Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2019 й. 833-сон "Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.09.2019 й.

N 833




ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДАГИ РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ

МАРКАЗИНИНГ ЭЛЕКТРОН КООПЕРАЦИЯ

ПОРТАЛИДА АХБОРОТНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ВА ХАРИДЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ТАРТИБИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кооперацияни ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, шунингдек мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркалари ва электрон кооперация порталини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 1 майдаги ПҚ-4302-сон ҳамда "Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида" 2021 йил 17 ноябрдаги ПҚ-14-сон қарорларига мувофиқ давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали (кейинги ўринларда - Портал) ишлаб чиқилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

портал фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига юкланади;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг фаолияти хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, хорижий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари, донорлик маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молияштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига портал фаолиятига оид қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

республикада саноат маҳсулотлари, шу жумладан маҳаллийлаштирилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни сотиш ёки сотиб олиш бўйича шартномаларни тузиш учун порталда шароитлар яратиш;

порталда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида муносабатларнинг эркинлигини ва шартномаларни тузиш шаффофлигини таъминловчи механизмларни татбиқ қилиш;

республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни онлайн тарзда порталга жойлаштириш.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет ва корпоратив буюртмачилар, шунингдек, стратегик харид қилувчилар билан биргаликда уларнинг келгуси давр учун давлат харидлари режа-жадвалларининг порталга мунтазам равишда киритиб борилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар уч ойда кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали хўжалик юритувчи субъектларни харид фаолиятига жалб қилиш мақсадида республикада ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг саноат ярмаркалари ўтказиб борилишини таъминласин.

Бунда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, маҳсулотларни замонавий дизайн асосида жойлаштиришни ҳамда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги шартномаларнинг онлайн тарзда портал орқали тузилишини назарда тутсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркаларида республикада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни харид қилиш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этадиганлар 2-иловага мувофиқ вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан таъминланади;

маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар республиканинг барча истеъмолчилари учун тендерларсиз тўғридан-тўғри электрон кооперация биржаси портали орқали харид қилинади.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги корхоналар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан саноат ярмаркаларида кўргазмали иштирок этишини таъминласинлар.


9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда саноат ярмаркаларини мунтазам равишда ўтказиб бориш жойи тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташқи бозорлар конъюнктурасини доимий ўрганган ҳолда, импорт улуши юқори бўлган маҳсулотларни келгусида республикада ишлаб чиқарилишини назарда тутувчи хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржаси фаолиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 сентябрдаги

833-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркаларида

республикада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар,

бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни

харид қилиш бўйича буюртмачи сифатида

иштирок этувчилар

РЎЙХАТИ

Т/р

Буюртмачилар гуруҳи

Буюртмачиларни саноат ярмаркаси ва кооперация

биржасида қатнашишини таъминлашга масъул вазирлик,

идора ва хўжалик бирлашмалари

1.

Нефть, газ, кимё ва энергетика саноати ташкилотлари

Энергетика вазирлиги, "Ўзкимёсаноат" АЖ

2.

Соғлиқни сақлаш муассасалари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

3.

Мактабгача таълим муассасалари

Мактабгача таълим вазирлиги

4.

Халқ таълими муассасалари

Халқ таълими вазирлиги

5.

Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

6.

Транспорт ташкилотлари

Транспорт вазирлиги

7.

Қурилиш, архитектура ва лойиҳалаштириш ташкилотлари

Қурилиш вазирлиги

8.

Иссиқлик таъминоти, ичимлик суви таъминоти, канализация ва таъмирлаш-тиклаш ташкилотлари

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

9.

Ирригация-мелеорация тизими ташкилотлари

Сув хўжалиги вазирлиги

10.

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ташкилотлари

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

11.

Мусиқа ва санъат мактаблари, маданият муассасалари

Маданият вазирлиги

12.

Маҳсулотларни импорт қилувчи маҳаллий ташкилотлар

Давлат божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

13.

Тоғ-кон ва металлургия саноати ташкилотлари

"Навоий КМК" ДК

"Олмалиқ КМК" АЖ

"Ўзбекистон металлургия комбинати" АЖ

14.

Автомобилсозлик саноати ва қишлоқ хўжалиги техникаси ташкилотлари

  

"Ўзавтосаноат" АЖ

15.

Бошқа ташкилотлар ва саноат ташкилотлари

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 сентябрь