Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.10.2019 й. ПФ-5856-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

24.10.2019 й.

N ПФ-5856



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ҳукумат қарорларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган, шу жумладан экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўланган жарима суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қайтариб бериш тартибини аниқлаштиришни ҳисобга олган ҳолда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.


3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 24 октябрдаги

ПФ-5856-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритиладиган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги ПФ-837-сон Фармони билан тасдиқланган Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисидаги низомнинг 10-банди:


а) қуйидаги мазмундаги олтинчи - саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Агар жаримани қўллаш масаласини кўриб чиқиш пайтига келиб, валюта маблағларининг келиб тушиши ёки республикага товарларни олиб кириш ҳамда "эркин муомалага чиқариш" режимида расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш таъминланган бўлса, жарима қўлланилмайди.

Агар суднинг жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ижро этиш пайтига келиб, валюта маблағларининг келиб тушиши ёки республикага товарларни олиб кириш ҳамда "эркин муомалага чиқариш" режимида расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш таъминланган бўлса, қўлланилган жарима тўланмайди.

Агар жарима қўлланилганидан кейин 90 кунлик муддат ичида валюта маблағларининг келиб тушиши ёки республикага товарларни олиб кириш ҳамда "эркин муомалага чиқариш" режимида расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш таъминланган бўлса, тўланган жарима Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қайтариб берилиши лозим".


б) олтинчи хатбошиси тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги "Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5564-сон Фармони 1-банди "а" кичик бандининг бешинчи хатбошиси "ташқи савдо шартномалари бўйича қарзлар бундан мустасно" сўзлари билан тўлдирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 28 октябрь, 43-сон, 816-модда