Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.09.2019 й. 781-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 сентябрдаги

781-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг (кейинги ўринларда "Ўзбеккосмос" агентлиги деб аталади) мақоми, функциялари, мақсадлари, вазифалари, ҳуқуқлари, фаолиятининг ташкилий асослари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. "Ўзбеккосмос" агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. "Ўзбеккосмос" агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. "Ўзбеккосмос" агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. "Ўзбеккосмос" агентлиги давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.


6. "Ўзбеккосмос" агентлигининг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги;

қисқартирилгани - "Ўзбеккосмос" агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ - The Space Research and Technology Agency under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилгани - "Uzbekspace" agency;

в) рус тилида:

тўлиқ - Агентство космических исследований и технологий при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

қисқартирилгани - Агентство "Узбеккосмос".



2-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

космик фаолиятнинг зарур даражада ривожланишини таъминлаш, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар бажарилишини, хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ва инновация ишларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

стратосфера ва учувчисиз бошқа учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаш орқали давлат органларига вазифаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;

космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш;

космик суратларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш;

давлат космик мониторингини амалга ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

соҳавий тегишлилиги бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан амалга ошириладиган мониторинг жараёнларида космик технологияларни қўллаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ишларни мувофиқлаштириш;

соҳаларда вазирликлар ва идоралар томонидан космик технологиялар қўлланилиши даражасини мониторинг қилиш ва жорий этилишини жадаллаштириш.

8. "Ўзбеккосмос" агентлиги космик фаолиятни ривожлантириш соҳасида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

космик соҳасидаги фаолият давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

космик тармоқнинг ташкилий-амалий, молия-ресурс базасини доимий такомиллаштиришга йўналтирилган космик фаолиятнинг устувор йўналишлари соҳасида, жумладан, илмий-техник ва инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек, космик инфратузилма объектларини янада ривожлантириш ва уларнинг хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва самарали амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

космик фаолият масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, техник регламентлар, давлат стандартлари, давлат ва соҳага оид статистика ҳисоботи шакллари ва "Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа идоралараро ҳужжатларни тайёрлайди ва белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа муассасалар билан биргаликда космик фаолият соҳасида, шу жумладан ракета-космик технологиялар соҳасида фундаментал тадқиқотлар, илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ахборот технологиялари космик коммуникацияларидан фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг устувор йўналишларини белгилайди, тармоқ дастурий маҳсулотларининг ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини ташкил этади;

бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда миллий телекоммуникация йўлдошининг ишга туширилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг космик алоқа комплекс тизими лойиҳасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

иқтисодиёт, фан, мудофаа ва хавфсизликнинг муҳим соҳалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини космос орқали масофадан зондлаш, Ерни масофадан зондлаш миллий йўлдошининг ишга туширилишини таъминлайди;

халқаро талабларга мос келувчи космик тармоқ объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёт, фан, мудофаа ва хавфсизлик бўйича турли соҳалар манфаатларида замонавий йўлдошли навигация тизимидан фойдаланади;

Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги учун масъул тузилмаларнинг махсус буюртмаларига биноан ишларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг турли тармоқ соҳаларида космик тармоқ ютуқлари ва имкониятларидан фойдаланишни кенгайтиришга кўмаклашади;

фундаментал ва амалий фанларни ривожлантириш манфаатларида Ер, космик фазо, сайёралар ва Қуёшни тадқиқ этишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди устидаги физик жараёнларни ва атмосферанинг кимёвий таркибини ўрганиш учун чўлланиш, тупроқларнинг шўрланиш жараёнларини ҳисобга олиб, геофизик ракеталар ва зонд-шарларни қўллаш дастурларини ишлаб чиқади;

телекоммуникациялар, Ерни масофадан зондлаш, мудофаа ва хавфсизликнинг алоҳида вазифаларини ҳал қилиш учун хорижий тажрибани ҳисобга олиб, стратосфера учиш аппаратларини (дирижаблларни) ўрганиш ва улардан фойдаланиш ишларини амалга оширади;

учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари асосида ернинг локал участкаларини тезкор юқори аниқликда масофадан зондлаш, Ўзбекистон Республикасининг космик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари манфаатларида муқобил энергетика технологияларининг қўлланишини ташкил этади;

ягона кадрлар сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширишни таъминлайди ҳамда "Ўзбеккосмос" агентлиги ва унинг идоравий мансуб бўлинмалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини шакллантиради;

ўта зарарли шароитларда ишлаганлик учун қўшимча тўлов ҳажмини белгилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва асослайди, соҳада меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

ўз ваколатлари доирасида космик техника ва технологиялардан фойдаланиш соҳасида нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади;

қуйидаги йўналишларда космик технологияларни қўлловчи ташкилотларнинг фаолиятини лицензиялайди: илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ишланмалар, космик техниканинг синов, тажриба ва тижорат намуналарини тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, охирги истеъмолчиларга космик хизматлар кўрсатиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида кадрларни тайёрлаш, жумладан, етакчи чет эл олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ва ўқув марказларида уларнинг малакасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни таъминлайди;

технологияларнинг ривожланиш тенденциялари ва хорижий тажрибани ҳисобга олиб, космик технологиялар соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

йирик халқаро космик лойиҳалар доирасида, шу жумладан халқаро бошқариладиган космик станциялар ва сайёралараро экспедициялар фаолиятида иштирок этиш учун космонавтларни (астронавтларни) тайёрлаш бўйича ҳамкорлик мақсадида хорижий давлатларнинг ташкилотлари ва компаниялари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади;

космик тармоққа инвестиция киритишга юридик ва жисмоний шахсларни жалб этиш ишларини амалга оширади.



3-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. "Ўзбеккосмос" агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари, корхоналар ва ташкилотлардан "Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни сўраш ва олиш;

ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

ўз ваколати доирасида, шу жумладан бошқа давлат органлари билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар бажариши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

космик фаолият соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

космик фаолият соҳасида бажариладиган давлат ва тижорат лойиҳалари ва дастурларида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда, "Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича белгиланган тартибда мажлислар чақириш;

космик фаолият соҳасида кадрларни тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш учун белгиланган тартибда идоравий илмий ва ўқув муассасаларини яратиш;

космик фаолият соҳасидаги жорий ва стратегик вазифаларни, долзарб муаммолар ва амалий ютуқларни ёритиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ва нашриёт органларини таъсис этиш;

ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида "Ўзбеккосмос" агентлигининг мулкини белгиланган тартибда бир бўлинмадан бошқасига беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида топшириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарлар ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникани сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини бажариш, дастурий таъминотни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўзбеккосмос" агентлигининг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш, "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда меҳнатини рағбатлантиришнинг ягона тизимини шакллантириш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклифлар киритиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий давлатларда, халқаро ва хорижий ташкилотлар, форумларда ва майдонларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифода этиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолияти соҳасига тааллуқли масалаларни ишлаб чиқиш учун илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;

космик фаолиятни ривожлантириш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар лойиҳаларини келишиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ва идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларини тажриба орттириш, малака ошириш, халқаро конференциялар, бизнес-форумлар ва бошқа йўналишдаги тадбирларда иштирок этиш учун хорижий давлатларга белгиланган тартибда юбориш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ва идоравий мансуб ташкилотларда ишлаш учун космик технологиялар бўйича хорижлик етакчи мутахассисларини белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ваколатига тааллуқли масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтларининг вакиллари билан белгиланган тартибда музокаралар ўтказиш;

зарур бўлган ҳолларда, тегишли соҳанинг олимлари ва мутахассисларидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун вақтинча ишчи гуруҳларни ташкил қилиш, бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан мутахассислар ва экспертларни ушбу ишга шартнома асосида жалб этиш;

идоравий мансуб ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ушбу Низомда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиш учун йўналтирилган ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.


10. "Ўзбеккосмос" агентлиги:

"Ўзбеккосмос" агентлигига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши, шунингдек, космик тармоқни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

республикада космик фаолиятни ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилиши;

космик тармоқ соҳасида техник тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назорат амалга оширилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати топшириқларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши, ривожланишнинг узоқ муддатли, ўрта муддатли ва йиллик дастурлари ишлаб чиқилиши, уларнинг амалга оширилиши ва кейинчалик тизимли мониторинг қилинишини таъминлаш;

космик тармоқ учун олий ва махсус касб-ҳунар маълумотига эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилиши;

"Ўзбеккосмос" агентлигининг фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришиш доирасида унинг ишлари сифатли ташкил этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Президенти Администрациясига киритиладиган лойиҳалар сифатли ишлаб чиқилишини ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, "Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан қабул қилинадиган қарорларни амалга оширишнинг якуний натижаларига эришиш;

космик тармоқни ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун масъулдир.



4-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИ

РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


11. Қуйидагилар "Ўзбеккосмос" агентлиги бош директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш ва уларни бажариш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, "Ўзбеккосмос" агентлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил қилиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастурлар ва тадбирлар бажарилишини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

"Ўзбеккосмос" агентлигининг фаолият соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, Бош вазир маслаҳатчиларининг топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик юзасидан "Ўзбеккосмос" агентлиги мансабдор шахсларининг ваколатларини ва шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, "Ўзбеккосмос" агентлиги ва мансабдор шахсларнинг ҳар чоракдаги иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини юритишнинг амалий тизимини яратиш, "Ўзбеккомос" агентлиги фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ "Ўзбеккосмос" агентлигининг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият кўрсатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

"Ўзбеккосмос" агентлигига тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, улар молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Регламентида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилишини (визаланишини) таъминлаш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

"Ўзбеккосмос" агентлигига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, "Ўзбеккосмос" агентлиги кадрлар захирасини шакллантириш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятига ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ташкил этиш ва амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимлари томонидан "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзбеккосмос" агентлиги тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига имкон яратадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимлари томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқларни қабул қилиш, кўрсатмалар бериш;

зарур бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида "Ўзбеккосмос" агентлигининг ташкилий тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

"Ўзбеккосмос" агентлигининг штат жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларини кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш, "Ўзбеккосмос" агентлигининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларига Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш ва уларни давлат мукофотлари билан мукофотлашга тавсия этиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларини қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида бундан кейин қолиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш.


12. Қуйидагилар "Ўзбеккосмос" агентлиги бош директори ўринбосарларининг ва таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

"Ўзбеккосмос" агентлиги таркибий бўлинмаларининг ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, таркибий бўлинмалар ходимларининг топшириқлар ўз вақтида сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чоралар кўриш;

"Ўзбеккосмос" агентлигининг қарорлари, бош директорнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чоракдаги иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлашга киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлимларга юкланган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун "Ўзбеккосмос" агентлиги раҳбариятига киритиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги таркибий бўлинмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда бош директорга таклифлар бериш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, кейинчалик уларни кўриб чиқиш учун "Ўзбеккосмос" агентлиги таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга виза қўйишни ташкил этиш, уларни "Ўзбеккосмос" агентлиги раҳбарияти томонидан имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти талабларига қатъий равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

ўзининг ваколати доирасида "Ўзбеккосмос" агентлигига тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва таклифларни тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларнинг молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, камчиликларни бартараф этиш ҳамда иш самарадорлигини ошириш юзасидан зарур чоралар кўриш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишларини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзбеккосмос" агентлиги таркибий бўлинмалари тузилмасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига имкон яратадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИ

РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


13. "Ўзбеккосмос" агентлигининг бош директори:

"Ўзбеккосмос" агентлигига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши;

"Ўзбеккосмос" агентлигининг ушбу Низомнинг 10-бандида назарда жавобгарлик соҳалари бўйича вазифаларнинг самарали бажарилиши;

ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


14. "Ўзбеккосмос" агентлиги бош директорининг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилиши;

ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли ва тўлиқ ҳажмда бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



6-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Агентлик раҳбарияти


15. "Ўзбеккосмос" агентлигининг бош директори, бош директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

"Ўзбеккосмос" агентлигининг бош директори ўз мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринборсарига, бош директорнинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

"Ўзбеккосмос" агентлигининг бош директори "Ўзбеккосмос" агентлигининг якка ижро этувчи органи ҳисобланади ва унинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади;

"Ўзбеккосмос" агентлиги бош директори ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


16. Бош директор "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг лавозим функцияларини белгиланган тартибда тасдиқлайди ва мажбуриятларини тақсимлайди.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Бош директор бўлмаганда, унинг ваколатларини вазифалар тақсимотига мувофиқ директор ўринбосарлари бажаришади.


17. Агентлик низомлари бош директор томонидан тасдиқланадиган экспертлар кенгаши ва бошқа маслаҳат органларини ташкил этиш ҳуқуқига эга.



§ 2. "Ўзбеккосмос" агентлигининг давлат

ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий

давлат ҳокимияти органлари ва бошқа

ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


18. "Ўзбеккосмос" агентлиги ўз вазифалари ва функцияларини амалга ошириш диорасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



7-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ ВА

НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАРИ


19. "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланиши зарур.


20. "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш даврийлиги "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари асосида белгиланади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.


21. "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра:

"Ўзбеккосмос" агентлигининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлаштириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликнинг тегишли чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


22. "Ўзбеккосмос" агентлигининг фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



8-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


23. "Ўзбеккосмос" агентлигининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек, Космик тармоқни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ресурслари ҳисобидан молиялаштирилади.


24. Жамғарма маблағларидан Молия вазирлигида рўйхатга олинадиган харажатлар сметаси асосида белгиланган тартибда фойдаланилади.


25. "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий рағбатлантирилади.


26. "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


27. "Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициенти ҳисобга олинган ҳолда, лавозим маошига нисбатан коэффициентларда) кўп йиллик хизмати учун 1 йилдан 3 йилгача - 0,2; 3 йилдан 5 йилгача - 0,3; 5 йилдан 10 йилгача - 0,4; 10 йилдан 15 йилгача - 0,5; 15 йилдан 20 йилгача - 0,6; 20 йилдан 25 йилгача - 0,7; 25 йилдан ортиқ - 0,8 коэффицентларда ҳар ойлик устамалар тўланади.


9-БОБ. "ЎЗБЕККОСМОС" АГЕНТЛИГИНИНГ

ҲИСОБДОРЛИГИ


28. "Ўзбеккосмос" агентлигининг бош директори Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига "Ўзбеккосмос" агентлиги фаолияти натижалари тўғрисида мунтазам ҳисобот беради.


29. Фаолият мониторинги ва уни баҳолаш якунлари бўйича "Ўзбеккосмос" агентлигининг мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан юкланган вазифаларни виждонан ва ўз вақтида бажарганлик учун рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. "Ўзбеккосмос" агентлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 сентябрь