Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.06.2019 й. 464-сон "Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.06.2019 й.

N 464




ТАШҚИ САВДО ОПЕРАЦИЯЛАРИ БЎЙИЧА

ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА

ОИД ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ валюта сиёсатини либераллаштириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг валюта маблағларини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳамда тадбиркорларга валюта операцияларини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, яратилаётган қулай шарт-шароитларга қарамасдан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо шартномалари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тўлов интизом қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари ортиб бормоқда.

Хусусан, экспорт шартномалари бўйича хорижга жўнатилган маҳсулотлар (хизматлар) учун валюта тушуми ёки импорт шартномалари юзасидан амалга оширилган тўловлар ҳисобига маҳсулотлар (хизматлар) республикага белгиланган муддатда кириб келмаганлиги ташқи ҳақдорлик миқдорининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Импорт қилинган маҳсулотлар (хизматлар) учун хорижий ҳамкорларга тўловлар тегишли равишда расмийлаштирилмаганлиги ёки валюта маблағлари маҳсулотлар (хизматлар) экспорти учун хориждан келган бўнак сифатида расмийлаштирилиши оқибатида экспорт-импорт шартномалари бўйича "қарздорликлар" юзага келмоқда.

Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустахкамлаш, муддати ўтган ташқи карздорлик ҳолатларини ўрганиб бориш, уларни камайтириш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, асоссиз сақланиб турган карздорликларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб аталади) ҳисобидан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо шартномалари ва инвойслар бўйича маълумотларни ТСОЯЭАТга киритишни тубдан соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларига бириктирилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Республика ишчи гуруҳи деб аталади) 1-иловага мувофиқ таркибда;

Ҳудудий ва хусусий хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда ҳудудий ишчи гуруҳлар деб аталади) 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.

Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлаш схемаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Республика Ишчи гуруҳига (Э. Fаниев) Давлат солиқ қўмитасининг таклифлари асосида қарздорликларни ўрганиб чиққан ҳолда, ТСОЯЭАТдан чиқариш бўйича қарор қабул қилиш, Давлат солиқ қўмитасига унинг ижросини таъминлаш ваколати берилсин.


3. Республика ишчи гуруҳи (Э. Ғаниев):

бир ой муддатда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, экспорт шартномалари бўйича валюта маблағларининг қонунчиликда белгиланган муддатларда республикага тушмаганлиги ҳамда тўловлар амалга оширилган импорт шартномалари бўйича белгиланган муддатларда товарлар республикага олиб кирилиб, "эркин муомала учун чиқариш" режимига расмийлаштирилмаганлиги, ишлар бажарилмаганлиги ва хизматлар кўрсатилмаганлиги сабабли вужудга келган ташқи қарздорликни ҳар бир субъект бўйича ўрганган ҳолда камайтириш чораларини кўрсин;

тегишли тармоқ ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда хориждан бўнак тўловлари сифатида ўтказилган валюта маблағлари бўйича маҳсулотлар (хизматлар) экспорти ёки импорт қилинган маҳсулотлар (хизматлар) учун тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, қарздорлик билан ҳисобда турган шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилсин;

экспорт шартномалари бўйича валюта маблағларининг республикага келиб тушиши ҳамда тўловлари амалга оширилган импорт шартномалари бўйича маҳсулотларнинг етказиб берилиши (хизматлар кўрсатилиши) устидан доимий мониторинг олиб борсин ва улар юзасидан қарздорликни сўндириш, шунингдек, ТСОЯЭАТда узоқ давр мобайнида ҳисобда турган шартномалар ҳолатини доимий таҳлил қилиб бориш ва зарур ҳолларда асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқаришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларига бириктирилган хўжалик юритувчи субъектларга ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳларга ижро учун юборсин ва уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин;

ҳудудий ишчи гуруҳларнинг фаолиятини тизимли назорат қилсин;

ҳар чоракда камида бир маротаба зиммасига юкланган масалаларни муҳокама қилиб борсин ва тегишли қарорлар қабул қилинишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки ва тижорат банклари Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра муддати ўтган дебитор ва бир йилдан ортиқ даврдан буён мавжуд бўлган кредитор карздорлик билан ҳисобда турган шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказсин, асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш ҳақида Республика ишчи гуруҳига таклифлар киритсин ҳамда келгусида бу борадаги ишларни доимий равишда амалга ошириб борсин.


5. Ҳудудий ишчи гуруҳлар:

бир ой муддатда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, экспорт шартномалари бўйича валюта маблағларининг қонунчиликда белгиланган муддатларда республикага тушмаганлиги ҳамда тўловлар амалга оширилган импорт шартномалари бўйича белгиланган муддатларда товарлар республикага олиб кирилиб, "эркин муомала учун чиқариш" режимига расмийлаштирилмаганлиги, ишлар бажарилмаганлиги ва хизматлар кўрсатилмаганлиги сабабли вужудга келган ташқи қарздорликни ҳар бир субъект бўйича ўрганган ҳолда камайтириш чораларини кўрсин;

бир ой муддатда хориждан келган бўнак тўловлари учун маҳсулотлар (хизматлар) экспорти амалга оширилмаганлиги ёки импорт қилинган маҳсулотлар (хизматлар) учун тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига ҳисобда турган шартномаларни ҳудудий хўжалик юритувчи субъектлар билан алоҳида-алоҳида хатловдан ўтказсин ҳамда асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифларни Республика ишчи гуруҳига киритсин;

экспорт шартномаларига кўра, валюта маблағларининг республикага тушиши ҳамда тўловлар амалга оширилган импорт шартномалари юзасидан маҳсулотларнинг етказиб берилмаганлиги (хизматларнинг кўрсатилмаганлиги) сабабли вужудга келган қарздорликни сўндириш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар ижросини сўзсиз таъминласин;

хориждан келган бўнак тўловлари учун маҳсулотлар (хизматлар) экспорти ёки импорт қилинган маҳсулотлар (хизматлар) учун тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли ТСОЯЭАТда узоқ давр мобайнида сақланиб турган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар ижросини сўзсиз таъминласин;

ташқи савдо шартномалари бўйича вужудга келган ташқи қарздорликни сўндириш юзасидан аниқ таклифларни Республика ишчи гуруҳига мунтазам равишда киритиб борсин;

амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларни ҳар ойда Республика ишчи гуруҳига киритиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ТСОЯЭАТ фаолиятига масъул давлат органи эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар ой якуни билан Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни киритиб борсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

бир ой муддатда валюта назорати идоралари билан биргаликда муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган хўжалик субъектларининг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий кўмаклашиш ҳамда қарздорликни сўндириш интизомини мустаҳкамлаш масаласини хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

икки ой муддатда ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноҳалол иштирокчилари рўйхатини юритиш ва уларнинг олдига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда фақат кафолатланган тўлов турларидан фойдаланиш талабини қўйиш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини вақтинча чеклашгача бўлган чораларни кўришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан мувофиқлаштирган ҳолда, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк, ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ТСОЯЭАТга мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли дастурий-техник ўзгартиришлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда мазкур қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда, ташқи савдо келишувларига идентификация рақамларини бериш тартибини назарда тутувчи Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги янги таҳрирдаги низом лойиҳасини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 июндаги

464-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

аппарати таркибий бўлинмаларига бириктирилган хўжалик

юритувчи субъектларининг ташқи савдо шартномалари

юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини

камайтириш бўйича республика ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

    

Э. Ғаниев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари

Б. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси, ишчи гуруҳ раҳбариинг ўринбосари

Б. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири

С. Умурзоқов

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири

М. Азимов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

А. Икрамов

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси

А. Самадов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси етакчи инспектори (келишувга кўра)

Т. Ишметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

М. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари (келишувга кўра)



Б. Абубакиров

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раисининг ўринбосари(келишувга кўра)

лавозими бўйича

-

тижорат банклари раҳбарлари

Н. Қўшназаров

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири, ишчи гуруҳ котиби

   

Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 июндаги

464-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳудудий ва хусусий хўжалик юритувчи субъектларнинг

ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва

кредитор қарздорлигини камайтириш

бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

    

лавозими бўйича

-

Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари

лавозими бўйича

-

ҳудудий давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари

лавозими бўйича

-

вилоят ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

ҳудудий иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

ҳудудий давлат божхона бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

ҳудудий молия бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

ҳудудий тижорат банклари раҳбарлари

лавозими бўйича

-

Вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг котибияти мудири, ишчи гуруҳ котиби





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 июндаги

464-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов

интизомини мустаҳкамлаш

СХЕМАСИ

      

Босқичлар

Масъул ижрочилар

Тадбирлар

Бажариш

муддатлари



1-босқич

Марказий банк

Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш

Ҳар ойнинг

10 санасига қадар

  



2-босқич

Ҳудудий ишчи гуруҳлар

1) Ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорлик субъектлари кесимида пухта, манзилли ўрганиб чиқиш.

2) Қарздорликни сўндириш, шунингдек, асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

3) Давлат солиқ қўмитасига ва Республика ишчи гуруҳига тегишли қарор қабул қилишда фойдаланиш учун таклифлар тақдим этиш.

Ҳар ойнинг

15 санасига қадар





3-босқич

Давлат солиқ қўмитаси

1) ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

2) Республика ишчи гуруҳига қарздорликлар юзасидан тегишли қарор қабул қилиш учун таклиф киритиш.

Ҳар ойнинг

20 санасига қадар



4-босқич


Республика

ишчи гуруҳи

1) Ҳудудий ишчи гуруҳлар ва Давлат солиқ қўмитасининг таклифлари асосида ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш.

2) Қарздорликни сўндириш, шунингдек, асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқаришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

3) Аниқ чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларига бириктирилган хўжалик юритувчи субъектларга ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳларга ижро учун юбориш.

4) ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича қарор қабул қилиш ва ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юбориш.

Ҳар чоракда камида

1 марта




  

  

  

5-босқич

Давлат солиқ қўмитаси

ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича Республика ишчи гуруҳи қарорининг ижросини таъминлаш.

Қарор қабул қилингандан кейин 10 календарь кун давомида

  

  


Ҳудудий ишчи гуруҳлар, хўжалик юритувчи субъектлар

1) Қарздорликни сўндириш, шунингдек, асоссиз сақланиб турган қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқаришга қаратилган аниқ чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш.

2) Амалга оширилган ишлар юзасидан республика ишчи гуруҳига тегишли ҳисоботларни тақдим этиб бориш.

Аниқ чора-тадбирларда белгиланган муддатларда

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 10 июнь, 23-сон, 435-модда