Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.12.2019 й. 1015-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 декабрдаги

1015-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши

курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.


2. Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) бўйсунади.


3. Агентлик Қўмитанинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва унинг тизимига киради.

Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, унга умумий раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш Қўмита томонидан амалга оширилади.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Қўмитанинг қарорларига амал қилади.


5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Агентлик ўз фаолиятини Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари орқали, шунингдек, давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилади.


7. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобрақамларига эгадир.


8. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, қисқартирилган номи - Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по защите прав потребителей при Антимонопольном комитете Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство по защите прав потребителей.

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Consumer Protection Agency under the Antimonopoly Committee of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Consumer Protection Agency;


9. Агентликнинг жойлашган манзили (почта манзили): 100128, Тошкент шаҳри, Лабзак кўчаси, 3.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш;

истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш;

аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш;

истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;

тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг динамикаси ва шаклланиши механизмларини ўрганиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.


11. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш йўналишида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

вазирликлар ва идоралар иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, стратегик дастурлар, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилади;

қонун ҳужжатларининг истеъмолчиларга таъсирини баҳолайди, давлат органларининг истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузадиган қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик ишларини ташкил қилади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиши борасида давлат кўмаги кўрсатилиши масалаларини кўриб чиқади;


б) истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш соҳасида:

истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар), уларни ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумотларни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда етказилишини таъминлайди;

товарлар (ишлар, хизматлар), уларни ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисида, товарларнинг инсон соғлиғига таъсири ва бошқалар тўғрисида маълумот берувчи тизимни ўз ичига олган электрон платформа яратади ва юритади;

инсон ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотлар, шунингдек уларнинг ишлаб чиқарувчиси (ижрочиси) тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга етказиб боради;


в) аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

аҳолининг истеъмол билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилинишини, шунингдек, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш бўйича маърифий ишларни амалга оширади;

Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишланган "Сифат куни" марафони тадбирини ташкил қилади;

истеъмолчилар учун одатдаги ҳаётий вазиятларни ҳал қилиш, истеъмолчилар ўртасида низоларни судгача ҳал этиш имкониятлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари базасини, шунингдек, қўшимча ҳуқуқий маълумотлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган тизимни (электрон платформа, онлайн форум) ўз ичига олган ягона онлайн платформа ҳамда бепул маслаҳатлар порталини яратади ва юритади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича тушунтиришлар беради;

телевидение ва радиоканалларда, даврий нашрларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятини, ушбу соҳадаги муаммо ва камчиликларни ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, истеъмол маданияти ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини кенг тарғиб қилиш ва тизимли равишда ёритиб борилишини таъминлайдиган махсус дастурлар (рукнлар) ташкил қилади;

истеъмолчилар ҳуқуқлари ва аҳолининг истеъмол маданиятини шакллантириш масалаларини тизимли ва таҳлилий ёритишга бағишланган теледастурлар чиқишини кенгайтиради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий масалалари бўйича кундалик ҳаётда кўп учрайдиган савол ва жавоблар кўринишидаги махсус қўлланмалар (брошюралар) тайёрлайди ва уларни аҳоли ўртасида, биринчи навбатда умумий таълим мактабларида бепул тарқатилишини ташкил қилади;

олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва истеъмолчилик ҳуқуқи асосларини ўрганиш бўйича махсус курсларни ташкил этади;


г) истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширади;

истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилади ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари бўйича огоҳлантиради;

истеъмолчилар қабулини ташкил қилади, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлайди, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;

истеъмолчиларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, шу жумладан истеъмолчиларнинг номуайян доираларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ҳимоя қилишни кўзлаб даъво аризалари киритиш орқали амалий ёрдам кўрсатади;

истеъмолчиларнинг номуайян доираси юзасидан уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчининг ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўриш тўғрисида судга мурожаат қилади;

айрим истеъмолчилар, уларнинг гуруҳи ва истеъмолчиларнинг номуайян доиралари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд амалиётини таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилишнинг хорижий тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш орқали низоларни судгача ҳал қилиш учун онлайн хизматлар яратади ва уларнинг тизимли ишлаши бўйича таклифлар киритади;

истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиёти, суддан ташқари ва судгача ҳал қилинган истеъмолчилар иштирокидаги низоларни ҳал қилишнинг қўлланиладиган механизмларини таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади;


д) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш юзасидан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишда ва ички бозорда сотиладиган истеъмол товарларининг зарур сифатда бўлишини ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини назорат қилувчи давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорлик қилади;

инсон ҳаёти, саломатлиги, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотларни аниқлашда иштирок этади;

чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини амалга оширади, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги жиҳатидан экспертизадан (тестдан) ўтказилишини ташкил қилади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарадиган сабабларни ва шароитларни аниқлайди ва ўрганади, уларни бартараф этиш чораларини кўради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишда давлат бошқаруви ва назорат қилувчи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва жамоат органлари билан биргаликда зарур чора-тадбирларни олиб боради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, мулкчилик шаклидан қатъий назар, ташкилотларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) текширишлар ўтказади;

ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан давлат органларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилот, муассаса ва корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланган улгуржи ва чакана савдо устамаларига риоя қилиниши устидан назорат қилади;

электрон тижорат ва улар билан боғлиқ ҳисоб-китоблардаги операциялар хавфсизлигини оширишга қаратилган тавсиялар тайёрлайди;


е) истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш йўналишида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат органларининг реестрини юритади ва белгиланган тартибда эълон қилади;

давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, уларнинг мансабдор шахсларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилишни таъминлайди;

тадбиркорлик субъектлари билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этишга ишонтириш мақсадида профилактика суҳбатларини ўтказади;

тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқбузарликни давом этишига улар томондан йўл қўймаслик тўғрисида тушунтириш орқали расмий огоҳлантириш беради, шунингдек, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор тадбиркорлик субъектини, ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун жавобгарлиги тўғрисида огоҳлантиради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишда илғор халқаро амалиётни таҳлил қилган ҳолда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг институционал, ташкилий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрлайди;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ҳолати қониқарлилиги юзасидан фуқаролар ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказишни ташкил қилади;


ё) тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш соҳасида:

тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини оширишни такомиллаштиришда иштирок этади;

тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган "Ташаббус" кўрик-танлови доирасида "Йилнинг энг яхши маҳсулоти" номинациясида номзодларни танлаш жараёнида иштирок этади;

қонунда белгиланган тартибда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш юзасидан назоратни амалга оширади;

реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламани юзага келишига йўл қўймаслик чораларини кўради;

реклама соҳасида хорижий давлатларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни амалга оширади;

даврий нашрлар, китоблар, ҳужжатли материалларнинг телевизион ва радио дастурлари, реклама маҳсулотларини тайёрлаш, тарқатиш ва жойлаштириш учун материалларнинг бепул нусхаларини олади;

реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиши бўйича тушунтиришлар беради;

реклама лойиҳаларининг (видео, аудио ва бошқа материаллар) реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради;

реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда реклама берувчидан, реклама ишлаб чиқарувчидан ва тарқатувчидан зарур ҳужжатларни, тушунтиришларни ва бошқа маълумотларни сўраб олади;

реклама берувчига, реклама ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилганлиги юзасидан камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма юборади;

семинар, кўргазма, конференция, шунингдек, кўплаб тадбирлар, тақдимотлар ва реклама тадбирларини бирлаштирган ҳолда, Ўзбекистонда маркетинг ва реклама соҳасида тадбирлар ўтказади;

ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси ва унга киритиладиган ўзгартиришларни олдиндан келишиб беради;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маданий, тарихий ва диний объектлар жойлашган жойлардаги "рекламадан ҳоли зоналар"ни аниқлашда қатнашади;

реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаган ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) демонтаж қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ж) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалаларида жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари, бизнес вакиллари ва илмий муассасалар билан яқиндан алоқа ўрнатади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида жамоатчилик назорати фаолиятининг муҳимлигини қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бўйича кўнгиллилар ҳаракатини ташкил этади ҳамда уларнинг самарадорлигини оширади ва фаолиятини кенгайтиради;


з) истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг динамикаси ва нархи шаклланиши механизмларини ўрганиш бўйича:

истеъмол бозорини, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини ўзгариши ва уларга нархларни шакллантириш тартибини таҳлил қилади;

ички истеъмол бозорларида нархларни барқарорлаштириш юзасидан асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) тартибга солинадиган нархлари (тарифлари) ва устамаларига риоя этилишини таҳлил ва назорат қилишда иштирок этади;

бозорларда импорт товарларга бўлган талаб ва таклифни ўрганишда, импорт ўрнини босиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда кўмаклашади;


и) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ваколатли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан алоқа ўрнатади ҳамда ҳар тарафлама ҳамкорликни ташкил қилади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганиш ва жорий этишни амалга оширади;

МДҲга аъзо давлатлар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимларни имзолаш бўйича тадбирларда иштирок этади.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Агентлик ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

2) вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ҳамда бошқа ҳужжатлар, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

3) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

4) давлат органлари ва мансабдор шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

5) Агентлик ваколатларига кирувчи масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, Қўмитага, давлат бошқаруви органларига, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритиш;

6) Агентлик ваколатларига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни амалга ошириш;

7) судларга даъво аризалари киритиш, ўзининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бузилиши билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиши бўйича суд жараёнларида иштирок этиш;

8) истеъмолчилар номуайян доираларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилишни кўзлаб даъво аризалари киритиш;

9) ўз ваколатларига кирадиган масалалар доирасида қонун бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари аниқланганда, материалларни белгиланган тартибда тегишли органларга юбориш;

10) Агентликнинг белгиланган тартибда назорат функцияларини амалга ошириши, шунингдек, ўрганиш ўтказиши давомида ҳуқуқни бузиш белгилари мавжудлигини кўрсатувчи етарлича маълумотлар бевосита аниқланганда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан тушган ахборот, жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, оммавий ахборот воситаларидаги ҳуқуқ бузилиши белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар мавжуд бўлган хабарлар бўйича иш қўзғатиш ва (ёки) кўриб чиқиш;

10-1) инсон саломатлиги, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки учун хавфлилиги ва сифатсизлиги аниқланган товарларни ишлаб чиқариш, республика ҳудудига импорт қилиш, реализация қилишни тўхтатиш, муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан мажбурий равишда қайтариб олиш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга кўрсатмалар киритиш;

11) ўз ваколатлари доирасида мансабдор шахслар ва фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги материалларни маъмурий судларга юбориш;

12) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисидаги ишлар бўйича, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, дори воситалари ва тиббий буюмларга ҳамда бошқа маҳсулотлар (иш, хизматларга) нархларини шакллантириш тартиблари бузилганлиги натижасида асоссиз олинган даромадни (фойдани) ундириш ва (ёки) истеъмолчиларга қайтариш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

13) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, ахборот бермаганлик ёки била туриб нотўғри ахборот берганлик, Агентлик кўрсатмаларини бажармаганлик учун хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жарималар (молиявий санкциялар) қўллаш тўғрисида судларга даъво аризалари киритиш;

14) хўжалик юритувчи субъектнинг аризаси бўйича, агар маблағларни олиб қўйиш ва жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ижро этиш хўжалик юритувчи субъектнинг тўловга қобилиятсизлигига олиб келиши мумкин бўлса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш ва қўллаш тартиблари бузилганлиги учун ундирилиши керак бўлган суммани бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш;

15) белгиланган тартибда Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш;

16) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

17) коворкинг марказлари ва "Истеъмолчи қабулхонаси" фаолиятини йўлга қўйиш;

18) синов лабораториялари ташкил этиш ҳамда уларни замонавий ускуналари билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш;

19 )истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ваколатли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш;

20) малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ходим ва маслаҳатчи сифатида жалб қилиш, уларга, истисно тариқасида, Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш юзасидан Қўмитага таклиф киритиш;

21) чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини ўтказиш, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги юзасидан экспертизадан (тестдан) ўтказилишини ташкил қилиш;

22) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда мулкчилик шаклларидан қатъи назар ташкилотларда ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) текширишлар ўтказиш;

23) ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан давлат органларига, мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилот, муассаса ва корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;

24) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аломатлари аниқланганда материалларни тегишли фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиянинг (рухсат берувчи ҳужжатларнинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ваколатли органлар ва ташкилотларга юбориш;

25) даврий босма нашрлар, китоб маҳсулотлари назорат нусхалари, теле- ва радиодастурлар эфирларида жойлаштирилган ҳужжатли материаллар, рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатишга оид материалларни бепул олиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Агентликка истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ишларни кўриб чиқиш бўйича ваколатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик марказий аппарати ва Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларида тузиладиган махсус комиссияларнинг қарорлари асосида амалга оширилади.


14. Агентлик:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;

Агентлик таркибий бўлинмаларининг Агентлик фаолияти билан боғлиқ режа кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича ишларининг ташкил этилиши;

Агентлик томонидан Қўмитага кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Агентлик қабул қиладиган буйруқларнинг сифатли тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилиши;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, ишлар режаси, тадбирлар, "йўл харита"лари ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг амалга оширилиши бўйича жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


15. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) Агентлик, шунингдек, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари фаолияти билан боғлиқ режа кўрсаткичларига сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан Агентлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Қўмита раисининг топшириқларини бажариш;

7) ўз ўринбосари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини ҳамда шахсий масъулияти даражаларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

8) Агентлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Агентлик ва ўз ўринбосарининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, шунингдек, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш ҳамда Қўмита ҳудудий бошқармаларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

10) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талабларига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Қўмита ва Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишлаб чиқилишида, Вазирлар Маҳкамаси Раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

11) Агентлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг Намунавий регламентига мувофиқ Агентликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

13) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида Агентликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентларида белгиланган муддатларда уларни келишилиши (виза қўйилиши) учун Қўмитага ўз вақтида киритиш;

14) Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

15) ўз ўринбосари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, Қўмита Ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

16) Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортишга доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш;

17) Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Қўмита ва Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

18) Агентлик ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

19) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

20) Агентлик ва Қўмита ҳудудий бошқармалари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

21) аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

22) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир ишларни самарали ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

23) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Агентлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

24) давлат органларида, судларда ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Агентлик номидан иштирок этиш;

25) Қўмита ҳайъати мажлисларида иштирок этиш;

26) зарурият бўлганда Агентлик ташкилий тузилмаcига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, ҳудудий бошқармаларнинг ташкилий тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш юзасидан Қўмитага таклиф бериш;

27) Агентлик марказий аппаратининг штатлар жадвалини, харажатлар сметасини ва таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;

28) Агентлик марказий аппарати ходимлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

29) Қўмита ҳудудий бошқармаларининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш юзасидан Қўмита раисига тақдимнома киритиш;

30) Қўмита ҳудудий бошқармаларининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармасига ходимлар номзодларини кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишиш;

31) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича Агентлик, Қўмита ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилиш;

32) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги ходимларни ва мутахассисларни уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш учун белгиланган тартибда таклифлар тайёрлаш ва мукофотлашга тавсиялар бериш;

33) бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ходимларни моддий рағбатлантириш ва Агентлик тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирларини кўриш;

34) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


16. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Агентлик директори вақтинча бўлмаганда унинг вазифаларини бажариш;

3) Агентликнинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, улар ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Агентлик фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентликнинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

5) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан режа кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

6) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

7) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

8) Қўмита ҳайъати қарорлари, Қўмита раисининг Агентлик фаолиятига тааллуқли буйруқлари, Агентлик директори буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

9) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларда ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар киритиш;

10) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш;

11) ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Агентлик директорига таклифлар киритиш;

12) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

13) "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

14) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

15) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


17. Агентлик директори:

Агентликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ўзининг функционал мажбуриятларини сифатли бажариш учун шахсан жавоб беради.


18. Агентлик директорининг ўринбосари:

Агентликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларда бажарилиши;

Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича ўзи назорат қиладиган масалалар юзасидан;

ўзининг функционал мажбуриятларини сифатли бажариш учун шахсан жавоб беради.



6-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Агентликнинг тузилмаси


19. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги тизимига Агентлик марказий аппарати киради.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий тузилмалари сифатида Қўмита ҳудудий бошқармаларининг ташкилий тузилмасидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари фаолият юритади.



§ 2. Агентлик раҳбарияти


20. Агентликка Қўмита раисининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


21. Директор Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бир нафар ўринбосарга эга бўлади.


22. Директор бўлмаган вақтда унинг ваколатлари директорнинг ўринбосари томонидан амалга оширилади.


23. Директор лавозими бўйича Қўмита ҳайъати таркибига киритилади.


24. Агентлик марказий аппаратининг бошқарув ходимлари ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


25. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари бошлиғининг ўринбосари - Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиқлари Агентлик директорининг тақдимномаси бўйича Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


26. Қўмита ҳудудий бошқармаларининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ходимлари Агентлик директори билан келишилган ҳолда тегишли ҳудудий бошқарманинг бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.



§ 3. Агентликнинг Қўмита марказий аппарати,

унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб

ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги


27. Агентликнинг Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари билан ўзаро ҳамкорлиги директор ва унинг ўринбосари томонидан таъминланади.


28. Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари билан ўзаро ҳамкорликда:

топшириқларни Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Агентликка юклатилган вазифалар доирасида Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, натижаларини умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистик маълумотлар ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил қилади;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни кўради;

Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларидан келиб тушган таклифларни, шу жумладан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасини тартибга солиш юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда уларнинг иштирокини ташкил этади.


29. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

Агентлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

фаолиятнинг белгиланган соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида Агентлик марказий аппаратига ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган ишдаги камчиликларни ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этади.


30. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳамда Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Қўмита раиси томонидан кўриб чиқилади.



§ 4. Агентликнинг бошқа давлат бошқаруви

органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро

этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги


31. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


32. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат бошқаруви органларининг ҳудудий органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



§ 5. Агентликнинг маслаҳат ва

эксперт органлари


33. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасини тартибга солишнинг энг муҳим масалалари бўйича муаммоларни илмий таҳлил қилиш, тавсияларни кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш учун Агентликда юқори малакали ходимлар, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг вакиллари, соҳадаги етакчи олим ва мутахассислардан иборат эксперт кенгаши ташкил этилади.

Эксперт кенгаши низоми ва унинг шахсий таркиби Директорнинг тақдимномасига биноан Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.


34. Агентликда бошқа кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари тузилиши мумкин.

Агентлик ҳузурида тузиладиган кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Директор томонидан тасдиқланади, уларнинг таркиби ва низомлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланадиган ҳоллар бундан мустасно.



7-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


35. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.


36. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


37. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.


38. Қўмита ҳудудий бошқармаларининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра уларни рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жазога тортиш юзасидан Агентлик томонидан Қўмитага таклиф киритилади.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА УНИНГ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


39. Агентлик фаолиятини молиялаштириш, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


40. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантирувчи тўловлардан иборат бўлади.


41. Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан узоқ муддатли хизмати учун қуйидаги миқдорда ҳар ойда устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида):


Иш стажи бўйича гуруҳланиши

Иш стажи учун устама миқдори

2 йилдан 5 йилгача

10 фоиз

5 йилдан 10 йилгача

20 фоиз

10 йилдан 15 йилгача

30 фоиз

15 йилдан 20 йилгача

40 фоиз

20 йилдан 25 йилгача

50 фоиз

25 йилдан юқори

60 фоиз

      

Узоқ муддат хизмати учун тўланадиган устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.


42. Агентлик ходимлари учун аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



9-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲИСОБОТ БЕРИШИ


43. Агентлик Қўмитага ҳамда Қўмита билан келишган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига Агентликнинг фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот беради.


44. Қўмита раиси Агентлик раҳбарларининг уларга юкланган вазифаларни самарали бажариши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Агентлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Агентликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


45. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 23 декабрь, 51-сон, 912-модда