Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.01.2020 й. 1-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 3 январдаги

1-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг (кейинги ўринларда ЎзА деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.


2. ЎзА мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни, амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг моҳияти, аҳамияти ва самараларини оммавий ахборот воситаларида холис, изчил ва Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ёритадиган расмий давлат ахборот агентлиги ҳисобланади.

ЎзА ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. ЎзА ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. ЎзА юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобрақамларига эга бўлади.


5. ЎзАнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, қисқартирилган номи - ЎзА;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Национальное информационное агентство Узбекистана, қисқартирилган номи - УзА;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Uzbekistan National News Agency, қисқартирилган номи - UzA.


6. ЎзА жойлашган жой (почта манзили):

Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси 42-уй, 100000.



2-БОБ. ЎзАнинг ТУЗИЛМАСИ


7. ЎзА тизимига:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги (кейинги ўринларда ҚАА деб аталади);

ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктлари киради.



3-БОБ. ЎзА ВА ҚААнинг ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1-§. ЎзАнинг вазифалари ва функциялари


8. Қуйидагилар ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;

республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;

бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видеоматериаллар) базасини шакллантириш;

ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;

юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.


9. ЎзА ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишлар самараларини ЎзА расмий веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритади;

қонун ҳужжатлари ва қонун ҳужжатлари лойиҳаларига нисбатан жамоатчиликда тўғри ва соғлом фикрни шакллантириш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланади;

аҳолини ва дунё ҳамжамиятини Ўзбекистон Республикасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тезкор ва холисона хабардор қилади.


2) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, расмий баёнотлари, нутқлари ва маърузаларини Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ЎзА расмий веб-сайтида эълон қилади, белгиланган оммавий ахборот воситаларига етказади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси билан бевосита ҳамкорлик асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни йиғади ва уни кенг оммага тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифларини, ташрифдан кўзланаётган мақсад ҳамда кутилаётган натижалар ҳақидаги ахборотни оммавий ахборот воситалари, веб-ресурслар орқали аҳолига етказади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига амалга оширадиган ташрифларини ўз расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда ёритади.


3) Республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш соҳасида:

давлат органлари фаолияти, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида ахборот тарқатиш орқали фуқароларнинг давлат органлари фаолияти, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлайди.


4) Жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш соҳасида:

Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали бутун дунёга ахборот тарқатади;

дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотни тезкорлик билан ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали бундай ахборотни аҳолига етказиб беради;

жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида аниқ маълумотлар олиш, хориж оммавий ахборот воситаларига мамлакатимиз тўғрисида ишончли ахборот етказиш мақсадида хорижнинг етакчи ахборот агентликлари, оммавий ахборот воситалари, медиа тузилмалари билан ҳамкорлик қилади;

давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномалар лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади, ахборот алмашишни амалга оширади, ахборот соҳасида халқаро идоралараро шартномаларни белгиланган тартибда тузади.


5) Ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш соҳасида:

оммавий ахборот воситаларида тўғри ва ҳаққоний ахборот тарқатиш орқали ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб курашади;

жамиятда бирор-бир воқеа, ҳодиса, ижтимоий сиёсий жараёнлар ва бошқа масалалар тўғрисида нотўғри ёки нохолис ахборот тарқатилганда бу ҳақида ҳаққоний, далилларга асосланган, холис ахборот тарқатиш орқали жамиятда миш-миш, таҳлика юзага келишининг олдини олади;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда нотўғри маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилади.


6) Бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видеоматериаллар) базасини шакллантириш соҳасида;

юртимизда рўй бераётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий, маданий жараёнларга доир материаллар, мақолалар, фотоматериаллар, видеолавҳалар тайёрлайди, уларни расмий веб-сайт орқали жаҳон ҳамжамиятига тақдим этади;

оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали узатилган барча материалларнинг электрон базасини шакллантиради;

мазкур материаллардан оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар эркин фойдаланиши учун шароит яратади.


7) Ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида:

Республика миқёсида амалга ошириладиган, тарихимиз ва миллий қадриятларимизни жаҳон ҳамжамиятига танитишга хизмат қиладиган ижтимоий лойиҳалар тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали тарқатишни бевосита амалга оширади;

мазкур лойиҳалар жараёнини ёритиб боради ҳамда иштирок этади.


8) Юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида матнли, аудио ва видеоматериаллар тайёрлайди ҳамда уларни белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига тарқатади;

мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, улардан кўзланган эзгу мақсадлар моҳиятини очиб берадиган матнли, аудио ва видеоматериалларни ўзрасмий веб-сайтида эълон қилиб боради.



2-§. ҚААнинг вазифалари ва функциялари


10. Қуйидагилар ҚААнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, расмий баёнотлари, нутқ ва маърузаларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши қабул қилган ҳужжатларни, уларнинг фаолиятига, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид ахборотни тарқатиш;

фуқароларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.


11. ҚАА ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, расмий баёнотлари, нутқ ва маърузаларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши қабул қилган ҳужжатларни, уларнинг фаолиятига, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид ахборотни тарқатиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, расмий баёнотлари, нутқ ва маърузаларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши қабул қилган ҳужжатларни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади, белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига етказади;

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида ахборотни, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидаги янгиликларни қорақалпоқ ва бошқа тилларда тайёрлайди ва ўз расмий веб-сайтида эълон қилади, белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига етказиб беради;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши фаолияти ҳақида матнли, аудио ва видеоматериаллар тайёрлайди, уларни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади ҳамда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига етказиб беради.


2) Фуқароларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти тўғрисида аҳолига мунтазам равишда ишончли маълумотларни етказиб туради;

ўз расмий веб-сайтида давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотлар доимий янгиланиб борилишини таъминлайди;

давлат органлари фаолияти, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида ахборот тарқатиш орқали фуқароларнинг давлат органлари фаолияти, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлайди.


3) Ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда нотўғри маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилади;

холис, ишончли ахборот тарқатиш орқали ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширади;

кенг оммага ишончли маълумот тарқатиш мақсадида давлат органлари раҳбарлари ва ахборот хизматлари билан ҳамкорлик ўрнатади.



4-БОБ. ЎзАнинг ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. ЎзА ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда маълумотларни сўраб олиш;

расмий ва бошқа ахборотни тўплаш ҳамда уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

давлат статистика органларидан зарур статистик маълумотларни бепул асосда олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига ва давлат органларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

барча турдаги ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатиш масалалари юзасидан халқаро алоқаларни амалга ошириш, хорижий ахборот агентликлари билан тажриба алмашиш;

вилоятларда минтақавий мухбирлик пунктларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

бошқа ахборот агентликлари, жумладан, хорижий ахборот агентликлари, оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар, ахборот марказлари билан ахборот алмашиш тўғрисида, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга оид шартномалар тузиш;

буюртмачиларга сотиладиган ахборот ва хизматлар (матнли, фото, аудио ва видеоматериаллар, хизматлар) нархлари ва тарифларини белгилаш;

ЎзАга юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-текшириш институтлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини жалб қилиш;

ЎзА биносидаги вақтинча фойдаланилмаётган хоналарни жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда ижара шартномаси асосида фойдаланишга бериш;

босма оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш;

матн тузиш, матнни таҳрир қилиш, фото, аудио, видеохизматлар, таржима ва бошқа пуллик хизматлар кўрсатиш;

ЎзА ва унинг тизимидаги таркибий бўлинмалар ва ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш чора-тадбирларини кўриш.

ЎзА қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. ЎзА:

ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

ҚАА фаолиятини мувофиқлаштириш;

ўзига юкланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.


14. ҚАА ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, давлат органларининг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, бошқа ташкилотлардан ўзига юкланган вазифаларни сифатли бажариш учун зарур бўлган ахборот материалларини сўраб олиш, уларни қайта ишлаш ва тарқатиш;

жисмоний ва юридик шахсларга матн тузиш, матнни таҳрир қилиш, фото, аудио, видеохизматлар, таржима ва бошқа пуллик хизматлар кўрсатиш;

ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ҳамда ўзига юкланган бошқа вазифаларни бажариш учун давлат органлари, шунингдек, илмий ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш.


15. ҚАА:

ўз фаолияти бўйича ЎзАга ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиш;

ўзига юкланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши учун масъулдир.



5-БОБ. ЎзА РАҲБАРЛАРИНИНГ ФУНКЦИОНАЛ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


16. ЎзА ва ҚАА раҳбарлари зиммасига қуйидаги функционал мажбуриятлар юкланади:

ЎзА бош директори:

а) ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги тузилмаси штатлар сонига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади;

б) ЎзАнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:

давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этади;

ижодий танловлар ўтказади, танлов иштирокчи ва ғолибларини мукофотлайди, шунингдек, ЎзАнинг ходими бўлмаган фаол муаллифларни рағбатлантиради;

ЎзА моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, шу жумладан уларга устамалар тўлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

зарур ҳолларда, минтақавий мухбирлик пунктларида қўшимча штат бирликларини жорий этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

в) ЎзА бош директорининг ўринбосарлари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан ахборот тарқатиш соҳаларини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли тайёрлаш юзасидан ҳамкорлик қилади;

ЎзА бош директорининг топшириғига биноан ахборот тарқатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ва дастурлар бажарилишини мувофиқлаштиради;

ЎзАнинг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ тегишли бўлинмаларни бевосита бошқаришни амалга оширади;

бош директор ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган ЎзАнинг марказий аппарати, бош муҳаррирлари, бошқармалари ва хизматлари бошлиқлари лавозимларига номзодларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

бош директор ўринбосарлари номенклатурасига кирадиган тузилмаларнинг таркибий бўлинмалари бошлиқларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан таклифлар киритади;

мутасадди бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш бўйича тизимли асосда ишларни ташкил қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

г) ҚАА директори:

юклатилган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ҚАА фаолиятини, шу жумладан, бош муҳаррир, бўлим бошлиқлари ва мутахассислар ишини ташкил қилади;

ҚААнинг ахборот тарқатиш, таржима фаолияти соҳалари ривожланиши ҳолатини баҳолайди ва ЎзА раҳбариятига уларнинг истиқболдаги ривожланиши юзасидан аниқ таклифлар ва амалга ошириш механизмларини киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

д) ЎзАбош муҳаррири, бошқарма ва хизмат бошлиғи:

тасдиқланган низом доирасида аниқ йўналишлардаги вазифаларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

ўзи масъул бўлган таҳририят, бошқарма, хизматнинг фаолияти ҳолатини сифатли баҳолаб, истиқболда ривожланиши бўйича ЎзА раҳбариятига аниқ таклифлар ва уларни амалга ошириш механизмларини киритади, ходимларнинг лавозим йўриқномаларида белгиланган вазифаларни бажарилишини назорат қилади.



6-БОБ. ЎзА РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


17. ЎзА бош директори:

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш, шунингдек, ЎзА фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўради;

ЎзА, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилиниши учун жавоб беради.


18. ЎзА бош директорининг ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича бажариладиган топшириқларнинг самарадорлиги ва ўз вақтида ижро этилиши учун;

мутасадди таҳририятлар, бошқарма ва хизматлар, бўлимлар фаолияти барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги учун жавоб беради.


19. ҚАА директори:

қонун ҳужжатлари, ЎзА ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарларининг топшириқлари, шунингдек, ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши юзасидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

ҚААнинг ахборот тарқатиш фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради.



7-БОБ. ЎзА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


20. ЎзАга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошчилик қилади.

Бош директор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.


21. ҚАА директори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан келишган ҳолда ЎзА бош директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


22. ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда - Маслаҳат кенгаши) тузилади.

Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ЎзА фаолияти ҳақида кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилган ҳолда унинг самарадорлигини янада ошириш ҳамда агентликнинг ахборот маконидаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ЎзА фаолиятининг ривожланиш даражасини ўрганиш, агентликка методик тавсиялар бериш, унинг ишида юзага келадиган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш;

давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

халқаро ва хорижий ахборот агентликлари, хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига кўмаклашиш ва улар ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш.


23. Маслаҳат кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Маслаҳат кенгашига ЎзА бош директори раҳбарлик қилади ҳамда унинг таркиби оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, мустақил экспертлардан шакллантирилади.

Маслаҳат кенгаши таркибининг учдан бир қисми ҳар 2 йилда янгиланиб борилади.

Маслаҳат кенгаши таркиби бош директор томонидан тасдиқланади.

Маслаҳат кенгаши фаолиятининг тартиби бош директор томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.



8-БОБ. ЎзА ҲАМДА УНИНГ ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ

ИНДИКАТОРЛАРИ


24. ЎзА фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланади.


25. ЎзАнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланадиган ЎзАнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


26. ЎзАнинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

ЎзА раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

ЎзАнинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

ЎзА унинг раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тизими тартиби ва методикасини ишлаб чиқади.



9-БОБ. ЎзА ВА ҚАА ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


27. ЎзА ва ҚАА фаолиятини молиялаштириш ва улар ходимларини моддий рағбатлантириш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ЎзА ва ҚААнинг ўз маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


28. ЎзА ва ҚАА бюджет муассасалари учун белгиланган тартибда ўзларининг бюджет ва бюджетдан ташқари даромадлар ва харажатлар сметалари ҳамда штат жадвалларини шакллантиради ва ҳисоботини юритади.


29. ЎзА ва ҚААнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ЎзА томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ЎзА ва ҚАА ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича тасдиқланадиган разрядлар ва штатларга асосан амалга оширилади.


30. ЎзА ва ҚАА ходимларига:

бир ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда моддий ёрдам кўрсатиш;

бюджет муассасалари учун белгиланган меҳнат ҳақи йиллик фондининг 15 фоизи миқдорида ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди;

давлат хизматчилари учун белгиланган тартибда лавозим маошларига 20 фоиз миқдоридаги устама ҳақ сақлаб қолинади.

Бунда 20 фоиз миқдоридаги устама татбиқ этиладиган ЎзА ва ҚАА штат лавозимлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилади ва ЎзА томонидан тасдиқланади.


31. ЎзА ва ҚААнинг ўз маблағлари ҳақиқий тушумлари йил якунлари бўйича бюджетдан ташқари маблағларига оид даромад ва харажатлар сметасида назарда тутилган прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлган ҳолларда, маблағларнинг ушбу қисми қуйидаги тартибда тақсимланади:

даромаднинг 50 фоизи ЎзА ва ҚААнинг тасарруфида қолади (шундан 50 фоизидан кўп бўлмаган қисми ходимларни ижтимоий ҳимоялаш ва моддий рағбатлантиришга ва 50 фоиздан кам бўлмаган қисми моддий-техник базани мустаҳкамлашга сарфланади);

қолган 50 фоизи кейинги йилда ЎзА ва ҚААни сақлаш харажатларини молиялаштириш мақсадлари учун белгиланган тартибда йўналтирилади. Бунда тегишли молия йилида ЎзА ва ҚААга бюджетдан ажратиш назарда тутилган прогноз маблағлар ушбу суммага камайтирилади.



10-БОБ. ЎзАнинг ҲИСОБОТ БЕРИШИ


32. ЎзА ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ЎзА фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот беради.


33. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ЎзА раҳбарларининг уларга юкланган вазифаларни самарали бажариши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, ЎзА фаолиятини холисона баҳолайди.


34. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича ЎзАнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. ЎзАни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 3 январь