Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2019 й. 942-сон "Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги "Ғўза уруғчилиги маркази" давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.11.2019 й.

N 942




ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР УНИВЕРСИТЕТИ

ҲУЗУРИДАГИ "ҒЎЗА УРУҒЧИЛИГИ МАРКАЗИ"

ДАВЛАТ МУАССАСАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тупроққлим шароитига мос ғўзанинг серҳосил, эртапишар ва касалликларга чидамли истиқболли навларини яратиш, янги ва истиқболли ғўза навларининг уруғчилик ишларини олиб бориш ҳамда элита ва уруғчилик хўжаликларини юқори сифатли оригинал уруғлик чигит билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент давлат аграр университети ҳузурида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 22 нафардан иборат "Ғўза уруғчилиги маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда экилган янги, истиқболли ва районлашган ғўза навлари бўйича мониторинг ҳамда кенг синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш, Марказга ажратилган ер майдонларида тўлиқ селекцион схема асосида янги ғўза навлари селекцияси бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва районлаштириш;

Марказга ажратилган ер майдонларида тўлиқ селекцион схема асосида ғўзанинг янги навларини яратиш ва районлаштириш, қишлоқ хўжалигининг турли экинлари уруғчилигини ташкил этган ҳолда алмашлаб экиш тизимини жорий этиш ва агротехнологиясини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори авлодли уруғликларини етиштириш бўйича илмий асосланган услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

дастлабки элита-уруғчилик хўжаликларида кўпайтирилаётган эртапишар, тола ҳосили ва сифати юқори бўлган янги ва истиқболли ғўза навларининг оригинал уруғларини етиштириш, уруғчилик хўжаликларида кўпайтирилаётган янги ва истиқболли ғўза навлари орасидан Тошкент вилоятининг иқлим шароитига мос, эртапишар, тола ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган ғўза навларидан етарли миқдорда уруғлик материал етиштиришни йўлга қўйиш;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги уруғчилик кластерлари ҳамда уруғчилик хўжаликларини белгиланган тартибда юқори сифатли оригинал уруғлик чигит билан таъминлаш, уруғлик ғўзаларининг генетик (навдорлик) тозалигини баҳолаш, синовлардан ўтказиш ҳамда экинбоплик сифатларини аниқлаш;

пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари мутахассислари учун семинар-тренинглар ташкил этиш, бакалавр, магистр, докторантларнинг амалиёти ҳамда илмий тадқиқотларини ўтказиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги элита лабораториялари ва уруғчилик хўжаликларининг техник лаборантлари ҳамда уруғчи агрономларини қайта тайёрлаш;

давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган лойиҳалар ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари танловида иштирок этиш, соҳага доир долзарб илмий-тадқиқот мавзуларини асослаш ва танловларда қатнашиш;

уруғлик пахта ва уруғлик чигитларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш, халқаро стандартлар ҳамда техник регламентларни фаол жорий этиш йўли билан ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш тадбирларини амалга ошириш;

соҳага илғор хорижий тажрибалар, илмий, инновацион ишланмаларни жорий қилиш ҳамда илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш.


3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига белгиланган тартибда ажратиладиган устама ҳақлардан келишувга асосан олинадиган ўтказмалар;

шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;

халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ва маҳаллий ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти томонидан Марказда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда зарур бўлган замонавий лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналарини харид қилиш учун Тошкент давлат аграр университетига 12,5 млрд сўм маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти жорий йил якунига қадар ушбу мақсадлар учун қўшимча 7,5 млрд сўм маблағ ажратилишини таъминласин.


5. Белгилансинки, Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент давлат аграр университети ректори томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.


6. Тошкент давлат аграр университети бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказнинг тузилмасини;

Марказнинг уставини, шунингдек, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқласин.

Марказни юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрлар билан тўлдириш бўйича зарур чораларни кўрсин.


7. Тошкент вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда Марказда тажриба синовларини ўтказиш учун вилоят ҳудудидан 50 гектар суғориладиган ер майдонининг белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 23 ноябрь