Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.06.2019 й. 532-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 июндаги

532-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни

ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш

ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасида (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) тузилади.

3. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш мақсадида 7 нафар аъзодан иборат Жамғарма кенгаши тузилади.

Жамғарма кенгаши таркиби Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Давлат чегараси ва транспортда давлат ветеринария назорати бошқармасининг ҳамда Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий марказининг хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи;

аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва молларини суғурталаш бўйича аҳоли ва хўжаликлар томонидан тўланадиган суғурта мукофотлари ҳисобига суғурта ташкилотлари томонидан ўтказиладиган комиссион мукофоти;

ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлар кўрсатишдан тушадиган 25 фоиз миқдоридаги маблағлари;

чорвачилик фермер хўжаликларига сотиладиган уруғлар, сунъий уруғлантириш хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.


5. Қўмитанинг тузилмалари ҳисоб рақамларига кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган хорижий валютадаги маблағларнинг мазкур жамғармага тегишли бўлган қисми Қўмита сўровига қадар тузилмалар ҳисобрақамида сақланади ва ушбу маблағлар фақатгина Қўмитанинг топшириғига кўра мақсадли йўналтирилади.


6. Жамғармага тушган маблағлар Қўмитанинг жамғарма учун алоҳида очиладиган хорижий ва миллий валютада шахсий ғазначилик ҳисобрақамида жамланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

ветеринария ва чорвачиликни барча тармоқлари, шу жумладан қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишлари соҳаси (кейинги ўринларда ветеринария чорвачилик соҳаси деб юритилади)даги илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш;

Қўмита марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳамда уларга молиявий ёрдам кўрсатиш;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш хизматининг кадрларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида малака оширишни ташкил қилиш;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш хизмати ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

Қўмита ва Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази марказий аппарати ходимларининг иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, шахсий устамалар, рағбатлантиришлар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловларни тўлаш;

ходимларга моддий ёрдам, транспорт ва овқатланиш харажатларини тўлаш орқали уларни ижтимоий муҳофаза қилиш;

иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларида ишга жалб этилганлиги учун тўловлар ҳамда бошқа пуллик компенсациялар тўлаш;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида хизмат қилаётган ходимларни истеъмол кредитлари учун қайтариш шарти билан фоизсиз бошланғич бадали тўловлари;

бошқарув ходимларининг қўшимча штат бирликларини сақлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари юқори малакали мутахассисларини, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертларни консультант сифатида жалб этиш;

малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи миқдори ва бошқа тўловларни чет эл валютасида тўлаш;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасига оид лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун экспертларни (аудиторлар, илмий ходимлар ва шу кабилар), шунингдек халқаро экспертларни жалб қилиш;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасидаги халқаро йиғилишлар, кўргазмалар, лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасига оид хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларининг Ўзбекистон Республикасида бўлиши даврида уларни қабул қилиш ва кузатиш билан боғлиқ харажатлар;

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш;

босма нашр маҳсулотларини, электрон дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасига оид бланкалар тайёрлаш.


8. Жамғарма маблағларидан қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ фойдаланилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан давлат тадбирларини амалга ошириш, эпизоотия хавфи бўлганда ёки фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ва бошқа шу каби ҳолларда) Жамғарма кенгашининг қарорига мувофиқ унинг маблағларидан фойдаланиш мумкин.


9. Жамғарма маблағлари ҳисобидан мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ишларни амалга ошириш учун умумий қиймати унинг фойдаланувчилари томонидан Қўмита белгилаган шаклдаги буюртманомалар тақдим этилиши лозим.

10. Буюртманомаларни қабул қилиш ва умумлаштириш ишларини ташкил этиш, Жамғарма кенгашининг қарорига асосан даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини тузиш ва Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан доимий мониторинг олиб бориш Жамғарма маблағларини бошқариш бўйича бош мутахассиси томонидан амалга оширилади.


11. Жамғарма кенгаши:

ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар учун маблағлар ажратилиши юзасидан буюртманомаларни қабул қилади, кўриб чиқади ва умумлаштиради;

қабул қилинган буюртманомалар орасидан энг устуворлари ва асосланганларини танлаб олади ҳамда маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилади;

ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ белгиланган йўналишлар доирасида маблағлардан фойдаланиш учун энг устуворларини танлайди;

ажратилган маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатади ва ажратилган маблағларни ундириш чораларини кўради;

Жамғармага оид бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.


12. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳар йили Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича амалга оширилади. Даромадлар ва харажатлар сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилади.


13. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси йилда молиявий маблағлар келиб тушишининг кутилаётган прогнози ва амалга оширилиши белгиланган тадбирларни ўтказишдан келиб чиққан ҳолда тузилади.


14. Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат органлари ва муассасалари Жамғарма маблағларидан фойдаланиш учун буюртманома тақдим этадилар. Бунда, харажатни амалга ошириш заруриятининг асослари, зарур маблағлар миқдори, шунингдек уларни бажариш учун бошқа маблағларнинг йўқлиги кўрсатилади.

Буюртманомалар келгуси молия йили учун жорий йилнинг 1 июнигача Қўмитага тақдим этилади.

Буюртманома ёзма шаклда, электрон почта ёки бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади.

Буюртманомада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ташкилотнинг тўлиқ номи ва аниқ реквизитлари;

мавжуд муаммолар ва уларнинг (тўлиқ ёки қисман ва белгиланган муддатларда) ҳал қилиш имконияти, маблағлардан фойдаланиш мақсадлари, шунингдек кутилаётган натижалар кўрсатилган тушунтириш хати;

сўралаётган маблағларнинг ҳисоб-китоби.

Зарурат бўлганда буюртманомага уни асословчи тегишли ҳужжатлар ҳам илова қилинади.


15. Тақдим этилган буюртманомалар ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда Жамғарма кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва маблағлардан фойдаланишнинг устувор йўналишлари белгиланади ҳамда унинг асосида маблағлар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


16. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари (қолдиқ маблағлар) кейинги ҳисобот йилига ўтади ва мазкур Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТЛАР

ТАҚДИМ ЭТИШ, НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


17. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади ва тақдим этилади.


18. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат органлари ва муассасалари Қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳисоботларни қонун ҳужжатларда белгиланган шакл ва муддатларда тақдим этади.


20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 июнь