Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2019 й. 452-сон "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг айрим турлари учун тариф сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.05.2019 й.

N 452



ЁҚИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА РЕСУРСЛАРИНИНГ

АЙРИМ ТУРЛАРИ УЧУН ТАРИФ СИЁСАТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ёқилғи-энергетика ресурсларини сотиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича бозор механизмларига ўтишнинг истеъмолчиларга таъсирини енгиллаштириш, ёқилғи-энергетика ресурслари учун нархларни белгилашда мутаносибликни ҳамда уларнинг мақбуллилигини, шунингдек, ёқилғи-энергетика комплекси ташкилотларини ресурсларни ишлаб чиқаришда рентабеликка эришган ҳолда мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш ҳамда соҳада тариф сиёсатини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Бегилансинки:

ўз фаолиятини республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга оширмайдиган ва маънавий эскирган ҳамда тежамкор бўлмаган қозон агрегатларини алмаштирмаган ташкилотларга нисбатан 2019 йил 1 июндан бошлаб, фойдаланилган табиий газ учун ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тарифларга нисбатан оширилган коэффициент 2,0 дан 1,2 гача камайтирилади, аҳолига иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув таъминоти хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар бундан мустасно;

уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган сув таъминоти корхоналарига электр энергияси учун ҳисоб-китобларни табақалаштирилган тариф бўйича амалга ошириш талаби татбиқ этилмайди;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал-эксплуатация ташкилотлари умумий уй-жой эҳтиёжларига фойдаланиладиган электр энергияси учун ҳисоб-китобни электр таъминоти шартномасига асосан электр тармоғининг баланс мансублигининг бўлиниш чегарасидаги нуқтада ўрнатилган ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичларига мувофиқ маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф бўйича амалга оширади;

электр энергиясидан аҳолини электр билан таъминлаш учун фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари ва оилавий корхоналарга, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга маиший истеъмолчилар учун белгиланган электр энергияси тарифи қўлланилади;

электр таъминоти корхонасининг электр тармоқлари ва уйларнинг ички электр тармоқларининг бўлиниш чегарасидан умумий мулк ҳисобланадиган ушбу тармоқлардан таъминланадиган маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларигача бўлган электр тармоқларидаги электр энергияси йўқотишлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг технологик йўқотишларида ҳисобга олинади;

мазкур қарор кучга киргунга қадар электр энергияси (актив ва реактив энергия учун) ва табиий газ ҳажмлари учун аванс тўловлари амалга оширилган тақдирда, истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) тариф ўзгарганда тўлов амалга оширилган кундан эътиборан кейинги 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга қўшимча тўловлардан озод этилади.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида" 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сон қарорида назарда тутилган табиий газ учун тарифларнинг, суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун нархларнинг 2019 йил 1 июндан бошлаб оширилиши бекор қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва электр энергетика ташкилотларининг рентабеллигини таъминловчи энергия ресурслари учун амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиш бўйича бир ой муддатда асосланган таклифлар киритсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар билан биргаликда мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет тармоғида барча ҳудудлар ва туманлар (шаҳарлар) қамраб олинишини назарда тутувчи тасдиқланган жадвал асосида кенг ёритиш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ушбу бандда назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва кўмаклашиш тавсия этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 31 майдаги

452-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Коммунал хўжалигида энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш комплекс дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 5 ноябрдаги 241-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбошидаги "2008 йил 1 январдан бошлаб фойдаланилган табиий газ учун ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тарифларга 2,0 оширилган коэффициент қўлланилади" сўзлари "2019 йил 1 июндан бошлаб фойдаланилган табиий газ учун ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тарифларга 1,2 оширилган коэффициент қўлланилади" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 1-сон, 10-модда):


а) 1-иловада:


83-банднинг учинчи хатбошидаги "кейинги 2 ойдан" сўзлари "кейинги 1 ойдан" сўзлари билан алмаштирилсин;


84 ва 150-бандларга "бюджет ташкилотлари," сўзларидан кейин "сув таъминоти ташкилотлари" сўзлари қўшилсин;


88-банддаги "белгиланган тарифга мувофиқ" сўзлари "маиший истеъмолчилар учун белгиланган тарифга мувофиқ" сўзлари билан алмаштирилсин.


89-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"89. Электр таъминоти корхонасининг электр тармоқлари ва уйларнинг ички электр тармоқларининг бўлиниш чегарасидан умумий мулк ҳисобланадиган ушбу тармоқлардан таъминланадиган маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларигача бўлган электр тармоқларидаги электр энергияси йўқотишлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг технологик йўқотишларида ҳисобга олинади".


153-бандга қуйидаги таҳрирдаги хатбоши қўшилсин:

"Электр энергиясидан аҳолига электр энергияси етказиб бериш мақсадида фойдаланувчи идоравий ва муниципиал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари ва оилавий корхоналар, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф қўлланилади";


б) 2-илованинг 122-1-бандидаги "кейинги 2 ойдан" сўзлари "кейинги 1 ойдан" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида" 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2018 й., 44-сон, 863-модда) 1 ва 2-иловаларига киритилаётган ўзгартиришлар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июнь