Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 10.08.2019 й. 18/5-сон "Микрокредит ташкилотлари томонидан молиявий операцияларни амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 29.08.2019 й. 1642-5-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

29.08.2019 й.

N 1642-5




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

10.08.2019 й.

N 18/5


ҚАРОРИ



Микрокредит ташкилотлари томонидан

молиявий операцияларни амалга ошириш

қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш ҳақида


Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 июлдаги ПҚ-4400-сон "Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2006 йил 7 октябрдаги 24/3-сон қарори (рўйхат рақами 1642, 2006 йил 23 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 46-47-сон, 470-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари томонидан молиявий операцияларни амалга ошириш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Марказий банк раиси                                          М. Нурмуратов






Қарорга

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари томонидан

молиявий операцияларни амалга ошириш

қоидаларига киритилаётган ўзгартириш

ва қўшимчалар


1. 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Микрокредит ташкилотлари банклар, суғурта компаниялари ва бошқа молия ташкилотларнинг агенти сифатида агентлик хизматларини фақат нақдсиз шаклда кўрсатиш ва агентлик битимининг мавжудлиги тўғрисида ахборотларни ошкор қилиш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари нормаларини бажариш шарти билан қатнашиш ҳуқуқига эга.".


2. 6-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"жисмоний шахсларга хорижий валютада микрокредитлар (микроқарзлар) бериш ва микрокредитлар (микроқарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олишга;

илгари олинган микрокредитлар (микроқарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатишга.".


3. 7-1-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.


4. 9 ва 9-1-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"9. Бир қарздорга берилган микроқарз миқдори 50 млн сўмдан ошиши мумкин эмас.

Бир қарздорга берилган микрокредит миқдори 300 млн сўмдан ошиши мумкин эмас.

9-1. Микрокредит ташкилотлари барча ишончли (бланкли) кредитларнинг улар шакллантирган устав фондига фоиз нисбатини мустақил равишда белгилайди.".


5. 10-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, микрокредит ташкилотларига жисмоний шахслардан қисқа муддатли микромолиявий хизматлар таъминотига кўчмас турар жой мулкини гаров сифатида қабул қилиш тақиқланади.".


6. Қуйидаги мазмундаги 10-1-банд билан тўлдирилсин:

"10-1. Микрокредит ташкилотлари потенциал қарз олувчини масофадан туриб идентификациялаш, маълумотлар хавфсиз алмашувини амалга ошириш ва скоринг модели асосида қарз олувчининг кредит қобилиятини баҳолашни таъминлаш шарти билан жисмоний шахсларга онлайн-кредитлар (микроқарзлар) бериш ҳуқуқига эга.".


7. 12-банддаги "энг кам иш ҳақининг икки минг баравари миқдоридан" деган сўзлар "600 млн сўмдан" деган сўз билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 31 август, 35-сон, 645-модда