Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.12.2019 й. 1011-сон "Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.12.2019 й.

N 1011



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ВА ФАВҚУЛОДДА

ВАЗИЯТЛАР МУАММОЛАРИ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ИНСТИТУТИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида" 2019 йил 10 апрелдаги ПФ-5706-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини илмий, илмий-техникавий ва инновацион жиҳатдан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 10 апрелдаги ПҚ-4276-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан ўтказилган Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник таъминлаш маркази ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институтининг Ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгилансин:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида амалий илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва бу борада устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;

қурилиш конструкциялари, модда ва материалларнинг ёнғин хавфлилигини тадқиқ этиш, ёнғин-техник ва қуткарув учун мўлжалланган маҳсулотларни синаш ҳамда ёнғинлардан ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тизимларининг мувофиқлигини баҳолаш;

ёнғинларни ва бошқа фавқулодда вазиятларни тадқиқ қилиш ҳамда ёнғин-техник экспертизаларини ўтказиш;

ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркибининг соғлиғи ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Институт фаолияти йўналиши бўйича республикадаги таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда хориий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.


3. Белгилансинки, Институт:

давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари ва тузилмалари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг тасдиқланган рўйхатига мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.


4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини ташкил этиш бўйича Комплекс чора-тадбирлар иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Институтни жорий сақлаш учун ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетлари маблағлари;

пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш учун Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Эркин қишлоғи, Қуёшли МФЙ ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига фойдаланишга берилган ер майдонидан 3,5 гектарини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш ва жиҳозлаш учун 2020 йилга капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 декабрдаги

1011-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва

фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот

институтининг фаолиятини ташкил этиш бўйича

КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР


Т/р

Чора-тадбирлар

Ижро этиш

шакли

Ижро этиш муддати

Молиялаштириш манбалари

Харажатлар млн сўм

Назорат учун масъуллар

I. ТАШКИЛИЙ ТАДБИРЛАР

1

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институтининг (кейинги ўринларда Институт деб аталади) тузилмасини ва уставини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи, тузилма, устав

2020 йил

5 январь


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

II. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ВА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР МУАММОЛАРИ

СОҲАСИДА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

2

Институтнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида, шу жумладан импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни яратишга ва тижоратлаштиришга йўналтирилган истиқболдаги амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларнинг рўйхатини тайёрлаш ва тасдиқлаш.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи

2020 йил

1 май


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги


3

Тасдиқланган истиқболдаги амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик амалга ошириладиган республикадаги техник, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш ташкилотларни аниқлаш ва улар билан битимларни имзолаш.

Ижрочилар аниқланган ҳолда битимларини тузиш

2020 йил

давомида


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги

4

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини доирасида амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тадбирларни танлов асосида ташкиллаштириш.

Ташкилий тадбирлар

2020-2021 йиллар давомида

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари

Танловлар натижасига кўра аниқланади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги


5

Хорижий давлатлардаги (Россия, Белорус, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, ХХР) ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва уларнинг илғор тажрибасини ўрганиш бўйича тадбирларни ташкиллаштириш.

Ташкилий тадбирлар

2020-2022 йиллар давомида

Ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар, бюджетдан ташқари маблағлар,

халқаро молия институтларнинг грантлари ва бошқа қонунчиликда тақиқланмаган манбалар

1027,42

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

III. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ВА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР СОҲАСИДА СИНОВ

ЎТКАЗИШ ВА СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

6

Институт негизида ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар соҳасидаги маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш органини ташкил этиш.

Ташкилий тадбирлар

2020 йил

1 июль

Ҳар йили бюджетидан ажратиладиган маблағлар, бюджетдан ташқари маблағлар, ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар

16,0

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,"Ўзстандарт" агентлиги

7

"Ўзстандарт" агентлигига қарашли "Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти" давлат муассасасида Институт ходимларини тегишли йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш.

Мувофиқликни баҳолашда иштирок этаётган ходимларни ўқитиш бўйича амалий тадбирлар

2020 йил

I-ярим йиллик давомида

17,706

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги

8

Ўтказилаётган синовлар вақтини қисқартириш ҳамда ўлчов асбоб ва ускуналарнинг замонавий турларини қўллаш мақсадида ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар соҳасидаги халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этиш.

Халқаро стандартларни тадбиқ этиш тармоқ жадвали

2020 йил

1 апрель


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги

9

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 мартдаги 220-сон қарорига мувофиқ, Институт ҳузурида Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар соҳасида стандартлаштириш техник қўмитасини ташкил этиш.


"Ўзстандарт" агентлигининг буйруғи

2020 йил

1 февраль


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

"Ўзстандарт" агентлиги

10

Мажбурий тартибда сертификатланадиган ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар соҳасига оид маҳсулотлар рўйхатини қайтадан кўриб чиқиш ва Вазирлар Махкамасига таклифлар киритиш.

Ёзма маълумот

2020 йил

1 март


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги

IV. ЁНҒИН ВА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

11

Фавқулодда вазиятлар вазирлигида эксперт бўлинмаларини ва эксперт-малакавий комиссияларини ташкил этиш ҳамда ёнғин-техник экспертизаларини ўтказиш ва ташкиллаштириш бўйича йўриқномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи

2020 йил

1 июнь


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги

V. МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА МУСТАХКАМЛАШ

12

Институт бинолари, синов ва бошқа иншоотларини қуриш ва жиҳозлаш ҳамда инфратузилмасини яратиш.

2020 йил ва кейинги йиллар Инвестиция дастурлари доирасида

2020 йил ва кейинги йиллар давомида

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учун Инвестиция дастурида ҳар йили кўзда тутиладиган капитал қўйилмаларнинг тегишли лимитлари ҳисобидан

Лойиха-смета ҳужжатлари асосида

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги

13

Институт ва ҳудудий ёнғин-техник марказларини, шунингдек, синов лабораторияларини модернизация қилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Ҳукумат қарори

2021 йил

1 июль


-

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 декабрь