Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида нуклеар тиббиётни ривожлантириш Концепцияси (ЎзР ВМ 24.10.2019 й. 892-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 октябрдаги

892-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида нуклеар

тиббиётни ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ҳозирги вақтда хавфли ўсма билан зарарланиш оқибатида касалланиш дунё миқёсида муттасил кўпайиб бормоқда. Ҳар йили дунёда хавфли ўсма касалликлари билан касалланган 13 миллион нафар бемор рўйхатга олинмоқда, 8 миллиондан ортиқ инсонлар ушбу касалликдан вафот этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозларига кўра, 2020 йилга бориб хавфли ўсма касалликлари билан касалланган беморлар сони 16 миллионга етади.

Иқтисодий ривожланган мамлакатларда касаллик асосан эрта босқичларда аниқланиши ва шу туфайли онкологик беморларнинг 5 йиллик яшаш кўрсаткичлари барқарор юқори бўлиши кузатилмоқда.

Онкологик касалликлар билан курашни ташкил этишнинг ўзига хослиги комплекс ёндашувни, муаммо кўламини тушунишни ва уни ҳал қилишга тайёрликни талаб қилади. Буни фақат давлат даражасида - хавфли ўсмага қарши курашиш бўйича умумиллий дастурларни амалга ошириш доирасида хорижий тажрибани татбиқ этиб, соғлиқни сақлаш тизимининг давлат ва хусусий таркибий қисмини, илмий ва жамоат ташкилотларини жалб қилган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларининг аниқ мақсадга қаратилган мувофиқлаштирилган ҳаракатлари орқали амалга ошириш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 96 575 нафар бемор диспансер назратига олинган бўлиб, шундан 2018 йилда 23 296 нафар беморга янги пайдо бўлган хавфли ўсма биринчи марта аниқланган. Касалланишнинг интенсив кўрсаткичи (100 минг аҳолига нисбатан) республикада 71,0 ни ташкил этди.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра онкологик касалликлар таркибида - ҳар 100 минг аҳолига биринчи ўринда сут бези саратони 10,2 та, иккинчи ўринда ошқозон саратони - 5,7 та, учинчи ўринда бачадон бўйни саратони - 5,0 та, тўртинчи ўринда ўпка саратони - 4,3 та ва бешинчи ўринда хавфли лимфомалар туради - 4,1 тани ташкил этади. Алоҳида ташвишли ҳолатлардан сут бези ва бачадон бўйни, овқат ҳазм қилиш аъзолари саратони ва гемабластозлар билан касалланиш ортиб бораётганидир. Онкологик касалликлар туфайли ўлим кўрсаткичи ортиб бораётгани ҳам қайд этилмоқда.

Айни вақтда республикада онкологик касалликлардан ўлим юрак-қон томир тизими касалликларидан (63,8 фоиз) кейин иккинчи ўринни эгаллайди ва 9,6 фоизни ташкил этади. Ҳар йили хавфли ўсмалардан қарийб 12 000 нафар бемор ҳаётдан кўз юммоқда, уларнинг 66,6 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар ташкил қилади. 2018 йилда хавфли ўсмалар оқибатида интенсив ўлим кўрсаткичи (100 минг аҳолига) 41,1 тани ташкил этди (2010 йилда - 34,5). Онкологик беморлар ўлимининг асосий сабаблари сифатида ўпка, қизилўнгач, ошқозон, жигар, сут бези ва аёллар жинсий аъзолари саратони қайд этилди. 2018 йилда республикада онкологик касалликлар туфайли ўлим ҳолатларининг йиллик кўрсаткичи 20,9 фоизни ташкил қилди (2010 йилда - 19,6 %).

Республикада Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги томонидан тавсия этилган даволаш тактикасининг барча 5 та йўналиши жорий этилган. Ўзбекистонда 2018 йилда 20 000 дан ортиқ онкожарроҳлик операциялари, 100 000 дан ортиқ кимётерапия курлари ва 16 000 нафар беморда радиотерапияга реал эҳтиёж мавжуд бўлган ҳолда атиги 6 000 тага яқин нур терапияси ўтказилди.

Сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури амалга оширилиши натижасида касалликнинг I-II босқичларида эрта аниқланиши бироз кўпайгани кузатилмоқда. 2018 йилда беморларни I-II босқичларда эрта аниқлаш 45 фоиздан ортиқни ташкил этди (2010 йилда - 42,1 фоиз). Бироқ ҳали ҳам касалликнинг кеч III-IV босқичларидаги беморлар сони кўпчиликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2018 йилда 39,4 фоизни ташкил этди (2010 йилда - 43,4 фоиз) ва 5 йиллик яшаш кўрсаткичларида акс этмоқда.

Ихтисослаштирилган онкологик ёрдам кўрсатиш тизими фаолияти натижаларининг таҳлили зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Юқори технологик онкологик ёрдамга, хавфли ўсмаларга эрта ташҳис қўйишнинг замонавий усулларини татбиқ этишга, саратонга қарши курашишнинг илмий асосланган инновацион усулларини ишлаб чиқишга талаб юқорилигича қолмоқда. Масалан, онкология соҳасида баъзи юқори технологик даволаш усулларига бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши ҳозирги кунда тахминан 30 фоизни ташкил этади, тегишли ихтисослашган ускунанинг ёки тайёргарлик кўрган мутахассисларнинг йўқлиги сабабли ташҳис қўйиш ва даволашнинг энг айрим мураккаб усуллари республикада ўтказилмайди.

Республикада онкологик жараёнларда ташҳис қўйиш ва даволашнинг радиологик усуллари ҳанузгача етарли даражада кенг қўлланилмайди. Шунинг учун беморлар юқори технологик ускунадан, шу жумладан радиотерапия, радиохирургия ва радиодиагностикадан фойдаланиладиган юқори малакали тиббий ёрдам олиш мақсадида хорижий давлатларга чиқишга мажбур бўлмоқда.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


Концепцияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида асосий мақсад онкологик беморларга ихтисослаштирилган, юқори технологик, радиологик ёрдам кўрсатувчи Ўзбекистон нуклеар тиббиёт ва нур терапия марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) барпо этиш ва фаолиятини ташкил этишдир.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари ҳисобланади:

радиофармпрепаратлар ва радиотерапиянинг замонавий усулларини қўллаган ҳолда, онкологик беморларга ташҳис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий илмий асосланган юқори технологик усулларини жорий этиш;

бирламчи ўсма ўчоғини, тананинг турли қисмида метастазларни аниқлаш, хавфли ва бошқа патологик жараёнларга дифференциал ташҳис қўйиш орқали хавфли ўсмаларга ташҳис қўйиш ва уларни даволаш самарадорлигини ошириш ҳамда натижаларини яхшилаш;

онкологик беморларни даволаш тактикасини мақбул равишда аниқлаб олиш ва комплекс комбинацияланган терапия натижаларини прогнозлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бу 39-60 фоиз ҳолатда ташҳисни ва касаллик босқичини қайта кўриб чиқиш олиб келади;

эрта аниқлашни кўпайтириш, онкологик касалликларидан ногиронлик ва ўлим ҳолатларини камайтириш;

республика фуқароларининг хорижий клиника ва марказларга мурожаатлари сонини камайтириш, шунингдек, нуклеар тиббиёт ва радиотерапия бўйича ихтисослашган тиббий ёрдам олиш учун тиббий туризм йўналиши бўйича норезидентларни жалб этиш.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АМАЛДА

РЎЁБГА ЧИҚАРИЛИШИ


Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилади. Марказ циклотрон, зарядланган заррачали тезлатгич, гамма-тиғ, замонавий позитрон-эмиссион томограф (кейинги ўринларда ПЭТ деб аталади), бир фотонли эмиссион компьютер томограф (кейинги ўринларда БФЭКТ деб аталади), брахитерапия, магнит резонанс томография ускуналари (кейинги ўринларда МРТ деб аталади), турли лабораториялар, стационар даволаш учун радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган ихтисослаштирилган клиникага эга бўлиши назарда тутилмоқда. Юқори унум билан ишлайдиган замонавий циклотронда Марказ ва республиканинг бошқа тиббиёт муассасалари эҳтиёжларини қондириш учун диагностик ва терапевтик радиофармпрепаратлар ишлаб чиқарилади.

БФЭКТ ва ПЭТ-диагностикада қўлланиладиган барча радиофармпрепаратлар ионлаштирувчи нурланишнинг очиқ манбаларига киради. Улардан фойдаланиш шартлари санитария-гигиена нормалари ва радиацион хавфсизлик қоидаларига мос бўлиши лозим.

Радиотерапевтик ускуналарда ионлаштирувчи нурланишнинг ёпиқ манбалари қўлланилади, бу эса улардан фойдаланишда радиацион хавфсизлик нормалари ва қоидаларига амал қилишни талаб қилади.

Радиофармпрепаратлар, радиотерапевтик ускуналар ишлаб чиқариш ва уларни қўллаш объектини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш лойиҳа ҳужжатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади, тасдиқланади ва экспертизадан ўтказилади.

Беморларни юқори технологик ускунада текшириш ва даволаш учун юқори малакали кадрларни - тиббиёт ходимлари ва техник ходимларни тайёрлашни ташкил этиш бу йўналишдаги ҳаракатларнинг кейинги босқичи ва амалга ошириладиган ишларнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Бунда Марказда ўрнатилган юқори технологик ускунага дастлабки икки йил давомида кафолатланган хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича аниқ чораларни назарда тутиш лозим бўлади.

Тайёрланган мутахассислар Марказда инновацион технологияларни мустақил ишлаб чиқиш, етакчи халқаро муассасалар даражасида соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш имкониятига эга бўлади.



4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

НУКЛЕАР ТИББИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

САМАРАДОРЛИГИНИНГ ИНДИКАТОРЛАРИ


Қуйидагилар республикада нуклеар тиббиётни амалда ривожлантириш, жумладан, Марказни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш самарадорлигининг тўғридан-тўғри индикаторлари ҳисобланади:

хавфли ўсмаларни эрта босқичларда аниқлаш салмоғини 50 фоизга ошириш (2010 йилда - 42,3 фоиз);

хавфли ўсма билан касалланган беморларнинг 5 йил яшаш кўрсаткичини 48 фоизгача ошириш (2014 йилда - 40,9 фоиз).



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШДАН КУТИЛАЁТГАН

НАТИЖАЛАР


Ўзбекистон Республикасида нуклеар тиббиётни ривожлантиришга концептуал, давлат даражасида ёндашиш ва Марказнинг ушбу Концепцияни амалга ошириш доирасида ташкил этилиши:

МДҲ ҳудудида протон ва нур терапиясининг замонавий ускуналари ва илғор технологияларига эга бўлган ягона ушбу Марказни ташкил этиш ҳисобидан онкологик беморларни даволаш сифатини сезиларли даражада ошириш;

онкологик касалликлар оқибатида ўлим кўрсаткичини 100 минг аҳолига нисбатан 40,0 тага камайтириш, онкологик беморларни эрта аниқлаш самарадорлигини 50 фоизгача ошириш;

радионуклид ташҳис қўйиш ва терапиядан фойдаланиш туфайли масалан, қалқонсимон без ва простата бези саратонини даволаш самарадорлигини ошириш ва 5 йиллик яшаш кўрсаткичини 80 фоизгача ошириш. Бундан ташқари, радионуклид терапия суяклар ва ички аъзоларда метастатик жараёнларни бошидан ўтказаётган беморларни самарали даволашга ёрдам бериши;

республика фуқароларининг хорижий клиника ва марказларга мурожатлари сонини камайтириш, шунингдек, нуклеар тиббиёт ва радиотерапия бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш учун тиббий туризм йўналиши бўйича норезидентларни жалб қилиш мақсадида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш имконини беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 октябрь