Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.09.2019 й. 765-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 сентябрдаги

765-сон қарорига

2-ИЛОВА



Суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун

талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари

малакасини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини оширишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация бошқарувчиси, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси, молиявий бошқарувчи) - тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказиш учун суд томонидан тайинланадиган шахслар;

суд бошқарувчиси (вақтинча бошқарувчи, санация бошқарувчиси, ташқи бошқарувчи, тугатиш ишлари бошқарувчиси) - банкротлик таомилларини ўтказиш учун иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;


талабгор - гувоҳнома олиш учун ўқув курсида ўқийдиган шахс;


гувоҳнома - тасдиқланган махсус ўқув курсига мувофиқ суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича махсус курсларда ўқиганликни тасдиқловчи ва суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун асос бўладиган ҳужжат;


махсус дастур - талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш бўйича ўқув дастури;


сертификат - суд бошқарувчиси малака ошириш курсларида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат.



2-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИСИ АТТЕСТАТИНИ ОЛИШ

УЧУН ТАЛАБГОРЛАРНИНГ АРИЗАЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


3. Талабгор суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун камида икки йиллик иш стажига ва олий маълумотга эга бўлиши лозим.


4. Талабгор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабига (кейинги ўринларда Олий мактаб деб аталади) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

паспорт нусхаси;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувоҳномасининг нусхаси;

мутахассислиги бўйича камида икки йиллик меҳнат стажини тасдиқловчи меҳнат дафтарчасидан нусха ёки "Электрон меҳнат дафтарчаси" тизимидан кўчирма;

3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат.

Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


5. Талабгор томонидан мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатлар Олий мактабга шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали уларнинг олинганлигини тасдиқловчи хабарнома билан бирга топширилади.


6. Олий мактаб талабгорнинг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб уч иш куни давомида ўқишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Талабгорга ўқишга рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, тақдим этилган ҳужжатлар тегишли қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб уч иш кунидан кечикмасдан рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда қайтарилади.


7. Талабгорга қуйидаги асослар бўйича ўқишга рухсат берилмайди:

Талабгорнинг мазкур Низомнинг 3-банди талабларига мос келмаслиги;

мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда.

Бошқа асослар бўйича ўқишни рад этишга йўл қўйилмайди.


8. Ўқитиш белгиланган тартибда шартнома асосида амалга оширилади.



3-БОБ. СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИНИ ЎҚИТИШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

ДАСТУРЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Олий мактаб Ўзбекистон Суд бошқарувчилари ассоциацияси (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) билан биргаликда тегишли ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этган ҳолда, талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш бўйича махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқади.


10. Махсус ўқув дастури Агентлик билан келишилади, Олий мактаб томонидан тасдиқланади ва Олий мактабнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


11. Суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимига қуйидагилар киради:

суд бошқарувчиларини қисқа муддатли курсларда тайёрлаш (100 ва ундан ортиқ ўқув соатлари);

суд бошқарувчиларини қайта тайёрлаш (малакасини ошириш) (30 ва ундан ортиқ ўқув соатлари);

суд бошқарувчиларининг ўқув дастурига мувофиқ стажировкаларини ўтказиш.


12. Ўқув дастури модуль принципи асосида амалга оширилиши ва бир нечта модулга (блоклар, қисмларга) бўлиниши мумкин. Ўқитишнинг модуль тизими турли модуллар мавзуларидан иборат алоҳида цикллар дастурларини шакллантириш имкониятни назарда тутади.


13. Ўқув дастури қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

"Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва банкротлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳиятини;

суд бошқарувчиси фаолиятининг амалиётини;

тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларининг илғор хорижий амалиётини;

бухгалтерия ҳисоби асосларини;

корпоратив бошқарувни;

бошқа йўналишларни.


14. Олий мактаб Агентлик ва Ассоциация билан келишган ҳолда, талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини оширишни ташкил этиш бўйича ўқув дастурига тегишли таълим муасасаларини жалб этиш йўли билан қўшимчалар киритиши мумкин.



4-БОБ. ТАЛАБГОРЛАРНИ ЎҚИТИШ

ВА СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


15. Талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.


16. Талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини оширишни ташкил этиш уларнинг тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни судда кўриб чиқиш соҳасида билим олишига йўналтирилган.

17. Олий мактаб бошқа мутахассисларни, фуқаролик, иқтисодий ва бошқа қонунчилик соҳасида махсус билимларга эга бўлган шахсларни, техник қўллаб-қувватлашни амалга ошириш, ўқитиш, модерация учун майдончалар тақдим этиш, шунингдек, спикерлар ҳамда бошқа турдош хизмат кўрсатиш мақсадида бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда, талабгорларни ўқитади ва суд бошқарувчилари малакасини оширади.


18. Олий мактаб талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида сайёр ўқув курсларини ташкил этиши мумкин.


19. Талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш соҳасида семинарлар, конференциялар, илмий ва амалий тадбирларни ўтказиш дастурлари Агентлик билан келишилади.


20. Суд бошқарувчиси ҳар икки йилда малакасини оширади ва унга тегишли сертификат берилади.



5-БОБ. ТАЛАБГОРЛАРНИНГ ЎҚИГАНЛИГИ

ВА СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ МАЛАКАСИНИ

ОШИРГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА ГУВОҲОНОМА ВА

(ЁКИ) СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ҲАМДА БЕРИШ ТАРТИБИ


21. Талабгорларнинг ушбу Низомда белгиланган тартибда ўқиганлиги ва суд бошқарувчилари малакасини оширганлиги гувоҳнома ва (ёки) сертификат олишга асос бўлади.


22. Талабгорларнинг ўқиганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва суд бошқарувчилари малакасини оширганлиги ҳақидаги сертификат ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларга мувофиқ шакллар бўйича махсус бланкаларда расмийлаштирилади ҳамда улар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.


23. Гувоҳнома ва (ёки) сертификат бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади. Гувоҳнома ва (ёки) сертификат бланкалари Олий мактаб буюртмасига асосан "Давлат белгиси" давлат унитар корхонасида босма усулда тайёрланади.


24. Гувоҳнома ва (ёки) сертификат Олий мактаб томонидан ўқув курслари якунлангандан сўнг уч кунлик муддатда расмийлаштирилади ҳамда гувоҳнома ва (ёки) сертификат эгасига имзо қўйиш ёки бошқа шахсга нотариал тасдиқланган ишончнома асосида берилади.


25. Суд бошқарувчиси малака оширганлиги тўғрисида тегишли сертификатни олгандан сўнг беш кун ичида сертификат нусхасини ўзининг шахсий маълумотига тикиш учун Ассоциацияга тақдим этади.


26. Талабгорларнинг ўқиганлиги ва суд бошқарувчилари малакасини оширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва (ёки) сертификат эгаси ўз фамилияси (исми, отасининг исми) ёки паспорт маълумотлари ўзгарган тақдирда, Олий мактабга гувоҳнома ва (ёки) сертификатни қайта расмийлаштириш учун уларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда ариза беради.


27. Талабгорларнинг ўқиганлиги ва суд бошқарувчилари малакасини оширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва (ёки) сертификат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, гувоҳнома ва (ёки) сертификат дубликати берилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари

малакасини ошириш

СХЕМАСИ

    

Босқич


Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддат





1-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби, Давлат активларини бошқариш агентлиги

Талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш бўйича махсус ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Низом қабул

қилингандан сўнг







2-босқич


Талабгор ёки

суд бошқарувчиси

Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига тегишли ҳужжатлар билан бирга ариза тақдим этиш.

Ўқишга қабул қилиш тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб







3-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби

Ўқув қурсига рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Ариза қабул қилинган санадан бошлаб уч иш куни давомида







4-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби

Рухсат бериш рад этилганда, талабгорга тақдим этган ҳужжатлар қайтарилади.

Қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч иш кунидан кечикмасдан







5-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби

Талабгорларни ўқитиш.

100 ўқув соати

давомида






6-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби

Ўқув курси якунлангандан сўнг талабгорга гувоҳнома бериш.

Уч кун муддатда






7-босқич


Талабгор

Аттестациядан ўтиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ариза бериш.

Гувоҳнома олгандан сўнг






8-босқич


Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби

Суд бошқарувчилари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ўтказиш.

Суд бошқарувчиси ҳар икки йилда малакасини оширади.

30 ўқув соати давомида






9-босқич


Суд бошқарувчиси

Ўқув курси якунлангандан сўнг суд бошқарувчисига сертификат бериш.

Уч кун муддатда






10-босқич


Суд бошқарувчиси

Сертификат нусхасини суд бошқарувчисининг шахсий маълумотига тикиш учун Ассоциацияга тақдим этиш.

Сертификат олгандан сўнг беш кун мобайнида







Низомга

2-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВА КАМБАҒАЛЛИКНИ

ҚИСҚАРТИРИШ ВАЗИРЛИГИ ХУЗУРИДАГИ БИЗНЕС

ВА ТАДБИРКОРЛИК ОЛИЙ МАКТАБИ

ГУВОҲНОМА

(намуна)

N 000000


Серия АА

(фамилияси, исми, отасининг исми)


қув курси муддати ва ўзлаштирилган соатлар ҳажми)

суд бошқарувчиларини тайёрлаш йўналиши бўйича махсус курсларда ўқиди.

Директор




(Ф.И.О, имзо)



М.Ў.

Рўйхатга олиш рақами __________

20 ___ йил "___" _________





Низомга

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВА КАМБАҒАЛЛИКНИ

ҚИСҚАРТИРИШ ВАЗИРЛИГИ ХУЗУРИДАГИ БИЗНЕС

ВА ТАДБИРКОРЛИК ОЛИЙ МАКТАБИ

СЕРТИФИКАТ

(намуна)

N 000000


Серия АА

(фамилияси, исми, отасининг исми)


қув курси муддати ва ўзлаштирилган соатлар ҳажми)

суд бошқарувчилари малакасини ошириш йўналиши бўйича ўқув курсида ўқиди.

Директор




(Ф.И.О, имзо)



М.Ў.

Рўйхатга олиш рақами __________

20 ___ йил "___" _________

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 сентябрь