Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (ЎзР 30.12.2019 й. ЎРҚ-599-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СОЛИҚ КОДЕКСИ

(Янги таҳрири)


УМУМИЙ ҚИСМ


I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси

билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ушбу Кодекс солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ва қабул қилиниши ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат.


(2-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ёки уларнинг

қисмларини ушбу Кодекснинг қоидаларига

мувофиқ эмас деб топиш

(1-қ.) Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми, агар мазкур ҳужжатга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилади:

1) ушбу Кодексга мувофиқ бундай ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган орган томонидан қабул қилинган бўлса ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган бўлса;

2) солиқ муносабатлари субъектларининг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқларини бекор қилса ёки чекласа;

3) солиқ муносабатлари субъектлари ҳаракатларининг ушбу Кодексда белгиланган асосларини, шартларини, кетма-кетлигини ёки тартибини ўзгартирса;

4) ушбу Кодексда тақиқланган ҳаракатларга рухсат берса ёки йўл қўйса;

5) ушбу Кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид бўлса.


(2-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


(3-қ.) Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми улар қабул қилинган санадан эътиборан ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади.



4-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг

вақт бўйича амал қилиши

(1-қ.) Солиқ солиш, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


(2-қ.) Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.


(3-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга.


(4-қ.) Солиқлар ва йиғимларни бекор қилишни, солиқлар ва йиғимлар ставкаларини камайтиришни, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


(5-қ.) Янги солиқлар ва йиғимлар белгиланишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари расман эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ой ўтгач амалга киритилади. Солиқ имтиёзларини бекор қилишни, янги мажбуриятларни жорий этишни, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни ёки солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини бошқача тарзда оғирлаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам худди шундай тартибда амалга киритилади.


(6-қ.) Солиқлар ва йиғимлар ставкаларининг ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расман эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади.


(7-қ.) Ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилмаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



5-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида

белгиланган муддатларни ҳисоблаш тартиби

(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар, рўй бериши керак бўлган воқеа ёки содир қилиниши керак бўлган ҳаракатни кўрсатган ҳолда календарь сана билан ёки вақтнинг йиллар, чораклар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган ўтиш даври билан аниқланади.


(2-қ.) Календарь санадан ёки рўй бериши керак бўлган воқеадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатни ҳисоблаш бошланадиган кун деб ҳисобланади.


(3-қ.) Йиллар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди. Бунда кетма-кет келадиган ўн икки ойдан иборат ҳар қандай вақт даври йил деб эътироф этилади, бундан календарь йил мустасно.


(4-қ.) Чораклар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Бунда чорак уч календарь ойга тенг деб ҳисобланади, чораклар ҳисоби эса календарь йил бошидан юритилади.


(5-қ.) Ойлар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли санасида тугайди.


(6-қ.) Агар муддатнинг тамом бўлиши тегишли сана мавжуд бўлмаган ойга тўғри келса, муддат мазкур ойнинг охирги кунида тугайди.


(7-қ.) Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Бунда қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади.


(8-қ.) Агар муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.


(9-қ.) Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.


(10-қ.) Агар ҳужжатлар ёхуд пул маблағлари алоқа ташкилотига муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилмаган деб ҳисобланади.



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг солиқ

солишга оид халқаро шартномаларининг

қўлланилиши

(1-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалаларига оид халқаро шартномаларини ва халқаро солиқ ҳуқуқининг умумий нормаларини қўллаш ушбу моддада белгиланган тартибда амалга оширилади.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири бўлган, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома қоидалари шундай шартномани тузган бир ёки иккала давлатнинг солиқ резидентларига нисбатан қўлланилади.


(3-қ.) Ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси тузилган давлатнинг солиқ резидентига нисбатан, агар солиқ резиденти ушбу халқаро шартнома қоидаларидан мазкур халқаро шартнома тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлмаган бошқа шахс манфаатларини кўзлаб фойдаланса, татбиқ этилмайди.


(4-қ.) Ушбу модданинг бешинчи - ўн иккинчи қисмлари қоидалари Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасига мувофиқ тўлов манбаидан даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсни аниқлаш учун қўлланилади.


(5-қ.) Юридик шахс томонидан тўланадиган даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бундай даромадларни тасарруф этишга ваколатли бўлган ўзга шахс ушбу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс деб топилади. Бунда бу ҳуқуқ ушбу юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этиш ёки унинг устидан назорат бўлганлиги ёхуд бошқа ҳолатлар туфайли юзага келганлиги аҳамиятга эга эмас.


(6-қ.) Юридик шахс ташкил этмаган тузилманинг даромадларига нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс худди шундай тартибда аниқланади.


(7-қ.) Даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсни аниқлашда ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан бажариладиган вазифалар, шунингдек улар қабул қиладиган таваккалчиликлар инобатга олинади.


(8-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган даромадларни тасарруф этишга нисбатан чет эллик шахс чекланган ваколатларга эга бўлса, ҳеч қандай бошқа вазифаларни бажармаса ва ҳеч қандай таваккалчиликни ўз зиммасига олмаса, бундай даромадларни бевосита ёки билвосита бошқа шахсга тўлаган (тўлиқ ёки қисман) ҳолда, ушбу бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб мазкур даромадларга нисбатан воситачилик вазифаларини амалга оширса, бу чет эллик шахс Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга деб эътироф этилмайди.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромадларни бундай даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган чет эллик шахсга тўлаш чоғида, агар тўлов манбаига бундай даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга шахс маълум бўлса, тўланаётган даромадга солиқ солиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) агар тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти бўлса, тўланаётган даромадга (унинг бир қисмига) солиқ солиши, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентларига нисбатан ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) тааллуқли солиқ, агар тўлов манбаи ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органини хабардор қилган бўлса, тўлов манбаи томонидан ушлаб қолинмайди. Бундай хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади;

2) агар тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартнома мавжуд бўлган давлатнинг (ҳудуднинг) солиқ резиденти бўлса, тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) солиқ солишга нисбатан мазкур халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


(10-қ.) Кўрсатилган қоидалар, башарти даромадлар тўланадиган ва бу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг доимий турган жойи солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартномага эга бўлган давлат (ҳудуд) бўлса, қўлланилади.


(11-қ.) Агар даромадлар тўланадиган ва бу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг доимий турган жойи солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартномага эга бўлмаган давлат (ҳудуд) бўлса, солиқ тўлов манбаида мазкур Кодекс билан белгиланган солиқ ставкалари бўйича ушлаб қолинади. Агар бундай даромадлар ушбу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган ва бу даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс қайси давлат (ҳудуд) резиденти эканлиги ўзига маълум бўлмаган шахсга тўланса, тўлов манбаидаги солиқ ҳам солиқ ставкалари бўйича ушлаб қолинади.


(12-қ.) Халқаро шартномада Ўзбекистон Республикаси томонидан белгиланган ваколатли орган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ чет давлатнинг ваколатли органидан чет давлат солиқ тўловчиси томонидан Ўзбекистон Республикасида бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажаришига кўмаклашиш тўғрисида сўрашга ҳақли.



7-модда. Солиқ солиш принциплари

Солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.



8-модда. Мажбурийлик принципи

(1-қ.) Ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва унда назарда тутилган йиғимларни тўлаши шарт.


(2-қ.) Ҳеч кимга солиқлар ва йиғимларнинг барча аломатларига эга бўлган, бироқ ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.



9-модда. Солиқ солишнинг аниқлиги ва солиқ

органларининг солиқ тўловчилар билан

ҳамкорлиги принципи

(1-қ.) Солиқларни ва йиғимларни белгиловчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчиларни ҳамда ушбу солиқларнинг ва йиғимларнинг бошқа барча элементларини, шу жумладан уларни тўлаш муддатлари ва тартибини аниқлаб бериши керак.


(2-қ.) Солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт. Бунда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятига асоссиз тўсиқлар яратишга ҳақли эмас, солиқ тўловчилар эса солиқ органлари ўз ваколатларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиши керак.



10-модда. Адолатлилик принципи

(1-қ.) Солиқлар ва йиғимлар камситиш хусусиятига эга бўлиши ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас.


(2-қ.) Мулкнинг шаклига, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига ёки капиталнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб фарқланган солиқ ставкаларини, солиқ имтиёзларини ёки бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмайди.


(3-қ.) Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди.



11-модда. Солиқ тизимининг ягоналиги принципи


(1-қ.) Солиқ тизими Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягонадир.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасининг ягона иқтисодий маконини бузувчи, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасида товарларнинг (хизматларнинг) ёки молиявий маблағларнинг эркин муомалада бўлишини бевосита ёки билвосита чеклаб қўядиган солиқлар белгиланишига йўл қўйилмайди.



12-модда. Ошкоралик принципи

(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари расман эълон қилиниши шарт.


(2-қ.) Расман эълон қилинмаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари кучга киритилмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.



13-модда. Солиқ тўловчининг ҳақлиги

презумпцияси принципи

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.



14-модда. Битимларнинг иқтисодий мазмуни ва

уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш

(1-қ.) Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак.


(2-қ.) Агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақли.


(3-қ.) Қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади.


(4-қ.) Агар битимларнинг ёки бошқа иқтисодий муносабатларнинг барча иштирокчилари ўзлари тузган битимларнинг барча шартлари ва талабларини бажараётган бўлса, солиққа оид бўлмаган муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларнинг айрим бузилишлари солиқ тўловчи томонидан олинган даромадларни ёки уларнинг қилган харажатларини (кўрган зарарларини) солиқ солиш мақсадида эътироф этишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.


(5-қ.) Агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.


(6-қ.) Солиқларнинг суммаларини камайтиришга оид схема ҳам ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади, бунда ушбу камайтириш бевосита ёки билвосита мақсад ёхуд оқибат бўлади ёки мақсадлардан ёхуд оқибатлардан бири бўлади ҳамда бу мақсад ёки оқибат иккинчи даражали бўлмайди. Солиқларнинг суммаларини камайтириш солиқ солиш қамровини бевосита ёки билвосита ўзгартиришни, солиқ имтиёзларидан фойдаланишни ёки тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бошқача тарзда камайтиришни ўз ичига олади.


(7-қ.) Ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи тўлаши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини аниқлашда ҳуқуқни суиистеъмол қилиш аломатларига эга бўлган айрим операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини эътиборга олмасликка ҳақли. Шунингдек солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли.


(8-қ.) Ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.



15-модда. Лозим даражада эҳтиёткорлик

(1-қ.) Солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт.


(2-қ.) Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.


(3-қ.) Солиқ органлари солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан, шунингдек бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини беради.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СОЛИҚЛАР ВА ЙИҒИМЛАР ТИЗИМИ


16-модда. Солиқлар ва йиғимлар

(1-қ.) Солиқ деганда ушбу Кодексда белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига (бундан буён матнда бюджет тизими деб юритилади) тўланадиган мажбурий беғараз тўлов тушунилади.


(2-қ.) Йиғим деганда бюджет тизимига ушбу Кодексда ёки бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўлов тушунилади, бу йиғимнинг тўланиши уни тўловчи шахсга нисбатан ваколатли орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан унга муайян ҳуқуқларни ёхуд рухсат этувчи ҳужжатларни бериш шартларидан бири бўлади.


(3-қ.) Шахснинг зиммасига суд тартибида юклатилган жарималар ва бошқа тўловлар, шунингдек қонунда белгиланган ҳолларда мол-мулкни мусодара қилиш ҳамда бошқача тарзда олиб қўйиш солиқлар ёки йиғимлар жумласига кирмайди.



17-модда. Солиқларнинг ва йиғимларнинг турлари

(1-қ.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади:

1) қўшилган қиймат солиғи;

2) акциз солиғи;

3) фойда солиғи;

4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ижтимоий солиқ.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланади.


(3-қ.) Автотранспорт йиғимини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодекс билан тартибга солинади.


(4-қ.) Давлат божини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш тартиби давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.



18-модда. Махсус солиқ режимлари

(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги махсус солиқ режимлари белгиланади:

1) айланмадан олинадиган солиқ;

2) маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби;

3) махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби.


(2-қ.) Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби қонун ҳужжатларида ёки инвестиция битимларида назарда тутилган инвестицияларни амалга ошириш ҳамда бошқа шартларни бажариш билан боғлиқ ҳолда муайян муддат учун белгиланади.


(3-қ.) Махсус солиқ режимлари айрим солиқларни тўлашдан озод этишни, пасайтирилган солиқ ставкаларини ва бошқа солиқ имтиёзларини қўллашни назарда тутиши мумкин.



3-БОБ. СОЛИҚ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ

СУБЪЕКТЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19-модда. Солиқ муносабатларининг субъектлари

ва ҳужжатлар алмашиш тартиби

(1-қ.) Солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир.


(2-қ.) Солиқ органлари, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, ҳужжатларни электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.


(3-қ.) Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.


(4-қ.) Ҳужжатлар солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.


(5-қ.) Солиқ тўловчилар, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ органларига ҳужжатларни мазкур модданинг иккинчи - тўртинчи қисмларида кўрсатилганига ўхшаш тартибда юборади. Бунда ушбу ҳужжатлар солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилганда - жўнатилган кун, почта орқали юборилганда беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.


(6-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳужжатларнинг, электрон ҳужжат айланишини таъминлаш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг шакллари, мазкур ҳужжатларнинг шаклларини тўлдириш тартиби, бундай ҳужжатларни қоғозда ёки телекоммуникация каналлари орқали электрон шаклда ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориш ҳамда олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.



20-модда. Солиқ тўловчилар

(1-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шахслар солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.


(2-қ.) Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари мазкур шахсларнинг солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятларини ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ушбу алоҳида бўлинмалар жойлашган ери бўйича бажаради.


(3-қ.) Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчилар алоҳида бўлинмаларни ҳисобга олиб марказлашган ҳолда солиқ ҳисоботини тақдим этади ва солиқларни (йиғимларни) тўлайди.


(4-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.



21-модда. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари

(1-қ.) Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ органларидан ва бошқа ваколатли органлардан (уларнинг ваколатлари доирасида) амалдаги солиқлар тўғрисида, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборотни, солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини, шунингдек уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш;

ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларида ва бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган маълумотларни олиш;

ушбу Кодексда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва тартибда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш;

солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида ҳисобга ўтказиш ёки қайтариш;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва шартларда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш;

солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш;

ушбу Кодексга мувофиқ ўз ҳудудида ўтказиладиган сайёр солиқ текширувини ва солиқ аудитини ўтказиш чоғида ҳозир бўлиш;

сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити материаллари билан танишиш, шунингдек ушбу текширувларнинг далолатномаларини олиш;

солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг ушбу Кодексга ва (ёки) солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг норматив тусга эга бўлмаган ҳужжатлари ҳамда қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;

ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ текшируви материалларини ёки солиқ органларининг бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

солиқ муносабатлари масалаларига оид ўз манфаатларини шахсан ёхуд солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ёки бошқа ўз вакиллари орқали ифодалаш;

солиқ сирига риоя этиш ва уни сақлаш.


(2-қ.) Солиқ тўловчилар ушбу Кодексда ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ тўловчининг солиқ муносабатларида шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, худди шунингдек вакилнинг иштирок этиши солиқ тўловчини бундай муносабатларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар мансабдор шахсларининг тегишли мажбуриятлари билан таъминланади.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.



22-модда. Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари

(1-қ.) Солиқ тўловчилар:

белгиланган солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши;

ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш зарурияти тўғрисида чақирув хатини олганида солиқ органига келиши;

товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактураларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериши;

солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, шунингдек электрон манбаларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаши;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариши, кўрсатилган органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;

агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тегишли солиқларни тўлаш учун белгиланган календарь йилдан кейинги беш йил мобайнида бут сақланишини таъминлаши;

ўзи солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларини Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларидаги ва чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида, агар устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши 10 фоиздан ортиқ бўлса, хабардор этиши шарт.


(2-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига ўзларининг барча алоҳида бўлинмалари тўғрисида ва алоҳида бўлинмаларга оид илгари хабар қилинган маълумотларидаги ўзгаришлар тўғрисида алоҳида бўлинма ташкил этилган ёки мазкур маълумотлар ўзгартирилган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиши шарт.


(3-қ.) Ушбу Кодекс билан зиммасига солиқ ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ органлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлардаги ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида фойдаланиладиган ҳужжатларнинг солиқ органидан телекоммуникация алоқа тармоқлари орқали электрон шаклда олинишини таъминлаши керак.


(4-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солиш объекти деб эътироф этиладиган кўчмас мулкка эга бўлган чет эл юридик шахслари ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, кўчмас мулк объекти турган жойдаги солиқ органига ушбу чет эл юридик шахсининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабар қилиши шарт. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари кўрсатилган ҳолатларда ўз муассислари, бенефициарлари ва бошқарувчилари ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши керак. Чет эл юридик шахсида (юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасида) ушбу қисмда кўрсатилган бир нечта мол-мулк объекти мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахс танловига кўра, хабар мол-мулк объектларининг бири турган ердаги солиқ органига тақдим этилади.


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлайдиган солиқ тўловчилар зиммасида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятлар ҳам бўлади.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



23-модда. Солиқ агентлари

(1-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига солиқларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ва бюджет тизимига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади.


(2-қ.) Солиқ агентлари, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар каби ҳуқуқларга эга бўлади.


(3-қ.) Солиқ агентлари:

солиқларни тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб чиқариши, ушлаб қолиши ҳамда бюджет тизимига ўтказиши;

солиқ органларига солиқни ушлаб қолиш имконияти йўқлиги ва солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммаси тўғрисида бундай ҳолатлар солиқ агентига маълум бўлган кундан эътиборан бир ой ичида ёзма равишда ёки электрон шаклда хабар қилиши;

ҳисобланган ва тўланган даромадларнинг, ҳисоблаб чиқарилган, ушлаб қолинган ва бюджет тизимига ўтказилган солиқларнинг ҳисобини ҳар бир солиқ тўловчи бўйича алоҳида юритиши;

солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, ушлаб қолиниши ва ўтказилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиши;

солиқ ҳисоботларининг ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг ушбу Кодекснинг 88-моддасида назар тутилган даъво муддати мобайнида бут сақланишини таъминлаши шарт.


(4-қ.) Солиқ агентларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



24-модда. Солиқ тўловчининг вакиллари

(1-қ.) Солиқ тўловчи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ муносабатларида қонуний ёки ваколатли вакил орқали иштирок этишга ҳақли.


(2-қ.) Вакилнинг ваколатлари ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.


(3-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчининг қонуний вакили деб ушбу юридик шахсга қонун ёки унинг таъсис ҳужжатлари асосида вакиллик қилишга ваколатли шахслар эътироф этилади.


(4-қ.) Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг қонуний вакили деб фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг вакиллари сифатида фаолият олиб борадиган шахслар эътироф этилади.


(5-қ.) Юридик шахс қонуний вакилларининг мазкур юридик шахснинг солиқ муносабатларида иштирок этиши муносабати билан содир этилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ушбу юридик шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ҳисобланади.


(6-қ.) Солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда солиқ органлари, божхона органлари ва солиқ муносабатларининг бошқа иштирокчилари билан муносабатларда ўз манфаатларини ифодалаш ваколати берилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ёки бошқа шахслар солиқ тўловчининг ваколатли вакиллари бўлиши мумкин.


(7-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчининг ваколатли вакили, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ваколатларини тузилган шартнома ёки фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ишончнома асосида амалга оширади.


(8-қ.) Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг ваколатли вакили ўз ваколатларини фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал тасдиқланган ишончнома асосида амалга оширади.


(9-қ.) Солиқ, молия, божхона ва бошқа давлат органларининг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ваколатли вакиллари бўла олмайди.


(10-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қонун асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи барча иштирокчиларининг ваколатли вакили ҳисобланади.


(11-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартнома қоидаларидан қатъи назар, ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси қуйидагилар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда мазкур консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларининг манфаатларини ифодалашга ҳақли:

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномани солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек ушбу шартномага ўзгартириш киритиш, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ва уни тугатиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда;

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчисидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи учун фойда солиғи бўйича қарзларни мажбурий ундириш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда;

солиқ органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) хусусияти бўйича улар солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчиси бўлган юридик шахснинг ҳуқуқларига бевосита таъсир қилса.


(12-қ.) Амал қилиш муддати тугаши билан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда ёки тугатилганда ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси бўлган шахс ушбу модданинг ўнинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ваколатларини сақлаб қолади.


(13-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган шахслар мазкур гуруҳ иштирокчиларининг манфаатларини ифодалаш бўйича ушбу Кодекс билан ўзларига берилган ваколатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шартнома ёки берилган ишончнома асосида учинчи шахсларга беришга ҳақлидир.



25-модда. Ваколатли органлар

Қуйидагилар ваколатли органлардир:

солиқ органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари;

божхона органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент - АЭРО" махсус божхона комплекси ва божхона постлари;

йиғимларни ундириш функциясини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар.



26-модда. Солиқ органларининг ҳуқуқлари

(1-қ.) Солиқ органлари қуйидагиларга ҳақли:

солиқ тўловчилардан ва учинчи шахслардан солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни), шу жумладан электрон тарзда тақдим этишини талаб қилиш;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ текширувлари ва бошқа солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;

ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечириш;

мол-мулкни инвентаризация қилиш ва бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини ўтказиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни икки кундан ортиқ бўлмаган муддатга, икки кундан ортиқ муддатга эса, суд қарори бўйича муҳрлаш;

солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш;

фото- ва видеотасвирга тушириш, тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш;

таржимонни, экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлаш;

солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларини йўқотган ёки йўқ қилган ҳолларда солиқ тўловчи тўғрисидаги ўзида мавжуд ахборот, шунингдек бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлаш;

ўзаро келишув асосида солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқларни ҳисоблаб чиқаришнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши юзасидан солиқ мониторингини ўтказиш;

солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва молиявий санкциялар қўллаш;

солиқ ҳуқуқбузарликларининг аниқланган ҳолатлари бўйича товар-моддий бойликларни белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш. Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини давлат даромадига ўтказиш суд тартибида амалга оширилади;

солиқ тўловчиларга нисбатан улар томонидан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисида судларга даъволар киритиш;

ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилинишини талаб қилиш;

солиқ тўловчиларни ва солиқ агентларини ёзма билдириш асосида солиқ органларига улар томонидан солиқларни тўлаш (ушлаб қолиш ва ўтказиш) юзасидан ёки солиқ текшируви билан боғлиқ равишда, шунингдек улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳолларда тушунтиришлар беришга чақириш;

ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва уларнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш;

солиқ тўловчилар ва уларнинг вакилларидан, солиқ агентларидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини бартараф этишни талаб қилиш ҳамда ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилиш;

ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятларнинг банклар томонидан бажарилишини назорат қилиш.


(2-қ.) Солиқ органлари қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.



27-модда. Солиқ органларининг мажбуриятлари

(1-қ.) Солиқ органлари:

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши;

солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар, ҳисобланган ва тўланган солиқлар тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини таъминлаши;

солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот бериши, шунингдек ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида хабардор қилиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида ўз вақтида эълон қилиши;

солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериши, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши;

cолиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактларини таҳлил қилиши ва баҳолаши, солиққа оид ҳуқуқбузарликларга олиб келадиган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат органларига киритиши;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга доир узоқ муддатли ва жорий дастурларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни ўрганиши;

давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан пул маблағларининг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиши;

масалани ҳал этиш солиқ органлари ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳолларда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши фактлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириши;

ўз ваколатлари доирасида валюта ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиши;

солиқ сирига риоя этиши ва унинг сақланишини таъминлаши;

солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятининг бажарилиши юзасидан солиштирма далолатнома тузиши;

ушбу Кодексга мувофиқ солиқ қарзи суммасини сўзсиз ундириши;

юридик ва жисмоний шахсларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларини ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамини бериши ҳамда бу ҳақда статистика ва рўйхатдан ўтказувчи органларга расмий равишда маълум қилиши;

солиқ тўловчининг талабига биноан унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани бериши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма тушунтиришларига амал қилиши шарт.


(2-қ.) Солиқ органларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



28-модда. Божхона органларининг, йиғимларни ундиришга доир

вазифаларни амалга оширувчи давлат органларининг

ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

(1-қ.) Божхона органлари товарларни ва автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш чоғида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва йиғимларни ундириш бўйича ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда вазифаларни бажаради.


(2-қ.) Йиғимларни ундиришга доир вазифаларни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



29-модда. Солиқ сири

(1-қ.) Ваколатли органлар томонидан олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар солиқ сирини ташкил этади, қуйидагилар бундан мустасно:

1) ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган, шу жумладан эгасининг розилиги билан шундай фойдаланиш имкони яратилган маълумотлар;

2) солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар;

3) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари ва бу қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;

4) солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

5) тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

6) юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

7) ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

8) молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар.


(2-қ.) Солиқ сири давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, жалб этиладиган мутахассислар ва экспертлар томонидан ошкор этилиши мумкин эмас, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


(3-қ.) Солиқ сирини ошкор этиш жумласига, хусусан, солиқ тўловчининг тижорат сирини (ишлаб чиқариш сирини) ташкил этувчи ва давлат органининг мансабдор шахсига, жалб этилган мутахассисга ёки экспертга улар ўз мажбуриятларини бажариши чоғида маълум бўлиб қолган ахборотдан фойдаланиш ёки уни бошқа шахсга бериш киради.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг солиқ органларига ёки бошқа тегишли органларига солиқ тўловчи тўғрисида сўралган маълумотларни тақдим этиш солиқ сирини ошкор этиш сирасига кирмайди.


(5-қ.) Давлат органларига келиб тушган солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар махсус сақлаш ва фойдаланиш режимига эга.


(6-қ.) Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланадиган мансабдор шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга.


(7-қ.) Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг йўқотилиши ёки бундай маълумотларнинг ошкор этилиши қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


(8-қ.) Ушбу модданинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасарруфидаги, солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни киритадиган ва уларга ишлов берадиган ташкилотлар томонидан олинган маълумотларга, шунингдек мазкур ташкилотларнинг ходимларига нисбатан татбиқ этилади.



4-БОБ. УШБУ КОДЕКСДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


30-модда. Жисмоний шахслар

(1-қ.) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслардир.


(2-қ.) Тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.


(3-қ.) Ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари мазкур моддада белгиланган хусусиятларни ва Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалаларига доир халқаро шартномалари қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.


(4-қ.) Агар жисмоний шахс тегишли солиқ даврида Ўзбекистон Республикасида жами бир юз саксон уч кундан кам бўлиб, бироқ