Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари Концепцияси (ЎзР Президентининг 18.11.2019 й. ПФ-5877-сон Фармонига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 18 ноябрдаги

ПФ-5877-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш

ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича

биргаликдаги ҳаракатлари

КОНЦЕПЦИЯСИ


Ушбу Концепциянинг мақсади чуқур таркибий ислоҳотлар ўтказилаётган шароитда иқтисодиётда инфляция даражасини пасайтиришни таъминлаш ҳисобланади.

Концепция пул-кредит сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини, шунингдек, солиқ-бюджет сиёсати ва иқтисодиёт тармоқларининг таркибий ўзгариши соҳаларидаги зарурий чора-тадбирларни белгилайди.



1-БОБ. ИНФЛЯЦИЯ ОМИЛЛАРИ ТАҲЛИЛИ


Тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) ҳамда давлат секторида иш ҳақининг йиллик ошириб борилиши, шунингдек, пул-кредит сиёсатининг ўзига хосликлари (иқтисодиётдаги пул массаси ўсиши билан биргаликда олтин-валюта захираларининг жамғариб борилиши, миллий валютанинг доимий девальвацияси ва спекулятив курсли параллел валюта бозорининг мавжудлиги) республикада олдинги йилларда шаклланган инфляциянинг фундаментал омиллари бўлиб ҳисобланиб келмоқда.

Йиллар давомида йиғилиб келган инвестицион етишмовчилик ва иқтисодиётда шаклланган номутаносибликлар мамлакатни ривожлантиришнинг янги босқичида ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун муҳим қадамлар ташлашни тақозо этмоқда.

Иқтисодиётдаги ушбу ижобий таркибий ўзгаришлар шароитида иқтисодиётда инфляция босимининг объектив (муқаррар) шаклланиши кузатилди.


Ушбу жараёнда қуйидагилар асосий омиллар сифатида намоён бўлмоқда:


а) оширилган иқтисодий, кредит ва инвестицион фаоллик. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш вазифалари, ҳудудларда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш зарурияти, аграр соҳадаги ислоҳотлар, давлат секторида иш ҳақи даражасидаги тузатишлар, тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва аҳолининг ўзини-ўзи иш билан таъминлаши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чоралар иқтисодиётга сезиларли молиявий ресурслар йўналтирилишини талаб этди;


б) тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш. Нархларни тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор нархларини шакллантиришга ушбу товар ва хизматларнинг мазкур гуруҳ томонидан инфляцион босимини шакллантиради.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, нархларни эркинлаштириш жараёнининг кечиктирилиши ислоҳотлар самарадорлигини пасайтириши ва натижада узоқ муддатли инфляцион кутилмаларни юзага келтириши мумкин. Тартибга солинадиган нархларни бозор даражасига етказиш иқтисодиётнинг тегишли секторига хусусий капитални жалб қилишни таъминлашга имкон беради.

Бунда, нархларнинг маъмурий тартибга солиш тизимининг ислоҳ қилиниши ва тарифларнинг босқичма-босқич ошириб борилиши мазкур товарлар ва хизматлар гуруҳи томонидан маълум даражадаги инфляцион босимни юзага келтириши мумкин;


в) номинал иш ҳақларининг корректировкаси. Сўнгги икки йилда аҳоли реал даромадларининг ўртача йиллик ўсиши 10-12 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши унинг айрим соҳаларида малакали мутахассисларга бўлган талаби натижасида уларнинг иш ҳақлари секин-аста ошиб боришига олиб келди;


г) ташқи савдони эркинлаштириш ҳамда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва товарлар трансчегаравий олиб ўтилишининг соддалаштирилиши. Ташқи савдонинг эркинлаштирилиши ва импортнинг ўсиши шароитида валюта курсининг ўзгариши ҳам импорт, ҳам маҳаллий товарлар нархларининг шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатди.

2018 йилда нисбатан барқарор валюта курси шароитида баъзи товарлар импорти нархлар барқарорлашувига таъсир кўрсатган бўлса, мева ва сабзавотлар нархлари қўшни давлатлардаги нархлар даражасигача корректировка қилиниб олди. Айни вақтда, жорий йилда девальвациянинг тезлашиши иқтисодиётдаги нархлар даражасига салбий таъсир кўрсатди.

Макроиқтисодий барқарорлик, сифатли иқтисодий ўсишга ва паст даражадаги инфляцияга эришиш нафақат пул-кредит сиёсати инструментларини қўллаш орқали, балки қуйидагиларни ўз ичига олган комплекс ёндашув билан таъминланади:

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини оширишга урғу берган ҳолда, тартибга солинадиган нархларни босқичма-босқич эркинлаштириш;

рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириш ҳамда товар ва хизматларнинг тўлақонли бозорини шакллантириш орқали иқтисодиёт тармоқларидаги таркибий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш;

ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш ва модернизация қилиш;

хусусий инвестициялар киришини кўпайтириш ва молия бозорини ривожлантириш орқали молиявий ресурсларнинг самарали қайта тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, молия бозорида "узоқ муддатли" пуллар манбасини шакллантириш.



2-БОБ. ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ИНФЛЯЦИОН

ТАРГЕТЛАШГА ЎТИШ


Чуқур таркибий ўзгаришлар ва иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида пул-кредит сиёсатини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

нархларнинг кескин ошиши ва спирал характердаги инфляциянинг олдини олиш;

миллий валюта курсига нисбатан девальвацион босимни ушлаб туриш;

пул бозорини шакллантириш, имтиёзли кредитлаш ва пул бозори сегментлашуви шароитларини бартараф этиш;

ички ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли ва бизнеснинг тўловга лаёқатлилигини сақлаб туриш, ва умуман, молия секторининг барқарорлигини таъминлаш.

Илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, юқорида келтирилган устувор йўналишларнинг амалга оширилиши пул-кредит сиёсати шароитларини инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни талаб қилмоқда.

Инфляцион таргетлаш ўзида шундай пул-кредит сиёсати режимини акс эттирадики, унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан инфляция даражаси бўйича доимий мақсад (таргет) эълон қилинади ва унинг ҳаракатлари пул-кредит инструментлари ва коммуникациядан фаол фойдаланган ҳолда жорий инфляцияни унинг мақсадли кўрсаткичига етказишга йўналтирилади.

Инфляцион таргетлаш режими ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатларда ўзининг кенг қамровли татбиқини топган. Мазкур режим инфляциянинг тебранувчанлиги ва инерционлигини пасайтиришда самарали инструмент ҳисобланади ва бу, ўз навбатида, ўрта муддатли истиқболда мустаҳкам ва барқарор иқтисодий ўсиш учун қўшимча шароитлар яратади.

Бундан ташқари, бу режимда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришишда Марказий банк ҳаракатларида катта эркинлик, мақсадлар ва пул-кредит сиёсати мақсадлари ва устуворликларининг аниқ идентификацияси, шунингдек, Марказий банкнинг инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришишда жавобгарлиги кўзда тутилади. Жамоатчилик учун Марказий банк фаолиятининг юқори даражада шаффофлиги иқтисодиётда мақбул иқтисодий кутилмалар шаклланишига имкон яратади.

Инфляцион таргетлаш режимини самарали жорий қилиш учун пул-кредит сиёсати инфляциянинг белгиланган мақсадли даражасига эришиш заруриятидан келиб чиқиб, бозор инструментлари таъсирини қўллаган ҳолда банклараро пул бозоридаги фоиз ставкаларини Марказий банк интервенциялари орқали самарали бошқариш йўли билан амалга оширилиши лозим.

Ўрта муддатли даврда инфляцион таргетлаш режимини тўлиқ жорий этиш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг инфляциянинг монетар ва номонетар омилларини пасайтиришдаги ролини кучайтириш;

инфляциянинг қисқа муддатли мақсадлари траекториясини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан узоқ муддатли мақсадга ўтишни эълон қилиш;

Марказий банк томонидан янги инструментларнинг (овернайт, депозит ва кредит аукциони, своп, РЕПО, қисқа ва ўрта муддатли облигациялар ва бошқалар) жорий этилиши;

пул бозоридаги операцияларнинг асосий мезони сифатида фоиз ставкалари коридорини қўллаш;

мослашувчан фоиз сиёсатини олиб бориш орқали ташқи ва ички омилларга ўз вақтида жавоб бериш;

давлат қимматли қоғозлари билан пул бозори операцияларини амалга ошириш ва ғазначиликнинг бўш пул маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш учун ягона платформа яратиш;

қимматли қоғозлар бўйича даромадлилик эгри чизиғини шакллантириш ва иқтисодиёт субъектларининг узоқ муддатли кутилмаларини самарали бошқариш;

эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантириш, макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизимини тўлиқ татбиқ этиш орқали пул-кредит ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро боғлиқлигини тизимли баҳолаш;

инфляцион таргетлаш режимининг моҳияти ва мақсадлари, уни муваффақиятли амалга ошириш шарт-шароитлари, бевосита ва билвосита ижобий таъсирлари ҳамда унга эришишнинг мақсадли муддатлари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка холисона, аниқ ва содда усулда етказиш орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг коммуникация сиёсатини такомиллаштириш;

пул-кредит сиёсатининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасига таъсирини баҳолаш бўйича эконометрик моделларни қўллаш.

Банклараро пул бозори фоиз ставкасига таъсир кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига молия бозорида шарт-шароит шаклланишига имкон беради ҳамда бу иқтисодий ҳолат талабларидан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсати мақсадларига эришишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул бозоридаги ликвидлилик ҳажмини баҳолайди ва прогноз қилади, маблағлар тақчиллиги ёки ортиқчалигини, шунингдек, тегишли (ликвидлиликни тақдим этиш ва йиғиб олиш бўйича) инструментларнинг мавжудлигини аниқлайди.

Банк тизимида ликвидлиликка бўлган талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик юзага келганда, доимий ҳаракат операциялари бўйича ставкалари банклараро пул бозоридаги ставкалар тебранишини ушлаб туради.

Шу билан бирга, мажбурий захираларни ўрта даражага келтириш механизми банклараро бозор ставкаларини бошқариш жараёнида қўшимча мослашувчанлик яратади. Ўрта муддатли истиқболда коэффициентнинг кўтарилиш томонга ўзгариши банкларнинг банклараро пул бозоридаги фаоллигини оширади ва бу орқали трансмиссия фоиз канали ишини мустаҳкамлайди.

Инфляцион таргетлаш режимига муваффақиятли ўтиш учун зарур шартлардан бири бу эркин шаклланадиган айирбошлаш курси бўлиб, унинг ўзгариши тўлалигича талаб ва таклифларнинг муҳим омилларига сабаб бўлади. Бу, ўз навбатида, банклараро валюта бозорини модернизация қилишни ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта интервенцияси соҳасидаги сиёсатини тегишли равишда такомиллаштирилишини талаб этади.

Валюта бозори ривожланишидаги асосий омиллардан бири ички валюта бозорида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаоллигининг аста-секин пасайиши ва тижорат банкларининг маркет-мейкер сифатидаги ролининг оширилиши ҳисобланади.

Валюта курсининг мослашувчан шаклланишга ўтиш ва банклараро валюта савдоларини амалга ошириш валюта интервенцияси услубларини такомиллаштиришни назарда тутади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бозор фаолиятига аралашишни минималлаштиришга қаратилган ва айирбошлаш курсини аниқлашда унинг фундаментал ўзгариш трендига таъсир ўтказмайдиган Валюта интервенцияси стратегиясини ишлаб чиқишни назарда тутади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қуйидагилар, валюта бозорини эркинлаштириш жараёнини якунлаш орқали инфляцион таргетлашга ўтиш учун зарурий шартлардан ҳисобланади:

банкларнинг маркет-мейкер сифатида бозордаги фаоллигини рағбатлантириш ва уларнинг айирбошлаш курсини шакллантиришдаги ролини ошириш;

валюта интервенциялари сиёсатини такомиллаштириш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки интервенциялари мақсадлари ва усулларини белгилаб берувчи стратегия ва тактикаларини ишлаб чиқиш;

валюта бозори иштирокчиларига валюта хатарларини хеджирлаш имконини берувчи ҳосилавий инструментлар бозорини ривожлантириш.

Узоқ муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш бутун молия тизимининг барқарор ишлашини талаб қилади. Бунда, барқарор макроиқтисодий шароитда ҳам банк секторида тизимли хатарлар шаклланиши мумкин.

Инфляцияни белгиланган мақсадга яқинлаштириш ва ушлаб туриш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, шу жумладан пруденциал назорат чоралари орқали молиявий хатарларни камайтириши зарур.

Банк назорати ҳамда банкларни молиявий соғломлаштириш чоралари. Тижорат банклари балансларини тозалаш улар барқарорлигининг ошишига, омонатчилар ва кредиторлар маблағларининг сақланишига, молия тизимига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига ва молия бозорларининг янада ривожланишига замин яратади.

Банк ва молия тизимлари учун хатарлар эҳтимолини камайтирувчи макропруденциал назорат чораларининг ўз вақтида ва самарали қўлланилиши иқтисодиётнинг мувозанатли ишлашига ҳамда макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланишига имкон беради.

Инфляцион таргетлаш режимида нархлар барқарорлиги молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлайди, чунки бозор иштирокчилари пул-кредит сиёсати ҳаракатларини олдиндан кўра билиши ва тушуниши сабабли иқтисодиёт субъектлари қарорларни қабул қилишда янада изчил бўладилар ва бу ноаниқлик элементларини бартараф қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг минимал иштироки билан бутун молия тизимини барқарорлаштиришга ёрдам беради.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг банкларга ва миллий валютага бўлган ишончини ошириш банк тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Мамлакатда ишончли банк тизими ва молия бозорининг фаолияти пул-кредит сиёсати таъсир каналларининг тўла ишлашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Мазкур мақсадларга эришиш учун банк тизимини янада ривожлантириш бўйича қуйидагиларни ўз ичига олувчи комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади:

банкларнинг мижозларга бўлган эътиборини ошириш;

мижозларга электрон ва масофавий хизмат кўрсатишни тўлиқ жорий этиш орқали банк хизматлари сифати ҳамда аҳолининг банк ва бошқа молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш;

банк хизматларини кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш ва банкларни трансформациялаш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш;

самарали инфратузилмани яратиш, банклар фаолиятини автоматлаштириш ва замонавий молиявий технологияларни жорий этиш;

давлат банкларини ислоҳ қилиш жараёнини тезлаштириш ва уларни хусусийлаштириш бўйича самарали чоралар кўриш;

давлат банкларида банк хизматларини кўрсатишда тезкорликни ошириш, шу жумладан уларда ходимлар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари (KPI) ижросини баҳолаш тизимини жорий этиш;

банклар томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш ва зарур бўлганда, айрим банкларнинг актив операцияларини вақтинча чеклаш чораларини қўллаш орқали пруденциал назорат чораларини кучайтириш.



3-БОБ. ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ВА

МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ ИНФЛЯЦИЯ

ДАРАЖАСИНИ ПАСАЙТИРИШ БЎЙИЧА

БИРГАЛИКДАГИ ЧОРАЛАРИ


Нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляциянинг сезиларли даражада ўсиши хавфининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатларини мувофиқлаштириш ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни амалга ошириш борасида биргаликдаги ҳаракатларни олиб бориши зарур.


Солиқ-бюджет сиёсати соҳасидаги чора-тадбирлар:

умумий фискал баланс тақчиллигини 2022 йилда 1,5 фоиздан оширмайдиган даражагача босқичма-босқич қисқартириб бориш;

қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бюджет интизомига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;

тақчилликни молиялаштиришнинг ташқи манбаларини, шу жумладан инфляция хавфини туғдирмайдиган ресурслар ҳисобига жалб қилиш тартибини белгилаш ва уни қонун йўли билан мустаҳкамлаш;

ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш;

солиқ маъмуриятчилиги тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

солиқ интизомига ўз вақтида риоя қилиш бўйича жавобгарликни ошириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш.


Таркибий сиёсат соҳасидаги чора-тадбирлар:


а) ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш:

ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва ёқилғи-энергетика комплексини, шу жумладан хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали модернизация қилиш;

автомобиль йўлларини қуриш ва хизмат кўрсатишда давлат-хусусий шерикчилик механизмини қўллаш;

темир йўл ва ҳаво транспорти орқали юк ташиш соҳасига хусусий секторни жалб қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш;

кўрсатилаётган транспорт хизматлари тариф ва нархларини асосий ташқи савдо ҳамда сайёҳлик йўналишлари ўтадиган бошқа давлатлар даражасидан ошмайдиган даражагача тушириш;

логистика хизматлари, улгуржи савдо ва товарларни сақлаш инфратузилмаси сифатини ошириш;


б) рақобат муҳитини яхшилаш ва бизнес юритишнинг тенг имкониятларини яратиш:

мулк ҳуқуқи ва тадбиркорлик фаолияти кафолатларининг институционал асосларини мустаҳкамлаш;

рақобатбардош товар ва молия бозорларида фаолият юритувчи корхоналар устав капиталида давлат улушини камайтириш, шу жумладан табиий монополияларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган объектларини хусусий секторга сотиш;

монопол корхоналарнинг нарх белгилаш бўйича шаффофлигини таъминлаш, инфляциянинг мақсадларини ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли истиқболда тартибга солинадиган нархларни (тарифлар) эркинлаштириш муддатларини ўрнатиш;

индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, преференциялар ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини танқидий қайта кўриб чиқиш;

давлат харидлари соҳасида бозор механизмларини ривожлантириш, уларнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш;

нархларни эркинлаштириш бўйича ислоҳотларнинг моҳияти, мақсади, амалга ошириш босқичлари ва эришилган натижаларни тушунтириш ва асослаш бўйича фаол коммуникация сиёсатини юритиш;


в) хусусий инвестициялар оқимининг ўсиши ва молия бозорининг ривожланиши:

қарзларни молиялаштириш инструментларини кенгайтириш;

маҳаллий корхоналар акцияларини жаҳон фонд майдонларида бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш жараёнларини фаоллаштириш;

акциядорлик компанияларини ташкил этиш ва тугатиш механизмини соддалаштириш;

электр ва газ таъминоти соҳасига хусусий инвесторлар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рақобат асосида киришига имконият яратиш ва уларни фаол жалб этиш;


г) ишлаб чиқариш омиллари унумдорлигини ошириш:

ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишга ва энергия сарфини пасайтиришга қаратилган модернизациялаш ва технологик янгилаш тармоқ дастурларини амалга ошириш;

унумдорликни рағбатлантириш ҳамда сифатни оширишга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ер ажратиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини самарали амалга ошириш;

меҳнат унумдорлигини ошириш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш орқали тармоқлар тайёр маҳсулотлари таннархи таркибидаги харажатларни оптималлаштириш;

халқаро стандартлар ва нормативларни жорий этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш бўйича махсус тармоқ дастурларини амалга ошириш;

давлат улушига эга корхоналар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ошириш мақсадида уларнинг самарадорлик рейтингини эълон қилиб бориш;

асбоб-ускуналарнинг самарадорлиги ва унумдорлиги, шу жумладан фойдаланиш муддатлари бўйича талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Пул-кредит сиёсатининг такомиллаштирилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки томонидан мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг амалга оширилиши иқтисодиётда нархлар барқарорлигига ва инфляциянинг 5 фоизлик даражаси бўйича узоқ муддатли мақсадга эришишни таъминлайди.

Нархлар барқарорлиги аҳолининг турмуш даражаси, ишчанлик фаоллигига, уларнинг миллий валютага бўлган ишончининг мустаҳкамланишига, иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишига, миллий иқтисодиётга ички ва ташқи инвестицияларнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, кўрсатилган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши иқтисодиёт агентларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилаётган пул-кредит сиёсатига бўлган ишончининг ошишига хизмат қилади ва бу, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларни сезиларли даражада пасайтириш имконини беради.

Барқарорликни, шунингдек, иқтисодий сиёсат шаффофлиги ва олдиндан кўра билинишини таъминлаш мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширади, кредитлашнинг ташқи манбалари бўйича таваккалчилик мукофотини камайтириш омили бўлиб хизмат қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 ноябрь, 47-сон, 873-модда