Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.11.2019 й. 918-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 ноябрдаги

918-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга

рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом тренерларни аттестациядан ўтказиш ва уларга рухсатнома бериш тартибини белгилайди.


2. Тизимида спорт-таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар тренерларининг малака талабларига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган малака талаблари (кейинги ўринларда малака талаблари деб аталади) асосида ўтказилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тренер - тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек, спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;


тренерлик фаолияти - аҳоли ва спортчилар билан ўқув-тренировка, жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш тадбирларини ўтказишга, шунингдек, спорт натижаларига эришиш учун уларнинг мусобақа фаолиятига раҳбарликни амалга оширишга йўналтирилган фаолият;


тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат.


4. Қуйидагилар тренерларни аттестациядан ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тренерларнинг танлаган спорт тури бўйича касбий кўникма, билим ва малакаси уларнинг замонавий педагогик технологиялардан фойдаланишни билиш даражасини ҳамда тайёрлаган спортчиларининг эришган натижаларини аниқлаш;

спорт тури бўйича малакаси, машғулот ўтиш маҳорати, меҳнат самарадорлиги ва ижтимоий-сиёсий билимларини оширган тренерларни рағбатлантириш.


5. Аттестациянинг асосий принциплари мажбурийлик, даврийлик, ошкоралик, коллегиаллик ҳамда холислик ҳисобланади.


6. Аттестация тренерлар учун ҳар беш йилда бир марта ўтказилади, аттестациядан ўтишнинг бошқа муддатлари белгиланадиган қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

бола парвариши таътилидан қайтган аёл ходимлар - бир йилгача, ҳомиладор аёллар, шунингдек, уч ёшгача болалари бўлган аёллар, болани парваришлаш учун таътилга чиқарилган эркаклар, истисно тариқасида, аттестацияга жалб этилмайди ва комиссия қарори билан рухсатнома муддати ишга чиққунга қадар узайтирилади;

меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда, узоқ муддат (уч ойдан ортиқ) даволанаётган шахсларга даволаниш якунланишидан сўнг комиссия қарори билан ишга чиққунга қадар бўлган муддат белгиланади.

Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахслар аттестацияга қўйилмайди.

Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома муддати тугаган тренерлар тўрт ойдан ошмаган муддатда белгиланган тартибда янги рухсатнома олгунига қадар меҳнат фаолиятини давом эттиришга ҳақли.

Аттестацияни адолатли ўтказиш мақсадида вазирлик томонидан тренерларни аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.


7. Аттестация белгиланган муддатда малака ошириш курсларига жалб этилган қуйидаги шахслар учун мажбурий ҳисобланади:

жисмоний тарбия ва спорт бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олий маҳорат спорт мактабларии, олий спорт маҳорати мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактабларининг (кейинги ўринларда спорт-таълим муассасалари деб аталади) тренерлари;

жисмоний тарбия ва спорт клублари, давлат ҳамда нодавлат бошқа спорт ташкилотларида (кейинги ўринларда спорт ташкилотлари деб аталади) тренерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ва шуғулланиш истагини билдирган жисмоний шахслар.


8. Вазирлик томонидан тасдиқланган тренерларнинг малакасини ошириш режа-жадвалига асосан Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) малака оширишга жалб қилинган тренерлар бир вақтнинг ўзида аттестациядан ўтказилади.

Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерлар марказда ташкил этиладиган хизмат кўрсатувчи жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича интенсив малака ошириш (72 соатлик) курсларида малакасини оширади ва аттестациядан ўтказилади.

Аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган намунадаги рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) берилади.

Малака ошириш курсидан четлатилган ёки ўта олмаган тингловчиларга рухсатнома берилмайди.

Рухсатнома муддати тугаган ҳамда мазкур низомнинг 6-банди бешинчи хатбошида кўрсатилган муддатда янги рухсатнома олмаган тренерлар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.


9. Тегишли малака ошириш сертификатининг муддати амалда бўлган, аммо рухсатнома муддати тугаган талабгорларнинг аризасига асосан малака ошириш сертификатининг амал қилиш муддатига мос равишда рухсатнома белгиланган тартибда Марказ ҳамда унинг филиаллари томонидан берилади.


10. Тренерларни аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга рухсатнома бериш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Аттестация Комиссия томонидан ўтказилади. Марказ ва унинг филиаллари Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан тасдиқланади.


12. Комиссия:

тренерларни аттестациядан ўтказади ва уларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома беради;

аттестация жараёнларининг холисона, адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлайди;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилади.

Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилиш сабаблари комиссия қарори билан тасдиқланади.


13. Комиссия раиси:

Комиссия ишини ташкил этади ва унинг фаолиятига раҳбарлик қилади;

аттестация тренерларнинг ҳуқуқлари таъминланган ҳолда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилишини назорат қилади;

комиссия аъзоларининг комиссияга юкланган вазифаларини бажариш бўйича ишини мувофиқлаштиради;

комиссия мажлислари кун тартибини белгилайди ва мажлисларни чақиради;

комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади.

Комиссия раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини комиссия раисининг ўринбосари бажаради.


15. Комиссия аъзолари:

комиссия ишида қатнашади;

комиссия қарорларини қабул қилиш бўйича овоз беришда қатнашади;

комиссиянинг кўриб чиқиши учун киритиладиган материаллар бўйича тегишли хулосаларни ўз вақтида тақдим этади.


16. Комиссия котиби:

комиссия қарорлари ижросининг мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этади;

комиссия мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи орган фаолиятини ташкил этади;

комиссия раиси иштирокида мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойларини келишади;

комиссия баённомаларини юритади ва тасдиқланган баённомаларни комиссия аъзоларига юборади;

комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларга сўровлар тайёрлайди.


17. Комиссия томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ аттестация натижалари таҳлил қилинади, баҳоланади ҳамда талабгорларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномаларни бериш бўйича қарор қабул қилинади.


18. Ишчи орган:

комиссия мажлисларини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди;

талабгорларнинг ҳужжатларини йиғади ва аттестациядан ўтувчи талабгорлар рўйхатини шаклантиради;

комиссия мажлисларини ўтказиш учун барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, комиссия аъзоларидан зарур материалларни ва тренерлик фаолиятига тегишли хулосаларни олади;

комиссия мажлислари ўтказилишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ташкил қилади;

аттестацияни сифатли ўтказиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантиради ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

комиссия аъзоларини ва таклиф этиладиган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, жойи ва вақти тўғрисида тегишли материалларни юборган ҳолда хабардор қилади;

комиссия қарорига кўра аттестациядан ўтган шахсларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномаларни расмийлаштиради, шунингдек, рухсатнома яроқсиз ҳолатга келиб қолганда ёки йўқотилганда, уларнинг дубликатларини беради;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан рухсатномага эга бўлган шахслар реестрини юритади;

комиссия қарорларига мувофиқ бошқа материалларни комиссияга кўриб чиқиши учун тақдим этади.


19. Ишчи гуруҳ:

талабгорларнинг фаолияти, эришган натижа ва ютуқларининг аттестация мезонларига мувофиқлигини кўриб чиқади ва баҳолайди;

комиссия қабул қилган қарорларнинг бажарилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганади.


20. Комиссия қарори бўйича ишчи органга комиссиянинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва аттестацияни ўтказиш мақсадида бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.



3-БОБ. АТТЕСТАЦИЯНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


21. Тренерлар асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Иш жойида ўриндошлик асосида ишлайдиган ва асосий иш жойи бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланмайдиган тренерлар эса ўриндошлик асосида фаолият юритаётган муассасасидан аттестацияга жалб этилади.


22. Тренерлар жисмоний тарбия ва спорт бўйича ўрта махсус, олий маълумоти, илмий даражаси ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда диплом деб аталади) кўрсатилган йўналиш, мутахассислик ёки ихтисосликларига (спорт турлари бўйича федерацияларнинг тавсияси асосида) мос келадиган спорт туридан аттестациядан ўтади.

Тренерларнинг дипломида биттадан ортиқ йўналиш, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар машғулот олиб бораётган ҳар бир спорт тури бўйича (икки спорт туридан кўп бўлмаган) алоҳида аттестациядан ўтади.

Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерлар хизмат кўрсатувчи жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича аттестациядан ўтади.


23. Аттестациядан ўтувчи талабгорлар ҳар бир спорт тури учун алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдини тайёрлайди.


24. Аттестациядан ўтувчи талабгорларнинг ҳужжатлари уларнинг фаолият юритаётган (ёки ишга қабул қилинаётган) асосий ёки ўриндошлик асосидаги иш жойлари орқали комиссиянинг ишчи органига тақдим этилади.

Нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи тренерларнинг ҳужжатлари комиссиянинг ишчи органига тўғридан-тўғри тақдим қилинади.


25. Комиссия ишчи органига аттестациядан ўтувчи талабгорларнинг қуйидаги ҳужжатлар йиғмажилди тақдим қилинади:

ариза (аттестациядан ўтказиш бўйича спорт турини кўрсатган ҳолда);

паспорт нусхаси;

ўрта махсус, олий ёки қайта тайёрлов касбий жисмоний тарбия маълумоти тўғрисидаги диплом(лар) (агар талабгор олий таълим муассасасида сиртқи, махсус сиртқи, кечки таълим олаётган бўлса, у ҳолда таълим муассасасидан ўқиётганлиги тўғрисидаги маълумотнома) нусхаси;

дипломда кўрсатилган мутахассислик ёки ихтисосликдан ташқари бошқа йўналиш бўйича тренерлик фолиятини юритувчи шахсга эса танлаган спорт тури бўйича спорт федерацияларининг тавсияси (мавжуд бўлса);

илмий унвони ёки даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлса);

иш жойи бўйича тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси ёки ундан кўчирма (мавжуд бўлса);

соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги тиббиёт (психиатрия, наркология ва физиология) муассасаларининг маълумотномалари;

охирги 5 йил ичида тайёрлаган спортчилари, уларнинг туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида эришган ютуқларини ҳамда ўқув-методик фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.

Зарурат бўлган тақдирда, тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиш учун ваколатли органларга юборилиши мумкин.



4-БОБ. АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

ҲАМДА РУХСАТНОМА БЕРИШ


26. Аттестациядан ўтувчи талабгорлар мазкур Низомга 2-илова билан тасдиқланган Талабгорларнинг мутахассислиги бўйича фаолияти, тайёрлаган спортчилари ва уларнинг эришган ютуқларини баҳолаш мезонларига (кейинги ўринларда мезон деб аталади) мувофиқ аттестациядан ўтказилади.


27. Аттестациядан ўтувчи талабгор мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган тақдирда, унинг касбий билим ва маҳорати Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки университет филиалларининг мутахассислик кафедралари томонидан баҳоланади ҳамда баҳолаш натижасига кўра аттестация комиссиясининг ишчи органига рухсатнома бериш ёки бермаслик юзасидан тегишли хулоса берилади.

Мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган талабгорнинг касбий билим ва маҳоратини баҳолаш мезонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси спорт турлари реестри бўйича турдош спорт турлари рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.


28. Комиссия томонидан аттестация якуни бўйича аттестациядан ўтувчи талабгорга нисбатан "аттестациядан ўтди" ёки "аттестациядан ўтмади" деган қарор қабул қилинади.

Комиссия томонидан "аттестациядан ўтмади" деган қарор қабул қилинган тақдирда, талабгор навбатдан ташқари малака ошириш курсларига ҳамда малака ошириш курси якунида қайта аттестацияга жалб этилади.


29. Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, комиссия мажлиси ваколатли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Агар талабгор комиссия аъзоси ҳисобланса, у аттестациядан ўтишда ўз номзоди бўйича овоз беришда қатнашмайди.


30. Комиссия қарори мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


31. Комиссия қарори баённома шаклида комиссия котиби томонидан расмийлаштирилади ҳамда комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради.


32. Комиссия мажлислари заруратга кўра ўтказилади.


33. Олий таълим муассасаларининг спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) таълим йўналиши ёки олимпия захиралари коллежлари ва ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари битирувчиларига ушбу таълим муассасаларини тамомлаганда, рухсатномани расмийлаштириш учун тўловни ундирмаган ҳолда беш йил муддатга рухсатнома берилади.

Бошқа олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга эга бўлган шахслар кўрсатиб ўтилган таълим муассасаларини тамомлаган йилидан бошлаб бир йил мобайнида ҳужжатлар йиғмажилдини комиссия ишчи органига тақдим этса, тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома расмийлаштирилади ҳамда улардан белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.


34. Айрим ҳолларда узрли сабаб (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлганлиги, яқин қариндошининг вафоти ва бошқалар) билан аттестацияга келмаган талабгорлар фақат бир марта навбатдаги аттестацияга қўйиладилар.


35. Талабгор узрсиз сабабга кўра аттестацияда иштирок этмаган бўлса, аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.

Бунда ишчи орган томонидан (ҳужжатлар, материаллар асосида) талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ҳамда унга тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги комиссия қарори қабул қилинади ва қарордан кўчирма талабгорга юборилади.


36. Аттестацияга узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, махсус ваколат берилган давлат органи ёки муассасалар раҳбарлари маълумотномаси) келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси ишчи орган томонидан навбатдаги аттестация муддатига кўчирилади.


37. Қуйидаги шахсларга аттестациядан ўтмасдан, ва рухсатномани расмийлаштириш учун тўловни ундирмаган ҳолда тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома чекланмаган муддатга берилади:

Ўзбекистон Республикасида "Хизмат кўрсатган спорт устози" ва "Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси", "Халқ ўқитувчиси", "Ўзбекистон ифтихори", "Хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвонларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлганлар;

олимпия ва паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерлари.


38. Спорт мактабларида тренер-инструктор сифатида ишлаш истагини билдирган давлат умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, профессионал ва олий таълим муассасалари, шунингдек, давлат ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг тавсиялари асосида аттестациядан ўтмасдан тренер-инструкторлик фаолияти билан шуғулланишга белгиланган тартибда тегишли рухсатнома оладилар.


39. Спортнинг Осиё ва паросиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда кубокларининг охирги беш йилдаги ғолиб ва совриндорлари бўлган спортчилар ва уларни тайёрлаган тренерлар спорт федерациялари (уюшмалари) тавсиялари асосида комиссиянинг қарорига кўра аттестациядан ўтмасдан, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда беш йил муддатга тегишли рухсатнома оладилар.


40. Мазкур Низомнинг 37, 38, 39-бандларда кўрсатилган талабгорлар малака ошириш курсларига жалб этиладилар.


41. Жисмоний тарбия соҳасида маълумотга эга бўлиш талаб этилмайдиган спорт турларидан ташқари жисмоний тарбия ва спорт бўйича ўрта махсус, олий маълумотга эга бўлмаган аттестациядан ўтувчи талабгорларга тегишли спорт тури бўйича тренер-инструктор рухсатномаси берилади.


42. Комиссиянинг қарорига кўра ишчи орган томонидан тренерга ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) аттестация ўтказилгандан сўнг ўн иш куни муддатида берилади.


43. Аттестация жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш, тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари ҳисобида тўлов ундирилади.

Тўловлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари "Спорт" махсус ҳисобрақамига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Қабул қилинган тўлов маблағлари ишчи органнинг аттестациядан ўтказиш, рухсатномани расмийлаштириш ва бериш ишларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга, аттестация комиссияси аъзоларини рағбатлантиришга, ўқув адабиётларини чоп этиш ва қонунда тақиқланмаган бошқа харажатлар учун сарфлашга йўналтирилади.


44. Рухсатнома қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланиб, унда ҳисоб серияси ва рақами бўлади.

Ишчи орган раҳбари рухсатномаларнинг ҳисоби, сақланиши ҳамда мақсадли ишлатилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.


45. Ишчи орган рухсатномаларнинг тренерларга тарқатилишини рўйхатга олиш учун махсус дафтар (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) юритади ва унда қуйидагиларни қайд этади:

тартиб рақами;

тренерларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

рухсатноманинг тартиб рақами, серияси;

рухсатнома берилишига асос бўлган комиссия қарорининг санаси ва тартиб рақами;

рухсатноманинг амал қилиш муддати;

рухсатнома нусхаси (дубликати) берилишининг асоси ва санаси.


46. Аттестация натижалари ва унга оид барча маълумотлар вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



5-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ НАТИЖАЛАРИ

ЮЗАСИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ

ТАРТИБИ


47. Комиссия қароридан норози бўлган тренерлар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида апелляция комиссиясига ёзма равишда шикоят беришлари мумкин.


48. Апелляция комиссияси беш кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи билан ташкил этилади.

Апелляция комиссиясининг иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.


49. Зарур ҳолларда, апелляция комиссияси таркибига жамоатчилик асосида малакали мутахассислар жалб этилиши мумкин.


50. Шикоят рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кун муддатда кўриб чиқилади.


51. Мурожаат этувчи талабгорлар апелляция комиссияси томонидан шикояти кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этиши мумкин.


52. Апелляция комиссияси комиссия қароринининг ўзгартиришсиз қолдириш ёки уни бекор қилиб, қайта аттестация ташкил этиш ҳақида қарор чиқаради.


53. Апелляция комиссияси қарори нусхаси мурожаат этувчи талабгорга ва комиссияга апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54. Комиссия ёки апелляция комиссияси қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


55. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Тренерларни аттестациядан ўтказиш ва

уларга рухсатнома бериш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Чора-тадбирлар

Муддатлар






1-босқич

Талабгор

1. Белгиланган рўйхатга асосан тегишли ҳужжатларни ўзи фаолият юритаётган (ёки ишга қабул қилинаётган) иш жойи орқали аттестация комиссиясининг ишчи органига тақдим этиш (фаолият юритаётган ёки ишга қабул қилинаётган жисмоний шахслар учун).


2. Белгиланган рўйхатга асосан тегишли ҳужжатларни тўғридан-тўғри аттестация комиссиясининг ишчи органига тақдим этиш (нодавлат ташкилотларида фаолият юритаётган (ёки ишга қабул қилинаётган) тренерлар учун).

Ҳар 5 йилда*





2-босқич

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ва унинг филиаллари

1. Талабгорларнинг ҳужжатларини йиғиш ва аттестациядан ўтувчи талабгорлар рўйхатини шаклантириш.


2. Талабгорнинг фаолияти, эришган натижа ва ютуқларини мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ Талабгорларнинг мутахассислиги бўйича фаолияти, тайёрлаган спортчилари ва уларнинг эришган ютуқларини баҳолаш мезонларига (кейинги ўринларда мезон деб аталади) мослигини кўриб чиқиш ва баҳолаш.


3. Мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган талабгорлар ҳужжатини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки университет филиалларига тақдим этиш.

Уч кун муддатда




Беш иш кунида




Кўриб чиқиш ва баҳолашдан сўнг уч иш кунида





3-босқич

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки университет филиаллари

1. Мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган талабгорларнинг касбий билим ва маҳоратини баҳолаш.


2. Баҳолаш натижасига кўра рухсатнома бериш ёки рад этиш юзасидан тегишли хулосани аттестация комиссиясининг ишчи органига тақдим этиш.

Уч кун муддатда






4-босқич

Марказ ва унинг филиаллари

1. Мезонга мувофиқ етарли балл тўплаган талабгорларнинг ҳужжатини баҳолаш натижалари билан бирга аттестация комиссиясига тақдим этиш.


2. Мезонга мувофиқ етарли балл тўплай олмаган талабгорлар ҳужжатини касбий билим ва маҳоратини баҳолаш натижалари билан бирга аттестация комиссиясига тақдим этиш.

Уч кун муддатда





5-босқич

Аттестация комиссияси

1. Аттестация комиссияси томонидан "аттестациядан ўтди" ёки "аттестациядан ўтмади" деган қарор қабул қилиш.


2. Аттестациядан ўтмаган талабгорларга навбатдан ташқари малака ошириш курсларига жалб қилиш ва малака ошириш курси якунида қайта аттестацияга жалб этиш.

Ҳар ойнинг 25 санаси

Талабгор ҳохишига қўра





6-босқич

Марказ ва унинг филиаллари

Аттестация комиссиясининг қарорига кўра, Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш.

Аттестация ўтказилгандан сўнг ўн иш куни муддатида

Изоҳ. Малака ошириш сертификати муддати амалда бўлган, аммо рухсатнома муддати тугаган талабгорларга, малака ошириш сертификатининг амал қилиш муддатига мос равишда амалга оширилади.





Низомга

2-ИЛОВА



Талабгорларнинг мутахассислиги бўйича фаолияти,

тайёрлаган спортчилари ва уларнинг

эришган ютуқларини баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

    

Т/р

Кўрсаткичлар

Баллар

(жами 150 балл)

1. Мутахассислиги бўйича

1.

Жисмоний тарбия маълумоти учун:

олий;

ўрта махсус.

Бошқа маълумоти учун:

олий (касбий қайта тайёрлаш);

ўрта махсус (касбий қайта тайёлаш).

15 балл

10 балл


5 балл

3 балл

2.

Спорт тоифаси учун:

халқаро тоифадаги спорт устаси;

спорт устаси.

20 балл

10 балл

3.

Тренерлик малака тоифаси учун:

олий тоифа;

I, II тоифа.

20 балл

10 балл

4.

Спорт тури бўйича ҳакамлик тоифаси учун:

халқаро тоифа;

миллий тоифа.

20 балл

10 балл

5.

Тренерлик курслари сертификатлари учун:

хорижий давлатларга тегишли (охирги 5 йилда);

Ўзбекистон Республикасига тегишли (охирги 5 йилда).

10 балл

5 балл

6.

Тренерлик иш стажи:

20 йил ва ундан юқори;

10 йилдан 20 йилгача;

5 йилдан 10 йилгача.

15 балл

10 балл

5 балл

2. Тайёрлаган спортчилари ва уларнинг

эришган ютуқлари бўйича

7.

Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги ғолиб ҳамда совриндорини тайёрлаганлиги учун (ҳар бир спортчи учун):

Олимпия спорт турлари:

1-ўрин;

2-ўрин;

3-ўрин.

Миллий спорт турлари:

1-ўрин;

2-ўрин;

3-ўрин.

Ноолимпия спорт турлари:

1-ўрин;

2-ўрин;

3-ўрин.

20 балл

15 балл

10 балл

10 балл

7 балл

4 балл

5 балл

3 балл

1 балл

8.

Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзосини тайёрлаганлиги учун:

асосий таркиб (ҳар бир спортчи учун):

олимпия спорт турлари;

миллий спорт турлари;

ноолимпия спорт турлари.

захира таркиб (ҳар бир спортчи учун):

олимпия спорт турлари;

миллий ва ноолимпия спорт турлари.

10 балл

5 балл

3 балл

7 балл

2 балл

9.

Малакали спортчилар тайёрлаганлиги учун:

халқаро тоифадаги спорт устаси (ҳар бир спортчи учун);

спорт устаси (ҳар бир спортчи учун);

спорт усталигига номзод (ҳар бир спортчи учун);

10 та ва ундан ортиқ катталар спорт тоифалари (I, II, III);

50 та ва ундан ортиқ оммавий спорт тоифалари;

20 балл

10 балл

8 балл

10 балл

10 балл

3. Ўқув-методик фаолияти

10.

Методик ва ўқув услубий тавсиялар, ишланмалар ва адабиётлар:

республикада татбиқ этилган (ҳар бир методик ва ўқув услубий тавсиялар, ишланмалар ва адабиётлар учун);

вилоят, туман (шаҳар)да татбиқ этилган (ҳар бир методик ва ўқув услубий тавсиялар, ишланмалар ва адабиётлар учун);

муассаса учун татбиқ этилган (ҳар бир методик ва ўқув услубий тавсиялар, ишланмалар ва адабиётлар учун);

10 балл


5 балл


3 балл


Минимал ўтиш бали

84 балл

Изоҳ. Жадвалда белгиланган кўрсаткичлар бўйича етарли балл тўплай олмаган талабгорлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки университет филиалларига касбий билим ва маҳоратини баҳолаш учун юборилади.






Низомга

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ВАЗИРЛИГИ

ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ БЎЙИЧА МУТАХАССИСЛАРНИ

ИЛМИЙ-МЕТОДИК ТАЪМИНЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАРКАЗИ

  

Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан

______- сон РУХСАТНОМА

СУРАТ

3х4



нинг


(Ф.И.О.)


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида



(тренернинг ихтисослиги кўрсатилсин)


бўйича тренерлик фаолиятига рухсат берилган.

Асос

20____й.________________да берилган.

20____й.__________________________ гача ҳақиқий ҳисобланади.

Директор


(ишчи органнинг номи)

(имзо)


М.Ў.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 ноябрь