Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 06.12.2019 й. 172-сон "Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 20.12.2019 й. 3127-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

20.12.2019 й.

N 3127-3

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ЛОЙИҲА

БОШҚАРУВИ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ

ДИРЕКТОРИНИНГ

06.12.2019 й.

N 172


БУЙРУҒИ



Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш

тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва

қўшимчалар киритиш ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2018 йил 2 сентябрдаги ПҚ-3926-сон "Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2019 йил 21 январдаги 16-сон буйруғи (рўйхат рақами 3127, 2019 йил 22 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2019 й., 10/19/3127/2525-сон) билан тасдиқланган Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Директор                                                        Д. Ли






Буйруққа

ИЛОВА



Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш

тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Қуйидаги мазмундаги 7-1-банд билан тўлдирилсин:

"7-1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-биржа савдоларни амалга ошириш тартиби мазкур Низомнинг 1а-иловасига мувофиқ Крипто-биржа савдоларини амалга ошириш қоидаларига асосан белгиланади.".


2. 1-илованинг 5-босқич "Лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан 30 кундан" блокидаги "30 кундан" деган сўзлар "уч ойдан кечиктирмай" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 1а-илова билан тўлдирилсин.






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

ИЛОВА



"Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш

тартиби тўғрисидаги низомга

1а-ИЛОВА



Крипто-биржа савдоларини амалга ошириш

ҚОИДАЛАРИ



1-боб. Умумий қоидалар


1. Ваколатли органдан крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган юридик шахс мазкур фаолиятни ушбу Қоидалар ҳамда махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириш мажбуриятини ўзига олади.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

блокчейн - барча маълумотлар кетма-кет қайд қилинадиган ва блоклар бўйича жойлаштириладиган тақсимланган маълумотлар реестри, бунда ҳар бир янги блок олдинги блокка криптографик имзо орқали боғланади;

мижозлар - крипто-биржа билан битим (операция)ларни тузадиган унинг контрагентлари, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан чет эл шахслари,

клиринг - крипто-биржа мижозларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек улар ўртасида амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар;

котировкалаш варағи - крипто-биржа томонидан белгиланган мезонларга мос келадиган ҳамда савдо тизимида крипто-актив ва токенлар савдоларига рухсат этилган крипто-актив ва токенлар рўйхати;

крипто-актив - қийматга эга ва эгаси бўлган блокчейндаги қайдлар мажмуаси;

крипто-биржа - крипто-актив ва токенларни айирбошлаш, сотиб олиш ва сотиш учун электрон майдонча тақдим этадиган ташкилот;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) - клиринг электрон тизими орқали крипто-биржа битимлари бўйича клиринг, ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи крипто-биржанинг таркибий бўлинмаси;

ҲККП иккиламчи ҳисобварағи - крипто-биржага хизмат кўрсатувчи банкда харидорлар ва сотувчиларнинг маблағларини сақлаш ҳамда битимлар бўйича ҳисоб-китоблар ўтказиш учун очилган крипто-биржанинг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварақлари;

фойдаланувчининг индивидуал рақами (бундан буён матнда ФИР деб юритилади) - клиринг иштирокчисига бериладиган махсус хос рақам;

виртуал ҳисобварақ - крипто-биржа ҲККПда клиринг бўйича операцияларни амалга ошириш учун очилган махсус ҳисобварағ;

токен - рақамли дунёда "қимматли қоғозларнинг ўрнини босувчи" вазифасини бажарувчи рақамли балансни кўрсатиш учун мўлжалланган, блокчейнда тақсимланган регистрда ёзув ҳисобланувчи ҳисоб бирлиги. Токен фаолиятига молиявий маблағлар ва инвестицияларни жалб қилиш учун юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (эмитент) томонидан чиқарилади;

стейблкоин - қиймати юридик шахс активига боғланган крипто-актив;

крипто-ҳамён - крипто-актив ва токенларни сақлашга ҳамда эгасига улар билан операцияларни амалга ошириш имконини берувчи дастурий ёки дастурий-техник воситаси;

клиринг иштирокчиси - акцепт йўллаган ва мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда ҲККПда рўйхатдан ўтган крипто-биржа мижози;

савдолар иштироклари - крипто-биржа томонидан крипто-актив ва токенлар савдоларида қатнашишга рухсат этилган мижозлар;

крипто-актив ва токенлар савдолари - крипто-биржа электрон майдончасида крипто-актив ва токенларни хорижий валютага олди-сотди ёки бир турдаги крипто-актив ва токенларни бошқа турдаги крипто-актив ва токенларга алмаштириш битимларни тузиш жараёни;

крипто-биржа электрон майдончаси - қуйидагилар амалга ошириладиган ахборот тизими:

крипто-актив ва токенлар савдоларида қатнашиш учун талабномаларни қабул қилиш, назорат қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш учун талабномаларни қабул қилиш, назорат қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш ҳақидаги битимларни тузиш;

крипто-актив ва токенларга нархларни беглилаш;

крипто-актив ва токенлар билан битимлар тузилиши натижасида томонларнинг мажбурият ва талабларини белгилаш, шунингдек ушбу битимларнинг ижросини таъминлаш;

крипто-актив ва токенлар билан битимлар тузилиши натижаси бўйича ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш ва шакллантириш;

крипто-актив ва токенлар билан битимларни тузиш ва ижроси учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;

савдолар иштирокчилари учун зарур бўлган бошқа вазифалар;

крипто-актив ва токенлар ҳақида инсайдер ахборот - крипто-актив ва токенлар, уларни яратган ва жойлаштирган шахслар, крипто-актив ва токенлар билан тузилган битимлар ҳақидаги оммавий бўлмаган ҳамда унга эга бўлган шахсларни бошқа мижозларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган ахборот;

крипто-актив ва токенлар нархлари билан ҳийла-найранг ишлатиш - крипто-актив ва токенларнинг нархларини амалдаги бозор шароитларига нисбатан сунъий равишда кўтариш ёки пасайтириш мақсадида крипто-актив ва токенларга талаб ва (ёки) таклиф, крипто-актив ва токенларнинг бозор нархлари ёки савдо ҳажмларига жиддий таъсир кўрсатадиган ҳарақатларнинг амалга оширилиши;

крипто-биржа бенефициар мулкдори - крипто-биржанинг эгаси бўлган ёки ушбу крипто-биржага бевосита ёхуд билвосита (учинчи шахслар орқали) мажбурий бўлган кўрсатмаларни беришга ҳақли ёки имконияти мавжуд бўлган, крипто-биржа томонидан қарор қилинишига таъсир қилиш ёки бошқа йўл билан унинг ҳаракатларини назорат қилувчи жисмоний шахс;

ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги.

3. Крипто-биржа:

крипто-биржанинг ҳамда мижозларнинг крипто-биржадаги пул маблағлари, крипто-актив ва токенларининг алоҳида ҳисоби юритилиши ва сақланишини таъминлашга мажбур. Икки ва ундан ортиқ мижозларнинг пул маблағлари, крипто-актив ва токенларининг қўшма ҳисоби юритилишига йўл қўйилмайди;

ҳар кун якуни бўйича мижозлар томонидан амалга оширилган битимлар (операциялар) ҳақида барча маълумотларнинг захира учун нусхасини қилишга;

мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ мижозларнинг крипто-актив ва токенлар савдоларига буюртмаларини уларни бажариш имкони мавжуд бўлганда, шу жумладан крипто-биржа электрон майдончасида қарши буюртмалар мавжуд бўлганда ижросини таъминлашга;

крипто-биржа ишчилари ва улар томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида бевосита крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган шахслар томонидан крипто-биржа фаолиятини тартибга солувчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва крипто-биржа томонидан тасдиқланадиган крипто-биржа савдосининг қоидаларини (бундан буён матнда локал ҳужжат деб юритилади) билиш даражаси оширилишини доимий таъминлашга;

крипто-биржага мижозлар томонидан крипто-биржадаги пул маблағлари, крипто-актив ва токенларни қайтариш (ўтказиш) ҳақидаги бериладиган кўрсатмаларни, шунингдек зарур бўлганда мижозларнинг бошқа кўрсатма ва ҳаракатлари тасдиқланишини амалга оширилишини таъминлашга;

ўзларининг электрон савдо майдончалари орқали операцияларни амалга оширишда савдолар иштирокчиларига уларни мажбурий идентификациядан ўтказиш механизмини жорий этгандан кейин рухсат беришга;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларни бажаришга мажбур.

4. Крипто-биржа қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларнинг бузилганлигини аниқлаш мақсадида крипто-актив ва токенлар билан битимлар устидан назорат қилишга мажбур. Крипто-биржа томонидан шундай бузилишлар аниқланганда уларни тўхтатиш ҳамда келгусида қайтарилмаслиги бўйича чоралар кўрилиши лозим.

Крипто-биржа томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар бузилишининг ҳар бир факти ҳақидаги ахборот ушбу факт аниқланган санадан бошлаб камида беш йил давомида сақланиши лозим. Ваколатли органнинг сўровномалари бўйича крипто-биржа сўровномани олган кундан беш иш кунидан кечиктирмасдан ваколатли органга қонун ҳужжатларининг бузилиш факти ҳақидаги ахборотни тақдим этиши лозим.

Жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, крипто-биржа дарҳол ваколатли орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма равишда хабар беришга мажбур.

5. Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржада фақат крипто-актив ва токенларни сотишга доир битимларни тузишга ҳақли.

6. Амалга оширилаётган битим (операция)ларни аноним хусусиятга эга бўлган крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржада амалга ошириш тақиқланади.

7. Крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши мумкин эмас.

8. Крипто-биржа битимлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказишга крипто-биржа электрон майдончасида амалга оширилган крипто-актив ва токенлар савдолари тўғрисидаги маълумотлар асос бўлади.



2-боб. Мижозлар билан муносабатларни

ўрнатиш тартиби


9. Крипто-биржа мижозлар билан муносабатларни шартнома асосида ўрнатади.

Шартномада қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

мазкур Қоидаларнинг 4-бандига мувофиқ маълумотларни ваколатли органга юборилиши;

мижозлар билан музокараларнинг аудио- ёки видеоёзуви уларнинг розилиги билан олиб борилиши, шу жумладан ёзишмаларнинг ёзиб борилиши ҳамда ушбу маълумотларнинг камида беш йил давомида сақланиши;

мазкур Қоидаларнинг 5-бандида назарда тутилган талаб;

мазкур Қоидалар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талаблар.

10. Мижоз билан муносабатларни ўрнатиш учун крипто-биржа қуйидаги маълумотларни сўраб олади:

жисмоний шахсдан - шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (паспорт ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

якка тартибдаги тадбиркордан - шахсини тасдиқловчи (паспорт ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) ва давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатлар нусхаси;

юридик шахсдан - давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси, жойлашган жойи, раҳбарияти ҳамда таъсис ҳужжатларидаги маълумотлар;

мижоз билан алоқа ўрнатиш учун контакт маълумотлар (электрон почта манзили ва керак бўлганда бошқа контакт маълумотлар);

қонун ҳужжатлари, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.

11. Қўйидагилар билан крипто-биржа муносабат ўрнатишга ҳақли эмас:

18 ёшга тўлмаган жисмоний шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига асосан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатига киритилган шахслар.

12. Крипто-биржа ва унинг мижози орасида муносабат ўрнатилганда мижозга крипто-биржа электрон майдончасида мижоз, унинг крипто-биржада сақланаётган пул маблағлари ҳамда крипто-активлари ва токенлари хақидаги маълумотларни ўз ичига оладиган ҳисобга олиш ёзуви (аккаунт) яратилади.

Бир мижозга икки ва ундан ортиқ ҳисобга олиш ёзув (аккаунт)ларни очишга рухсат берилмайди.

13. Қонун ҳужжатлари ёки мазкур Қоидаларга зид бўлмаганда, крипто-биржа ўз номи ва ҳисобидан крипто-актив ва токенлар савдоларни амалга ошириш учун ҳар қандай мизожга крипто-актив ва токенлар савдоси иштирокчиси мақомини тақдим этишга (крипто-актив ва токенлар савдосига рухсат этиш) ҳақли.



3-боб. Мижозларни хабардор қилиш

ва реклама талаблари


14. Крипто-биржа крипто-актив, токенлар ҳамда ўз фаолиятини реклама қилишида қонун ҳужжатлари ва мазкур Қоидалардаги талабларга риоя этиши ва уларни амалга ошириши шарт.

15. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида (шу жумладан учинчи шахсларни жалб қилган ҳолда) жойлаштирилаётган (тарқатилаётган) крипто-актив, токенлар ҳамда крипто-биржа фаолияти ҳақидаги реклама қуйидаги талабларга мос келиши шарт:

крипто-актив ва токенлар тўлов ва тўловни қабул қилиш воситаси эмаслиги, давлат томонидан таъминланмаганлиги ҳамда крипто-актив ва токенларнинг сотиб олиниши пул маблағлари, уларнинг эвазига алмаштирилган бошқа фуқаролик ҳуқуқи объектлари бутунлай юқотилиши мумкинлиги, шу жумладан крипто-актив ва токенларнинг нархлари ўзгарувчанлиги натижасида, техник носозлик (хато)лар, қонунга хилоф ҳарактлар, шу жумладан талон-торожликлар содир этилиши ҳақидаги таваккалчиликларга крипто-актив ва токенлар савдоларида иштирок этганда учраш мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантирув рекламада жойлаштирилиши шарт;

ўз ичида оферта мавжуд бўлган рекламада шартнома тузишга оид барча талаблар ҳамда мазкур офертани акцепт қилишга қаратилган барча ҳаракатлар ёритилиши шарт;

реклама ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда агарда рекламада бўлиб ўтган, моделлаштирилган ва келажакда бўлиши мумкин бўлган кўрстаткичлар ёритилса, ушбу реклама истеъмолчиларга мазкур кўрсаткичларнинг аниқ маноси тушунтирилиши ҳамда улар асосида қилинган хулоса эҳтимолли эканлиги тўғрисида тушунтириши шарт.

16. Қўйидагилар крипто-актив ва токенлар рекламасида таркиб топмаган бўлиши шарт:

крипто-актив ва токенлардан фойдаланилиши билан боғлиқ фаолиятнинг самарадорлиги (даромади) ҳақида ваъдаси ёки кафолати, бундан аудиторлик ташкилотининг ушбу фаолиятнинг самарадорлигини (даромади) ўтган давр учун тасдиқловчи маълумотларини рекламада ёритилиши бундан мустасно;

серҳашам, бонус ва чегирма ҳақидаги маълумотлар;

крипто-актив ва токенлар билан битимларни тузиш бойишнинг енгил усули эканлиги ҳақидаги маълумотлар;

крипто-актив ва токенларни ишлатиш билан боғлиқ фаолиятнинг ўрни профессионал ёки шахсий ютуқларга эришишда муҳимлиги ҳақидаги маълумотлар;

вояга етмаган шахсларнинг образлари;

крипто-актив ва токенлардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятда қатнашмасликни қораловчи билдиришлар.

17. Крипто-биржа жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан мижозларга қуйидаги маълумотларни етказишга мажбур:

мижоз билан муносабат ўрнатиш шартлари, шу жумладан тегишли шартнома матни (бунда крипто-биржа мижозга крипто-биржага туланаётган мукофотнинг ундириш шакли, миқдори ва тартибини тушунтириши лозим);

мазкур Қоидаларнинг 15-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган таваккалчиликлар;

"White paper" декларациясининг мазмуни - крипто-биржа томонидан крипто-актив ва токенларни жойлаштиришга йўналтирилган битимлар тузилганда (ташкил қилганда).

18. Мазкур Қоидаларнинг 17-бандида кўрсатилган маълумотлар жисмоний ва юридик шахсларга улар билан муносабатлар ўрнатиш жараёнида ёки ундан олдин оғзаки ёки ёзма шаклда етказилиши керак.

Крипто-биржа веб-сайтининг бош саҳифасида мазкур Қоидаларнинг иловасида кўрсатилган маълумотлар жойлаштирилиши лозим.



4-боб. Крипто-биржалар томонидан крипто-биржа

савдоларини ташкил этиш


19. Крипто-биржа томонидан мижозларга ўзининг электрон майдончасига крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштиришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш учун киришга рухсат бериш орқали крипто-актив ва токенлар савдосини ташкиллаштиради.

Крипто-биржанинг электрон майдончасига киришга рухсат фақатгина шартнома асосида тақдим этилади.

Мазкур Қоидалар ва локал ҳужжатларга мувофиқ крипто-актив ва токенлар савдолари қоидаларини бўзганлиги учун савдолар иштирокчиси сафидан чиқарилган мижоз уч ой давомида савдолар иштирокчиси бўла олмайди.

Мижозларнинг крипто-актив ва токенлар савдоларига киришига рухсат бериш, шунингдек крипто-актив ва токенлар савдолари иштирокчилари сафидан чиқариш локал ҳужжатлар билан белгиланади.

20. Крипто-биржа крипто-активлар ва токенлар савдоларининг ўтиш жараёни шаффофлигини, шунингдек уларнинг натижасида юазага келадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаши шарт.

21. Крипто-биржа мазкур Қоидалар ва локал ҳужжатларга мувофиқ крипто-актив ва токенлар ҳақида инсайдер ахборотларни ишлатиш, уларнинг нархлари билан ҳийла-найранг қилинишини аниқлаш, олдини олиш, тўхтатишга, шунингдек уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган чораларни кўриши шарт.

Крипто-биржа крипто-актив ва токенлар ҳақидаги инсайдер ахборотдан фойдаланишда мазкур ахборотни шахсий мақсадларда, шу жумладан ўз номи ва ҳисобидан крипто-актив ва токенлар савдоларида иштирок этиш мақсадида, шунингдек учинчи шахсларга тақдим этиши киради, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Крипто-актив ва токенлар ҳақидаги инсайдер ахборотга эга бўлган шахсларга кўйидагилар киради:

крипто-актив ва токенларни яратган ва жойлаштирган ташкилотнинг бошқарув органлари аъзолари ва бошқа ишчилари;

крипто-актив ва токенларни яратган ва жойлаштирган шахс;

крипто-актив ва токенларни яратган ва жойлаштирган шахсга ёки савдо иштирокчисига аудиторлик хизматини кўрсатадиган аудиторлик ташкилотнинг ходимлари;

ўзининг хизмат мавқеи, меҳнат мажбуриятлари ёки крипто-актив ва токенларни яратган ва жойлаштирган шахслар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида мазкур маълумотга эга бўлган бошқа шахслар.

22. Крипто-биржа локал ҳужжатларига мувофиқ фақатгина ўзининг крипто-актив ва токенлар савдоларида иштирок этиши тўғрисидаги маълумотни ошкор қилганидан, унинг иштироки туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар кўрилганидан ва ошкор қилинганидан сўнг крипто-актив ва токенлар савдоларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

23. Битимларни тузиш учун савдо иштирокчиси ёки крипто-биржа крипто-биржанинг электрон майдончасида крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш ҳақида талабномани жойлаштиради.

Крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш ҳақидаги аризани бериш тартиби локал ҳужжатлар билан белгиланади.

Мижозларнинг крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш ҳақидаги талабномаси крипто-биржа томонидан уларнинг талабларига жавоб берадиган қарши талабнома мавжуд бўлганида ижро этилиши шарт. Талабномаларнинг бажарилишини қарши талабнома мавжуд бўлганидан кейин кечиктириш, уларнинг шартларини ўзгартириш ёки бекор қилишга йўл қўйилмайди.

24. Крипто-актив ва токенлар билан савдони (ҳисоб-китобларни) амалга ошириш учун савдо иштирокчиси ҲККП иккиламчи ҳисобварағига тегишлича пул маблағлари, крипто-актив ва (ёки) токенларни ўтказади.

Савдо иштирокчисининг пул маблағлари, крипто-актив ва токенлар, крипто-биржанинг ва бошқа савдо иштирокчиларининг пул маблағлари крипто-актив ва токенлардан алоҳида ҳисобга олиниши керак.

25. Крипто-биржа крипто-актив ва токенлар савдоларида қатнашган ҳар бир мижоз бўйича, ушбу мижоз томонидан крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш бўйича тузилган битимлар ва уларнинг суммаси ҳақида ҳисобот ушбу битимлар тузилган кунда, шунингдек ҳар куни ижро этилган ва ижро этилмаган крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш бўйича талабномалари ҳақида ҳисобот тузиши лозим.

Ҳисобот тузилганидан кейин ҳар бир мижозга уни қайд қилиш учун ноёб код берилади.

Ҳисобот ушбу ҳисобот тайёрланган кундан кейинги кун давомида сақлаш учун юборилади. Ҳисоботларни сақлаш тартиби локал ҳужжатлар билан белгиланади, бунда уларни сақлаш муддати беш йилдан кам бўмаслиги керак. Ҳисоботларга тузатиш ва ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Крипто-биржа ҳисоботни қуйидагиларга беғараз шартлар асосида тақдим этиш имкониятини таъминлаши шарт:

мижозларга - тегишли сўровни олган санадан ўн беш кундан кечикмаган ҳолда, уларга тегишли миқдорда;

ваколатли органга - унинг сўрови асосида, ушбу сўровда кўрсатилган миқдорда ва вақт давомида.

26. Крипто-биржа крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш бўйича тузилган битимларнинг бажарилишини таъминлайди.

Савдо иштирокчиси томонидан крипто-актив ва токенлар савдоларида крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш бўйича битим тузилганда, крипто-биржа ушбу битимнинг ижро суммасини (сони) ушбу савдо иштирокчисининг ҲККП иккиламчи ҳисобварағида ёки крипто-ҳамёни манзилида (идентификаторида) сақланаётган пул маблағлари, крипто-актив ва токенларидан айириб ташлаши ҳамда савдо иштирокчисининг контрагентига бириктириши лозим.

Крипто-биржа мижоздан олинадиган мукофотни ундиришни крипто-актив ва токенлар савдоларида қатнаниш шартномасида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида амалга оширади.

27. Крипто-биржа мижознинг розилиги асосида, қуйидаги шартларни бажарган ҳолда унинг пул маблағлари, крипто-актив ва токенлари билан ўз номи, манфаати ва савдо иштирокчиларининг топшириқлари (кўрсатмалари) мавжуд бўлмаганда битимлар тузишга ҳақли:

мазкур битимлар крипто-биржа томонидан ликвидлиликка эга бўлиши учун, яъни крипто-биржа мижозларнинг олдидаги қабул қилинган (ёки қабул қилиниши режалаштирилган) мажбуриятларини бажариш мақсадида, унинг мижози бўлмаган контрагентларидан пул маблағларини, крипто-актив ва токенларини олиш учун қаратилган;

крипто-биржа мазкур битимларнинг тузилиши савдо иштирокчиларининг пул маблағлари, крипто-актив ва токенлари билан битимлар тузилаётган савдо иштирокчилари олдидаги мажбуриятларининг бажарилмаслигига (лозим даражада бажарилмаслигига) олиб келмаслиги ҳақида етарли ишонч ҳосил қилганида.

Томонлар келишган муддатда пул маблағлари, крипто-актив ва токенлар крипто-биржа томонидан қайтарилиши мажбур. Мижознинг маблағларини ишлатганлик учун шартномада фоиз ундириш назарда тутилиши мумкин.

28. Крипто-биржа ўзининг электрон майдончасида тегишли миқдордаги крипто-актив ва токенларни (ёки шунга тенг миқдордаги бошқа крипто-актив ва токенларни) томонлар келишган муддатда қайтариб бериш шарти билан унинг крипто-актив ва токенлари билан савдо иштирокчиларига битимларни тузиш ва мажбуриятларини бажариш учун ишлатишга руҳсат бериш ҳуқуқига эга. Крипто-биржа ўзининг крипто-актив ва токенларидан мижозлар томонидан фойдаланганлик даври учун фоиз ундиришга ҳақли.



5-боб. Крипто-биржа томонидан мижозлар билан

воситачилик муносабатлари асосида

битимларнинг тузилиши


29. Крипто-биржа қуйидаги тартибда мижозларнинг манфаатларини кўзлаб, биржа битимлари орқали воситачилик муносабатларини ўрнатиб, крипто-актив ва токенларни сотиш, сотиб олиш ва (ёки) алмаштириш бўйича битимларни тузиш ҳуқуқига эга:

топшириқ шартномаси асосида мижозларнинг номи ва ҳисобидан;

комиссия шартномаси асосида ўзининг номидан ва мижозларнинг ҳисобидан;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулда.

30. Крипто-биржа мазкур Қоидаларнинг 29-бандида назарда тутилган битимларни:

ўзининг электрон майдончасида;

бошқа чет эл крипто-биржаларининг электрон майдончаларида ва савдо тизимларида тузишга ҳақли.

Крипто-биржа мазкур битимларни тузишда:

мижозларнинг манфаатларини кўзлаб, қонун ҳужжатларига ва мижозлар билан тузилган шартнома шартларига риоя қилган ҳолда виждонан, оқилона ва малакали тарзда ҳаракат қилиши;

мижозларни, уларнинг манфаатларини кўзлаб тузилаётган битимлар билан боғлиқ таваккалчиликлар, уларнинг ҳар бирининг моҳияти ва даражаси тўғрисида хабардор қилиш;

мижозларнинг манфаатларини кўзлаб, мижозлар учун энг мақбул шартлар асосида, шу жумладан иложи борича энг яхши нархда битимлар тузиш;

мижозлар маанфаатларини кўзлаб, тегишли крипто-актив ва токенлар учун нархлар бозор нархидан сезиларли даражада фарқ қилган (10 фоиздан ортиқ) тақдирда битимлар тузмаслиги, агар ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича мижоз билан келишилган бўлмаса.

Бунда крипто-биржа крипто-актив ва токенлар учун бозор нархини аниқлаш тартибини мижоз билан тузилган шартномада кўрсатиб ўтиши шарт.



6-боб. Крипто-биржада ҳисоб-китоб-клиринг

операцияларини ўтказиш тартиби


1-§. ҲККПнинг мақоми, функциялари,

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


31. ҲККП крипто-биржанинг таркибий бўлинмаси бўлиб, юридик шахс мақомига эга эмас ҳамда крипто-биржа номидан ушбу Қоидаларда назарда тутилмаган ҳар қандай мустақил операция ва ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқисиз иш олиб боради.

32. ҲККП қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

клиринг иштирокчиларини рўйхатга олади;

клиринг иштирокчиларига ҳисобварақларнинг очилиши ва юритилишини таъминлайди;

битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлайди;

ўзаро мажбуриятларни белгилайди, аниқлаштиради ва ҳисобга олади, шунингдек клиринг иштирокчиларининг тузилган битимлар бўйича мажбуриятлари ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади;

клиринг якунларига кўра, зарур ахборотни шакллантиради ва клиринг иштирокчиларига тақдим этади;

клиринг амалга оширилаётган битимлар, клиринг натижалари тўғрисидаги ахборотнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ сақланишини таъминлайди;

тузилган битимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

крипто-биржа ҳисоб рақамига пул тушумлари киримини таъминлайди.

33. ҲККП қуйидаги ҳуқуқларга эга:

клиринг ўтказиш усулини мустақил танлаш;

клиринг иштирокчиси битим бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, шунингдек крипто-биржанинг арбитраж ва/ёки интизом комиссияларининг клиринг иштирокчисига, белгиланган крипто-биржа савдоси қоидалари ёки шартномавий мажбуриятларни бузганлик учун жарима қўллаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлганда айбдор клиринг иштирокчисининг виртуал ҳисобварағидан жарима суммасини акцептсиз тартибда ҳисобдан чиқариш;

битимлар қайд этилиши билан крипто-биржа воситачилик йиғимларини ҳисобдан чиқариш;

клиринг иштирокчиларидан ҳисоб-китоб-клиринг операциялари учун зарур ахборот олиш.

34. ҲККП қуйидагиларга мажбур:

фақат крипто-биржада рўйхатга олинган битимлар ва улар билан боғлиқ операциялар (воситачилик йиғимлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатлар) бўйича ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

ҳар бир клиринг иштирокчиси мажбуриятларининг ҳисоби алоҳида-алоҳида юритилишини таъминлаш;

битим мазмуни тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ушбу ахборотни клиринг иштирокчиларининг розилигисиз учинчи шахсларга тақдим этмаслик.

35. ҲККП томонидан крипто-биржа электрон майдончасида амалга оширилаётган операциялар бўйича барча ҳаракатлар, шу жумладан крипто-биржа электрон майдончаси иштирокчиларнинг виртуал ҳисобварағидаги маблағлар ҳисоби бўйича вазифалар олиб борилиши лозим.

36. Клиринг ва ҲККП иштирокчиларига ҲККП ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланган ҳолда, пулли талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича операцияларни ўтказиш тақиқланади.



2-§. Клиринг иштирокчиларини рўйхатга олиш


37. ҲККП крипто-биржа савдолари қоидаларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни олганидан кейин бир иш куни давомида крипто-биржа мижозига ФШР беради ҳамда амалга ошириладиган битимлар бўйича мажбуриятларни ва талаб ҳуқуқини ҳисобга олиш учун зарур бўлган тегишли виртуал ҳисобварақни очади.

38. ҲККП ушбу Қоидаларнинг 62-бандида назарда тутилган ҳолатларда клиринг иштирокчисига хизмат кўрсатишни тўхтатади.



3-§. ҲККПда ҳисобварақларни юритиш тартиби


39. Крипто-биржа хизмат кўрсатувчи банкда клиринг иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисоби учун мўлжалланган ҲККП иккиламчи ҳисобварағини очади, уларнинг ҳисоби ҲККПда алоҳида виртуал ҳисобварақларда юритилади.

40. ҲККП клиринг иштирокчиларининг виртуал ҳисобварақлари ҳисобини юритади.

41. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, клиринг иштирокчисининг виртуал ҳисобварағини ёпиш ҲККП томонидан ҳисобварақ эгаси (ёки унинг ҳуқуқий вориси) топшириғи бўйича амалга оширилади.

42. Виртуал ҳисобварақни ёпишдан олдин ундаги қолдиқ пул маблағлари банкдаги ҳисобварақ эгасининг ҳисоб рақамларига унинг топшириғига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади.

Виртуал ҳисобварақни ёпиш фақат ҳисобварақда қолдиқ пул маблағлари бўлмаганда амалга оширилади.

43. Виртуал ҳисобварақ реквизитларини ўзгартириш клиринг иштирокчисининг номи ёки бошқа реквизитлари ўзгарганда амалга оширилади.

44. Виртуал ҳисобварақ эгаси ҲККПда қуйидагилар бўйича кўрсатмалар беришга ҳақли:

пул маблағларини (пул маблағларининг бир қисмини) виртуал ҳисобварақдан хизмат кўрсатувчи банкдаги ўзининг ҳисобварағига қайтариш;

агар битим крипто-биржа локал ҳужжатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган бўлса битим бўйича клиринг ўтказиш.

45. ҲККП тузилган битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш йўли билан клиринг иштирокчиларининг виртуал ҳисобварақлари билан операцияларни олиб боради.

46. ҲККП фақат битимлар тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ операциялар бўйича виртуал ҳисобварақлар орқали пул маблағлари ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.



4-§. Клиринг иштирокчиларининг ҳуқуқ

ва мажбуриятлари


47. Клиринг иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

крипто-биржа томонидан рўйхатга олинган битимлар бўйича клирингда иштирок этиш;

виртуал ҳисобварақнинг ҳолати, мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида зарур ахборотни олиш;

крипто-биржа ва контрагентлар олдидаги пул мажбуриятларини муддатидан олдин бажариш;

ўз виртуал ҳисобварағидаги бўш пул маблағларини ўзининг хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобрақамига чиқариш.

48. Клиринг иштирокчисининг мажбуриятлари:

ҲККПга ушбу Қоидаларга мувофиқ ишончли ахборот бериш;

шартнома бекор қилинган тақдирда, шартнома бекор бўлгунга қадар юзага келган мажбуриятларни бажариш;

ахборот махфийлиги тартибига риоя қилиш;

мазкур Қоидаларда белгиланган талабларга риоя қилиш.

49. ҲККПнинг клиринг иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлиги клиринг хизмати кўрсатиш шартномаси асосида амалга оширилади.

50. Крипто-биржа ва клиринг иштирокчилари ўртасидаги, клиринг ва ҳисоб-китоб бўйича, шунингдек клиринг иштирокчиларининг шартномавий мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.



5-§. Клирингни ўтказиш тартиби


51. Клиринг иштирокчилари рўйхатдан ўтганларидан кейин ҲККПнинг крипто-биржага хизмат кўрсатувчи банкда очилган иккиламчи ҳисобрақамига крипто-биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда ўз мажбуриятларини бажариш учун пул маблағларини ўтказадилар.

52. Клиринг иштирокчиси закалат сифатида ва/ёки битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун пул маблағларини крипто-биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи ҳисобрақамига уларни иштирокчининг виртуал ҳисобварағига кирим қилиш учун ўтказадилар. Закалат миқдори локал ҳужжатлар билан белгиланади.

53. ҲККП ҳар бир клиринг иштирокчисининг пул маблағлари ва мажбуриятларини уларнинг виртуал ҳисобварақларида алоҳида ҳисобга олади.

54. Клиринг иштирокчиларининг ҲККПдаги виртуал ҳисобварақларидаги маблағлари қуйидаги мақсадларда ишлатилади:

битимлар бўйича мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб учун;

савдо сессияларида иштирок этиш учун закалат сифатида;

мижознинг топшириғига кўра - клиринг иштирокчисининг маблағларини унга хизмат кўрсатувчи банкдаги ҳисобрақамига қайтариш учун;

биржа хизматларига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун;

битимларнинг тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳолатларда.

Битимлар бўйича ҳисоб-китоблар фақат клиринг электрон тизими орқали амалга оширилади.

55. Электрон клиринг тизими ҳар бир савдо сессиясидан олдин буюртмаларнинг таъминланганлиги бўйича назоратни амалга оширади. Буюртмаларнинг таъминланганлигини назорат қилиш савдо сессиялари доирасида тузиладиган битимларга буюртмалар бўйича амалга оширилади.

56. Клиринг электрон тизими тузилган битимлар реестрига асосан клиринг иштирокчиларининг мажбуриятларини белгилайди ва закалатларга тақиқ қўяди. Крипто-биржанинг воситачилик йиғимлари крипто-биржа томонидан белгиланган тарифларга асосан ушлаб қолинади.

57. Битим рўйхатга олингандан сўнг харидор шартномада белгиланган муддатларда битим бўйича мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун ҲККП нинг иккиламчи ҳисобрақамига қўшимча маблағлар ўтказиши шарт. Ушбу суммага ҲККП томонидан мажбуриятларнинг сотувчи томонидан тўлиқ бажарилишигача тақиқ қўйилади.

58. Тўловлар амалга оширилган битимлар рўйхати сотувчига крипто-актив ва токенларни ўтказиб бериши учун асос бўлади.

59. Крипто-актив ва токенлар ўтказиб бериш натижаларига кўра клиринг иштирокчиси - сотувчи томонидан ҲККПга уларни ўтказиб берилганида дарҳол ахборот берилади. Ушбу битим бўйича сотувчи ва харидорларнинг пул маблағлари клиринг иштирокчиси - харидорнинг крипто-ҳамён манзили (идентификатори)га крипто-актив ва токенлар ўтказиб берилганлигини тасдиқланмагунга қадар тақиқда қолади.



6-§. Тузилган крипто-биржа битимларининг

бажарилишини таъминлаш тартиби


60. Тузилган битимларни ёпиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидор томонидан битим бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилганда;

клиринг иштирокчиси - сотувчи ва харидор томонидан битим бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ва улар томонидан жарима тўлангандан сўнг;

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидор жарима тўлаб ёки тўламасдан битимни ёпишга ўзаро рози бўлганда;

арбитраж комиссиясининг қарорига кўра;

клиринг иштирокчилари - сотувчи ва харидорнинг шартномада кўрсатилган муддат давомида эътирозлари бўлмаганда, жарималарсиз.

61. Агар шартнома шартларида кўрсатилган муддат ўтганидан кейин клиринг иштирокчиси битим бўйича мажбуриятларини бажармаса, ҲККП:

шартномани харидор томонидан тўланмаганлиги учун бекор қилади;

шартномани арбитраж комиссиясининг қарорига кўра крипто-актив ва токенларнинг ўтказиб берилмаганлиги учун бекор қилади;

клиринг иштирокчиси - сотувчи ёки харидорнинг ҳисобрақамига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади.



7-§. Клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатиш


62. Қуйидаги ҳолатларда ҲККП клиринг иштирокчисига клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатади ва унинг виртуал ҳисобварағини ёпади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома бекор қилинганда;

клиринг иштирокчиси тугатилганда;

суд ва бошқа ваколатли органларнинг қарорига кўра;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

63. Крипто-биржа ўзи томонидан пул маблағларни ҲККП орқали ўтказиш, савдолар иштирокчиси номига ҳисобланадиган крипто-актив ва токенларни унинг банк хисоб рақамига ёки крипто-ҳамён манзили (идентификатор)га ушбу иштирокчи талабига биноан крипто-актив ва токенлар саводисида иштирок этиш тўғрисидаги шартномасида белгиланган тартиб ва муддатга мувофиқ берилишини таъминлайди.

Керакли бўлган ҳолатларда пул ўтказмалар ҳамда крипто-актив ва токенларни ўтказиб бериш крипто-биржа томонидан фақат жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг олдини олиш чоралари кўрилганидан кейин амалга оширилади.



7-боб. Якунловчи қоида


64. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Крипто-биржа савдоларини

амалга ошириш қоидаларига

ИЛОВА



Крипто-биржа веб-сайтига жойлаштириладиган

АХБОРОТ


1. Ваколатли орган томонидан белгиланган талабларга жавоб берадиган крипто-актив ва токенларни сотишнинг умумий шартлари.

2. Крипто-биржа фаолиятида вужудга келадиган манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби ҳақидаги локал ҳужжат.

3. Крипто-биржа ҳаракати (ҳаракатсизлиги)дан норози бўлганда мижоз қайси ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эканлиги тўғрисида маълумот (шу жумладан, мижознинг судга мурожаат қилиш ва медиация орқали низони ҳал қилиш имконияти ҳақидаги ҳуқуқи кўрсатилиши лозим).

4. Крипто-биржа савдоларини амалга ошириш қоидаларида назарда тутилган холат ва ҳажмда крипто-биржа фаолиятининг рекламасида кўрсатилиши талаб қилинадиган маълумот.

5. Крипто-актив ва токенлар савдолари бўйича қуйидаги маълумотлар:

а) крипто-актив ва токенларни сотиш вақти, котировкалаш варағи;

б) крипто-актив ва токенлар билан крипто-биржа электрон майдончасида илгари амалга оширилган битимлардаги нархлар ҳақида (тарихий котировкалар). Ушбу нархлар жойлаштириш (ошкор қилиш) санасидан олдинги уч йилдан кам бўлмаган давр бўйича, агар крипто биржа фаолиятини бошлаганига уч йилдан кўп ўтмаган бўлса - унинг бутун фаолият даври бўйича кўрсатилади;

в) крипто-биржанинг крипто-активлар ва токенлар савдоларида иштирок этганлиги ҳақида ва крипто-биржа томонидан қабул қилинган ушбу иштирок натижасида келиб чиқадиган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича крипто-биржанинг чоралари;

г) крипто-биржа савдоларини амалга ошириш қоидаларида кўрсатилган шартномлар асосида крипто-биржа, унинг ҳодимлари, мулк эгаси, таъсисчи (иштирокчи) ёки бенефециар мулкдорининг эгалигида бўлган крипто-актив ва токенлар савдоларига киришга рухсат этилган крипто-актив ва токенлар тўғрисидаги маълумот қуйидаги холатларда:

агар крипто-биржа, унинг ҳодими, мулк эгаси, таъсисчиси (иштирокчиси) ёки бенефециар мулкдорининг эгалигидаги крипто-актив ва токенларнинг сони биргаликда крипто-актив ва токенларнинг умумий сонидан беш ва ундан кўп фоизини ташкил қилса;

крипто-биржа, унинг ҳодими, мулк эгаси, таъсисчиси (иштирокчиси) ёки бенефециар мулкдори ушбу крипто-актив ва токенларни яратиш бўйича буюртмачиси ёки ўз манфаатига кўра ушбу крипто-актив ва токенларни яратган бўлса.

6. Крипто-биржа савдоларини амалга ошириш қоидаларига мувофиқ ҳисоботларни сақлаш (депонентлаш) бўйича хизмат кўрсатадиган ташкилотнинг номи, жойлашган жойи, электрон почта манзили ва телефон рақами ҳақидаги маълумот.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 декабрь