Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.06.2019 й. 467-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 июндаги

467-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим муассасалари рейтингини

аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом олий таълим муассасалари рейтингини (кейинги ўринларда рейтинг деб аталади) аниқлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Олий таълим муассасалари рейтинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) томонидан ҳар йили холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига амал қилинган ҳолда аниқланади.


4. Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. РЕЙТИНГНИ АНИҚЛАШНИНГ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Олий таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг илмий-педагогик фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон ва стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишга ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга замин яратиш рейтингни аниқлашнинг мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар рейтингни аниқлашнинг вазифалари ҳисобланади:

олий таълимни мунтазам такомиллаштириб бориш асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни тайёрлаш;

олий таълим муассасаларида кўрсатилаётган таълим хизматлари сифати, улардаги илмий ва ўқув-тарбия жараёнлари ҳамда имкониятлар ҳақида таълимни бошқариш бўйича ваколатли органлар, кадрлар буюртмачилари ва кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;

олий таълим муассасаларининг дунёдаги рейтинги юқори бўлган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишига кўмаклашиш;

миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган олий таълим муассасаларининг дунёдаги нуфузли 500 таликка кирувчи олий таълим муассасалари рўйхатига кириши учун зарур чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш.



3-БОБ. РЕЙТИНГНИ АНИҚЛАШГА ОИД

МАЪЛУМОТЛАР БАЗАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


7. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш Давлат инспекцияси томонидан ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи чорагида амалга оширилади.


8. Давлат инспекцияси томонидан маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида тегишли намунадаги жадваллар ишлаб чиқилади ва рейтинг аниқланаётган йилнинг 20 декабрига қадар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.


9. Вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари томонидан рейтингни аниқлашга оид маълумотлар асословчи ҳужжатлари билан биргаликда 1 февралга қадар Давлат инспекциясига тақдим этилади.

Асословчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, маълумотлар рейтингни ҳисоблашда инобатга олинмайди.


10. Рейтингни аниқлашга оид маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида Давлат инспекцияси томонидан ушбу маълумотлар 1 апрелга қадар таҳлил қилинади ва дастлабки ўрганилган маълумотлар танишиб чиқиш ва тасдиқлаш учун 10 апрелга қадар олий таълим муассасаларига юборилади.


11. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар олий таълим муассасалари ректори имзоси билан тасдиқланган ҳолда 1 майга қадар Давлат инспекциясига тақдим этилади. Қўшимча киритиладиган рейтингни аниқлашга оид маълумотлар асословчи ҳужжатлар билан бирга тақдим этилганда ҳисобга олинади.

Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар Давлат инспекциясига электрон шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.


12. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш учун:

олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларига йўналтирилган хорижий грантлар ва хорижий жамғармалар маблағлари, соҳалар бўйича буюртмалар асосида ўтказилган илмий (илмий-ижодий) тадқиқот натижасида олинган маблағлар ҳамда давлат грантлари доирасида ўтказилган тадқиқотлардан олинган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан;

олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашганлиги тўғрисидаги маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан;

фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори, фан доктори (DSc) илмий даражаларига ҳамда илмий даражага эга бўлмай доцент ёки профессор илмий унвонларига тасдиқланган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан ҳимоя қилинган диссертациялар тўғрисидаги маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан;

олий таълим муассасалари ва уларда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга тегишли ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари ва селекция ютуқлари учун олинган патентлар, ахборот-коммуникация технологиялари учун дастурлар ва маълумотлар базалари учун олинган гувоҳномалар, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган турли бошқа материаллар тўғрисидаги маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Давлат инспекциясига тақдим этилади.


4-БОБ. РЕЙТИНГНИ АНИҚЛАШГА ОИД

СЎРОВНОМАЛАР ВА НАЗОРАТ

ИШЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


13. Рейтингни аниқлаш жараёнида Давлат инспекцияси томонидан ҳар йили май-июнь ойларида:

профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тил ва ахборот-коммуникация технологияларига оид билим даражасини аниқлаш мақсадида тест синовлари;

талабаларнинг мутахассислик фанларига оид билим даражасини аниқлаш мақсадида назорат ишлари (тест синовлари) ва олий таълим муассасаларида таълим сифатини ўрганиш юзасидан сўровнома ўтказилади.

Давлат инспекциясига назорат ишлари ва сўровномаларни ташкил этиш ва ўтказишда олий таълим муассасаларининг таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари кўмаклашади.


14. Сўровномани ўтказиш назорат ишлари бошланишидан олдин ташкил этилади. Сўровнома қуйидаги тўртта қисмдан иборат бўлади:

таълим олиш учун яратилган шароитлар;

дарслар сифати;

талабалар билимининг холисона баҳоланиши;

олий таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит.


15. Назорат ишлари танлаш асосида белгиланган бакалавриат таълим йўналиш (магистратура мутахассислик)ларининг талабалари учун мутахассислик фанларидан ўтказилади.

Назорат ишлари ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналиш (магистратура мутахассислик)лари ва фанлар рўйхати назорат қилиш муддатидан камида бир ой олдин Давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


16. Олий таълим муассасаларининг асосий штатида фаолият юритадиган профессор-ўқитувчилар "Хорижий тил" ва "Ахборот-коммуникация технологиялари" фанларидан тест синовлари топширадилар.


17. Тест топшириқлари:

а) профессор-ўқитувчилар учун:

"Хорижий тил" фани бўйича - 20 та;

"Ахборот-коммуникация технологиялари" фани бўйича - 20 та;

б) талабалар учун иккита мутахассислик фанидан - 20 тадан жами 40 та саволдан иборат бўлади.


18. Тест синовларида ҳар бир тест саволи учун 2 дақиқадан, жами 80 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи 2,5 балл билан баҳоланади.


19. Назорат ишлари ўтказиладиган талабалар гуруҳлари Давлат инспекцияси томонидан аниқланади ва назорат ишлари ўтказилишидан камида уч кун олдин олий таълим муассасаларига маълум қилинади.

Сўровнома ва назорат ишларида танланган бакалавриат таълим йўналиш (магистратура мутахассислик)лари талабаларининг камида 30 фоизи иштирок этиши шарт.

Сўровнома ва назорат ишлари ҳар ўқув йили охирида ўтказилади.


20. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат инспекцияси билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари битирувчиларининг билими, малака ва кўникмаларини аниқлаш мақсадида иш берувчилар ўртасида сўровнома ўтказилади. Сўровнома саволлари Давлат инспекцияси томонидан тузилади.

Сўровнома натижалари Давлат инспекцияси томонидан таҳлил қилинади ва рейтингни аниқлашда ҳисобга олинади.



5-БОБ. РЕЙТИНГ НАТИЖАЛАРИНИ

ҲИСОБЛАШ ВА ЭЪЛОН ҚИЛИШ


21. Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар, ўтказилган сўровномалар ва назорат ишлари натижалари асосида Давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасалари рейтинги аниқланади.

Рейтинг балларини ҳисоблаш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мезонлари асосида амалга оширилади.


22. Рейтинг индикаторлари учун балларни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади:

тегишли рейтинг индикатори бўйича энг катта кўрсаткичга эга олий таълим муассасалари аниқланади;

энг катта кўрсаткичга эга бўлган олий таълим муассасаларига шу индикатор учун белгиланган энг юқори балл берилади;

бошқа барча олий таълим муассасаларининг баллари шу индикатор бўйича энг юқори баллга эга бўлган олий таълим муассасаларининг кўрсаткичига нисбатан ҳисобланади;

ҳар бир индикатор бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси олий таълим муассасалари рейтингини белгилайди.


23. Рейтинг натижалари ҳар йили кейинги ўқув йили бошланишидан кечикмай Давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.


24. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар Давлат инспекциясида 5 йил давомида сақланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА




Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш

СХЕМАСИ

    

Босқич

Масъуллар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида тегишли жадваллар ишлаб чиқилади ва тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.

олий таълим муассасалари фаолияти ўрганилаётган (рейтинги аниқланаётган) йилнинг 20 декабрига қадар

2-босқич

Вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари

Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар асословчи ҳужжатлари билан биргаликда Давлат инспекциясига тақдим этилади.

ҳар йили

1 февралга қадар

3-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, соҳалар бўйича жалб қилинадиган мутахассис-экспертлар

Рейтингни аниқлашга оид маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида улар таҳлил қилинади (ўрганиб чиқилади).

ҳар йили

1 апрелга қадар

4-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Ўрганилган маълумотлар танишиб чиқиш ва тасдиқлаш учун олий таълим муассасаларига юборилади.

ҳар йили

10 апрелга қадар

5-босқич

Олий таълим муассасалари ректорлари, Таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари

Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар тасдиқланган ҳолда Давлат инспекциясига тақдим этилади.

ҳар йили

1 майга қадар

6-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, олий таълим муассасаларининг таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари

Рейтингни аниқлаш жараёнида:


1. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тил ва ахборот-коммуникация технологияларига оид билим даражасини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилади.


2. Талабаларнинг мутахассислик фанларига оид билим даражасини аниқлаш мақсадида назорат ишлари (тест синовлари) ва олий таълим муассасаларидаги таълим сифатини ўрганиш юзасидан сўровнома ўтказилади.

ҳар йили май-июнь

ойларида

7-босқич

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Олий таълим муассасалари битирувчиларининг билими, малака ва кўникмаларини аниқлаш мақсадида иш берувчилар ўртасида сўровнома ўтказилади.

ҳар йили

20 июлга қадар

8-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар, ўтказилган сўровномалар ва назорат ишлари натижалари асосида олий таълим муассасаларининг рейтинг баллари ҳисобланади.

ҳар йили

20-30 июлда

9-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Ҳисобланган рейтинг баллари асосида олий таълим муассасаларининг рейтинги тузилади.

ҳар йили

1 августга қадар

10-босқич

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, оммавий ахборот воситалари

Рейтинг натижалари Давлат инспекциясининг веб-сайтида эълон қилинадива оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

ҳар йили кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай





Низомга

2-ИЛОВА



Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш

МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Рейтинг индикаторлари

Балл


ЖАМИ:

100

I. ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

40

1.

Дунёнинг нуфузли1000 талигига кирувчиолий таълим муассасаларида фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори, фан доктори(DSc) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчилар улуши (асосий штатдаги профессор-ўқитувчиларнинг умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида)

3

2.

Рейтингни аниқлаш йилида дунёнинг нуфузли1000 талигига кирувчиолий таълим муассасаларида ўқув машғулотлари (маърузалар, амалий машғулотлар, семинар-тренинглар) ўтказган профессор-ўқитувчилар улуши (асосий штатдаги профессор-ўқитувчиларнинг умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида)

2

3.

Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти (асосий штатдагилар бўйича фоизда), шу жумладан:

3

а) фан доктори, фан доктори (DSc) илмий даражасига эга (шунингдек, илмий даражага эга бўлмай профессор илмий унвонини олган ёки унга тенглаштирилган) профессор-ўқитувчилар улуши

2

б) фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга (шунингдек, илмий даражага эга бўлмай доцент илмий унвонини олган ёки унга тенглаштирилган) профессор-ўқитувчилар улуши

1

4.

Профессор-ўқитувчилар томонидан ҳимоя қилинган докторлик (PhD ва DSc) диссертациялари сони

6

5.

Халқаро кўрсаткичларга кўра олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари нашрларига иқтибослар ("Web of Science", "Scopus" ва "Google Scholar" базалари бўйича, сўнгги 5 йилда)

9

6.

Рейтингни аниқлаш йилида халқаро илмий журналларда ва маҳаллий илмий нашрларда ("Web of Science", "Scopus" базасига ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган журналларда) чоп этилган мақолалар (бир нафар профессор-ўқитувчи ҳисобига), шу жумладан:

5

а) халқаро журналлардаги илмий мақолалар

3

б) республика илмий журналларидаги илмий мақолалар

2

7.

Олий таълим муассасасида илмий-тадқиқот фаолияти ва илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга тақдим этиш асосида олинган маблағлар ҳажми ёки бошқа номоддий кўрсаткичлар (ижтимоий самарадорлик) (бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган), шу жумладан:

4

а) хорижий илмий-тадқиқот марказлари грантлари ва хорижий илмий фондлар буюртмалари ҳисобига олинган маблағлар (бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган маблағ)

2

б) соҳалар буюртмалари асосида ўтказилган илмий-тадқиқот (илмий-ижодий) фаолиятидан олинган молиявий маблағлар (бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган маблағ)

1

в) давлат грантлари асосида ўтказилган илмий тадқиқотлардан олинган маблағлар (бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган маблағ)

1

8.

Профессор-ўқитувчиларнинг билим даражаси, шу жумладан:

4

а) хорижий тиллар бўйича

2

б) ахборот-коммуникация технологиялари бўйича

2

9.

Рейтинги аниқланаётган йилда бажарилган илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлиги, шу жумладан:

4

а) чоп этилган монографиялар сони

2

б) ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари ва селекция ютуқлари учун олинган патентлар (тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқланган ҳужжатлар асосида)

1

в) ахборот-коммуникация технологияларига оид дастурлар ва электрон маълумотлар базалари учун олинган гувоҳномалар, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган турли материаллар

1

II. ЎҚУВ-МЕТОДИК ИШЛАР ВА ЎҚИТИШ СИФАТИ

30

10.

Олий таълим муассасаларида таълим бериш сифати даражаси ва ижтимоий-маънавий муҳит (талабалар ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари асосида), шу жумладан:

7

а) таълим олиш учун яратилган шароитлар

2

б) дарсларнинг сифати

2

в) талабалар билимининг холисона баҳоланиши

1

г) таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит

2

11.

Ҳисобот йилида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан ёзиб тайёрланган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, шу жумладан:

8

а) дарсликлар

6

б) ўқув қўлланмалари

2

12.

Рейтинг аниқланаётган йилда хорижий профессор-ўқитувчилар ва талабалар улуши (тегишли равишда умумий сонга нисбатан фоизда), шу жумладан:

7

а) хорижий профессор-ўқитувчилар

3

б) хорижий талабалар

4

13.

Ҳисобот йилида хорижий олий таълим муассасалари билан алмашув дастурлари, конференциялар, илмий ёки ўқув лойиҳаларида ўқитувчилар ва талабаларнинг иштирок этганлиги, шу жумладан:

5

а) академик алмашув (талабалар томонидан)

3

б) халқаро конференциялар, семинарлар, илмий ёки ўқув лойиҳаларида талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг иштироки

2

14.

Таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича хорижий тилда ўқитиладиган фанлар салмоғи (мутахассислик фанларининг жами сонига нисбатан фоизда)

3

III. ТАЛАБАЛАР БИЛИМИ ВА БИТИРУВЧИЛАР СИФАТИ

27

15.

Талабаларнинг билим даражаси (назорат ишлари натижалари асосида)

8

16.

Битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси (битирганидан сўнг 6 ой ичида)

8

17.

Олий таълим муассасалари битирувчилари билим ва кўникмалари сифати ҳақида иш берувчиларнинг баҳоси (сўровнома асосида аниқланади)

8

18.

Рейтинг йилида халқаро ва республика олимпиадаларида, нуфузли танловлар ва спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган ҳамда мукофот (диплом)ларга сазовор бўлган талабалар салмоғи, шу жумладан:

3

а) халқаро миқёсда

2

б) республика миқёсида

1

IV. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТИ

3

19.

Спорт клуби ва секцияларига аъзо бўлиб, спорт билан мунтазам шуғулланувчи ҳамда спорт таснифига (разрядга) эга бўлган талабалар сони


2

20.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича моддий-техник базанинг ҳолати, спорт инфратузилмасининг мавжудлиги ва жиҳозланиш даражаси


1

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 июнь