Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.06.2019 й. 512-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 июндаги

512-сон қарорига

2-ИЛОВА



Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун

танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом уруғчилик кластерлари ташкил этиш учун танловларни (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


уруғчилик кластери - илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда давлат ва халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда уруғликлар тайёрлаш ва реализация қилиш учун ишлаб чиқариш корхоналари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан бевосита ва узвий алоқаларга эга қишлоқ хўжалиги ташкилоти;


Марказ - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Уруғчиликни ривожлантириш маркази" Давлат унитар корхонаси;


инвестор - келишув тузган юридик ёки жисмоний шахс. Давлат ташкилотлари хусусий шерик сифатида иштирок этишлари, шунингдек, хусусий шерик тарафидан қатнашишлари мумкин эмас;


лойиҳа - уруғчилик кластерлари ташкил этиш соҳасида инвестицион ва инновацион чора-тадбирлар мажмуи.


3. Уруғчилик кластерлари қуйидаги тамойилларга асосан ташкил этилади:

ахборотнинг очиқлиги ва эркинлиги, давлат сири ва қонун билан ҳимоя қилинадиган махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар бундан мустасно;

камситилишга йўл қўймаслик, келишув томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг келишув бўйича мажбуриятларини виждонан бажариши;

томонлар ўртасида хатарлар ва мажбуриятларнинг адолатли тақсимланиши;

томонлар ўзаро муносабатларининг шартномавий асоси.


4. Уруғчилик кластерлари яратиш учун инвесторларни жалб қилиш қуйидаги мақсадлар учун амалга оширилади:

давлат ва халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда, шунингдек, гидропоника ва аэропоника технологияларини қўллаган ҳолда ҳимояланган тупроқда техник, донли, дон-дуккакли, сабзавот, полиз, мойли, озуқа ва бошқа экинлар уруғликларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва реализация қилиш, шунингдек, экспорт қилиш;

уруғчилик кластерларида техник, донли, дон-дуккакли, сабзавот, полиз, мойли, озуқа ва бошқа экинлар бирламчи уруғчилигини, шунингдек, ўсимликлар биотехнологиясини ташкил этиш;

мавжуд маҳаллий ва хорижий навлар селекцияси коллекцияси асосида юқори ҳосилдорликка, сифатга эга, зарарли организм ва касалликларга чидамли, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги экинлари нав ва дурагайларини ишлаб чиқариш тизимини яратиш;

ўз маблағи ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек, тижорат банклари кредитларини жалб этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош уруғликларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Уруғчиликни ривожлантириш маркази" Давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда - Марказ деб аталади), илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда уруғчилик соҳасида, қишлоқ хўжалиги экинлари янги нав ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

шартнома асосида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва таълим муасассаларига уруғчилик соҳасида кадрлар малакасини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш.


5. Уруғчилик кластерларини ташкил этишда инвесторни танлаш танлов асосида амалга оширилади.


6. Танлов ўтказиш бўйича ташкилотчи - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади).

Вазирлик:

танлов комиссияси аъзолари чақирувини, уларга ишлаш хоналари, оргтехника, мажлис ўтказиш учун керакли материаллар билан таъминланишини ташкиллаштиради, шунингдек, танлов билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди;

танлов комиссияси топшириғи асосида таклифномалар тарқатади ва ўзаро ёзишмаларни юритади;

иштирокчилардан танлов таклифларини қабул қилади, уларнинг ҳисобини юритади, танлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда хатжилд очилгунга қадар бутлигини, махфийлигини таъминлайди;

танлов комиссияси томонидан жалб этилган эксперт ва консультантлар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, уларга ҳақ тўлаш харажатларини қоплайди.


7. Танлов комиссияси таркиби (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) Вазирлик томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия ишчи органи Марказ ҳисобланади.


8. Комиссия таркибига Марказ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси, "Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўздонмаҳсулот" АК, Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари вакиллари киритилиши мумкин.

Комиссия аъзолари сони тоқ бўлиши ва тўққиз кишидан кам бўлмаслиги керак. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири раислик қилади.


9. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) мустақил тарзда ўз иш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

б) танлов ўзказиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган танлов муддатидан бир ойдан кечиктирмасдан танлов ҳужжатларини тақдим этган барча иштирокчиларни ёзма огоҳлантирган ҳолда, шунингдек, Низомнинг 20-бандида кўзда тутилган ахборот ресурсларида эълон қилган ҳолда танлов таклифларини тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки танлов ўтказиш муддатларини ўзгартиш бўйича қарор қабул қилиш;

в) тушунарли бўлган, умумқабул қилинган белгилар ва номланишлардан фойдаланиб тузилган, иккиёқлама талқин этилмайдиган танлов ҳужжатларини тасдиқлаш;

г) хатжилд очилгандан уч иш кунидан ошмаган муддатда танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлаш муддатини белгилаш;

д) иштирокчиларни огоҳлантириш ва рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда танлов ҳужжатларига ва танлов ўтказиш шартларига мувофиқ бўлмаган иштирочилар таклифларини рад этиш;

е) танловни қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб эълон қилиш:

хабарномада кўрсатилган муддатда бирорта ҳам сўровнома келиб тушмаганда;

барча тақдим этилган танлов таклифларининг танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаганда;

мазкур Низом шартлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартларининг бузилиши, қасддан келишув ва танлов ўтказиш жараёнини бузувчи бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар аниқланганда.


10. Комиссия қуйидагилар учун жавобгардир:

ўз фаолиятини шахсий иштирок тартибида ташкил этилишини таъминлашга;

хатжилдлар очилишида ва танлов натижалари эълон қилинишида иштирокчилар ёки уларнинг ишончли вакиллари ва тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари вакилларининг иштироки учун шароитни таъминлашга;

хатжилдларга қўйилган муҳрлар бутунлигини текширишни амалга оширишга;

танлов натижалари бўйича қарор қабул қилишда шартлар якдиллигини ва софдилликни таъминлашга;

танлов таклифларини кўриб чиқишда махфийликни таъминлашга;

белгиланган кун ва соатда танлов таклифлари солинган биринчи хатжилдларни, иккинчиларини эса танлов ҳужжатлари таклифлари бўйича низолар вужудга келганда очишга;

танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида танлов шартлари ва муолажаларига амал қилишни, танлов ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар борлигини текширишга.


11. Танлов комиссияси қарорлари комиссия йиғилишларида комиссия аъзоларининг учда икки қисмидан кам бўлмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланади.

Қарорлар йиғилишда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келган ҳолларда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Комиссия йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақти ҳақида комиссия аъзолари ўз вақтида хабардор қилиниши керак. Комиссия аъзолари томонидан сиртдан овоз бериш орқали қарор қабул қилиш, шунингдек, ўз ваколатларини бошқа шахсларга ўтказишга йўл қўйилмайди.


12. Танлов комиссияси қарорлари ёзма баённома тарзида расмийлаштирилади ва танлов иштирокчиларига уч иш куни мобайнида етказилади.



2-БОБ. ИНВЕСТОР ТАРАФИДАН ЛОЙИҲА

ТАШАББУСИНИ ИЛГАРИ СУРИШ ТАРТИБИ


13. Уруғчилик кластери ташкил этишга ҳохиш билдирган юридик шахс (кейинги ўринларда - талабгор деб аталади) Вазирликкка тегишли ариза тақдим этади.


14. Талабгор танловда иштирок этиш учун Вазирликка аризага илова қилган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза санасидан бир ойдан кўп бўлмаган, солиқлар, йиғимлар ва бошқа молиявий санкциялар бўйича қарздорликлар мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотлар;

лойиҳа амалга оширилишининг молиявий имкониятини тасдиқловчи инвесторнинг соф активлари, лойиҳа қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги бошқа ташкилотнинг кафиллиги тўғрисида маълумотлар;

уруғчилик кластери ташкил этиш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

Танловда иштирок этиш учун қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар қўйилмайди.


15. Лойиҳани амалга ошириш бўйича келиб тушган ариза танлов комиссияси ва Марказ билан ҳамкорликда беш иш куни мобайнида мазкур Низом шартларига мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади.


16. Мазкур Низомда кўрсатилган талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар бир иш куни мобайнида талабгорга қайтарилади.

Тақдим этилган аризада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонунчилик нормаларига мувофиқ Вазирликка қайта кўриб чиқиш учун такрорий тақдим этиш муддатлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда, шунингдек, электрон ахборот тизими воситасида талабгорга хабарнома юборилади.

Талабгор томонидан камчиликлар бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиш муддати ёзма ёки электрон хабарнома қабул қилингандан бошлаб ўн кундан муддат кам бўлмаслиги керак.

Қайта тақдим этилган ҳужжатлар қайта тақдим этилган куни қабул қилинган деб ҳисобланади.



3-БОБ. МАРКАЗ ТАРАФИДАН ЛОЙИҲА

ТАШАББУСИНИ ИЛГАРИ СУРИШ ТАРТИБИ


17. Марказ эҳтиёжлардан келиб чиқиб, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларидан келиб тушган таклифлар ўрганиб чиқилиши натижасида лойиҳани амалга ошириш ташаббусини илгари суриши мумкин.


18. Танлов ўтказиш мазкур Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда ва Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


19. Вазирлик танлов бошланишидан ўн календар кун олдин мажбурий тартибда Вазирлик расмий сайтида, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари манбаларида, шу жумладан Интернет тармоғида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштиради.


20. Танлов тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлари бўлиши талаб этилади:

Марказнинг номи, почта манзили, алоқа телефон рақамлари ва электрон почта манзили;

объектнинг номи, жойлашуви, миқдори ва тавсифи (характеристикаси);

лойиҳани амалга ошириш шартлари;

талаб этиладиган инвестицион мажбуриятларнинг энг кам миқдори;

танлов ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

танлов таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (йил, ой, кун ва соати кўрсатилган ҳолда).


21. Танлов ҳужжатлари йиғмажилди қуйидагиларни ўз ичига олади:

талабгорлар учун қўлланма;

танловнинг техник қисми;

танловнинг тижорат қисми.

Шуниндек, танлов ҳужжатларига танлов комиссияси томонидан тасдиқланадиган танлов ғолибини аниқлаш мезонлари ҳам илова қилинади. Танлов ғолибини аниқлаш мезонларида танловнинг техник ва тижорат қисмларига қўйиладиган баллар кўрсатилади, бунда танлов техник қисмига қўйиладиган баллар жами тўпланган баллнинг камида 70 фоизиини ташкил этиши керак.


22. Танлов талабгорлари учун қўлланма қуйидагиларни ўз ичига олади:

танлов ўтказиш қоидалари билан танишиш учун керак бўладиган Марказнинг почта манзили, алоқа телефони ва факс рақамлари, электрон почта манзили;

танловда иштирок этиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;

танлов таклифларини расмийлаштиришга бўлган талаблар;

танлов таклифларини тақдим этиш жараёнига бўлган талаблар;

танлов таклифлари солинган хатжилдни очиш тартиби;

танлов таклифларини баҳолаш тартиби.


23. Танлов ҳужжатлари техник қисми қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

уруғчилик кластери ташкил этиш шартлари ва мақсадлари:

танлов шартларини бажариш бўйича шартнома лойиҳаси;

уруғчилик кластери ташкил этиш учун ер майдонлари ажратиш бўйича материаллар;

танлов ғолибининг атроф муҳитни ҳимоя қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек, санитар ва ёнғин хавфсизлиги норма ва қоидаларига амал қилиш мажбуриятлари.


24. Танлов ҳужжатлари тижорат қисми уруғчилик кластери ташкил этиш бўйича киритиладиган инвестиция ҳажми таклифини ўз ичига олиши керак.


25. Талабгорлар эълон берилгандан сўнг танлов ҳужжатларини оладилар.


26. Танловда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг вакили шахсан ёки почта орқали буюртма хат билан танлов эълонида ўрнатилган муддатларда Вазирликка икки нусхада қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:

танлов ҳужжатларига қўйилган талабларга мувофиқ тузилган танлов таклифи;

лойиҳанинг талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек, кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳанинг амалга оширилиши молиявий имкониятини тасдиқловчи, танлов иштирокчисининг соф активлари, бошқа ташкилотнинг танлов иштирокчиси киритаётган инвестицияларнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги кафиллиги тўғрисидаги маълумотлар.

Танловда иштирок этиш учун қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар қўйилмайди. Қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар танлов комиссияси томонидан тегишли ташкилот ва давлат органларига сўровнома юбориш орқали тасдиқланади.

Танловда иштирок этиш учун берилган аризага илова қилинган барча ҳужжатлар муҳрланган (имзо билан тасдиқланган) хатжилдларда тақдим этилади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари талабгор томонидан имзо билан тасдиқланиши керак.

Танлов таклифлари амал қилиш муддати танлов ҳужжатларида белгиланади.


27. Танлов комиссияси томонидан белгиланган кун ва соатда танлов таклифлари солинган биринчи хатжилдлар очилади. Иккинчи хатжилдлар Вазирликда сақланади ва танлов таклифлари маъноси бўйича низолар вужудга келган тақдирда очилади.

Талабгорлар танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида иштирок этишлари мумкин.

Танлов комиссияси томонидан танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида танлов шартлари ва жараёнларига амал қилиш, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлиги текширилади.


28. Танлов таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

танлов ҳужжатлари техник қисми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

назарда тутилаётган инвестициялар ҳажми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

ишлаб чиқариш режалаштиралаётган маҳсулот тури, ҳажми ва ассортименти ёки кўрсатиладиган хизматлар тури бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

киритилаётган инвестициялар ҳажми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

лойиҳа талабгорнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши билан таъминланганлиги.

Танлов таклифларини баҳолаш учун зарурат юзасидан танлов комиссияси томонидан қуйидаги қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин:

охирги йил учун (мавжуд бўлса) аудиторлик ташкилоти хулосаси (юридик шахслар учун);

охирги икки йил учун (мавжуд бўлса) талабгор - юридик шахснинг бухгалтерия баланси.


29. Танлов ғолибини аниқлаш хатжилдлар очилиш кунида танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида ўтказилади.

Қарор умумий комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овоз бериши билан қабул қилинади. Овозлар тенг келганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Мажлисда комиссия аъзоларининг тўртдан уч қисмидан кам бўлмаган сони қатнашган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.


30. Лойиҳани амалга оширишда энг мақбул деб топилган танлов таклифи берган иштирокчи танлов ғолиби деб тан олинади.


31. Танлов ғолибларини аниқлашда қуйидагилар асосий мезон ҳисобланади:

техник (пахта), дон, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тўлақонли уруғчилик кластерини ташкил этиш кафолатларининг мавжудлиги;

таклиф этилган инвестицион лойиҳанинг амалга оширилишидан энг юқори ижобий самара;

лойиҳа амалга оширилишига кетадиган энг қисқа муддатлар;

лойиҳа амалга оширилишига киритиладиган ўз инвестицияларининг энг юқори ҳажмлари;

таклиф этилган лойиҳа амалга оширилишида энг кам хатар;

лойиҳа харажатларининг қопланишига энг кам муддат;

уруғлик материали тайёрлашнинг илғор агротехнологияларини, замонавий технологияларни тадбиқ қилиш нияти;

илмий-амалий фаолият учун шароит яратиш нияти.


32. Танлов ғолибларини аниқлашда, бошқа тенг шароитларда, устунлик қуйидаги инвесторларга берилади:

инвестицион лойиҳа амалга оширилишига энг кўп ўз маблағларини киритаётганларга;

кўпроқ маҳсулот сотиш имкониятларини асословчи тасдиқланган ҳужжатлар тақдим этганларга;

қишлоқ хўжалиги ва уруғлик тайёрлашда 3 йилдан кам бўлмаган амалий тажрибага эга бўлганларга.


33. Танлов талабларига мувофиқ таклиф параметрлари тақдим этган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ танлов таклифи тақдим этган ғолиб параметрларидан пастроқ натижалари бўйича захирадаги ғолиб ҳам аниқланади.


34. Танлов танлов иштирокчиларидан икки ёки ундан ортиқ ариза келиб тушганда ўтказилади.

Танлов иштирокчиларидан фақат бир ариза келиб тушганда танлов комиссия томонидан таклиф кўриб чиқилади. Ариза танловнинг барча шартларига мувофиқ бўлганда ягона иштирокчини танлов ғолиби деб қарор қабул қилинади.


35. Танлов комиссияси танлов якунлари бўйича қарор қабул қилган куни Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтида танлов натижалари тўғрисида маълумот жойлаштириш орқали танлов иштирокчиларини хабардор қилишга мажбурдир.


36. Қабул қилинган қарорга рози бўлмаган танлов иштирокчиси судга эътироз билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


37. Мазкур Низом шартларини бузишда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.






Низомга

ИЛОВА



Уруғчилик кластерларини ташкил этиш

учун танловларни ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Ижро

муддатлари


1-босқич

Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


Танлов эълон қилиш.


Заруратга кўра









2-босқич

Талабгор


Низом талабларига мувофиқ ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни (кейинги ўринларда Ариза деб аталади) Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиш.


Танлов эълон қилингач 10 календарь кунида









3-босқич

Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


Аризанинг низом талабларига мувофиқлигини текшириш, низом талабларига мувофиқ бўлмаганда аризани талабгорга қайтариш.


Бир календарь кунида









4-босқич

Танлов

комиссияси


1. Иккитадан кам бўлмаган талабгордан ариза келиб тушганда, танлов ўтказиш, танлов натижасига кўра ғолибни аниқлаш ва қарор қабул қилиш.


2. Бир иштирокчидан ариза келиб тушганда аризани низом талаблари асосида кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш.


Етти календарь кунида



Беш календарь кунида










5-босқич

Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтида қабул қилинган қарор тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш орқали танлов иштирокчиларини хабардор қилиб бориш.


Қарор қабул қилинган кунда









6-босқич

Уруғчиликни

ривожлантириш

маркази, инвестор


Уруғчилик кластери ташкил этиш.


Икки ой мобайнида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 июнь