Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.08.2019 й. 3179-сон билан рўйхатга олинган Бош прокурорнинг 23.08.2019 й. 217-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 30 августда 3179-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурорининг

2019 йил 23 августдаги

217-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Академияси магистратурасига қабул қилиш ва

ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5438-сон "Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси (бундан буён матнда Академия деб юритилади) магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Академия магистратурасига (бундан буён матнда магистратура деб юритилади) ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.

2. Магистратурага қуйидаги шахслар танлов асосида қабул қилинадилар:

"Юриспруденция" таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар (бундан буён матнда ташқи номзодлар деб юритилади);

"Юриспруденция" таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган прокуратура органларининг ходимлари (шу жумладан, амалдаги кадрлар захирасидаги ходимлари), шунингдек бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари (бундан буён матнда ички номзодлар деб юритилади).


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Академия қабул комиссияси - магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказиш, номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва уларга консультациялар бериш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари раислигида ташкил этиладиган комиссия;


апелляция комиссияси - имтиҳон натижалари бўйича номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун махсус комиссия фаолиятида иштирок этмаган шахслар орасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруғи билан ташкил этиладиган комиссия;


махсус комиссия - ёзма имтиҳон жавоблари холис текширилиши ва баҳоланиши учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари буйруғи билан ташкил этиладиган комиссия;


суҳбат бўйича комиссия - номзодлар билан суҳбат ўтказиш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари буйруғи билан 11-13 нафар аъзолардан иборат таркибда ташкил этиладиган комиссия;


эксперт гуруҳи - имтиҳон саволлари ва вазифаларини тузиш мақсадида Академия ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат таркибда Академия бошлиғи томонидан ташкил этиладиган гуруҳ.

Ушбу бандда қайд этилган комиссиялар фаолиятига Академия ва прокуратура органлари ходимлари, шунингдек бошқа ташкилот ва таълим муассасалари вакиллари, тегишли фанлар бўйича экспертлар жалб қилиниши (шу жумладан шартнома асосида) мумкин.


4. Академия қабул комиссиясининг жорий ишлари Академия қабул комиссияси масъул котиби (бундан буён матнда масъул котиб деб юритилади) томонидан ташкил этилади.

Академия қабул комиссияси фаолиятида унинг уч ва ундан ортиқ аъзолари ҳамда комиссия раиси иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


5. Магистратура битирувчиларига тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва "ҳуқуқ магистри" даражаси берилади.


6. Магистратурада ўқиш муддати бир йил.


7. Магистратурага ўқишга қабул қилинган прокуратура органлари ходимларининг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.


8. Магистратурага кириш учун ҳужжатлар ҳар йили 10 июндан 10 августга қадар қабул қилинади.


9. Магистратурага ўқишга қабул қилиш номзодлар учун тенг ҳуқуқлилик, қабулнинг ягона қоидалари ва танлов асосида амалга оширилади.

Тасдиқланган квоталар доирасида кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган номзодлар давлат грантлари бўйича биринчи навбатда, қолганлар рейтинг баллари асосида тўлов-контракт асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади.

Тўлов-контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдорини белгилаш бир талабани ўқитиш билан боғлиқ асосланган харажатлар миқдоридан келиб чиқиб Академия томонидан амалга оширилади.


10. Кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва суҳбат шаклида ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари ҳар йили, қоида тариқасида, август ойида, бир ҳафта муддатда, магистратурада ўқитиладиган тилда ўтказилади.


11. Ёзма имтиҳон мутахассислик фанлари ва чет тили бўйича ўтказилади.

Ёзма имтиҳон номзодларнинг мутахассислик фанлари бўйича таҳлил, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни баён этиш борасида қобилиятларини, шунингдек чет тилларини билишнинг тегишли даражасини аниқлашга қаратилган.


12. Суҳбат номзодларнинг:

юриспруденция соҳасида профессионал билим даражаси ва кўникмаларини, хусусан назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш, аниқ ҳуқуқий қарор қабул қилиш учун мавжуд далил ва ҳолатларни юридик жиҳатдан тўғри баҳолаш қобилиятини аниқлашга;

илмий-тадқиқот олиб бориш, хусусан таҳлил қилиш, фикрлаш, юриспруденцияга оид муаммоларни аниқлай олиш, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, асосий илмий тушунчалар ва илмий-тадқиқот ишлари усулларини тушуниш қобилиятини баҳолашга;

салоҳият даражасини, хусусан муаммоларни ҳал қилишга ноанъанавий ёндашувни қўллаши, ўз устида ишлаши ва малакасини оширишга бўлган интилишини аниқлашга қаратилган.


13. Магистратурага қабул қилишни ташкил этиш ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Академия қабул комиссияси томонидан ҳар йили 10 майдан бошлаб ўқишга қабул қилиш муддатлари, мутахассислик номлари, қабул квоталари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Академиянинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши таъминланади.


15. Магистратурага ўқишга қабул қилиш учун номзодлар томонидан Академия қабул комиссияси раиси номига ариза топширилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сўровнома;

олий маълумот тўғрисидаги диплом ёки дипломдан кўчирма (Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун);

чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи белгиланган даражадаги миллий ёки халқаро сертификатларнинг асл нусхаси (мавжуд бўлганда);

ички номзод учун, бундан ташқари, бевосита раҳбари томонидан ёзилган тавсиянома.

Мазкур бандда қайд этилган ҳужжатлар ариза билан бирга номзод томонидан Академия қабул комиссияси аъзоси-тегишли прокуратура органларининг кадрлар тармоқларига топширилади.


16. Академия қабул комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда номзодлар томонидан ҳужжатлар электрон шаклда Интернет халқаро ахборот тармоғи орқали ҳам тақдим этилиши мумкин.


17. Номзодлар маълумоти, чет тилини билиш даражаси, иш тажрибаси ва касб малакасига оид қўшимча маълумотларни тақдим этишлари мумкин.


18. Номзодлар томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг, уларга шу куннинг ўзида ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида Академия қабул комиссияси аъзоси - тегишли прокуратура органининг кадрлар тармоғи томонидан билдиришнома берилади.


19. Ҳужжатлар белгиланган муддатда тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, номзодга камчиликларни бартараф этиш ва ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагунга қадар уларни такроран тақдим этиш имконияти берилади.

Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.


20. Номзодларнинг аризалари рақамланган ва муҳрланган китобда рўйхатга олинади.


21. Ички номзодларнинг назарий билим ва амалий салоҳияти даражаси, шунингдек илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш учун зарур бўлган қобилият ва кўникмаларга эга эканлигини аниқлаш мақсадида улар хизмат олиб бораётган жойдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган прокуратура органларининг аттестация комиссияси томонидан суҳбат ўтказилади ва ички номзодларга оид ҳужжатлар ўрганилади.


22. Ички номзодлар билан ўтказилган суҳбат ҳамда уларга оид ҳужжатларни ўрганиш натижасига кўра, аттестация комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

ички номзодни магистратура кириш имтиҳонларида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида;

ички номзодни магистратура кириш имтиҳонларида иштирок этишга тавсия этишни рад қилиш тўғрисида.


23. Аттестация комиссиялари томонидан кириш имтиҳонларида иштирок этиши тавсия этилаётган ички номзодлар рўйхати, уларнинг аризалари ва ички номзоднинг бевосита раҳбари томонидан ёзилган тавсиянома аттестация комиссияси қарорига илова қилинган ҳолда Академия қабул комиссиясига юборилади.


24. Ички номзодлар рўйхатини шакллантириш, аттестация комиссияларида кўриб чиқиш, уларнинг ҳужжатларини Академия қабул комиссиясига юбориш магистратурага кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунига қадар амалга оширилиши лозим.



3-БОБ. КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ


1-§. Умумий қоидалар


25. Кириш имтиҳонларини ушбу Низомга қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш Академия қабул комиссиясига юклатилади.


26. Масъул котиб кириш имтиҳонларини ўтказиш санасини белгилаш ҳамда унда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган номзодлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида Академия қабул комиссияси раисига тақдимнома киритади ва бу ҳақда Академия қабул комиссияси раисининг буйруғи қабул қилинади.


27. Кириш имтиҳонларига киритилган фанлар дастури, қоида тариқасида, имтиҳон бошланишидан бир ой олдин Академия расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


28. Кириш имтиҳонлари бошлангунга қадар Академия қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ консультациялар ташкил этилади.


29. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёни видеотасвирга олинади, ундан нусха кўчириш тақиқланади.


30. Кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бинода кириш имтиҳонлари материалларини тарқатиш, йиғиб олиш ва сақлаш учун имтиҳон вақтида сейфлар билан жиҳозланган махсус хона-штаб тайёрланади.


31. Кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда уларни ўтказиш учун санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган зарур техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилади.


32. Кириш имтиҳонлари Академия қабул комиссияси ва (ёки) у томонидан белгиланган бошқа ваколатли ташкилот томонидан ўтказилади.

Академия қабул комиссияси раиси томонидан комиссия аъзолари, Академиянинг бошқа ходимлари ва келишув асосида жамоатчилик вакиллари аудиторияларга масъул (аудитория кузатувчиси) этиб жалб қилинади.

Академия қабул комиссияси қарорига асосан кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёни Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилиши мумкин.


33. Магистратуранинг барча мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари топшириқлари эксперт гуруҳи томонидан мутахассислик фанлари ва чет тиллари бўйича саволлар ва вазифалар шаклида тузилади.


34. Эксперт гуруҳи томонидан кириш имтиҳонлари саволлари ва вазифаларини тузишда қуйидаги талабларга алоҳида эътибор қаратилади:

а) мутахассислик фанлари бўйича:

номзодларда таҳлилий фикрлаш даражасини, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш, шунингдек ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни баён этиш қобилиятини аниқлашга қаратилиши;

тегишли фан ўқув дастурига, шунингдек тегишли соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги;

мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини акс эттириши;

лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши;

фойдаланилган тушунча ва атамаларни турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатларида ва фанда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилиши;

умумқабул қилинган грамматик, орфографик, пунктуация қоидаларига мувофиқ расмий тил услублари ва юридик терминологиядан фойдаланган ҳолда тузилиши;

б) чет тиллари бўйича:

номзодларнинг матн ва атамаларни тушуниш ва улардан фойдалана олиш даражасини аниқлашга қаратилиши;

қисқа, аниқ ва тушунарли тил билан ифодаланиши ва В2 даражасига мувофиқлиги;

умумқабул қилинган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидаларига мувофиқлиги.


35. Кириш имтиҳонлари саволлари ва вазифаларининг сифати ҳамда тўғри тузилганлиги бўйича масъулият эксперт гуруҳи раҳбарига юкланади.


36. Чет тилидан кириш имтиҳонлари саволлари ва вазифалари инглиз, немис, француз ёки Академия қабул комиссияси қарорига кўра, номзоднинг хоҳишини инобатга олиб, бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин.


37. Эксперт гуруҳи томонидан билетлар шаклида тузилган кириш имтиҳонлари саволлари ва вазифалари масъул котибга сақлаш учун топширилади.


38. Кириш имтиҳонларини ўтказиш вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар Академия қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин номзодлар эътиборига етказилиши лозим.


39. Кириш имтиҳонларини топшириш учун номзодлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан белгиланган вақт ва жойга келишлари лозим.

Белгиланган вақтдан кеч қолган номзодлар имтиҳонга киритилмайди, шунингдек келмаган номзодлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди ва бундай номзодларга тегишли имтиҳон учун "0" балл қўйилади.


40. Кириш имтиҳонларини топшириш учун номзодлар мутахассисликлар бўйича гуруҳларга бўлинади.


41. Имтиҳон куни аудиторияга ўқув адабиёти, луғат, маълумотнома, жадвал, конспект, ёзув дафтари, қоғоз ёки электрон шаклдаги шпаргалкалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, алоқа воситалари, аудио, фото ва видео ёзиш қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек имтиҳон саволлари ва вазифалари юзасидан номзодларнинг ўзаро суҳбатлашиши тақиқланади.


42. Номзодларнинг кириш имтиҳонлари давомида аудиториядан чиқиши тақиқланади. Соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда номзодларга имтиҳон материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.


43. Кириш имтиҳонларини ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган номзод кириш имтиҳонларидан четлаштирилади, бунда аудитория кузатувчиси томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, ушбу номзоднинг имтиҳон жавоблари баҳоланмайди ҳамда у имтиҳонда иштирок этмаган ҳисобланади.


44. Кириш имтиҳонлари ўтказилаётган вақтда бегона шахсларнинг кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бинога (аудиторияга) кириши тақиқланади.


45. Кириш имтиҳонлари учун максимал балл 250 баллни ташкил этади, ушбу баллар қуйидагилардан ташкил топади:

мутахассислик фанлари бўйича ёзма имтиҳон - 0 баллдан 100 баллгача;

суҳбат - 0 баллдан 100 баллгача.

Бунда ҳар бир жавоб 100 баллик тизимда баҳоланиб, ушбу баллар қўшилади ҳамда саволлар ва вазифалар сонига бўлинади, ҳосил бўлган қиймат тегишинча имтиҳон ва суҳбатдан олинган якуний балл ҳисобланади.

чет тили бўйича ёзма имтиҳон - 0 баллдан 50 баллгача.


46. Кириш имтиҳонлари натижалари Академия қабул комиссияси томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади.


47. Кириш имтиҳонлари натижалари Академия қабул комиссияси томонидан Академия расмий веб-сайтида дарҳол эълон қилинади.



2-§. Ёзма имтиҳонни ўтказиш


48. Ёзма имтиҳон мутахассислик фанлари ва чет тилидан ўтказилади.


49. Эксперт гуруҳи томонидан ёзма имтиҳонни ўтказиш учун мутахассислик фанлари ва чет тили бўйича савол ва вазифалар тузилади. Бунда мутахассислик фанларидан ёзма иш, қоида тариқасида, 3 та савол ва вазифадан, чет тили - 30 та савол ва вазифадан иборат бўлади.


50. Шакллантирилган ёзма иш билетлари конвертларга солинади, улар ўз навбатида тегишли мутахассисликлар бўйича аудиториялар сонини ҳисобга олган ҳолда алоҳида пакетларга солинади. Конвертлар ва пакетлар Академия қабул комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади ва штабда сақланади.


51. Аудитория кузатувчилари номзодлар гувоҳлигида ёзма иш билетлари солинган конвертлар муҳрланганлигига ишонч ҳосил қилгач, уларни очади.

Аудитория кузатувчилари ёзма иш билетларига жавоб ёзиш учун мўлжалланган қатъий ҳисобда турувчи рақамланиб муҳрланган дафтарларни тартиб билан тарқатади.

Бунда дафтарларнинг варақлари алмаштириш имконини истисно қиладиган тарзда Академия қабул комиссияси муҳри ва комиссия раисининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.


52. Аудитория кузатувчилари номзодларга дафтар муқовасида ўз фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиши, дафтар варақларини букламаслик, фарқ қилувчи белгилар қўймаслик, ёзувлар тагига чизмаслик, жавобларни белгилашда кўк ҳаворанг шарикли ручкадан бошқа ручкадан фойдаланмаслик ҳақида тушунтириш бериши, шунингдек ушбу талабларни бузиш ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида уларни огоҳлантириши лозим.


53. Ёзма ишни ёзишга, қоида тариқасида, тўрт соат вақт берилади.


54. Ёзма иш якунлангач, аудитория кузатувчилари ҳар бир дафтарнинг муқоваси ва биринчи варағига махсус шифрлар қўйиб, дафтарлар муқовасини йиртиб олади ва дафтарлар солинган қутиларни, шунингдек муҳрланиб, имзоланган конвертга солинган дафтарлар муқоваларини масъул котибга топширади.


55. Ёзма ишларни текшириш ва баҳолаш мақсадида имтиҳон якунланган куннинг ўзида махсус комиссия ташкил этилади.


56. Махсус комиссия аъзолари томонидан ёзма ишларни текшириш ва баҳолаш учун ажратилган хонага уяли телефонлар, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб кириш тақиқланади.

Ёзма ишларни текшириш жараёнини онлайн кузатиб боришни таъминлаш мақсадида мазкур жараён Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилиши мумкин.


57. Махсус комиссия раиси дафтарлар солинган қутиларни масъул котибдан қабул қилиб олиб, махсус комиссия аъзолари иштирокида очади ва дафтарларнинг муқовалари ажратилганлиги ва шифрланганлигини текширади.

Муқоваси ажратилмаган, шифрланмаган ёки номзоднинг шахсини аниқлаш имконини берувчи бошқа белгилар мавжуд бўлган дафтарлар аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади. Бундай ишлар текширилмайди.


58. Ёзма иш натижалари тегишли шифрлар билан алоҳида қайдномага киритилади.

Дафтарлар ва ёзма иш натижалари қайдномаси қутиларга солинади ҳамда махсус комиссия раиси томонидан масъул котибга топширилади.


59. Ёзма иш натижалари Академия қабул комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланадиган баённома шаклидаги қарор билан расмийлаштирилади.

Ёзма иш учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган номзодлар суҳбатга киритилмайди ва улар магистратурага кириш имтиҳонларидан ўта олмаган ҳисобланадилар.


60. Чет тили бўйича имтиҳон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолда имтиҳон ушбу Низом қоидаларини инобатга олган ҳолда, Академия билан келишилган тартибда ўтказилади ва баҳоланади.


61. Миллий сертификат ёки халқаро сертификатларнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган номзодларга чет тилидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади:

инглиз тили учун - B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5.5), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

немис тили учун - B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

француз тили учун - B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF), Тest de Connaissance du Francais (TCF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

япон тили учун - B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT N 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

бошқа тиллар учун - B2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори.



3-§. Суҳбат ўтказиш


62. Суҳбат бўйича комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширади.

Суҳбат бўйича комиссия раиси комиссия фаолиятини мувофиқлаштиради, унинг фаолиятини ташкилий таъминлаш комиссия котибига юклатилади.


63. Эксперт гуруҳи томонидан суҳбатни ўтказиш учун мутахассислик фанлари бўйича, қоида тариқасида, 3 та саволдан иборат имтиҳон билетлари шакллантирилади.


64. Академия қабул комиссияси томонидан суҳбат бошланишидан аввал номзодга махсус шифр берилади.


65. Номзод саволлар берилган билетни танлайди. Суҳбатга тайёрланиш учун номзодга 20 дақиқа ажратилади. Бунда суҳбатга тайёрланиш учун номзод қоғоз варақлардан ҳамда қалам ёки ручкадан фойдаланиши мумкин.


66. Суҳбат жараёнида номзод ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўрнига унга Академия қабул комиссияси томонидан берилган махсус шифрни айтиб, саволларга жавоб беради.


67. Суҳбатдан ўтиш жараёнида номзодга билетдаги саволлар мазмуни бўйича қўшимча 3 тагача савол берилиши мумкин. Битта номзод билан суҳбат 20 дақиқагача давом этади.


68. Суҳбат натижаларини баҳолаш учун суҳбат бўйича комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда баҳолаш варағини номзоднинг махсус шифри билан бирга тўлдириб, уни имзолайди ҳамда суҳбат бўйича комиссия котибига топширади. Комиссия котиби номзодга суҳбат бўйича комиссия аъзолари томонидан қўйилган ўртача баллни ҳисоблаб чиқади.


69. Суҳбат жараёни ва натижалари суҳбат бўйича комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган ва Академия қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.



4-§. Кириш имтиҳонлари натижалари

бўйича шикоятларни кўриб чиқиш


70. Ёзма имтиҳонлар ва суҳбат натижаларидан норози бўлган номзодлар жавоблар Академия расмий веб-сайтида эълон қилинган кундан бошлаб икки иш куни давомида апелляция комиссиясига шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Шикоятлар апелляция комиссияси томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади.

Номзод шикоятини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


71. Апелляция комиссияси томонидан шикоятларни кўриб чиқишда кириш имтиҳонларининг тўғри ўтказилганлиги, жавобларнинг холис текширилганлиги ва тўғри баҳоланганлигига баҳо берилади ва унинг натижаси бўйича апелляция комиссияси аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

номзоднинг шикоятини қаноатлантириш тўғрисида;

кириш имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида.

Қарор номзодга дарҳол етказилади.

Апелляция комиссияси қарори комиссия раиси, аъзолари ва котиби томонидан имзоланадиган баённомада расмийлаштирилади.


72. Зарур ҳолларда, апелляцияни кўриб чиқиш жараёнига махсус комиссия аъзолари, аудитория кузатувчилари ва бошқа шахслар жалб қилиниши мумкин.


73. Номзоднинг шикояти қаноатлантирилган тақдирда, апелляция комиссияси номзоднинг имтиҳон ишига узил-кесил балл қўяди.

Апелляция комиссияси қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



4-БОБ. МАГИСТРАТУРАГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


74. Академия қабул комиссияси томонидан номзодларнинг кириш имтиҳонларидан олган баллари жамланиб, умумий қайдномада ҳар бир мутахассислик бўйича ташқи ва ички номзодларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилади.

Рўйхатда номзодлар ҳар бир мутахассислик бўйича тўпланган энг юқори баллдан бошлаб камайиб бориш тартибида ҳамда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар кетма-кетликда жойлаштирилади.


75. Кириш имтиҳонлари натижалари ҳамда қабул квоталарини ҳисобга олган ҳолда, Академия қабул комиссияси томонидан минимал ўтиш баллари белгиланади.


76. Магистратурага ўқишга қабул қилиш жараёнида кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, квота бўйича белгиланган рўйхатда охирги ўринда турувчи номзоднинг тўплаган жами бали билан ундан кейинги ўринда турувчи номзодларнинг тўплаган баллари бир хил бўлса, уларнинг барчаси ўқишга қабул қилинадилар.


77. Умумий қайднома асосида Академия қабул комиссияси томонидан 12 сентябрга қадар номзодларни магистратурага ўқишга қабул қилишга тавсия этиш тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, Академия қабул комиссиясираиси томонидан тасдиқланади.


78. Ҳар йили 15 сентябрга қадар Академия бошлиғининг Академия қабул комиссияси баённомасига асосан номзодларни давлат гранти асосида магистратура тингловчилари сафига қабул қилиш ҳамда тўлов-контракт асосида номзодларни дарсга қўйиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади ҳамда бу ҳақдаги маълумот Академия расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тавсия этилган номзодлар шартномада белгиланган тўлов суммасининг ярмини 1 октябрга қадар тўлаган тақдирда Академия бошлиғининг магистратура тингловчилари сафига қабул қилиш ҳақида буйруғи чиқарилади.


79. Тўлов-контракт асосида дарсга қўйилган номзодлар шартномада белгиланган муддатда тўлов суммасини тўлиқ амалга оширишлари лозим.

Тўлов-контракт бўйича шартнома шартларини белгиланган муддатда бажармаган номзодлар ўқишдан четлаштирилади ва бу ҳақда Академия бошлиғининг буйруғи чиқарилади.

Ўқишдан четлаштирилган номзоднинг ўрнига Академия қабул комиссиянинг қарорига асосан баллар кетма-кетлиги бўйича рўйхатдаги кейинги номзод тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.


80. Магистратурага ўқишга қабул қилинган номзодларнинг кириш имтиҳонлари билан боғлиқ ҳужжатлари уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдига тикиб қўйилади.

Магистратурага ўқишга қабул қилинмаган номзодларнинг ҳужжатлари олти ой давомида сақланади ва кейинчалик белгиланган тартибда йўқ қилинади, уларнинг шахсий ҳужжатлари ўзига ёки ишончли вакилига қайтариб берилади.


81. Магистратурада ўқитишни ташкил этиш жараёни магистратура бўлими томонидан Академиянинг кафедра, марказ ва бўлимлари билан биргаликда амалга оширилади.


82. Магистратурада ўқитиш тингловчиларни прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга тайёрлаш мақсадида, уларни зарур ўқув-методик ва моддий-техник база билан таъминлаган ҳолда ташкил этилади.


83. Магистратурада академик кредит тизимининг жорий этилиши, Академия ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўқув методик, илмий-педагогик фаолияти, амалиёт ўташи, магистрлик диссертациясини тайёрлаши ва ўқитишни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар Академия томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


84. Мазкур Низомда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қопланади.


85. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


86. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси

магистратурасига қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Ўтказиладиган тадбирлар


Бажариш

муддатлари



1-босқич

Бош прокуратура Академияси, Академия қабул комиссияси


Бош прокуратура Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш муддатлари, мутахассислик номлари ва қабул квоталари тўғрисида Бош прокуратура ва Академия расмий веб-сайтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон бериш.


10 майдан

бошлаб









2-босқич

Бош прокуратура Академияси, Академия қабул комиссияси аъзоси - прокуратура органларининг кадрлар тармоқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, прокуратура органлари аттестация комиссиялари


Номзодлар томонидан ариза ва тегишли ҳужжатлар Академия қабул комиссияси аъзоси-прокуратура органларининг кадрлар тармоқларига топшириш;

Аттестация комиссиялари томонидан ички номзодлар билан суҳбат ўтказиш ва уларнинг кириш имтиҳонида иштирок этишига оид аттестация комиссияси қарорини қабул қилиш.

Кириш имтиҳонида иштирок этадиган номзодларнинг аризалари ва уларга илова қилинган ҳужжатларни Академия қабул комиссиясига юбориш.



10 июнь-

10 август









3-босқич

Бош прокуратура Академияси, Академия қабул комиссияси масъул котиби


Кириш имтиҳонлари олинадиган фанлар дастурини Академия расмий веб-сайтига жойлаштириш


Кириш имтиҳони бошланишидан бир ой олдин









4-босқич

Бош прокуратура Академияси, Академия қабул комиссияси


Кириш имтиҳонлари


1. Ёзма имтиҳон (ёзма иш ва чет тилидан имтиҳон) ни ўтказиш.


2. Ёзма ишни муваффақиятли топширган номзодлар билан суҳбат ўтказиш.


Қоида тариқасида, бир ҳафта ичида









5-босқич

Номзодлар


1. Кириш имтиҳони натижалари бўйича шикоят қилиш;



Кириш имтиҳони жавоблари эълон қилинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида



Апелляция комиссияси



2. Шикоятларни кўриб чиқиш.


2 иш кунида







6-босқич

Бош прокуратура Академияси, Академия қабул комиссияси


Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни магистратурага ўқишга қабул қилишга тавсия этиш


12 сентябрга қадар









7-босқич

Бош прокуратура Академияси бошлиғи


Қабул қилишни расмийлаштириш


1. Номзодларни давлат грантлари асосида магистратурага қабул қилиш ва тўлов-контракт асосида номзодларни дарсга қўйиш ҳақида буйруқ чиқариш;



15 сентябрга қадар




2. Номзодларни тўлов-контракт асосида магистратурага қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш.


1 октябрга қадар, шартномада белгиланган тўлов суммасининг ярми тўлангандан сўнг

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 31 август, 35-сон, 650-модда