Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.06.2019 й. 510-сон "Қишлоқ хўжалигида тупроқнинг агрокимёвий таҳлил тизимини такомиллаштириш, экин ерларида тупроқнинг унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.06.2019 й.

N 510




ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА

ТУПРОҚНИНГ АГРОКИМЁВИЙ ТАҲЛИЛ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ЭКИН

ЕРЛАРИДА ТУПРОҚНИНГ УНУМДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ҳамда "Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 мартдаги ПҚ-4239-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасини доимий кузатиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларининг минерал ўғитларга бўлган илмий талабини аниқлаш учун агрокимёвий картограммаларни ишлаб чиқиш, минерал ўғитлардан тупроқнинг ҳолати ва экин турига мувофиқ контурлар кесимида табақалаштириб фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган:

Тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини олиб бориш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги пестицидлар, нитратлар ва оғир металл тузларининг қолдиқ миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 мартдаги ПҚ-4239-сон қарорига мувофиқ 2022 йилдан бошлаб суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тупроғини ҳар йили умумий майдоннинг камида 25 фоизи ҳисобидан келиб чиқиб таҳлил қилиш ва агрокимёвий картограммаларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги ерларининг балл бонитетини, ҳар бир дала контури бўйича тупроқ таркиби, озуқа элементлари, фосфор ва калий билан таъминланганлик даражаси бўйича агрокимёвий картограммалар тузиш ва улар асосида қишлоқ хўжалиги экинларида қўлланадиган органик ва минерал ўғитларнинг йиллик меъёрларига тегишли тузатишлар киритиш, шунингдек, органик ва минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражаси бўйича электрон картограммаларни тузиш, агрокимёвий маълумотлар базасини замонавий географик ахборот тизими технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда яратиш, уларнинг даврий ўзгаришларини таҳлил қилиб бориш;

дала шароитида тупроқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан намуналар олиб, уларнинг таркибидаги пестицид ва нитрат қолдиқлари миқдорини таҳлил қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида пестицид ва нитрат қолдиқлари миқдори кўрсатилган гувоҳномалар билан таъминлаш;

сув ва ўсимлик таркибидаги минерал ва органик ўғитларнинг кимёвий таҳлилини ўтказиш учун махсус замонавий стационар ва кўчма лабораторияларни ташкил этиш;

ҳар йили ўрганилган вилоятларнинг (туманлар) суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг озуқа элементлари билан таъминланганлик даражаси бўйича тегишли хулоса ва тавсияларни тайёрлаш ҳамда маҳаллий ҳокимликларга минерал ва органик ўғитлардан тўғри ваоқилона фойдаланиш юзасидан тушунтиришишларини олиб борсин.


3. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан сув ва ўсимлик таркибидаги минерал ва органик ўғитларнинг кимёвий таҳлилини ўтказиш имконини берувчи махсус замонавий стационар ва кўчма лабораториялар ташкил этилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг "Тупроқ бонитировкаси" шўъба корхонаси негизида "Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш бўйича таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси белгиланган тартибда Марказнинг устави ва тузилмасини тасдиқласин ҳамда унинг фаолияти йўлга қўйилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти билан биргаликда:

ҳар йили минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш балансини шакллантиришда тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик ҳолати ва илмий асосланган эҳтиёжи инобатга олиниши;

илмий асосланган эҳтиёжга мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинлари учун ажратилган минерал ўғитлар табақалаштирилган ҳолда жойларга етказилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш, турли қишлоқ хўжалиги экинлари учун замонавий смарт (ақлли) ўғитлаш тизимини яратиш, агрокимёвий услубий кўрсатмаларни такомиллаштириш, хорижий давлатларнинг минерал ўғитларни самарали қўллаш технологиялари ва тажрибаларини ўрганиш ва амалиётда қўллаш бўйича илмий-техник давлат гранти лойиҳаларини молиялаштириб бориш вазифаси юклансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида ўтказилган тупроқнинг агрокимёвий таҳлиллари натижалари, шунингдек, тупроқ унумдорлиги пасайишига йўл қўйган ердан фойдаланувчилар тўғрисида таҳлилий маълумотларни умумлаштириб борсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Арипов






Вазирлавр Маҳкамасининг

2019 йил 18 июндаги

510-сон қарорига

2-ИЛОВА



Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида

тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий

картограммаларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги

маҳсулотлари таркибидаги пестицидлар, нитратлар

ва оғир металл тузларининг қолдиқ миқдорини

аниқлаш тизимини жорий этиш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ


Т/р

Амалга ошириладиган тадбирлар номи


Бажариш

муддатлари


Масъуллар


ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ТУПРОҚНИНГ АГРОКИМЁВИЙ

ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ҳамда картограммаларини тузиш бўйича услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш.


2019 йил

июль


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


2

Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Наманган вилоятларининг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш.


2019 йил

июль-декабрь


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Навоий ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари


3

Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш.


2020 йил

январь-декабрь


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари


4

Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш.


2021 йил

январь-декабрь


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари


5

Андижон, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларининг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш.


2022 йил

январь-декабрь


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари


6

Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш ва агрокимёвий картограммаларини ишлаб чиқиш.


2023 йил

январь-декабрь


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари


ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ

ТАРКИБИДАГИ ПЕСТИЦИДЛАР, НИТРАТЛАР ВА ОҒИР

МЕТАЛЛ ТУЗЛАРИНИНГ ҚОЛДИҚ МИҚДОРИНИ

АНИҚЛАШ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

7

Экспортга чиқариладиган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (мева, сабзавот, полиз ва бошқалар) таркибидаги пестицид ва нитрат қолдиқлари бўйича таҳлил хулосаларини олиш мақсадида лабораторияларни белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказиш.


2019 йил

июль-август


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги, "Ўзагрокимёҳимоя" АЖ


8

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги пестицидлар, нитратлар ва оғир металл тузлари қолдиқларини аниқлаш мақсадида дала шароитида намуналар олиб, лаборатория таҳлиллари асосида хулосалар бериш тизимини жорий этиш.


2019 йил

сентябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзагрокимёҳимоя" АЖ, "Ўзстандарт" агентлиги


9

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг пишиб етилиши даврида омборга киритишдан, савдога чиқаришдан ва қайта ишлашдан олдин маҳсулотлар таркибидаги пестицидлар, нитратлар ва оғир металл тузлари қолдиқларини аниқлаш учун лаборатория таҳлилларини ўтказиш ва тегишли хулосалар бериш.


доимий


Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИНГ

НОРМАТИВ ҲОСИЛДОРЛИГИНИ БЕЛГИЛАШ

10

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун қишлоқ хўжалиги экинларини норматив ҳосилдорлигини амалдаги тартибга асосан тупроқлар ўртача бонитет бали билан қишлоқ хўжалиги экинлари, боғлар ва токзорларнинг тупроқ бонитетининг бир бонитет балига мос норматив ҳосилдорликнинг йиғиндиси сифатида ҳисоблаб чиқиш.


ҳар йили


"Давергеодезкадастр" қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари


      


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 июнь