Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.09.2019 й. ПҚ-4444-сон "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.09.2019 й.

N ПҚ-4444



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАКТАБГАЧА

ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-5815-сон Фармонига мувофиқ:

2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Агентлик директори мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган 1 нафар ўринбосарга эга;

Агентликнинг штатлари сони Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳудудий органларидаги 57 та ишлаб чиқариш ходимлари штат бирлигини оптималлаштириш ҳисобидан жамланади.


3. Агентлик директорига:

зарур ҳолларда, мактабгача ва мактаб таълими вазири билан келишилган ҳолда Агентлик тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штатлари сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Агентлик ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

Агентлик ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, хорижий экспертларни шартнома асосида ишга жалб қилиш;

Агентлик тизимидаги ташкилотларнинг тузилмаларини тасдиқлаш ва штатларини белгилаш, шунингдек уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Агентлик директори бир ой муддатда Агентликка юклатилган вазифалар ижросини самарали таъминлаш учун уни зарур билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида 2019 йилда Агентлик таъминоти учун маблағларни ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;

4 та хизмат автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит белгиласин, шунингдек, Агентликка уларни харид қилиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин;

Агентликка асослантирилган ҳисоб-китобларга кўра аниқ харажатлардан келиб чиққан ҳолда моддий-техник базани шакллантириш учун зарур ускуналарни харид қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва маъмурий биноларни таъмирлашга 2019 йилда 3 миллиард сўм, 2020 йилда эса 7 миллиард сўмгача маблағлар ажратилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Агентликнинг жойлаштирилишини таъминласин;

Агентлик тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, энг янги ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш ва спорт ускуналари, анжомлар, инвентарь ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш дастурини тасдиқласин;

2020-2025 йилларда ижод мактаблари фаолиятини такомиллаштириш концепциясини кўриб чиқиш учун киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентлик билан биргаликда ҳар йили:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг турли фанлардан халқаро олимпиадаларда иштирок этишини;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг хорижий маданий-маърифий сафарларини;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг педагог ходимларининг илғор хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириш ва стажировкадан ўтишини ташкиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.


8. Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 сентябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 10 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 16 сентябрь, 37-сон, 682-модда