Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.11.2019 й. 957-сон "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2019 й.

N 957



УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ

КЎРСАТИШ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТАРТИБИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ҲАҚИДА



Ўзбeкистон Рeспубликаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг "Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини янада такомиллаштириш, шунингдек, уни малакали мутахассислар билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтининг "Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4040-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 2019 йил ва келгуси йилларда сув таъминоти ҳамда канализация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурларнинг самарали мувофиқлаштирилиши ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун "Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонасининг фаолият кўрсатаётган тўртта ҳудудлараро филиаллари негизида ҳудудий бошқармалар (Тошкент шаҳридан ташқари) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги 409-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 6-сон, 112-модда) билан тасдиқланган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.


3. Мазкур қарорнинг бажаралишини назорат қилиш Ўзбeкистон Рeспубликаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбeкистон Рeспубликаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиeв зиммасига юклансин.



Ўзбекистон РеспубликасинингБош вазири                          А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 28 ноябрдаги

957-сон қарорига

ИЛОВА



Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси

ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни

моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги

низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча


1. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"5. Штат жадвалини шакллантиришда:

иш касблари (мутахассисликлар) бўйича малака разрядлари Вазирлар Маҳкамасининг "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарорига мувофиқ ишларни сифатли бажариш учун талаб этиладиган малакадан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Ўзбeкистон Рeспубликаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг "Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Инжиниринг компанияси деб аталади) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасига асосан тариф коэффициентларига ошиб борувчи коэффициентларнинг чекланган миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг "Объектларни марказлаштирилган манбалар ҳисобига қуришда ягона буюртмачи хизматлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2014 йил 16 майдаги 124-сон қарорига мувофиқ белгиланади".


2. Қуйидаги таҳрирдаги 5-1-боб қўшилсин:


"5-1-боб. Ўзбeкистон Рeспубликаси Уй-жой коммунал хизмат

кўрсатиш вазирлигининг "Сув таъминоти ва канализация объектлари

қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси

ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини мукофотлаш ҳамда

уларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби


18-1. Инжиниринг компанияси ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида буюртмачини сақлаш харажатларини белгиланган тартибда назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

18-2. Инжиниринг компанияси ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси Инжиниринг компанияси томонидан ҳар йили назарда тутиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантирилади.

18-3. Инжиниринг компанияси ходимларига:

иш вақтидан бошқа вақтларда, дам олиш ва байрам кунларида, тунги вақтда ишлаганлик, шунингдек, узоқ муддат ишлаганлик учун ушбу Низомнинг 7 ва 9-бандларида назарда тутилган тартибда лавозим маошига устамалар;

расмий байрам кунлари (Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, Мустақиллик куни, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити, Конституция куни, Янги йил) ва касб байрами (Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ходимлари куни) бир лавозим маоши миқдорида бир марталик мукофот пули;

овқатланиш харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик тўлов;

йўлкира харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик тўлов, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлар бундан мустасно;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп бўлмаган миқдорда бир йўла моддий ёрдам пули;

алоҳида ҳолатлар (узоқ муддат касаллик, оила аъзосининг вафоти, никоҳ тузиш ва бошқалар) муносабати билан бир лавозим маошидан ошмайдиган миқдорда бир йўла моддий ёрдам пули;

соғликни тиклаш (санаторийда даволаниш) учун бир йилда бир марта бир лавозим маоши миқдорида молиявий ёрдам пули тўланади.

18-4. Мукофотлар ва устамаларнинг аниқ миқдорини белгилаш учун Инжиниринг компаниясида Инжиниринг компанияси ходимларини мукофотлаш тартибини белгилаш комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Комиссия Инжиниринг компанияси директорининг қарори билан 6 кишидан иборат таркибда тузилади ва директор (комиссия раиси), бош бухгалтер, кадрлар бўйича мутахассис, юрисконсульт, меҳнат жамоаси ва касаба уюшма қўмитаси вакилларини ўз ичига олади. Комиссия қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

18-5. Инжиниринг компаниясининг айрим ташаббускор ва юқори малакали ходимларига Инжиниринг компанияси директорининг тегишли буйруғига ҳамда комиссия қарорига асосан лавозим маошига унинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорида ҳар ойлик шахсий устамалар белгиланиши мумкин".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 ноябрь