Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.08.2019 й. 722-сон "Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.08.2019 й.

N 722




ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШНИНГ

РЕЙТИНГ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 2 апрелдаги ПФ-5700-сон Фармонига мувофиқ ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг рейтинг тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомда назарда тутилган маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашининг сўровига мувофиқ тақдим этилиши ва уларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш чораларини кўрсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари рейтинг баҳолаш натижалари бўйича фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларни рағбатлантириш учун зарур бўлган маблағлар маҳаллий бюджетнинг орттирилган қўшимча маблағлари ҳисобига ажратилишини таъминласинлар.


4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларга республика ҳудудидаги санаторийлардан бирида соғлиғини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


5. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида фуқаролар йиғинларининг ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар орасида кенг тушунтириш ишларини тизимли ва доимий асосда олиб борсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 август