Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.09.2019 й. 739-сон "ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида "Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.09.2019 й.

N 739



ОПЕК ХАЛҚАРО ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИ ИШТИРОКИДА "НАМАНГАН

ВИЛОЯТИНИНГ ЗАРКЕНТ, ХОДИКЕНТ, ИСҚОВОТ,

БУЛОҚБОШИ, ЁШЛИК ШАҲАРЧАЛАРИ ВА НАМАНГАН

ШАҲРИНИНГ СУВ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Наманган вилояти аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш, шунингдек, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:


1. "Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун:

а) 2019 йил 19 мартда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда ОПЕК жамғармаси деб аталади) Ўзбекистон Республикасига 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 20 йил мобайнида қайтариш муддати билан 53,96 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз берилишини маъқулланганлиги;

б) лойиҳанинг умумий қиймати 68,05 млн АҚШ долларини, шу жумладан:

ОПЕК жамғармаси қарзи - 53,96 млн АҚШ долларини;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси ҳиссаси - солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, шунингдек, инвестиция даврида молиявий чиқимларни тўлаш тарзида эквивалентда 8,1 млн АҚШ долларини ташкил этиши;

в) лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2020-2025 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - "Ўзсувтаъминот" АЖ) лойиҳа амалга оширилиши, ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади.

3. Қуйидагилар:

"Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

"Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳаси бўйича ОПЕК жамғармасининг қарзини қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ;

"Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳаси доирасида ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш бўйича улушлар тақсимотининг прогнози 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисига - Ўзбекистон Республикаси номидан ОПЕК жамғармаси билан лойиҳани амалга ошириш бўйича қарз битимини имзолаш;

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига - ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларини Ўзбекистон Республикаси, "Ўзсувтаъминот" АЖ, "Наманган сув таъминоти" МЧЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК жамғармаси ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқарув раиси ва Наманган вилояти ҳокимига:

тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш параметрларига мувофиқ лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши;

қайта кредитлаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ ОПЕК жамғармаси қарзини қайтариш ва у бўйича фоизларни ва воситачилик ҳақини тўлаш учун зарур бўлган маблағлар "Наманган сув таъминоти" МЧЖда ўз вақтида жамланиб борилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

7. Наманган вилояти ҳокимлиги:

сув қувури иншоотлари ва тармоқларини қуриш учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини;

2020 йилдан бошлаб Наманган вилояти маҳаллий бюджети параметрларида ОПЕК жамғармасининг қарзи бўйича фоизларни ва воситачилик ҳақини тўлашга, асосий қарзни қайтаришга Наманган вилояти "Сувоқова" ДУКнинг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда маблағларни назарда тутсин.


8. "Ўзсувтаъминот" АЖга лойиҳани мувофиқлаштириш ва бошқариш ҳамда ушбу гуруҳни малакали мутахассислар билан бутлаш функцияси юклансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги лойиҳа 2020 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 сентябрь