизида "World Skills" методологиясига мувофиқ давлат-хусусий шериклик шартлари асосида касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш тизимини жорий этсин;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитишга, шунингдек, Ассоциацияни ташкил этиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга сарфланадиган харажатларни молиялаштиришни таъминласин;
хорижий мамлакатларнинг касб-ҳунар ассоциациялари, касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказлари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, Ўзбекистон Республикасида уларнинг ваколатхоналарини очиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда ишчи касбларни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимининг фаолиятини ташкил этиш, касбга ўқитиш марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказиш тартиби, банд бўлмаган аҳолини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитишни ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарорининг лойиҳасини, шунингдек, касбий стандартларни ишлаб чиқиш жадвалини Вазирлар Маҳкамаси киритсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 13 майдаги
394-сон қарорига
1-ИЛОВА
Касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар
ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин
мутахассислар ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тайёрлашни
ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
Абдухакимов А.А. |
- |
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари |
Маджидов И.У. |
- |
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари |
лавозими бўйича |
- |
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари |
Кудбиев Ш.Д. |
- |
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири |
Ашрафханов Б.Б. |
- |
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари |
Усмонов Б.Ш. |
- |
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари |
Холжигитов Г.А. |
- |
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари |
Хайдаров А.Я. |
- |
Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги директори |
Холмухамедов М.М |
- |
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари - Касб-ҳунар таълими маркази директори, Ишчи гуруҳ котиби |
Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
2019 йил 13 майдаги
394-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида
2019-2021 йилларда ишчи касбларни янада
ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича
ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 14 май
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2019 йил 20 май, 20-сон, 373-модда