Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.11.2019 й. 959-сон "Давлат бошқарувида илғор давлат менежменти ва "ақлли" бошқарув принципларини босқичма-босқич жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2019 й.

N 959




ДАВЛАТ БОШҚАРУВИДА ИЛҒОР ДАВЛАТ

МЕНЕЖМЕНТИ ВА "АҚЛЛИ" БОШҚАРУВ

ПРИНЦИПЛАРИНИ БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ

ЖОРИЙ ЭТИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади), Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Россия Федерацияси давлат бошқаруви соҳасидаги илғор тажрибаси асосида:

давлат органлари ва ташкилотлари учун профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида масофавий таълим технологияларини ўз ичига олган давлат бошқарувида менежмент ва "ақлли" бошқарув принципларини босқичма-босқич жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари учун профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида масофавий таълим технологияларини жорий қилиш орқали "Бошқарув кадрлари портали"ни (кейинги ўринларда Портал деб аталади) яратиш ва уни 2020 йил 1 мартга қадар ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда, Порталнинг техник ҳужжатларини "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКдан белгиланган тартибда комплекс экспертизадан ўтказиш таъминлансин.


2. Қуйидагилар Порталнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

портал фойдаланувчиларининг ягона электрон базасини шакллантириш ва янгилаб бориш, шунингдек уларнинг касбий ва шахсий ўсишига кўмаклашувчи масофавий таълим технологияларини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари учун профессионал бошқарувчиларни масофавий ўқитиш орқали уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий қилиш;

портал фойдаланувчилари билим, кўникма ва компетенциялари, шунингдек уларнинг фаолияти натижаларига доимий равишда баҳо бериб бориш;

портал фойдаланувчиларига замонавий билимларни, ахборотларни доимий ва тизимли равишда етказиб бориш.


3. Белгилансинки:

Академия, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Портални ишлаб чиқиш ва ишга тушириш билан боғлиқ ташкилий-техник чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун масъул ҳисобланади;

Портал ва унинг мобил иловасини яратиш ҳамда хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Академия Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

2019 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент вилояти Бука тумани ва Ангрен шаҳрида тажриба-синов тариқасида раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигига доимий равишда баҳо бериб бориш тизимини жорий этсин ва ушбу тизимни 2020 йил 1 августга қадар амалга оширсин;

2020 йил 1 сентябрга қадар тажриба-синов якунлари бўйича уни кейинчалик бутун республика ҳудудида жорий этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар давлат органларининг "Халққа - кўмакчи, тадбиркорларга-бизнес ҳамкор" сифатида фаолият кўрсатишини кенгайгириш мақсадида махсус электрон платформани яратиш ва ишга туширишни таъмииласин.


6. Академия икки ой муддатда:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини бевосита фуқаролар билан ишлашга ихтисослаштириш ва давлат органларининг "Халққа - кўмакчи, тадбиркорларга - бизнес ҳамкор" сифатида фаолият кўрсатишига хизмат қилувчи қисқа муддатли ўқув курсларини;

бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув дастурларига илғор давлат менежменти, шу жумладан стратегик менежмент, риск менежменти ҳамда "ақлли" бошқарув принципларининг замонавий усулларини ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш чораларини кўрсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош визири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 ноябрь