Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.08.2019 й. 650-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 августдаги

650-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини

ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал

бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4127-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.

Жамғарманинг махсус валюта ҳисобрақамига тушган хорижий валютадаги маблағлар (ушбу Низомга мувофиқ назарда тутилган алоҳида ҳолатлар ва харажатлар бундан мустасно) белгиланган тартибда сотилади. Хорижий валютани сотишдан олинган миллий валютадаги маблағлар Жамғарманинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади ва ушбу Низомга мувофиқ тақсимланади.


3. Агентлик директори (кейинги ўринларда Директор деб аталади) Жамғарма маблағларининг бошқарувчиси ҳисобланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

фонд биржасида қимматли қоғозлар билан битимни амалга оширишда сотувчи томонидан тўланадиган йиғим;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқаришда давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган йиғим;

эмиссиявий қимматли қоғозларни жамлаш жараёнида уларнинг номинал қиймати оширилганда эмитент томонидан тўланадиган йиғим;

қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ва/ёки аввал рўйхатдан ўтган қимматли қоғозларнинг чиқарилишига ўзгартиришлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган йиғим;

лотереяларни ташкил этиш фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун ундириладиган йиғим;

лотерея ўтказиш шартларини тасдиқлаш учун ундириладиган йиғим;

қимматли қоғозлар бозорида операцияларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака аттестатини олишга талабгорларни (жисмоний шахсларни) аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш учун ундириладиган йиғим;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензияни беришга аризаларни кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим;

аввал берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш ёки қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга лицензиянинг дубликатини бериш учун ундириладиган йиғим;

хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик томонидан ундириладиган жарималар тўланишидан тушган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

халқаро институтлар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грант маблағлари ва ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Манбаларнинг барча турлари бўйича Жамғарма ҳисобрақамига тушган даромадларга солиқ солинмайди.


6. Жамғарма маблағлари Агентлик директори тасдиқлайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўткилазадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ белгиланган тартибда сарфланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш мукофотлаш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, турар жой олишини имтиёзли молиялаштириш;

ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш;

давлат органлари ва (ёки) Агентлик тизимида узоқ муддат узлуксиз хизмати учун тақдирлаш пули тўлаш;

нархларни индексация қилишни ҳисобга олган ҳолда овқатланиш ва йўлкира харажатлари, шунингдек, мавсумий тусдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни қоплаш учун ходимларга қўшимча тўловлар белгилаш;

Агентликнинг жорий харажатларини молиялаштириш (автомобиллар, мебеллар, компьютерлар ва ташкилий техника, идора ашёлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва ҳоказоларни харид қилиш);

Агентликнинг идора қилиш ва бошқарув функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ сарфлар, шу жумладан, электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бўйича харажатларни қоплаш;

Агентлик фаолиятини яхшилашга йўналтирилган тадбирлар (видеороликларни тайёрлаш, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва ҳоказоларни ўтказиш);

Агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

делегациялар, меҳмонлар, шу жумладан, хорижий делегациялар, меҳмонларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вакиллик харажатлари (тушликлар, кечки овқатларни ташкил этиш, гуллар, эсдалик буюмлари ва ҳоказоларни харид қилиш);

Агентлик раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

жалб этиладиган хорижий мутахассислар фаолиятига, халқаро ва хорижий, шунингдек, консалтинг ташкилотларига ҳақ тўлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.


8. Жамғарманинг жорий молиявий йил якунлари бўйича қолган маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ТАДБИРЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


9. Жамғарма маблағлари ҳисобига тадбирлар ва сарфларни молиялаштириш:

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлашга оид сарфлар бўйича - Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси томонидан тузиладиган, директор томонидан тасдиқланадиган;

бошқа ҳолатларда - тадбирларнинг масъул ижрочилари томонидан тузиладиган, мажбурий тартибда Агентлик Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси билан келишиладиган ва директорнинг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Харажатлар сметалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади. Харажатлар сметасини тузишда бюджет таснифи қўлланилади.


10. Харажатлар сметаси ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ у тузилгандан кейин 10 иш куни мобайнида Агентлик директори томонидан кўриб чиқилиши керак. Директор харажатлар сметасини рад этиш ёки маълум бир даврга харажатлар сметаси бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.


11. Алоҳида йўналишга назарда тутилган маблағларнинг етишмай қолиши ҳолатида директор ушбу харажатлар ёки тадбирларни Жамғарманинг бошқа йўналишлари бўйича харажатларини қайта тақсимлаш ёки Жамғарманинг қўшимча даромадлари ҳисобига молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.


12. Агентлик Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси ҳар йили Жамғарманинг келгуси йилга даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайли ва тасдиқлаш учун 1 декабргача директорга киритади.


13. Жамғарманинг маблағлари директор томонидан маъқулланган тегишли харажатлар сметасида кўрсатилган Жамғарма маблағларини олувчиларга ажратилади. Агар ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Директор қарори билан олувчиларга Жамғарма маблағларининг ажратилиши ҳар ойнинг 5-кунигача амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари Агентлик томонидан Жамғарма маблағларини олувчиларнинг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ажратилади.


14. Жамғарма маблағларини олувчилар ушбу маблағларни тасдиқланган харажатлар сметасига қатъий мувофиқ равишда сарфлайдилар. Жамғарма маблағларини олувчиларнинг бевосита раҳбарлари, улар бўлмаган ҳолларда, раҳбарларнинг мажбуриятлари юкланган мансабдор шахслар Жамғармадан ажратилган маблағларнинг бошқарувчилари ҳисобланадилар.


15. Олувчилар томонидан ишлатилмаган, юридик мажбуриятлар олинмаган Жамғарма маблағлари йил охирида Жамғарманинг шахсий ҳисоб рақамига қайтарилиши керак.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


16. Жамғарма маблағлари ҳисобига Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини (кейинги ўринларда ходимлар деб аталади) моддий рағбатлантириш директорнинг қарорлари асосида амалга оширилади.


17. Жамғарма маблағлари ҳисобига ходимларни моддий рағбатлантириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

ходимларнинг лавозим маошларига шахсий ҳар ойлик устамалар;

Агентликнинг умумий натижаларига ходимнинг шахсий ҳиссасига мувофиқ, ёхуд маълум бир вазифани муваффақиятли бажарганлиги учун бирйўла тўланадиган мукофотлар;

давлат байрамлари муносабати билан мукофотлар тўлаш;

ижтимоий, компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги бошқа тўловлар.

Моддий рағбатлантиришлар миқдорлари маошлар, суммалар кўринишида ёки ходимнинг лавозим маоши фоизларида белгиланади, ижтимоий ва компенсация тўловларининг миқдорлари эса - Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан белгиланади.

18. Интизомий жазо чоралари қўлланган ходимларга Жамғарма маблағларидан устамалар ушбу жазо чоралари амал қилиши даврида тўхтатиб турилади ёки директорнинг қарорига кўра камайтирилади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


19. Жамғармани бошқариш Агентлик директори томонидан амалга оширилади.


20. Директор:

Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси тақдимномаси бўйича Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва фойдаланиш йўналишлари бўйича Жамғарманинг ҳар йиллик даромадлари ва харажатлари сметасини, унга ўзгартиришларни, шунингдек, Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботларни тасдиқлайди;

белгиланган манбалар бўйича даромадларни жалб қилишда Жамғармага кўмаклашади;

Жамғарма даромадларини шакллантириш, Жамғармага маблағлар ўз вақтида тушиши устидан доимий назоратни амалга оширади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.


21. Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси:

Жамғармани оператив бошқаради;

Жамғарма даромадларини шакллантиришнинг тўлиқлигини таъминлайди;

Жамғарманинг ҳар йиллик даромадлари ва харажатлари сметаси, ушбу Низомга мувофиқ алоҳида тадбирлар ва сарфлар бўйича харажатлар сметаси, шунингдек, унинг ижроси тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботларни тайёрлайди;

директорнинг сўрови бўйича Жамғарма маблағларини олувчилар билан биргаликда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни тақдим этади;

Жамғарма маблағларининг мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни ташкил этади;

зарурат бўлганда самарасиз тадбирлар, шунингдек, Жамғарма маблағларидан мақсадсиз фойдаланилишга йўл қўйган олувчилар бўйича молиялаштиришни камайтириш тўғрисида ёки тўлиқ тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритади;

директор билан келишган ҳолда вақтинчалик бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиради;

Ушбу Низомда ва директор томонидан белгиланган бошқа функциялар ва вазифаларни бажаради.


22. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида маблағларни олувчиларнинг ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш тартиби Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун директорга тақдим этилади.


23. Агентлик ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечикмай Жамғарма бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Жамғармани тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади


25. Ушбу Низом талаблари бузилишига айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


26. Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назорат қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 август