Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 24.08.2019 й. 21/10-сон "Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 06.11.2019 й. 1719-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

06.11.2019 й.

N 1719-3




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

24.08.2019 й.

N 21/10


ҚАРОРИ



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар

томонидан касса операцияларини амалга ошириш

қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сон "Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2019 йил 23 июлдаги ПҚ-4400-сон "Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги 555-сон "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизматининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2007 йил 21 июлдаги 20/3-сон қарори (рўйхат рақами 1719, 2007 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 39-сон, 405-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Марказий банк раиси                                             М. Нурмуратов






Қарорга

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар

томонидан касса операцияларини амалга ошириш

қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Нобанк кредит ташкилотлари кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитидан ортиқча бўлган қисмини банкдаги ҳисобварақларига киритиш учун инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда банк кассаларига топширадилар.".


2. 1б-илова мазкур ўзгартиришларнинг иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.


3. 2-илованинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Нобанк кредит ташкилотларининг пул маблағлари ва бойликларини банк муассасаларидан олиб келиш ёки уларга топширишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати томонидан шартнома асосида транспортда кузатиб борилиши мумкин.".


4. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган.






Ўзгартиришларга

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари ва

ломбардлар томонидан касса

операцияларини амалга

ошириш қоидаларига

1б-ИЛОВА



Нобанк кредит ташкилотларининг касса

хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлаш

ва қўриқлаш - ёнғиндан огоҳ этиш воситалари

билан жиҳозлаш бўйича

ТАЛАБЛАР


1. Мазкур талаблар нобанк кредит ташкилотларида касса хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўриқлаш - ёнғиндан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича меъёрларини белгилайди.


2. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган кассалар ғиштли ёки темир бетон деворларга, мустаҳкам эшикларга, пол ва шифтларга эга бўлиши лозим.


3. Касса хоналари пул ва бошқа қимматликларни сақлаш учун ёнмайдиган сейфлар билан жиҳозланган, шунингдек улар деворга ёки полга қотирилган бўлиши лозим.


4. Нобанк кредит ташкилотлари кассаларининг қурилиш-монтаж, техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ва хавфсизлиги, уларда қимматликларнинг бутлиги, дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулият ушбу ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилади.


5. Касса хоналарига нобанк кредит ташкилотлари ихтиёрига кўра замонавий технологиялар асосида яратилган, дастурий таъминотга асосланган воситалар ёрдамида моддий жавобгар шахсларнинг биометрик ("бармоқ изи", "кўз гавҳари", "товуш диапазони" ва бошқа) белгиларига қараб идентификация қилишга қодир бўлган эшиклар ўрнатилиши мумкин.


6. Ёнғин ёки фавқулодда вазиятлар юзага келганда инсонларни ва моддий бойликларни сақлаш мақсадида, бинонинг дераза ромларига панжаралар хонанинг ички томонидан енгил очиладиган қилиб ўрнатилиши лозим.


7. Касса хоналари қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланиши шарт:

а) биринчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг периметрини ҳимоя қилади. Касса хоналарида деразалар мавжуд бўлганда, улар дераза очилиши ва ойна синишини қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланади;

б) иккинчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг ҳажмини ҳимоя қилади. Бунинг учун ҳажмни қўриқлаш (ультратовуш, инфрақизил, оптик-электрон, радиотўлқин русумли) қурилмалари қўлланилади.


8. Касса хоналарида кассирларнинг иш жойлари ташвиш тугмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


9. Касса хоналаридаги қўриқлаш сигнализациясиининг иккита ҳимоя тўсиғи ишдан ташқари вақтда қабул-назорат ускунаси орқали техник қўриқлаш пунктига қўриқлашга топширилади. Касса хоналаридаги ташвиш тугмалари иш вақти давомида техник қўриқлаш пунктига уланади.


10. Касса хоналаридаги қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи алоҳида шлейфлар билан қабул-назорат ускуналарига уланиб, унинг чиқиши битта шлейф орқали техник қўриқлаш пунктига ва кассанинг навбатчилик хонасидаги хабар бериш ускунасига уланади, шунингдек электр энергияси бўлмаган тақдирда қўриқлаш сигнализациясининг ўн икки соат ишлаб туришини таъминловчи захира электр манбаи билан таъминланиши лозим.


11. Касса хоналари норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар (тутунли, иссиқли ва ҳ.к.) билан жиҳозланади ва улар техник қўриқлаш пунктига ёки навбатчи ходимлар постидаги ёнғиндан хабар берувчи назорат қилиш ускунасига уланади.


12. Қўриқлаш сигнализацияси ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар тизими ва кассани ёритиш тизими алоҳида-алоҳида монтаж қилинади ҳамда уларнинг узлуксиз ишлаши таъминланиши лозим. Симларнинг барча турлари пластмасса қувурларда яширилган ҳолда ўтказилади.


13. Касса хоналарининг ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалари тизими ШНҚ 2.04.09-2007 "Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси" талабларига мувофиқ келиши ва доимо ишчи ҳолатда бўлиши лозим.


14. Касса хоналарини қўриқлаш сигнализация воситалари ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар билан жиҳозлашга доир ишлар рухсатномага (лицензияга) эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


15. Касса хоналарида монтаж қилинган қўриқлаш ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмаларни монтаж ташкилотидан фойдаланишга қабул қилиш ва далолатномани имзолаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва нобанк кредит ташкилотларининг вакиллари билан биргаликда тузилган комиссия томонидан амалга оширилади. Монтаж ташкилоти мажбурий тартибда қўриқлаш ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар монтажининг ижро чизмаси ва монтаж қилинган сигнализация аппаратларини ишлатиш йўриқномасини тақдим этади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 ноябрь, 45-сон, 853-модда