Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.12.2019 й. 996-сон "Тошкент ҳайвонот боғини келгусида модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.12.2019 й.

N 996




ТОШКЕНТ ҲАЙВОНОТ БОҒИНИ

КЕЛГУСИДА МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларига асосан, театр ва томоша масканларини, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш аҳолига қулай яшаш шароитларини яратишда асосий вазифа этиб белгиланган.

Тошкент ҳайвонот боғи бугунги кунда хизмат кўрсатишнинг замонавий халқаро стандартларга жавоб бермайди шунингдек, зарар билан фаолият юритаётган давлат ташкилоти ҳисобланади. Хусусан, сўнгги уч йилда Тошкент ҳайвонот боғини сақлаш учун давлат бюджетидан жами 22,7 млрд. сўм ажратилган.

Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, мамлакат иқтисодиётидаги давлат иштирокини қисқартириш, шунингдек замонавий маданий-томоша, илмий-маърифий масканларини яратиш орқали мамлакат аҳолисига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ҳайвонот боғининг коллекциясини ноёб ва экзотик ҳайвонларнинг турлари билан бойитишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасасини ташкилий-ҳуқуқий шаклини масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирган ҳолда, "Wildlife Care" МЧЖга (кейинги ўринларда Ишончли бошқарувчи деб аталади) ишончли бошқаришга (кейинги ўринларда Ишончли бошқариш шартномаси деб аталади) бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилансинки:

а) "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятининг устав капитали қайта ташкил этилаётган "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасаси мол-мулкларининг қолдиқ баланс қийматида шакллантирилади ва жамиятнинг устав капиталидаги таъсисчи функцияси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади;

б) Ишончли бошқарувчи томонидан Ишончли бошқариш шартномаси талабларига тўлиқ риоя этилган тақдирда, шартноманинг муддати 30 йилгача узайтириб борилади;

в) "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятига айлантирилганда "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасасининг амалдаги солиқ режими сақланиб қолинади;

г) ишончли бошқарувчи учун тўланадиган ҳақ миқдори "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятининг йил якунлари бўйича ҳисобланадиган дивиденд ҳисобидан тўланади;

д) ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган инвестициялар аудиторлик ташкилотининг ҳисоботига асосан "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятининг соф фойдасидан қайтарилади;

е) "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятига "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасаси учун 2019 йилда ажратилган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилиб борилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирилишини таъминласин.


4. Тошкент ҳайвонот боғини Ишончли бошқарувчи томонидан комплекс модернизация қилиш ҳамда инфратузилма шароитларини яхшилаш бўйича концепция 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ишончли бошқарувчи томонидан қуйидаги таклифлар билдирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

дастлабки беш йил давомида 5 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;

ҳайвонлар таркибий турини кўпайтириш;

янги вольерларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

ҳайвонлар учун реабилитация марказини ташкил этиш ва ҳайвонот боғи ишчиларининг малакасини ошириш учун ўқув марказини ташкил этиш;

замонавий аудио-видео визуализациясини жорий этиш ва бошқалар.


6. Давлат активларини бошқариш агентлиги:

Маданият вазирлиги билан биргаликда, "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятига айлантирилгандан сўнг, бир ойлик муддатда Ишончли бошқарувчи билан мазкур қарорда кўрсатилган шартлар асосида Ишончли бошқариш шартномасини тузилишини;

Молия вазирлиги билан биргаликда, "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятидаги давлат улушини келгусида Ишончли бошқарувчига давлат хусусий-шериклик шартлари асосида берилиши бўйича таклиф киритилишини;

Ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати мазкур қарорнинг 2-банди "б" кичик бандида белгиланган тартибда тугатилгандан сўнг, Тошкент ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар ва бошқа мулкларни Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилишини таъминласин.


7. Истисно тариқасида Ишончли бошқариш шартномаси амал қилиш давомида "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган харидларга Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуни татбиқ этилмайди.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 декабрдаги

996-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари


1. Вазирлар Маҳкамасининг "2016-2020 йиллар даврида Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2016 йил 20 майдаги 163-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 21-сон, 230-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2017 й., 19-сон, 345-модда) 1-илованинг 68-банди.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 46-сон, 1134-модда) 1-илованинг 69-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 декабрь