Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент ҳайвонот боғини комплекс модернизация қилиш ҳамда инфратузилма шароитларини яхшилаш бўйича Концепция (ЎзР ВМ 13.12.2019 й. 996-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 декабрдаги

996-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент ҳайвонот боғини комплекс

модернизация қилиш ҳамда инфратузилма

шароитларини яхшилаш бўйича

КОНЦЕПЦИЯ


Тошкент ҳайвонот боғи Ўзбекистон Республикасининг маданият, таълим ва туристик инфраструктурасининг энг муҳим объектларидан биридир. 2020-2024 йилларда Тошкент ҳайвонот боғини комплекс модернизация қилиш ҳамда инфратузилма шароитларини яхшилаш бўйича Концепция (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) ҳайвонот боғларининг асосий принциплари ижросини таъминлаш, шу жумладан сунъий шароитларда ёввойи ҳайвонларни кўргазмага чиқариш ва ўрганиш, илмий-маърифий, тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилишга оид масалаларни ҳал қилиш ҳисобланади. Шунингдек, Концепция доирасида аҳоли ва туристларнинг маданий ҳордиқ зоналарини яратиш, хусусан ҳайвонлар ва боғга ташриф буюрганлар учун максимал қулай шароитларни яратиш мақсадида ҳайвонлар сақланаётган жойлардан узоқроқда болалар учун ўйин зоналарни ташкил қилиш режалаштирилмоқда.



1-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


Қуйидагилар Концепциянинг мақсадлари ҳисобланади:

ҳайвонлар турларини кўпайтириш, оқ айиқ, носорог, шимпанзе, пингвин, жирафа, антилопа, зебра, байкал нерпаси каби ноёб ҳайвонларни шу жумладан, Халқаро Қизил китоб, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига кирган ҳайвонларни харид қилиш, шунингдек, Ўзбекистон эндемик ҳайвонларни сақлаб қолиш, кўпайтириш, бу соҳадаги илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, ўлкамизнинг фаунасини ташвиқот қилиш;

ҳайвонот боғининг ландшафт дизайнини ўзгартириш, янги айдентикасини (янги логотип, боғдаги кўрсаткичлар, йўлаклардаги белгилар, ахборот табло) яратиш ва жорий этиш орқали ҳайвонот боғи ҳудудини маданийлаштириш;

Тошкент ҳайвонот боғининг ветеринария биносини реконструкция қилиш ҳамда замонавий ускуналарни харид қилиш орқали ҳайвонлар учун реабилитация марказини яратиш;

Ўзбекистон ва чет давлатлар ҳайвонот боғлари ходимларининг малакасини ошириш учун ўқув марказини ташкил этиш, шунингдек ҳайвонот боғига янги ишга кирадиганлар учун ўқув қўлланмалар чоп этиш;

аудио ва видео визуализация ҳамда ташриф буюрувчилар учун максимал қулай шароитларни яратиш мақсадида ягона тўлов хизмати тизимини жорий этиш;

ҳайвонлар учун халқаро стандартларга мувофиқ янги вольерлар қуриш ҳамда мавжуд вольерларни реконструкция қилиш;

ҳайвонот ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида маҳаллий ва халқаро экспертларни жалб қилиш орқали ҳайвонот боғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ҳайвонот боғини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг шаффоф механизмини таъминлаш мақсадида биологлар, ҳайвонот боғи ходимлари, кўнгиллилар, зооҳимоячилар, журналистлардан иборат бўлган жамоа кенгашини ташкил этиш.

Концепциянинг вазифаси:

ҳайвонот боғларининг асосий принциплари ижросини таъминлаш;

сунъий шароитларда ёввойи ҳайвонларни кўргазмага чиқариш ва ўрганиш, илмий-маърифий, тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилишга оид масалаларни ҳал қилиш ҳисобланади.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯДАН КУТИЛАЁТГАН

НАТИЖАЛАР


Концепция амалга ошиши натижасида қуйидаги натижаларга эришилиши кутилмоқда:

Марказий Осиёда энг яхши ҳайвонот боғи даражасигача етказиш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғини реконструкция қилиш ва ривожлантириш, уни МДХдаги бошқа ҳайвонот боғлари билан рақобатбардошлигини таъминлаш;

шаҳар атроф-муҳити ландшафтининг ижобий ўзгартирилишига кўмаклашиш ва ҳайвонот боғи асосида туристларни (маҳаллий ва хорижий) жалб қилиш;

Евроосиё Ҳайвонот боғлар ва Аквариумлар (EARAZA) ҳудудий уюшмасида Тошкент ҳайвонот боғининг ўрнини ошириш.

Тошкент ҳайвонот боғининг балансида сақланаётган ҳайвонлар, шунингдек мавжуд фаолият кўрсатаётган инфраструктура Концепциянинг активлари ҳисобланади.

Қўйилган мақсадларни самарали амалга ошириш учун "Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасасини ташкилий-ҳуқуқий шаклини масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирган ҳолда ишончли бошқаришга берилади.

"Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятига айлантирилгандан сўнг, Ишончли бошқарувчи билан Ишончли бошқариш шартномаси (кейинги ўринларда Шартнома деб аталади) тузилади.



3-БОБ. ҲАЙВОНОТ БОҒИНИНГ ҲОЗИРГИ

ҲОЛАТИ ВА МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ

БЎЙИЧА ТАКЛИФ


Ҳозирда ҳайвонот боғининг фаолияти қуйидагича:

фаолият асосан рекреацион, сўнг маориф йўналишида олиб борилмоқда, табиатни муҳофаза қилиш (ҳайвонларнинг ноёб турларини кўпайтириш) соҳасида фаолият деярли олиб борилмайди;

ҳайвонларнинг асосий қисмини сақлаш шароитлари уларнинг эҳтиёжлари ва халқаро стандартларга мувофиқ эмас.

Қайд қилинган муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2024 йилга қадар қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

хусусий сектор ва чет эл инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш орқали ҳайвонлар, шу жумладан Халқаро Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар учун қулай ҳудудни барпо этиш;

Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси ва хорижий туристлар учун вақтни қизиқарли ва мазмунли ўтказиш мақсадида кулай шароитлар яратиш.

беш йил (2020-2024 йиллар) давомида ҳайвонот боғини тўлиқ реконструкция қилиш;

2024 йилда халқаро эксперт ҳамжамиятини жалб этган ҳолда Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллигини нишонлаш мақсадида халқаро конференция ўтказиш.



4-БОБ. ТАКЛИФ ЭТИЛАЁТГАН ИННОВАЦИЯЛАР


Ташувчиларни максимал сонига интеграция қилиш ва кейинчалик мерчендайз маҳсулотини ривожлантириш имконияти мавжуд кенгайтирилган бренд-платформани яратиш. Бундан ташқари, мазкур бренд-платформа ижтимоий ва маркетинг инструментларини, шу жумладан реклама ва PRНН янада фаолроқ қўллаш имкониятини бериши қуйидаги йўналишларни мослашувчан бўлишига имкон беради:

ҳайвонот боғи бўйлаб қулай навигация;

уч тилда (ўзбек, рус, инглиз) маълумот тахтачалари;

веб-сайтни рестайлинг қилиш ва мобиль иловаларни яратиш;

ижтимоий тармоқларда фаол реклама;

сувенир ва мерчаидайзинг маҳсулотлари.

Шунингдек, ҳайвонот боғи ходимларини оддий меҳмондан ажратиб олиш муаммолиги сабабли тизим дизайни асосида ҳайвонот боғининг барча ходимлари учун алоҳида махсус кийим ишлаб чиқиш. Ҳайвонот боғининг барча ходимлари, сотувчилар, хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳайвонот боғининг корпоратив услубига мос келадиган кийим кийишлари шарт. Бундан ташқари, ҳайвонот боғи ходимлари улар ўртасида бўлинган ҳудудни қўриқлашлари, қафаслар яқинидаги ташриф буюрувчиларни назорат қилишлари, ташриф буюрувчилар томонидан ҳайвонларнинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказиши мумкин бўлган тақиқланган нарсаларни ташлашларига йўл қўймасликлари лозим.

Ҳайвонот боғининг фаолиятини ўта мавсумийлигини камайтиришга, октябр ойидан апрелга қадар ташрифларни кўпайтириш ва ишни фаоллаштиришга қаратилган дастур ишлаб чиқиш. Жумладан, қишки экспозицияни, ташриф буюрувчилар учун "иссиқ ҳудудлар"ни яратиш, кенг омма учун турли тадбирлар, ахборот янгиликлари ва воқеалар маркетингини ўтказиш.

Шунингдек, ҳайвонот боғининг экспозицияси, инфраструктураси яхшиланиши, мавсумийлиги камайтирилиши, реклама ва воқеавий маркетинг (масалан, ҳайвонот боғида янги қизиқарли ҳайвон келтирилишини ОАВда намойиш этиш ва PR-тадбир ўтказиш) орқали такрорий ташрифларни кўпайтириш.

Турли хил чипталарни, жумладан оилавий, гуруҳлар учун ва кўп маротабалик ҳамда экскурсиявий хизмат кўрсатиш ва қўшимча имкониятлар (совға, сувенир, ҳайвонларни овқатлантириш ва х.к.) мавжуд чипталарни жорий этиш. Бундан ташқари, чипталарни суткани вақти ва ҳафта кунлари бўйича бўлиш шунингдек, чипталарни онлайн буюртмалаш, харид қилиш ва карталарни тўлдириш тизимини йўлга қўйиш.

Ҳайвонот боғи ҳудудида тақдим этилаётган барча турдаги хизматларни (шу жумладан ташрифни, аттракционларни ва бошқаларни) тўлаш воситаси сифатида депозит карталарни яратиш. Шу билан бирга, ҳайвонот боғида картадан маблағларни ечиш, маркетинг тадқиқотлари ва таҳлилни амалга ошириш имконини берувчи тегишли ускуналар ўрнатиш, шунингдек, сарфланган маблағларнинг маълум фоизи фойдаланувчига ёки табиатни муҳофаза қилиш жамғармасига ўтказиладиган дисконт тизимини жорий этиш.

Бундан ташқари, ҳайвонларни рухсатсиз овқатлантириш муаммосини ҳал этадиган, ҳайвонларни озиқлантириш ускуналарини ўрнатиш. Мазкур ускуналар овқатни мақсадлар бўйича ажратиб бериши, жумладан қушлар озуқасини бошқа ҳайвонларникидан алоҳида қилиб бериши лозим.

Ўзининг асосий функцияларидан ташқари, ҳайвонот боғи боғ ҳудуди сифатида ҳам тақдим этилиши лозим. Шу муносабат билан ландшафт дизайнини батафсил ишлаш, гулдонлар, фонтанлар, сайр ҳудудларини ташкил қилиш зарур. Ҳайкалтарошлик композицияларга алоҳида эътибор берилиши лозим. Ҳозирги кунда ҳайвонот боғидаги ҳайкалтарошлик композициялар мутаносиб бўлмаган кўринишга ва ижро этиш сифати паст даражага эга. Шу муносабат билан ҳайвонот боғини инновацион реконструкцияси қилиш орқали қуйидаги ишлар амалга оширилади:

турли об-ҳаво шароитларида дам олиш имкониятини яратиш (ўриндиқлар, ёмғирдан бошпаналар, қишки пайтда - иссиқхоналар);

ҳайвонот боғини реконструкциясида ташриф этувчиларнинг дам олиши учун максимал қулай шароитлар кўзда тутиш жумладан, махсус зоналарга ажратилган юқори сифатли овқатланиш ва сувенирлар савдосининг шаҳобчаларини ташкил этиш;

алоқа қилиш имконини берувчи (контакт) ҳайвонот боғи ёки ёш ҳайвонларга мўлжалланган майдонча ҳудудини яратиш;

таълим фаолияти, маърузалар, тўгараклар, мультимедиа презентациялари ўтказиш билан боғлиқ ҳудудларни ривожлантириш.



5-БОБ. ҲАЙВОНОТ БОҒИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҲУҚУҚИ


"Тошкент ҳайвонот боғи" давлат муассасасини ташкилий-ҳуқуқий шаклини масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирган ҳолда, ишончли бошқаришга берилади. Бу ҳолатда ишончли бошқарувчи объектдан фойдаланишда мустақил равишда:

мулкнинг моддий-техника таъминоти ва сақланишини таъминлайди;

мулкни жорий таъмирланишини амалга оширади;

муҳандислик тармоқлари ва электр ускуналаридан фойдаланади;

мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ барча тўловларни амалга оширади;

амалдаги қонунчиликда белгиланган ёнғинга қарши, санитар ва бошқа нормаларга риоя этилишини назорат қилади.

Ишончли бошқарувчи ҳайвонот боғининг тегишли кўчмас мулкни тасарруф этиш, гаровга қўйиш, фойдаланиш мақсадларини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Шартноманинг амал қилиш муддати белгиланган тартибда тугатилгандан сўнг, Тошкент ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар ва бошқа мулкларни Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилади.



6-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ УМУМИЙ

ҚИЙМАТИ


Концепциянинг умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади, бунда Шартнома имзоланганидан сўнг 5 йил давомида (2020-2024 йиллар) қайта инвестиция қилинган фойда ҳисобланмайди.



7-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

АСОСЛАРИ


Концепцияни молиялаштириш қуйидагича амалга оширилади:

Ишончли бошқарувчи режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш учун ўз маблағларидан фойдаланади, фойдани қайта инвестиция қилади, шунингдек умумий қиймати камида 5 миллион долларга тенг хорижий инвестицияларни жалб қилади. Шунингдек, ишончли бошқарувчи Шартнома имзоланган кундан бошлаб дастлабки 5 йил ичида олинган фойда миқдорини тўлиқ қайта инвестиция қилади.

Ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган инвестициялар аудиторлик ташкилотининг ҳисоботига асосан "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятининг соф фойдасидан қайтарилади.

Ишончли бошқарувчи учун тўланадиган ҳақ миқдори "Тошкент ҳайвонот боғи" масъулияти чекланган жамиятининг йил якунлари бўйича ҳисобланадиган дивидент ҳисобидан тўланади.



8-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МУДДАТЛАРИ


Концепцияни амалга ошириш муддати 30 йилни ташкил этади, шундан:

биринчи босқич (2020-2021 йиллар) - ҳайвонот боғи ҳолатини хар томонлама таҳлил қилиш, реконструкция қилинадиган устувор объектларни аниқлаш, янги объектлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, халқаро экспертларни жалб қилиш, ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш;

иккинчи босқич (2021-2022 йиллар) - ҳайвонот боғининг оммавийлигини ошириш, объектларни босқичма-босқич қайта қуриш бўйича янги ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш ва амалга ошириш;

учинчи босқич (2022-2024 йиллар) - режалаштирилган тадбирлар ва қурилиш ишларини якунлаш;

тўртинчи босқич (2024-2049 йиллар) - янги ташкил этилган инфратузилмани сақлаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ҳайвонот боғининг ҳудудини заруратга қараб кенгайтириш.

Концепцияни бошқариш, Концепция бошқаруви тамойилларига мувофиқ амалга оширилади, хусусан:

ходимларни бошқариш (НR менежмент), мутахассисларни танлаш (йўллаш) механизмини жорий қилиш ҳамда чет элда малака ошириш, мастер-класслар ўтказиш учун халқаро экспертларни жалб қилиш орқали ходимларнинг билимларини ошириш;

пул оқимларининг шаффоф тизими;

товарлар ва хизматларни харид қилишнинг шаффоф тизими;

Давлат активларини бошқариш агентлигига аудит натижаларини тақдим этган ҳолда молиявий-хўжалик фаолиятининг доимий аудитини ўтказиш.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда Шартнома шартларига риоя этилишини таъминлаш борасида Концепциянинг амалга оширилишини мониторинг қилади. Ишончли бошқарувчи тегишли ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиб борилишини ўз зиммасига олади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 декабрь