Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш ва малакааттестатини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.09.2019 й. 765-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 сентябрдаги

765-сон қарорига

1-ИЛОВА



Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан

(қайта аттестациядан) ўтказиш ва малака

аттестатини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ суд бошқарувчиларига қўйиладиган профессионал ва малака талабларини, суд бошқарувчилари ваколатларини, шунингдек, суд бошқарувчисига мукофот тўлаш ва малака аттестатини бериш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикасининг суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган фуқароси суд бошқарувчиси ҳисобланади ва у иқтисодий суд томонидан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда:

кузатув тартиб-таомилини жорий этишда - муваққат бошқарувчи кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади. Муваққат бошқарувчи номзоди кредиторлар томонидан таклиф этилмаган тақдирда, у Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ёки унинг ҳудудий бошқармаси ёхуд Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) ёки унинг ҳудудий бўлинмаси таклиф этган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланади;

суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширишда - кредиторлар йиғилиши ёки мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;

ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга оширишда - ташқи бошқарувчи ҳар қандай кредитор томонидан ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;

банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тартиб-таомилини амалга оширишда - тугатиш бошқарувчисини ташқи бошқарувчини тайинлаш учун назарда тутилган тартибда тайинланади. Устав фондида (устав капиталида) давлатнинг улуши бўлган корхона банкрот деб топилган тақдирда Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси ҳам тугатиш бошқарувчилигига номзод тақдим этиши мумкин;

жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга оширишда - молиявий бошқарувчи қарздор жисмоний шахс ёки кредиторлар ёхуд Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси ёхуд Ассоциация ёки унинг ҳудудий бўлинмаси таклиф этган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланади.

3. Суд санацияси ёки ташқи бошқарув ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширишда муваққат бошқарувчи ваколатини амалга оширувчи шахс номзоди суд бошқарувчиси сифатида кўриб чиқилиши мумкин.

4. Ассоциация Агентлик томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолайди ва суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.


5. Иқтисодий суд тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларидан келиб чиқиб, қуйидаги суд бошқарувчиларини тайинлайди:

кузатув тартиб-таомилини амалга ошириш учун - муваққат бошқарувчи;

суд санацияси тартиб-таомилини амалга ошириш учун - санация бошқарувчиси;

ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга ошириш учун - ташқи бошқарувчи;

банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - тугатиш бошқарувчиси;

жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - молиявий бошқарувчи.

6. Мустақиллик, объективлик ва холислик суд бошқарувчиси фаолиятининг асосий тартиботлари ҳисобланади.


7. Суд бошқарувчиси:

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши;

бухгалтерия ҳисоби, мол-мулкни баҳолаш ва менежментга оид билимлар асосига эга бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосларини билиши;

қарздорни молиявий соғломлаштириш ва кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қондириш ечимларини топиши;

тўловга қобилиятсизлик соҳасида профессионал билимларга эга бўлиши, уларни доимий равишда такомиллаштириши;

юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши - топширилган ишга виждонан муносабатда бўлиши, ўз фаолиятини амалга оширишда ижрочи, ташаббускор, интизомли, босиқ, эмоционал ва руҳий барқарор бўлиши зарур.


8. Суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини ўтказиш жараёни давомида қарздор ва кредиторларга нисбатан бетараф бўлиши лозим.

9. Суд бошқарувчиси ўз вазифаларини бажаришда қарздор ва кредиторлар билан меҳнат муносабатларида, шунингдек, уларнинг мулкдорлари ва мансабдор шахслари билан мулкий ва бошқа манфаатларга эга бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ПРОФЕССИОНАЛ ВА МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


10. Суд бошқарувчиси қуйидаги асосий малака талабларига мос келиши зарур:

олий маълумотли бўлиши;

камида икки йил меҳнат стажига эга бўлиши;

Агентликда аттестациядан ўтиши.


11. Мазкур Низомнинг 10-бандида кўрсатилган асосий талаблардан ташқари суд бошқарувчиларига қуйидаги қўшимча малака талаблари қўйилади:

кузатув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширувчиларга - ўрта бўғин раҳбари (цех бошлиғи, участка бошлиғи, бўлим бошлиғи ва бошқалар) сифатида икки йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш ёхуд тўртинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш;

суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - раҳбарлик лавозимида (ташкилотнинг раҳбари, раҳбар ўринбосари, бош бухгалтери ва бошқалар) икки йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига ёхуд учинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида ўн икки ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш;

ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - ўрта бўғин раҳбари сифатида ва раҳбарлик лавозимида беш йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига, шу жумладан раҳбарлик лавозимида уч йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига ёхуд иккинчи тоифадаги суд бошқарувчиси бўлиб ишлаган даврда камида икки марта суд санацияси ва (ёки) тугатишга доир ишларни юритиш тартиботларини амалга оширишда суд бошқарувчиси сифатида меҳнат стажига эга бўлиш;

тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини ҳамда жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга оширувчиларга - икки йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш.

12. "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ суд бошқарувчиси сифатидаги фаолиятни амалга оширишга чекловлар мавжуд бўлган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланиши мумкин эмас.


3-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИСИГА МУКОФОТЛАР

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


13. Суд бошқарувчисига ўз вазифаларини бажариши учун мукофот тўлаш миқдори кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) томонидан белгиланади ва иқтисодий суд томонидан тасдиқланади. Суд бошқарувчисига мукофот "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда қарздор мол-мулки ҳисобидан тўланади, агар кредиторлар билан келишувда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса.

14. Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Давлат солиқ хизмати органининг аризасига асосан жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ва (ёки) тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари судга ариза берган давлат солиқ хизмати органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Агар суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилмаган бўлса, суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қайтаради.

Иқтисодий суднинг тугатишга доир иш юритиш жараёнини якунлаш тўғрисидаги ажрими чиқарилганидан сўнг уч кун муддатда суднинг депозит ҳисобварағидан ушбу моддада белгиланган миқдорда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари тўлаб берилади.

20. Иқтисодий суд томонидан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомиллари тугатилганда ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритиш тугатилганда, ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ назарда тутилган мукофот тўланмайди.

21. Кредиторлар йиғилиши қарорига асосан суд бошқарувчисига унинг иш фаолияти натижаси бўйича қўшимча мукофот белгиланиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини амалга оширишда солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик қопланганда, кредиторлар йиғилишининг қарори билан суд бошқарувчисига унинг фаолияти якунларига кўра "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасида мувофиқ қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин.


4-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


22. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари суд бошқарувчиси томонидан ўз вазифаларига риоя этилишини назорат қилади.


23. Агентлик ўз ваколатлари доирасида:

суд бошқарувчиси фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ текшириш;

текширишлар ўтказишда пайдо бўладиган масалалар юзасидан суд бошқарувчисидан зарур тушунтиришлар ва материалларни сўраш;

текширишлар натижаларига асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;

суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш ҳамда уларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

суд бошқарувчисини огоҳлантириш;

суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) ёки тўхтатиб туриш;

суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.


24. Суд бошқарувчиси Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан текширишлар ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаши, шу жумладан зарур ахборот ва материалларни тақдим этиши шарт.

Суд бошқарувчиси унинг фаолиятини текшириш жараёнида Ассоциация ёки унинг ҳудудий бўлинмаси ходими кузатувчи сифатида иштирок этишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


25. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида:

қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари мониторингини юритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суд бошқарувчиси фаолиятини текширади;

қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари ҳақида керакли бўлган маълумот ва материалларни суд бошқарувчисидан сўраб олади;

текширишлар натижалари асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатнома тузади ва Суд бошқарувчилари аттестация комиссиясига (кейинги ўринларда аттестация комиссияси деб аталади) кўриб чиқиш учун киритади;

суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



5-БОБ. ТАЛАБГОРЛАРНИНГ СУД БОШҚАРУВЧИСИ

АТТЕСТАТИНИ ОЛИШ (ҚАЙТА АТТЕСТАЦИЯДАН

ЎТИШ) ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


26. Суд бошқарувчиси малака аттестатини (кейинги ўринларда Аттестат деб аталади) олиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

27. Аттестат Агентлик томонидан ушбу Низомга мувофиқ суд бошқарувчиси аттестатини олишга талабгорларни (кейинги ўринларда талабгорлар деб аталади) аттестациядан ўтган тақдирда берилади.

Идоралараро ахборот алмашинуви идентификация қилиш воситаларини мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.

28. Суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият Агентлик томонидан қуйидаги тўрт тоифага мувофиқ берилган аттестат асосида амалга оширилади:

юридик шахслар тўловга қобилиятсизлигининг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - тўртинчи тоифадаги аттестат;

кузатув, тугатишга доир иш юритиш, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - учинчи тоифадаги аттестат;

кузатув, суд санацияси, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - иккинчи тоифадаги аттестат;

кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун - биринчи тоифадаги аттестат.

29. Барча тоифадаги аттестатларнинг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил қилади.


30. Талабгор аттестат олиш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг Агентликка тушган ва Агентлик томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.

Талабгор ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, эса, мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади. Сўровномага хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисида ваколатли давлат органи гувоҳномасининг нусхаси (мавжуд бўлса), суд бошқарувчисини тайёрлаш бўйича ўқув курсини ўтаганлиги тўғрисида гувоҳноманинг нусхасини ва фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича адвокат лицензиясини (мавжуд бўлса) илова қилади.

Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштирилиб киритилгандан сўнг талабгор уни идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан тасдиқлайди.

Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг кўрсатилганлиги унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.

Қуйидаги ҳужжатлар Агентлик томонидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда сўраб олади:

олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари;

меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;

судланганлиги бекор бўлганлиги ёки олиб ташланганлиги тўғрисидаги маълумот;

ариза кўриб чиқилганлиги учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи маълумот;

талабгорнинг паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари.

31. Иккинчи тоифадаги аттестатни олиш учун раҳбарлик лавозимида камида икки йиллик иш стажга эга бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари Агентликка иқтисодий суднинг:

суд бошқарувчиси сифатида аввалги тайинланишлар тўғрисидаги;

учинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида ўн икки ой вазифаларни ижро этганлигини тасдиқловчи тўловга қобилиятсизлик тартиб-томилларини амалга оширилгани ҳақида суд бошқарувчисининг ҳисоботларини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлари нусхалари тақдим этилади.

32. Талабгорнинг ўрта бўғин раҳбари сифатида ва раҳбарлик лавозимида камида беш йиллик меҳнат стажи, шундан раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик меҳнат стажи мавжуд бўлмаганда, биринчи тоифадаги аттестатни олиш учун ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари Агентликка иқтисодий суднинг:

суд бошқарувчиси сифатида аввалги тайинланишлар тўғрисидаги;

суд бошқарувчисининг ҳисоботларини тасдиқлаш ҳақида, иккинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида ишлаган даврда камида иккита суд санацияси ва (ёки) тугатиш ишлари тартиботлари якунлангани тўғрисидаги ажримларининг нусхалари тақдим этилади.


33. Аттестат бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аттестат бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 фоизи ундирилади.

Аттестат бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўловлари Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:

18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

0,5 фоизи - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);

қолган маблағлар - Агентликка ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;

11,75 фоизи - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);

қолган маблағлар - Агентликка ўтказилади.

35. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўн дақиқада Агентликка электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда Агентликка юборилади.


6-БОБ. АТТЕСТАЦИЯДАН (ҚАЙТА АТТЕСТАЦИЯДАН)

ЎТКАЗИШ ВА АТТЕСТАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


36. Агентлик сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг аттестацияга (қайта аттестацияга) қўйилиши ёки қўйилмаслигини белгилайди.

Бунда талабгор ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган малака талабларига жавоб бермаганда, ушбу талабгор аттестацияга (қайта аттестацияга) қўйиш рад этилади.

36-1. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, Агентлик талабгорга 5 иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.

Бунда талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган бўлса, Агентлик унинг шахсий кабинетига сўровномани қабул қилмаслик тўғрисида асослантирилган хабарнома юборади ёки талабгор Марказ орқали мурожаат этган бўлса, Марказ уни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Талабгор беш иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янгидан берилган деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.

36-2. Қуйидагилар талабгорнинг аттестацияга (қайта аттестацияга) қўйилмаслиги учун асос бўлади:

талабгор ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган малака талабларига жавоб бермаганда;

ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилганлиги аниқланганда;

талабгор томонидан ушбу Низомнинг 36-1-бандида белгиланган муддатда ҳужжатлар қайта тақдим этилмаганда.

Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

Аттестацияга (қайта аттестацияга) қўйилиши рад этилган талабгор Марказга ёки ЯИДХП орқали рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейин 10 иш кунида қайта сўровнома бериши мумкин.

Такрорий топширилган ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги сўровнома олинган кундан бошлаб 3 иш куни давомида Агентлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар такроран кўриб чиқилади.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда Агентлик томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

36-3. Аттестация (қайта аттестация) ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот Агентлик томонидан белгиланиб, ушбу маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида аттестация ўтказиш санасидан ўн беш кун олдин жойлаштирилади.

37. Талабгор аттестат олиш учун Аттестация комиссияси томонидан белгиланган махсус дастур бўйича ва муддатларда тест имтиҳони топширади.


38. Аттестация (қайта аттестация) сўровнома Агентликка келиб тушган кундан бошлаб ўттиз кундан кечикмай имтиҳон шаклида ўтказилади.

39. Тест имтиҳони топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификация ID-картаси, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси кабилар) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд тест имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақда талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.

39-1. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта тест имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга аттестат бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда тест имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

Ҳужжатлар мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.

40. Имтиҳон компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгори танлаган тилда элликта тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.


41. Тест саволлари ва жавоблар вариантлари Ассоциация таклифларини ҳисобга олган ҳолда, Агентлик томонидан суд бошқарувчиларини ўқитиш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган махсус ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.

Тест саволларининг мазмуни ва жавоблар вариантлари тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида мунтазам равишда қайта кўриб чиқилади.

42. Имтиҳон топшириш вақтида Аттестация комиссиясининг камида икки аъзоси кузатувчи сифатида иштирок этади.


43. Имтиҳон топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:

қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

мобил алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

имтиҳон кабинетидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).

Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синови ўтаётган хонадан чиқариб юборилади ва имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

Бегона шахсларга имтиҳонда иштирок этишга рухсат берилмайди.

44. Имтиҳон якунлангандан кейин талабгор натижалар билан танишиб, кузатувчилар билан биргаликда имтиҳон натижалари бланкасини имзолайди.


45. Агар аттестат талабгори имтиҳон натижаларидан норози бўлса ёки натижалар бланкасини имзоламаса, бланка аттестация комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан имзоланади. Аттестация комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан имзоланган натижалар бланкаси имтиҳони натижаларини қайд этиш учун асос ҳисобланади.


46. Имтиҳон якунлари бўйича талабгор олинган натижалар асосида аттестациядан ўтган ёки аттестациядан ўтмаган деб тан олинади.


47. Имтиҳон натижалари Аттестация комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва раиси томонидан тасдиқланади.


48. Талабгорга аттестация натижаларига асосан қуйидаги тоифадаги аттестатлардан бири берилади:

саволларнинг камида 85 фоизига тўғри жавоб берганда - биринчи тоифа;

саволларнинг камида 75 фоизига тўғри жавоб берганда - иккинчи тоифа;

саволларнинг камида 65 фоизига тўғри жавоб берганда - учинчи тоифа;

саволларнинг камида 50 фоизига тўғри жавоб берганда - тўртинчи тоифа.

Тест имтиҳонининг натижалари имтиҳон ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

49. Тест имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида тест имтиҳони онлайн режимда намойиш этилади ва уни ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилади, видеотасвир Агентликда уч йил мобайнида сақланади.

50. Аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтмаган ёки аттестат тоифасини ошириш истаги бўлган талабгор тест имтиҳонини такроран топшириш учун аттестация ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда тест имтиҳонидан ўтишга ёки аттестат тоифасини ошириш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.

51. Аттестацияни қайта топшириш якунларига кўра талабгор аттестациядан ўтмаган тақдирда, шунингдек, Агентлик қарорига асосан аттестатнинг амал қилиш муддати тўхтатилганда (бекор қилинганда), талабгор навбатдаги аттестацияга фақат суд бошқарувчиларини тайёрлаш дастури бўйича ўқув курсини белгиланган тартибда такроран ўтагандан кейин қўйилади.

52. Талабгор имтиҳон натижалари юзасидан охирги имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб бир ой мобайнида аппеляция бериш ҳуқуқига эга.

Талабгорнинг тест имтиҳони натижаларидан рози эмаслиги аппеляция беришга асос бўлиши мумкин.


53. Талабгор асосли эътирозлари баён қилинган аппеляцияни Аттестация комиссияси раиси номига беради. Аппеляцияни кўриб чиқиш муддати у берилган кундан бошлаб уч кундан ошмаслиги керак. Аппеляцияни кўриб чиқиш натижаси баённома билан расмийлаштирилади.

Аппеляцияни қайта беришга йўл қўйилмайди.


54. Талабгор Аттестация комиссияси қароридан рози бўлмаган тақдирда, унинг қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.


55. Агентлик тест имтиҳонининг натижалари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган аттестатни ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ расмийлаштиради ва уни ўз электрон рақамли имзоси (ЭРИси) билан тасдиқлайди ҳамда Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

Марказ аттестат олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ аттестатни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.

56. Агентлик берилган аттестатлар тўғрисида Суд бошқарувчиларининг ягона реестрига (кейинги ўринларда - Реестр) тегишли ёзув киритади.


7-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИНИНГ

ЯГОНА РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


57. Агентлик Реестрни электрон шаклда юритади.

58. Реестрда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

шахсини тасдиқловчи маълумотлар ((ЖШШИР маълумотлари) ва яшаш манзили;

аттестат олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

иш жойи (мавжуд бўлса);

боғланиш маълумотлари;

аттестатнинг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;

аттестат тоифаси;

аттестатнинг амал қилиш муддати;

аттестатнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тўхтатилганлиги, бекор қилинганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар;

Агентлик зарур деб ҳисоблайдиган бошқа қўшимча маълумотлар.

59. Суд бошқарувчиси Реестрга тегишли ёзувларни қайд қилиш йўли билан киритилади.


60. Реестр ҳақидаги маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


61. Суд бошқарувчиси Реестрдан ушбу Низомда назарда тутилган асослар бўйича аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида Агентликнинг қарори асосида чиқарилади.


62. Агентлик томонидан суд бошқарувчисини Реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида Реестрда тегишли ёзув қайд қилинади.


63. Суд бошқарувчисининг Реестрдан чиқарилган ҳужжатларини сақлаш муддати чиқарилган кундан бошлаб камида беш йил бўлиши зарур.



8-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИНИНГ

ИШ ТАРТИБИ


64. Аттестация комиссияси талабгорларни аттестациядан ва суд бошқарувчиларини қайта аттестациядан ўтказишни ташкил этадиган коллегиал орган ҳисобланади.

Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби Агентлик томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига Агентлик раҳбар ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Ассоциация раиси (келишувга кўра) киритилади.

Аттестация комиссияси таркиби раис, икки нафар раис ўринбосари, тўрт нафар аъзо ва комиссия котибидан иборат. Комиссия котиби овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Агентлик директорининг ўринбосари лавозимига кўра аттестация комиссияси раиси ҳисобланади.

65. Аттестация комиссиясининг мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади. Аттестация комиссияси раиси унинг мажлисларини ўтказади, баённомаларни ва бошқа ҳужжатларини имзолайди. Аттестация комиссияси раиси йўқлигида, унинг ваколатларини ушбу комиссия раисининг ўринбосарларидан бири амалга оширади. Аттестация комиссияси котиби комиссия мажлисларини ташкил этиш ва ўтказишни ташкил этиш учун масъул ҳисобланади.

66. Аттестация комиссиясининг мажлиси унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ўтказилади.


67. Аттестация комиссиясининг қарорлари Аттестация комиссияси мажлисида қатнашадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади.


68. Аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш (санаси, жойи ва вақти) тўғрисида Аттестация комиссияси аъзоларига комиссияси котиби томонидан хабар берилади.

Аттестация комиссияси мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси мажлис бошланишидан камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади. Агар суд бошқарувчиси хабардор қилинган бўлиб мажлисга келмаган бўлса, аттестация комиссияси ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқиши мумкин.

68-1. Аттестация комиссияси суд бошқарувчиси томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилади. Қуйидагилар суд бошқарувчилари томонидан содир этилган қонун бузилиши юзасидан ишнинг кўрилиши учун асос ҳисобланади:

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари назорат қилиш бўйича ўз ваколатларини амалга оширишда суд бошқарувчилари фаолиятида қонун бузилиши аломатлари тўғрисидаги маълумот ва текшириш далолатномалари;

давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тушган ахборот, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятлари, оммавий ахборот воситаларидаги қонун бузилиш аломатлари тўғрисидаги маълумотлар ва хабарлар;

суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан суд бошқарувчиси томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тўғрисидаги хабарлар, тақдимнома ва хусусий ажримлар.

68-2. Ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси иш материаллари билан танишишга ва улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, ишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга, илтимосномалар тақдим этишга ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.

68-3. Аттестация комиссияси ишни кўриш натижалари бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқлаган ҳолларда, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма юбориш ёки суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда мазкур қарорни Агентликка киритади.

68-4. Аттестация комиссиясининг ушбу Низомнинг 68-3-бандида назарда тутилган қарори асосида Агентлик бир ҳафта муддатда суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма беради ёки аттестатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилади.

Агентликнинг қарори (кўрсатмаси) ўзига нисбатан иш кўрилган суд бошқарувчига қарор (кўрсатма) чиқарилган кундан бошлаб уч кун муддатда юборилиши керак.

68-5. Суд бошқарувчисига берилган кўрсатмада қонун бузилишларини бартараф этиш учун суд бошқарувчисига бир ой муддат берилади. Ушбу муддат йўл қўйилган қонун бузилиши таснифидан келиб чиқиб, суд бошқарувчисининг мурожаатига мувофиқ комиссия томонидан кўпи билан бир ойгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Суд бошқарувчиси кўрсатмада белгиланган муддатда қонун бузилиши ҳолатларининг бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи далиллар билан бирга Агентликка тақдим этиши лозим.


9-БОБ. АТТЕСТАТЛАРНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА АТТЕСТАТ

ДУБЛИКАТЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


69. Аттестатда кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор аттестатни қайта расмийлаштириш учун ўн иш куни ичида Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.

Сўровнома тўлдирилганидан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Аттестатни қайта расмийлаштирганлик учун тўлов ундирилмайди.

Аттестатни қайта расмийлаштириш даврида унинг эгаси ўз фаолиятини Агентлик томонидан аввал берилган аттестат асосида амалга оширади.

75. Агентлик талабгорларнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда аттестатни қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 55-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


10-БОБ. АТТЕСТАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА ТЎХТАТИШ

(БЕКОР ҚИЛИШ)


79. Агентлик суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга.


80. Агентлик аттестатнинг амал қилишини қуйидаги асосларга кўра тўхтатиб туришга ҳақлидир:

аттестат олингандан кейин аттестация учун аввал тақдим этилган ҳужжатларда маълумотларнинг нотўғри кўрсатилганлиги аниқланганда;

тўловга қобилиятсизлик тартиб-томилларида қатнашувчи суд бошқарувчиси мажбуриятлари тегишли даражада бажарилмаганда;

суд бошқарувчиси томонидан Агентликнинг аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмалари ёки фармойишларини тегишли даражада бажарилмаганда;

иш юритувидаги бир ёки бир нечта корхоналарда суд бошқарувчилари фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда;

суд қарори (ҳужжати) асосида.

81. Агентлик суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилиши тўғрисида Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва иқтисодий судни ёзма равишда хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида иқтисодий судга аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилган суд бошқарувчисининг ўрнига номзодни тақдим этади.


82. Агентлик иқтисодий суд томонидан янги тайинланган суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма беради.


83. Агентликнинг ҳудудий бошқармаси Ассоциациянинг ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда суд бошқарувчисининг аттестатини тиклаш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида Аттестация комиссиясига кўриб чиқиш учун таклиф киритади.


84. Аттестация комиссиясининг қарори суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тиклаш ёки тўхтатишга (бекор қилишга) асос бўлади.


85. Агентлик аттестатнинг амал қилишини қуйидаги асосларга кўра тўхтатишга (бекор қилишга) ҳақлидир:

аттестат олинганидан кейин аввал аттестацияга тақдим этилган ҳужжатларда ахборотни бузиш ҳолатлари аниқланганда;

иш юритувидаги бир ёки бир нечта корхоналарда қонун ҳужжатларининг бир неча марта (бир мартадан кўп) бузилиш ҳолатлари аниқланганда;

Агентликнинг аниқланган бузилишларни бартараф этиш ҳақидаги кўрсатма ёки фармойишлари бажарилмаганда ёки тегишли даражада бажарилмаганда;

иш юритувидаги бир ёки бир нечта корхоналарда суд бошқарувчилари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилиши аниқланганда. Суд бошқарувчисининг кредитор ёки қарздор манфаатларига зарар етказган ҳаракатлари қонун ҳужжатларининг қўпол бузилиши ҳолатларига киради;

суд бошқарувчисининг аризасига кўра;

суд қарори (ҳужжати) асосида.

86. Агентлик аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб уч кун муддатда ушбу қарор тўғрисида суд бошқарувчисига ва иқтисодий судга тасдиқловчи асослар билан ёзма равишда хабар қилади.

Талабгор Агентлик томонидан аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч йил давомида имтиҳонни қайта топширишга қўйилмайди, ушбу Низомнинг 85-банди олтинчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


87. Амал қилиши тўхтатиб турилган ва тўхтатилган (бекор қилинган) аттестатлар тўғрисидаги маълумотлар Агентлик томонидан Реестрга киритилади.


88. Агентлик қуйидаги ҳолларда суд бошқарувчисини Аттестация комиссиясининг қарорига асосан вазифаларини бажаришдан озод этиш тўғрисида иқтисодий судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга:

иш юритувидаги бир ёки бир нечта корхоналарда тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини амалга ошириш бўйича қонун ҳужжатлари бир неча марта ёки бир марта қўпол бузилганда;

аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича Аттестация комиссиянинг қарори (кўрсатмаси) белгиланган муддатда бажарилмаганда;

аттестатнинг амал қилиши тўхтатиб қўйилганда ёки бекор қилинганда;

тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ суд бошқарувчиси зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаганда ёки тегишли даражада бажармаганлиги сабабли қарздор ёки унинг кредиторларга зарар етказилганда;

"Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ шахсни суд бошқарувчиси этиб тайинлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар аниқланган тақдирда;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.


89. Агентлик қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


90. Суд бошқарувчиларининг фаолияти "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу Низомда назарда тутилган ҳолларда тўхтатилади.

91. Суд бошқарувчисининг профессионал фаолияти, унинг кредитор ва қарздор билан муносабатларидаги келишмовчиликлар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.


92. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


93. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Суд бошқарувчиларини аттестациядан

(қайта аттестациядан) ўтказиш ва уларга аттестат

бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Талабгор


Аттестатни олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали мурожаат қилади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази



1. Сўровнома шаклини тўлдириб, Давлат активларини бошқариш агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) юборади.



1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин ўн дақиқада


2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали


2. Тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда Агентликка юборилади.


2. Аниқ вақт режимида







3-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


Сўровнома келиб тушганидан сўнг аттестацияга (қайта аттестацияга) қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва бу ҳақда талабгорни хабардор қилади.


Уч иш кунида






Аттестацияга (қайта аттестациядан) қўйилган талабгорлар рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


Аттестация ўтказиш санасидан беш кун олдин







4-босқич

Давлат активларини бошқариш агентлиги


1. Аттестация (қайта аттестациядан) натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг аттестатни QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.


1. Уч иш кунида


2. Расмийлаштирилган аттестат Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.


2. Автоматик тарзда







5-босқич

Давлат хизматлари маркази


1. Аттестат олингандан сўнг уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


1. Ўн дақиқада


2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.


2. Талабгорнинг сўровига кўра

           




Низомга

2-ИЛОВА


Суд бошқарувчиларини аттестациядан

(қайта аттестациядан) ўтказиш ва уларга аттестат

бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

1. Ф.И.О.:



2. Паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари (серияси, рақами, ЖШШИР):



3. Маълумоти (олий таълим муассасаси номи, факультет):



3.1. Тамомлаган йили, диплом рақами:



3.2. Диплом бўйича мутахассислиги:



4. Суд бошқарувчиларни ўқитиш бўйича махсус ўқув курсини ўтаганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган вақти:



5. Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш ихтисослашуви бўйича адвокат лицензиясининг нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда):



6. Яшаш манзили:



7. Мобил телефони рақами, электрон почта манзили (e-mail):



           





Низомга

3-ИЛОВА

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

DAVLAT AKTIVLARINI BOSНQARISН AGENTLIGI

___________-toifali


SUD BOSHQARUVCHISINING ATTESTATI

000000 - son


O`zbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining sud boshqaruvchilarini attestatsiyadan o`tkazish komissiayasining 20___ yil ___ _________ da o`tkazilgan imtihon natijasiga binoan


(familayasi, ismi, otasining ismi)

SUD BOSHQARUVCHISI

attestati berildi.


Mazkur sud boshqaruvchisi attestati uning egasini:

sifatida tayinlash to`g`risidagi masalani ko`rib chiqish uchun asos hisoblanadi.


Attestat 20___ yil ____ _________ da berilgan.

Attestat 20___ yil ____ _________ gacha amal qiladi.



Vakolatli shaxs:


QR-kod

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 сентябрь