Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.09.2019 й. 832-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 сентябрдаги

832-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий

ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини

шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 7 декабрдаги ПФ-5590-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини (кейинги ўринларда Рўйхат деб аталади) шакллантириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига кирадиган тиббий ташкилотларда тиббий ёрдам кўрсатишга татбиқ этилади.


3. Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли молия йили учун "Соғлиқни сақлаш" моддаси бўйича назарда тутилган маблағлари доирасида тузилади ва тасдиқланади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари - аҳолига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатиладиган тиббий ёрдам;


тибби ёрдам - инсон саломатлиги ҳолатини баҳолаш ва унга тиббий таъсир кўрсатиш, шу жумладан тиббиёт ходимлари томонидан профилактика қилиш, ташҳис қўйиш, даволаш, реабилитация қилиш ва паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс тадбирлар;


тиббий хизмат - профилактика қилиш, ташҳис қўйиш, даволаш, реабилитация қилишга қаратилган, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш вақтида кўрсатиладиган, мустақил якунланган аҳамият ва қиймат хусусиятига эга бўлган ҳаракат ёки ҳаракатлар тўплами;


кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам - бемор ҳаётига хавф соладиган аниқ белгилари бўлмаган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;


тез тиббий ёрдам - бемор ҳаётига хавф соладиган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда шошилинч кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;


шошилинч тиббий ёрдам - касалликларга чалинганда, бахтсиз ҳодисалар юз берганда, жароҳат олганда, заҳарланганда ва тез тиббий аралашув ҳар қандай шароитда кўрсатилишини талаб қиладиган бошқа ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Шошилинч тиббий ёрдам кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдамни ўз ичига олади;


режали тиббий ёрдам - профилактика тадбирлари ўтказишда, бемор ҳаётига хавф солмайдиган, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам талаб қилмайдиган касалликлар ва ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Бундай ёрдамнинг муайян вақт кеч кўрсатилиши бемор ҳаётининг ёмонлашишига, ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолишига сабаб бўлмайди;


паллиатив тиббий ёрдам - бедаво дардга чалинган беморларнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида оғриқдан халос қилишга ва касалликнинг бошқа оғир кўринишларини енгиллаштиришга қаратилган тиббий аралашувлар комплексини ифода этадиган тиббий ёрдам тури;


бирламчи тиббий-санитария ёрдами - амбулатория шароитида кўрсатиладиган ва профилактика қилиш, ташҳис қўйиш, касалликларни даволаш, ҳомиладорлик кечишини кузатиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолини санитария-гигиена хусусида хабардор қилиш бўйича тадбирларни ўз ичига оладиган тиббий ёрдам тури;


клиник баённома - муайя синдромли аниқ бир касалликка чалинганда ёки тиббиёт ташкилотидаги муайян клиник вазиятда беморга тиббий ёрдам кўрсатишга қўйилган минимал талабларни белгиловчи норматив ҳужжат;


тиббий ёрдамнинг сифат стандарти - муайян вақт давомида тиббий ёрдам даражасига эришишни акс эттирувчи нормалар, қоидалар ва талаблар тўпламини ўз ичига оладиган ҳужжат. Тиббий ёрдамнинг сифат стандартлари тиббий фаолият билан шуғулланадиган ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади ва улар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда режалаштириш ва иқтисодий ҳисоб-китоблар учун фойдаланилади;


ихтисослашган тиббий ёрдам - махсус усуллар ва мураккаб тиббиёт технологияларидан фойдаланишни талаб қиладиган касалликлар ва ҳолатларни профилактика қилиш, ташҳис қўйиш ва даволашни (шу жумладан ҳомиладорлик, туғиш даврида ва туғишдан кейинги даврда), шунингдек, тиббий реабилитация қилишни ўз ичига оладиган тиббий ёрдам тури;


юқори технологик тиббий ёрдам - янги мураккаб ва (ёки) даволашнинг ноёб усулларини, шунингдек, самарадорлиги илмий исботланган даволашнинг ресурс тежайдиган усулларини, шу жумладан тиббиёт фани ва илм-фан ҳамда техниканинг ўзаро боғланган тармоқлари ютуқлари асосида ишлаб чиқилган ҳужайрали технологияларни, роботлаштирилган техникани, ахборот технологияларини ва ген инженериясини ўз ичига олган ихтисослашган тиббий ёрдам тури.



2-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМНИНГ

КАФОЛАТЛАНГАН ҲАЖМЛАРИНИ

АНИҚЛАШ ПРИНЦИПЛАРИ ВА МЕЗОНЛАРИ


5. Қуйидагилар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини аниқлаш принциплари ҳисобланади:

аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан фойдалана олиши;

бирламчи тиббий-санитария ёрдам тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган профилактика чора-тадбирлари ва тиббий хизматлар устуворлиги;

тиббий хизмат турларининг тиббиёт муассасалари даражалари бўйича табақаланиши, шунингдек, кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг мураккаблигига қараб уларни кўрсатиш изчиллиги;

тиббий хизматлардан фойдаланиш ва уларни тақдим этиш жараёнинг ошкоралиги.


6. Рўйхатга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини киритишда қуйидаги мезонларга риоя этилишини таъминлаш керак:

молиялаштиришда аҳоли саломатлиги кўрсаткичларининг юқори даражасига эришишни, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларини бажаришни таъминлайдиган тиббий ёрдам турларига кўпроқ эътибор берилади;

тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари устувор тартибда профилакатика, реабилитация тадбирлари ва паллиатив ёрдам хизматларини қамраб олиши, шунингдек, ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари бўйича етакчи бўлган асосий касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволашга қаратилган бўлиши керак.



3-БОБ. РЎЙХАТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


7. Рўйхат ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда, тегишли молия ва режали давр учун Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


8. Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади:

шошилинч тиббий ёрдам;

режали тиббий (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам;

ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам;

паллиатив тиббий ёрдам.


9. Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.


10. Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини шакллантиришда шошилинч тиббий ёрдам ҳажми чекланиши мумкин эмаслиги ҳисобга олинади. Бунда била туриб ёлғон шошилинч ёрдам сўраб қўнғироқ қилган шахслар ва худди шунингдек уни кўрсатишни асоссиз рад этган шахслар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.


11. Рўйхат тиббий хизматлар турлари ва ҳажмлари белгилаб олинган ҳолда, тиббиёт ташкилотлари даражаси бўйича шакллантирилади.

Клиник баённомалар, шунингдек, тиббий ёрдамнинг сифат стандартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


12. Рўйхатни шошилинч тиббий ёрдам ҳажмлари бўйича шакллантиришда қуйидаги ҳаражат турлари ҳисобга олинади:

транспорт ҳаражатлари, шу жумладан беморларни шошилинч ёрдам кўрсатиладиган жойга, шунингдек, шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган кўрсатмалар бўйича бир тиббиёт муассасасидан иккинчисига транспортда олиб бориш, ташҳис қўйиш, даволаш, шу жумладан дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган кўрсаткичлар бўйича стационарда бўлиш;

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бўйича стационарда бўлиш даврида овқатланиш.


13. Рўйхатни бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассислари ва ихтисослашган мутахассислар томонидан амбулатория шароитларида ва кундузги стационар шароитларда кўрсатиладиган режали тиббий ёрдам ҳажмлари бўйича шакллантиришда қуйидаги ҳаражатлар ҳисобга олинади:

а) катта ёшли аҳолини бир йилда икки марта, энди турмуш қурадиганларни профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш, давлат бюджет ташкилотларининг ходимларини бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш;

б) ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар ва атрофдагилар учун хавф соладиган касалликлардан азият чекаётган фуқароларни, шунингдек, сурункали касалликларга азият чекаётган шахсларни диспансерда кузатиш;

в) чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текшириш ва даволаш;

г) оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан:

ҳомиладор аёлларни ҳомиладорлик ёки гестация давомида (камида 7 марта) ўтказиладиган организмнинг бўйида бўлишдан бошлаб туғилгунича қорин ичида нормал ривожланшини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган комплекс ташҳис қўйиш, даволаш ва профилактика тадбирларини назарда тутувчи вантенатал (туғишгача) парвариш қилиш;

ҳомила аномал ўсишининг олдини олиш учун 16-20 ҳафталик муддатларда ҳомиладорларнинг хавфли гуруҳини скрининг текшириш;

ҳомиладорларга ОИВ-инфекцияси хусусида маслаҳат бериш ва текшириш;

туғдириш;

чақалоқларда ирсий ва туғма касалликларни эрта аниқлаш ҳамда ўз вақтида даволаш мақсадида уларни неонатал скрининг ёки оммавий текшириш;

чақалоқларни ва 1 ёшга тўлмаган болаларни аудиологик скрининг текшириш;

туғилгандан кейин 42 кун давомида парваришлаш ва маслаҳат бериш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ эмлаш;

18 ёшга тўлмаган болаларни текшириш ва даволаш;

оилани режалаштириш масалалари юзасидан маслаҳат бериш.


14. Рўйхат белгиланган тартибда бериладиган йўлланмалар бўйича туман, шаҳар, вилоят, республика даражасидаги ташкилотларда стационар шароитларда кўрсатиладиган ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам бўйича тасдиқланган ҳажмлар доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш навбатини қайд этадиган электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда квоталаш орқали тартибга солинади.


15. Рўйхатни паллиатив ёрдам ҳажмлари бўйича шакллантиришда қуйидаги ҳаражат турлари ҳисобга олинади:

а) зарур ҳажмларда дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

б) стационар/хосписда бўлиш билан боғлиқ харажатлар (койка-ўринни таъминлаш);

в) белгиланган нормаларга мувофиқ овқатланиш.


16. Жисмоний шахсларнинг қуйидаги тоифалари тиббий кўрсатмалар бўлганда асослантирилган мурожаатлар билан Рўйхатга киритилган тиббий ёрдамни олиш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

чет эл фуқаролари.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 7 октябрь, 40-сон, 747-модда