Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.05.2019 й. 402-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 майдаги

402-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши

курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари

Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси

маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг (кейинги ўринларда Монополияга қарши курашиш қўмитаси деб аталади) шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

рақобат ва табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликларни бузганлик учун ундирилган асоссиз олинган даромадлар суммалари - 100 фоиз миқдорида;

рақобат, табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўрсатмаларини бажармаганлик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган маъмурий жарима суммалари - 100 фоиз миқдорида;

хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга олдиндан розилик бериш учун йиғимлар;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, нархлари тартибга солиниши белгиланган товарларнинг нархларини (устама ва тарифлар) оширганлик учун ундирилган асоссиз олинган даромадлар суммасининг 100 фоизи;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, шунингдек, Агентлик тақдим этган кўрсатмаларни бажармаганлик учун Агентлик ёки Агентлик киритган даъволар бўйича суд томонидан хўжалик юритувчи субъектлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган жарима маблағларининг 100 фоизи;

ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун тушадиган ойлик йиғим маблағларининг 45 фоизи;

"E-auksion" электрон савдо платформасида ер участкалари ва давлат мулки бўлган объектларда ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон савдолар ўтказиш натижасида тушадиган йиғим суммасининг 40 фоизи;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давлат бюджетига йўналтирилган молиявий жарималар суммасининг Жамғармага қайтариладиган 50 фоизи;

Жамғарма маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

Халқаро институтлар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грантлари ва ҳомийлик хайриялари;

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ хизматларига 0,02 фоиз миқдордаги воситачилик йиғими;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган маблағлар Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида очилган шахсий ҳисобрақамларида жамланади.

Чет эл валютасидаги маблағлар Жамғарманинг махсус валюта ҳисобрақамига тушади.


5. Барча турдаги манбаларидан (Тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан ташқари) Жамғармага тушган маблағлар солиққа тортилмайди.

6. Жамғарма маблағлари:

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) жорий харажатларини молиялаштиришга;

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ҳамда Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, уларнинг ходимлари томонидан турар жой сотиб олинишини имтиёзли молиялаштиришга;

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ҳамда Агентлик раҳбарлари ва мутахассиларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;

қўшимча киритилган штат бирликлари бўйича харажатларни тўлашга;

рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий ва бошқа тадқиқот ва изланишларни молиялаштиришга;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида назорат харидларини амалга оширишга;

ҳудудий бошқармалардан қўмита Марказий аппаратига доимий ишлаш учун жалб этиладиган Тошкент шаҳрида турар жойи мавжуд бўлмаган бошқарув ходимларига Тошкент шаҳрида ижара асосида яшаши учун ижара тўловларини ижара шартномаси асосида тўлашга;

рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўқув тадбирлари, анжуманлар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

ташкиллаштириладиган халқаро тадбирлар, шу жумладан давлат тадбирлари доирасида хорижий делегациялар ва экспертлар ташрифлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

илмий-техник ва илмий-методик адабиётлар (шу жумладан, даврий нашрлар, рисолалар, буклетлар, китоблар, тўпламлар ва бошқа ахборот-маърифий материаллар)ни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, рақобатни ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш соҳасида видеороликлар ва тақдимот материалларини яратишга сарфланган харажатларни ва уларни оммавий ахборот воситаларида доимий ёритиб бориш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

Қўмитанинг касаба уюшмаси қарори асосида Қўмита марказий аппарати ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини, шунингдек, байрам саналарида ва касб байрамида маданий-маърифий тадбирларни молиялаштиришга;

"Ахборот технологияларини жорий этиш маркази" давлат унитар корхонаси фаолиятини сақлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида (топшириқларида) белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун "Ахборот технологияларини жорий этиш маркази" давлат унитар корхонасига ажратмалар;

нодавлат нотижорат ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасаларига рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширишни молиялаштиришга;

рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа йўналишларга;

жалб этилган хорижий мутахассислар меҳнатига, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтирилади.


6-1. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентлик ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар ва бошқа рағбатлантириш тўловлари, шунингдек, моддий рағбатлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ тўланади.

7. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентлик ходимларининг уй-жой сотиб олинишини имтиёзли молиялаштириш Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентлик ходимларига ипотека кредитларини бериш учун тижорат банкларига ресурсларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга (ушбу Низомга илова) мувофиқ амалга оширилади.


3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


8. Жамғарма маблағларини бошқариш Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.


9. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Молия ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси Жамғарма маблағлари ҳисоби ва ҳисоботини юритади, бошқарма, жумладан:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди, зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига тузатишлар киритиш бўйича таклифлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ушбу Низомда ва қонунчиликда назарда тутилган харажатларни амалга оширади;

Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланиш ҳисобини юритади;

Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этилишини таъминлайди.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН ҲИСОБНИ

ЮРИТИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


10. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.


11. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтади.


12. Монополияга қарши курашиш қўмитаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


13. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.

14. Жамғарма маблағларини сарфлаш қўмитанинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига тушган тушум доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинган Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига асосан амалга оширилади.

Тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасида назарда тутилганидан ортиқча тушган тушумлардан фойдаланиш, сметага белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Агентлик Жамғарма маблағларидан тўғри фойдаланилиши, шунингдек, Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисида қонун ҳужжатларга мувофиқ ҳисоботлар тузиш ва тақдим этиш учун жавоб беради.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш

қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш Агентлиги ходимларига ипотека кредитларини

тақдим этиш (бериш) учун тижорат банкларига

ресурсларни ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси (кейинги ўринларда Монополияга қарши курашиш қўмитаси деб аталади) ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ходимларига турар жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари бериш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан муддатлилик, тўловлилик ва қайтариш асосида тижорат банкларига ресурслар ажратиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


турар жой - янги қурилган кўп квартирали уйлардаги квартиралар, шунингдек, намунавий якка тартибдаги уйлар;


ипотека кредити - Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентлик ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтариш, тўлов, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида турар жой сотиб олиш учун бериладиган узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити;

ходим - Ўзбекистон Республикаси монополияга қарши курашиш ва давлат мулкини бошқариш органларида беш йил иш стажи мавжуд бўлган, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармаларида ёхуд Агентликда ипотека кредитини олгандан сўнг камида беш йил ишлаши лозим бўлган ходим (Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, шунингдек, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлик лавозимларига ишга ўтиш бундан мустасно);

ресурслар - Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тижорат банкларига йиллик 3 фоиз ставкада, муддатлилик, тўловлилик ва қайтариш асосида ходимларнинг турар жой сотиб олиши учун ипотека кредитлари беришга ажратиладиган маблағлар.



2-БОБ. БАНКЛАРГА РЕСУРСЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ


3. Турар жой сотиб олиш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентлик ходимларига ипотека кредитлари бериш учун тижорат банкларига ресурслар ажратиш шартлари ходимда монополияга қарши курашиш ва давлат мулкини бошқариш органларида зарур иш стажи мавжудлиги ҳисобга олиниб, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармаларида ёхуд Агентликда ипотека кредитини олгандан сўнг камида беш йил ишлаш шарти билан (Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, шунингдек, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлик лавозимларига ишга ўтиш бундан мустасно) Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан белгиланади.

4. Ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасидан (кейинги ўринларда - Жамғарма деб аталади) ажратиладиган ресурслар ҳисобига тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари беради.


5. Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тижорат банкларига ресурслар ажратиш Жамғармада маблағлар мавжудлигидан келиб чиқиб, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Агентликнинг бошқа харажатларини молиялаштиришга салбий таъсир этишга йўл қўймаслик ҳисобга олинган ҳолда ажратилади.

6. Ресурслар устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлмаган тижорат банкларига Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бош банк ўртасида тузиладиган кредит линияларини очиш тўғрисидаги шартнома асосида ажратилади.


7. Олинган ресурслар асосий суммаси маблағларини қайтариш қарз олувчилар-ходимлар томонидан кредитнинг қайтарилишидан қатъи назар тузилган шартнома шартларига мувофиқ ҳар ойда амалга оширилади.



3-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН

ХОДИМЛАРГА ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИНИ

БЕРИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


8. Тижорат банклари томонидан ходимларга ипотека кредитини бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.


9. Тижорат банклари томонидан ходимларга ипотека кредитлари уй қурувчилардан турар жойларни сотиб олиши учун берилади.


10. Ипотека кредити ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда ходимларнинг мулкига ўтадиган турар жойни ипотекага қўйиш орқали берилади.


11. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори ипотека кредити олиш учун ариза берилган санадаги Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

12. Ипотека кредити ходимларга камида 15 йил муддатга беш йиллик имтиёзли давр билан берилади, ушбу даврда кредитлар бўйича фақат фоизлар тўланади.


13. Ходимлар томонидан ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси 7 фоиз миқдорида белгиланади.


14. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити суммаси сотиб олинадиган турар жой қийматининг 85 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


15. Ходим тижорат банкидан ипотека кредитини олиш учун сотиб олинадиган турар жой қийматининг камида 15 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак.

Кўрсатиб ўтилган маблағлар тижорат банкида ходимнинг номига миллий валютада очилган жамғарма ҳисобрақамида бўлиши керак.



4-БОБ. ИПОТЕКА КРЕДИТИНИ ОЛИШ УЧУН

АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА АРИЗА БЎЙИЧА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


16. Турар жой сотиб олиш учун ходимлар тижорат банкига Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижобий қарори билан биргаликда ипотека кредити бўйича тижорат банкининг ички тартибида назарда тутилган бошқа зарур ҳужжатларини тақдим этадилар.


17. Ходимлар ипотека кредитини олиш учун тижорат банкига мурожаат қилгандан кейин тижорат банки уларни ипотека кредитини олиш жараёнидаги тахминий харажатлар турлари билан таништиради. Ходимлар ипотека кредити олишда қуйидаги харажатларни амалга оширишлари керак:

ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи;

гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;

мулк қийматини аниқлаш бўйича баҳоловчи ташкилотнинг хизматига ҳақ тўлаш;

ипотека тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун тўлов.


18. Тижорат банки ипотека кредитини олиш юзасидан аризани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни кўриб чиқиб аризани қаноатлантириш ёки ипотека олиш юзасидан аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ипотека кредити олиш юзасидан аризани кўриб чиқиш муддати ва ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 15 иш кунидан ошмаслиги керак.


19. Ипотека кредитини бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан кейин тижорат банки:

кредит шартномаси тузиш учун бошланғич тўловни тўлаш ҳақида ходимни уч кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади;

ходимлар билан "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ипотека тўғрисида шартнома, шунингдек, кредит шартномасини тузади.


20. Тижорат банки томонидан ипотека кредити беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тижорат банки қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда ходимга асосланган хулосани ёзма равишда, ипотека кредити беришнинг рад этилиши сабабларини кўрсатган ҳолда жўнатади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Тижорат банклари кредит шартномаси шартларига мувофиқ ходимлар томонидан ипотека кредитлари бўйича ўз мажбуриятлари бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борадилар.


22. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 май