Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.11.2019 й. 951-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 25 ноябрдаги

951-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ,

ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини

узайтириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда солиқ тўловчилар деб аталади) мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш (кейинги ўринларда солиқларни тўлаш муддатини узайтириш деб аталади) тартибини белгилайди.


2. Солиқларни тўлаш муддати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан молиявий ҳолати солиқ қарздорлигини белгиланган муддатда тўлашга имкон бермайдиган юридик шахслар учун узайтирилади.


3. Солиқларни тўлаш муддати қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда узайтирилади:

агар солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича қарздорликнинг бир марталик тўлови солиқ тўловчини иқтисодий ночорликка (банкротликка) олиб келса;

солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш ва (ёки) товарлар ва хизматлар реализацияси мавсумий хусусиятга эга бўлса;

солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки енгиб бўлмайдиган кучларнинг бошқа ҳолатлари натижасида зарар етказилган тақдирда.


4. Солиқларни тўлаш муддати солиқ тўловчиларга бир ойдан йигирма тўрт ойгача:

солиқ қарздорлигининг бутун суммасига ёки унинг бир қисмига (масалан, муайян санага ҳисобланган суммага) ёки келгусида юзага келадиган солиқ қарздорлигига нисбатан;

ушбу Низомнинг 1-бандида кўрсатилган бир солиқ ёки солиқларнинг бир нечта турлари бўйича узайтирилиши мумкин.

Солиқларни тўлаш муддатини навбатдаги узайтириш тўлаш муддати узайтирилган солиқ тўловчига нисбатан солиқларнинг кечиктирилган суммаси тўлиқ тўланган санадан бошлаб уч йилдан кам бўлмаган муддатдан кейин берилиши мумкин, ушбу Низомнинг 3-банди тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


5. Солиқларни тўлаш муддати 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда узайтирилса солиқ қарздорлиги суммасига солиқ қарздорлиги учун белгиланган пеня миқдорида фоизлар ҳисобланади.

Солиқлар бўйича пеня ҳисоблаш тегишли солиқлар бўйича муддатнинг узайтирилиши амал қилиш даври бошлангандан бошлаб тўхтатилади.

Тўлаш муддатини узайтиришдан фойдаланганлик учун фоизлар уларга нисбатан муддат узайтирилган солиқлар бўйича қарздорлик суммаси тўланадиган кунда бир вақтда тўланади.

Тўлаш муддатини узайтиришдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаб чиқариш пеняни ҳисоблаш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади ва солиқ тўловчининг шахсий карточкасида кечиктирилган солиқлар учун ҳисобланган фоизлар сифатида акс эттирилади.

Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш солиқ тўловчига унинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага берилади.


6. Ушбу Низомнинг 3-банди тўртинчи хатбошида кўрсатилган ҳолатда солиқ тўлаш муддати узайтирилса, солиқ қарздорлиги суммасига фоизлар ҳисобланмайди.


7. Солиқ тўловчи соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш муддатини узайтириши учун юридик шахснинг кафиллигини тақдим этиши мумкин.



2-БОБ. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН СОЛИҚЛАРНИ

ТЎЛАШ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛИШИ

ТАРТИБИ


8. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг тегишли қарорлари асосида амалга оширилади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг солиқ тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори (кейинги ўринларда солиқ тўлаш муддатини узайтириш тўғрисида қарор деб аталади) лойиҳаси тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тайёрланади.


10. Солиқ тўловчининг ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этилган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва ягона ер солиғини тўлаш муддатини узайтириш тўғрисида қоғоз ёки электрон шаклда берилган ариза қарор лойиҳасини тайёрлаш учун асос ҳисобланади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади, ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно:

тўлаш муддати узайтириладиган солиқлар (мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи) бўйича ҳисобланган ва тўланган суммалар тўғрисида солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган солиштирма далолатнома, шунингдек, солиқ тўловчининг банкларда очилган барча ҳисобварақлари рўйхатини ўз ичига олган ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган ва тўланган пеня ва жарималар тўғрисида маълумотнома;

банкларнинг: аризани топширишдан олдинги олти ойлик даврда солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича пул маблағларининг ҳар ойлик айланмаси тўғрисидаги; тўланмаган ҳисоб ҳужжатларининг тегишли картотекасига жойлаштирилган ҳисоб ҳужжатлари мавжудлиги ёки ушбу картотекада уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги; солиқ тўловчининг банклардаги барча ҳисобварақларидаги пул маблағлари қолдиғи тўғрисидаги маълумотномаси;

контрагентлари рўйхати - улар билан тузилган шартномалар нусхаси илова қилинган ҳолда солиқ тўловчининг дебиторлари (ёки мажбуриятлар юзага келганлигининг бошқа асослари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар);

давлат солиқ хизматлари органларига охирги хисобот даври учун тақдим этилган молиявий хисобот;

солиқ тўловчининг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолият турларидан олган даромадлари улуши умумий даромадларининг камида 50 фоизини ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжатлар. Мазкур хужжат солиқ тўловчининг товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариши ва (ёки) реализация қилиши мавсумий хусусиятга эга бўлганда солиқ тўлаш муддатини узайтириш учун тақдим этилади.

Ушбу бандга мувофиқ тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган хужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.


11. Қуйидаги ҳолатларда солиқ тўловчи солиқ тўлаш муддатини узайтириш учун берилган аризага фақат қуйидагиларни илова қилади:

а) кафиллик - солиқ тўлаш муддати соддалаштирилган тартибида узайтирилиши учун. Бунда, кафил солиқ тўловчига охирги икки йилда хисобланган ва тўланган солиқлар бўйича давлат солиқ хизмати органининг маълумотномасини тақдим этади. Бунда, кафилнинг ушбу давр учун ҳисобланган солиқлари суммаси у томонидан тўлаш мажбурияти кафолатланган солиқ миқдори бўйича тўлаш муддати узайтирилаётган солиқ суммасининг уч бараваридан (бир йилга ҳисоблаганда) кам бўлмаслиги керак. Кафиллик объект жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органи ва кафиллик берувчи ўртасида фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқлар ва тегишли пеня суммалари белгиланган муддатда тўламаган тақдирда, кафиллик берувчи солиқ тўловчининг мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришни ўз зиммасига олади.

Тўлаш мажбурияти кафиллик билан таъминланган солиқлар белгиланган муддатда солиқ тўловчи томонидан тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган ҳолларда, давлат солиқ хизмати органи солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати тугаган кундан бошлаб беш кун мобайнида кафилга кафиллик шартномаси бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисида талабномани жўнатади.

Агар кафил кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани белгиланган муддатда бажармаса, давлат солиқ хизмати органи кафилдан унинг кафиллиги билан таъминланган суммаларни мажбурий ундириш чораларини кўради.

Кафиллик шартномасига мувофиқ кафил ўзига олган мажбуриятларни бажаргач, ўзи томонидан тўланган солиқ суммаларини, шунингдек, мазкур солиқлар бўйича фоизлар ҳамда солиқ тўловчининг мажбуриятларини бажариш натижасида етказилган зарарларни солиқ тўловчидан ундириш ҳуқуқи кафилга ўтади.

б) технологик ҳалокат ёки енгиб бўлмайдиган бошқа куч ҳолатлари натижасида солиқ тўловчига етказилган зарар бўйича солиқларни тўлаш муддати узайтирилишида - табиий офатлар, технологик ҳалокат ёки енгиб бўлмайдиган кучнинг бошқа ҳолатлар натижасида солиқ тўловчига етказилган зарар қиймати тўғрисида ваколатли органнинг (ташкилотнинг) эксперт хулосаси.


12. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

а) тўлаш муддати узайтирилаётган солиқ тури;

б) тўлаш муддати узайтирилаётган солиқ тури бўйича қарздорлик миқдори;

в) тўлаш муддати узайтирилаётган ҳар бир солиқ тури бўйича муддат;

г) тўлаш муддати узайтирилаётган ҳар бир солиқ тури бўйича тўлаш муддати ва тартиби.

Айрим ҳолларда солиқларни тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда кафиллик тўғрисидаги ҳужжатлар кўрсатилади.


13. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарор солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан қабул қилинади.


14. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор у қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради. Бунда ҳисобланадиган пеня солиқ тўлаш учун белгиланган кундан мазкур қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун давр учун, агар кўрсатилган тўлаш муддати мазкур қарор кучга кирадиган кундан олдин келса, қарздорлик суммасига қўшилади.


15. Агар солиқларни тўлаш муддати кафиллик бўйича узайтирилса, тўлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор кафиллик тўғрисидаги шартнома тузилгандан сўнг кучга киради.


16. Солиқларни тўлаш муддатини узайтиришни рад қилиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилиниши мумкин:

солиқ ҳақидаги қонунлар бузилиши билан боғлиқ жиноят белгиларига кўра жиноят иши қўзғатилган бўлса;

солиқ тўлаш шартлари бузилиши муносабати билан олдин тақдим қилинган тўлаш муддатини узайтирилишнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса;

солиқ тўловчини тугатиш амалга оширилганда.


17. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки уни рад қилиш тўғрисидаги қарор нусхаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунида солиқ тўловчига ва солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича давлат солиқ хизмати органига юборилади.



3-БОБ. СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИШ


18. Солиқларни тўлаш муддати узайтирилишининг амал қилиши қарорнинг амал қилиш муддати тугагач ёхуд қуйидаги ҳолларда бундай муддат тугагач тўхтатилиши мумкин:

белгиланган муддат тугагунга қадар солиқ қарздорлигининг барча кечиктирилган суммалари тўланганда;

тўлаш муддати узайтиришлиши амал қилишини ихтиёрий тўхтатиш тўғрисида солиқ тўловчининг аризасига асосан;

солиқ тўловчини тугатиш тартиби бошланганда.


19. Давлат солиқ хизмати органи ушбу Низомнинг 18-банди иккинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда солиқларни тўлаш муддатини узайтириш белгиланган муддатидан олдин тўхтатилганлиги тўғрисида солиқ тўловчини ва маҳаллий давлат ҳокимияти органини хабардор қилиши шарт.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Давлат солиқ хизмати органлари мазкур Низом талабларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.


21. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатини узайтириш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим қилинган ахборот асосида алоҳида ҳисоб юритилади.


22. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш бўйича солиқлар суммалари ўз вақтида тўланишини назорат қилиш давлат солиқ хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан

солиқларни тўлаш муддатини узайтирилиши

СХЕМАСИ

   

Босқичлар

Субектлар

Тадбирлар

Муддатлар





1-босқич

Солиқ тўловчилар

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш учун ариза беради.

Заруриятга кўра




2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

1. Аризани ва у билан бирга тақдим этилган хужжатларни низом талабларига мувофиқлик юзасидан кўриб чиқади ва қарор лойиҳасини тайёрлайди.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига қарор лойихасини кўриб чиқиш учун киритади.

1. Ариза берилганда




2. Ариза тушган кундан

бошлаб беш иш кунда

  



3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашилари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши

Солиқ тўлаш муддатини узайтириш ёки солиқ тўлаш муддатини узайтиришни рад этиш бўйича қарор қабул қилади.         

Солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб

30 кундан кечикмай


  

  

4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки уни рад қилиш тўғрисидаги қарор нусхасини солиқ тўловчига ва солиқ тўловчини солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича давлат солиқ хизмати органига юборади.

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунида






Низомга

2-ИЛОВА

________________________________


________________________________



Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ,

ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича солиқларни

тўлаш муддатини узайтириш тўғрисида

АРИЗА

ни амалга оширувчи

(асосий фаолият тури)

(солиқ тўловчининг тўлиқ номи)

Сиздан

солиқ бўйича


(солиқнинг тўлиқ номи)


20___ йил "___" __________ дан 20___ йил "___" __________га қадар, ______ ой муддатга,

сўмга тўлов муддатини узайтиришингизни сўрайди.

(сумма сон ва сўз билан ёзилади)


Объект

да жойлашган.


(республика ҳудуди, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй ва хонадон рақами)


Кечиктирилган суммани тўлаш тартиби билан танишдим ва Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган муддатларда юқорида кўрсатиб ўтилган суммани тўлаш мажбуриятини оламан.

Ариза тақдим қилинган сана (кун ой йил)



Раҳбар




(имзо)


    

Бош бухгалтер




(имзо)


М.Ў. (муҳр мавжуд бўлганда)



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 2 декабрь, 48-сон, 887-модда