Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.12.2019 й. 986-сон "Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.12.2019 й.

N 986




ШОЛИЧИЛИКНИ БАРҚАРОР

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республикада шоли етиштиришни кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шолини харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасида бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб шоличилик кластерларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилансинки, шоличилик кластерларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

шоличилик кластери ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)нинг замонавий инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда, шоли етиштириш ёки уни шартнома асосида сотиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб беришни таъминлайди;

шоличилик кластери, биринчи навбатда, иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли маҳаллий инвесторлар томонидан ташкил этилади;

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талабларига мувофиқ шоличилик кластерига ер майдони юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан белгиланган тартибда эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилади;

келгуси йил ҳосили учун шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳар йилнинг 1 февралига қадар шакллантирилади;

шоличилик кластерининг фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди, хорижий инвесторлар иштирок этаётган шоличилик кластери бундан мустасно;

шоличилик кластерига ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишга олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ҳамда мазкур қарорда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишига олиб келади.


3. Шоличилик кластерини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шундай тартиби белгилансинки, унга мувофиқ:

ер майдонларини фойдаланишга киритган шоличилик кластерига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонида;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорида;

қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.


4. Белгилансинки:

а) шоличилик кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида белгиланган тартибда ажратилади;

б) хорижий инвесторлар иштирок этаётган шоличилик кластерига ер майдони Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда шоличилик кластерини ташкил этувчи ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

шоличилик кластери фаолиятини ташкил этишда шоли етиштирувчи хўжаликларда шоли етиштиришни молиялаштириш, шолини қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

ташаббускорнинг банкдаги пул маблағлари айланмаси тўғрисидаги хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма;

шоличилик кластерининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (шу жумладан, ижара асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари шоличилик кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахслар танланиши учун шахсан масъул ҳисобланади.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

туман ҳокимлиги қарорига асосан шоли етиштирувчи хўжаликлар кесимида белгиланган шоли етиштириш ҳажмидан келиб чиқиб, шоличилик кластери билан шоли етиштирувчи хўжаликлар ўртасида шартномалар тузилади;

шоличилик кластери ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан шоли етиштирувчи хўжаликларга ўзаро тузилган шартномаларга асосан бўнак маблағлари ажратади ва ушбу маблағлар уруғлик, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи хўжаликлар билан тузилган шартномага мувофиқ етказиб бериладиган шоли учун бўнак маблағлари ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, етиштирилган шоли тўлиқ шоли етиштирувчи хўжаликлар ихтиёрида қолдирилади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи хўжаликлар билан тузилган шартнома бўйича етказиб бериладиган шоли ҳажмига нисбатан кам миқдорда маблағ ажратган тақдирда, шоли етиштирувчи хўжаликлар ажратилган маблағ миқдорига мутаносиб ҳажмда шоли етказиб беради;

шоличилик кластери томонидан харид қилинадиган шолининг нархи ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, шоли етиштирувчи хўжаликлар билан тузиладиган шартнома асосида эркин белгиланади;

шоличилик кластери томонидан шоли етиштирувчи хўжаликлардан харид қилинадиган шоли учун якуний ҳисоб-китоблар ҳар йили 31 декабрга қадар тўлиқ амалга оширилади.


6. Шоличилик кластери қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

тупроқ унумдорлиги, ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш борасида шоли етиштирувчи хўжаликлар раҳбарларининг билим ва кўникмалари ошириб борилишини таъминлаш;

шоли етиштирувчи хўжаликларга бўнак маблағларининг ўз вақтида ва етарли миқдорда ажратилишини ҳамда ҳосилдорликни ошириш учун қўшимча равишда минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб берилишини таъминлаш;

ердан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сувни тежайдиган ва экологияни муҳофаза қилувчи технологияларни босқичма-босқич жорий этиш ҳамда ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;

шолини қайта ишлаш учун ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш юзасидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

ҳудудларнинг тупроққлим шароитини ҳисобга олган ҳолда шоли селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш.


7. Шоличилик кластерига шартнома асосида шоли етиштирувчи хўжаликлар томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

шоли етиштириш учун шоличилик кластери томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

ҳосилдорликни ошириш чораларини кўриш ҳамда ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан камида 70 центнер ҳосилдорликка эришиш;

шоличилик кластери билан тузилган шартномада кўрсатилган шолини белгиланган миқдор, сифат ва муддатда сотишни таъминлаш.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг "Ўзбекшоличилик" уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

юқори сифатли шоли маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш ва аҳолининг шоли маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, шоли етиштиришнинг илмий асосланган усулларини ва ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

республика ҳудудларида шоли етиштириш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, замонавий қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш ва ёпиқ сиғимлар қуриш учун хорижий инвестицияларни, жумладан, халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш йўли билан давлат кўмагини олишда ҳар томонлама кўмаклашиш;

шоли етиштирувчи хўжаликлар учун соҳа олимлари ва мутахассислари иштирокида семинарлар ва тренинглар ташкил этиш орқали илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш жараёнларини жадаллаштириш.


10. Қуйидагилар:

"Ўзбекшоличилик" уюшмасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

"Ўзбекшоличилик" уюшмасининг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 20 нафар бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Уюшма раисига, зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппаратнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.


11. Белгилаб қўйилсинки, Уюшма раиси ва унинг ўринбосарлари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


12. Уюшманинг фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Уюшмага аъзо бўлган шоличилик кластерлари, шоли етиштирувчи хўжаликлар ва шолини қайта ишлаш ташкилотларининг аъзолик бадаллари ҳамда ихтиёрий ажратмалари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.


13. "Ўзбекшоличилик" уюшмаси Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчасидаги 36-уйга жойлаштирилсин.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2020 йил ҳосилидан шоличилик кластерларини ташкил этиш бўйича салоҳиятли ташаббускорларнинг манзилли рўйхатини шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар сув баланси прогнозидан келиб чиққан ҳолда Уюшмага аъзо бўлган шоли етиштирувчилар кесимида шоли экинининг жойлаштирилишини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

шоличилик кластери билан шоли ишлаб чиқарувчи хўжаликлар ўртасида шоли харид қилиш бўйича тузиладиган шартноманинг намунавий лойиҳасини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари билан шоличилик кластери ўртасида ер майдони ажратиш бўйича тузиладиган битимнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ва жойларга етказилишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг шоличилик соҳасидаги илмий-тадқиқотларни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитига мос, серҳосил шоли навларини яратиш ишларини жадаллаштириш мақсадида Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси (кейинги ўринларда Станция деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


17. Қуйидагилар Станциянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитларига мос, эрта ва ўртапишар, серҳосил, касалликларга чидамли шоли навлари ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

янги ва истиқболли шоли навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;

шоли етиштиришда замонавий ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш;

шолининг касалликлари ва зараркунандаларига қарши атроф-муҳитнинг экологик мувозанатига таъсир этмайдиган курашиш усулларини ишлаб чиқиш;

шоличилик соҳасида етакчи бўлган хорижий илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;

интенсив равишда шоли етиштириш агротехнологиялари бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;

юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш ва илмий ходимларнинг касбий билимларини доимий ошириб бориш.


18. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда Станциянинг устави ва ташкилий тузилмаси тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


19. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Станциянинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


20. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда:

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясининг маъмурий биносига Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси маъмуриятининг жойлаштирилишини;

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясининг қишлоқ хўжалиги техникаларини хатловдан ўтказсин ҳамда уларнинг бажарадиган функциясидан келиб чиққан ҳолда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясига ҳамда Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясига белгиланган тартибда тақсимотининг амалга оширилишини таъминласин.


21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Станцияга илмий тажриба-синов ишларини ўтказиш учун 300 гектар суғориладиган ер майдони ажратсин.


22. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


23. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 декабрдаги

986-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбекшоличилик" уюшмасининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

  

"Ўзбекшоличилик"

уюшмаси

"Guliston agro group" АЖ

"Қорақалпоқдонмаҳсулотлари" АЖ

Шоличилик кластерлари* (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё, Андижон, Тошкент, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари)

"Олтин кўл азаматлари"

агрофирмаси

"Хонқадонмаҳсулотлари" АЖ



Шоличилик

фермер хўжаликлари

"Bek klaster" МЧЖ

"Тахиатош дон маҳсулотлари" АЖ

Шолини қайта ишлаш

ташкилотлари*

Шоличилик марказий

лабораторияси*

*) Янгидан ташкил этиладиган ташкилотлар.


Изоҳ. Ташкилотлар "Ўзбекшоличилиги" уюшмасига мустақил аъзо бўлишлари мумкин ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 декабрдаги

986-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзбекшоличилиги" уюшмасининг

ижро этувчи аппарати

ТУЗИЛМАСИ

Кенгаш

Муассисларнинг умумий йиғилиши

Бошқарув раиси

Раис ёрдамчиси

Ишлаб чиқариш масалалари бўйича

раис ўринбосари

Молия ва бухгалтерия ҳисоботи бўлими

3


Иқтисодий таҳлил ва стратегик режалаштириш бўлими

2

Юрисконсульт

Кадрлар бўйича инспектор

Уруғлик тайёрлаш, шолини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш бошқармаси

5

Ижро интизомини назорат қилиш  бўйича бош мутахассис

Офис-менеджер

Инновацион лойиҳалар, инвестициялар ва маркетинг бўлими

3

Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони - 20 нафар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 декабрь