Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.12.2019 й. 1030-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 декабрдаги

1030-сон қарорига

1-ИЛОВА



Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат

ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва

меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий

даражага эга ходимларга қўшимча

ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом илм-фан, таълим ва тажриба-конструкторлик соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга (шу жумладан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда давлат суд-экспертиза муассасаларининг ходимларига) қўшимча ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

2. Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларининг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг уларга тенглаштирилган даражасига) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг унга тенглаштирилган даражасига) эга бўлган ходимларига асосий иш жойи бўйича ушбу Низомга мувофиқ қўшимча ҳақ белгиланади.


3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


лавозим маоши - календарь ойи учун муайян мураккабликдаги меҳнат (лавозим) вазифаларини бажариш учун ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган миқдори (компенсация, рағбатлантириш ва ижтимоий тўловлар, нафақалар ва бошқа қўшимча тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда);


қўшимча ҳақ - ходимлар меҳнатининг сифати ва натижадорлигини рағбатлантириш мақсадида белгиланган лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланган тўлов;


бир марталик қўшимча ҳақ - амалга оширилган муайян иш бўйича натижага эришилгани учун тўланадиган бир марталик қўшимча тўлов;


ҳар ойлик қўшимча ҳақ - амалга оширилган муайян иш бўйича натижага эришилгани учун ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов;


илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилоти (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) - устав асосида илмий ва таълим фаолияти билан шуғулланувчи бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи ташкилот;


интеллектуал фаолият натижаси - интеллектуал мулк объекти, шу жумладан, фан, адабиёт, санъат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабель орқали намойиш этилган кўрсатувлар, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, маълумотлар базалари, ошкор қилинмаган маълумотлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номлари, товар келиб чиққан жой номлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган интеллектуал фаолият натижаси.


4. Ташкилотнинг коллегиал органи (кейинги ўринларда коллегиал орган деб аталади) ушбу Низомга мувофиқ муайян мезонлар асосида таркибий бўлинма раҳбарининг тавсиясига кўра ходимга қўшимча ҳақ миқдори ва тўлов даврини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ташкилот раҳбари учун ушбу Низомга мувофиқ қўшимча ҳақ белгилаш юқори турувчи ташкилот розилиги билан амалга оширилади.

Эришилган натижаларнинг мезонларга мувофиқлигини баҳолаш тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатларга асосан амалга оширилади.

Коллегиал орган қўшимча ҳақ белгилаш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг холислиги учун масъул ҳисобланади.

Ташкилотнинг юқори турувчи органлари қўшимча ҳақ белгилаш бўйича коллегиал органлар ишини ташкил этиш тартибини тасдиқлайди.


5. Қўшимча ҳақ ходим томонидан мазкур Низомда кўрсатилган мезонлар бўйича бажарган ишлари учун белгиланади.

Қўшимча ҳақ тўлашда эришилган натижалар бир марта ҳисобга олинади.

Ходимнинг тегишли илмий даражага эга бўлмаган даврининг фаолият натижалари ҳисобга олинмайди.

6. Қўшимча ҳақнинг бир марталик ёки ойлик шакли жорий йилда охирги 12 ой давомидаги (календарь йил якунлари) фаолияти натижалари тахлилига кўра белгиланади.

Қўшимча ойлик тўлов белгилашнинг энг кўп муддати 12 ойдан ошмаслиги керак.

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходим бошқа илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотига ишга ўтган тақдирда, унга қўшимча ҳақ белгилашда ушбу Низомда белгиланган талаблар асосида фаолияти натижалари ҳисобга олинади.

7. Қўшимча ҳақ ходим асосий лавозим бўйича эгаллаб турган ставкасига мутаносиб равишда ҳар ойда ҳисобланадиган базавий лавозим маошига нисбатан белгиланади, бунда ходимнинг таътил даври учун қўшимча ҳақ тўлов амалга оширилмайди.

Бунда, ушбу бандда назарда тутилган тартиб олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг тасдиқланган штатлар жадвалида турувчи асосий иш фаолияти фақат илмий лойиҳа раҳбари ёки иштирокчиси бўлган илмий ходимлар лавозим маошига нисбатан ҳам татбиқ этилади.


2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ, КАДРЛАР МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ТАШКИЛОТЛАРИДА

ҚЎШИМЧА ҲАҚ БЕЛГИЛАШ ТАЛАБЛАРИ,

МИҚДОРИ ВА МУДДАТЛАРИ

9. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:


а) олий таълим муассасаси электрон платформасига ўқув юкламасида назарда тутилганидан ташқари мустақил ишлаб чиқилган ва ўқув жараёнида фойдаланилаётган ўз ўқув услубий мажмуаларини (модул дастури, ўқув контенти, муаммоли вазият, казус тест, видео дарс) жойлаштирганлиги учун:

ҳар бир мажмуа (модул) учун ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, чет тили мутахассисликлари бўйича лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассислигидан ташқари) ҳар бир мажмуа (модул) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим;


б) ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илмий ёки лаборатория воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда янги ўқув маҳсулотлари (тренинг курслари, услубий таъминотли ўйинлар, услубий қўлланмалар)ни ишлаб чиққани ва жорий этгани учун:

ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, тил мутахассисликлари бўйича чет тилида ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассисликларидан ташқари) ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

в-1) ихтисослашган илмий кенгашлар ҳузуридаги ихтисосликлар бўйича (чет тили ва мутахассислик фанларидан) малакавий имтиҳон комиссияси ҳамда олий таълимдан кейинги таълимнинг барча шаклларида ўқишга талабгорларни танлов олиш учун кириш имтиҳонлар ва изланувчиларни мониторингдан ўтказиш жараёнида комиссия (ишчи гуруҳ) аъзоси бўлганлиги учун лавозим маошига нисбатан 5 фоиз миқдорида белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим;

г) олий таълим муассасаларнинг биринчи мингталик (топ-1000) ёки фан йўналишлари бўйича биринчи юзталик (топ-100) халқаро (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингларга кирган олий таълим муассасаларининг онлайн таълим платформаларига киритилган ёки сайёр шаклда ўтказилган ҳар бир маъруза учун лавозим маошига нирбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;


г-1) давлат илмий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқадиган илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

е) илмий даражалар берувчи хорижий илмий, экспертлик, илмий-техник кенгашларда аъзолик (иштирок этиш) учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

з) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларига кирган журналларда эълон қилинган мақола (монография) учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан қуйидагича белгиланади. Бунда:

1) биринчи квартилга (Q1) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

2) иккинчи квартилга (Q2) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

3) учинчи квартилга (Q3) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

4) тўртинчи квартилга (Q4) ва бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бир муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

5) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларда конференция материалларида эълон қилинган ҳар бир маъруза муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

6) маҳаллий илмий журналларда чоп этилган мақола учун ташкилот (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

7) республикада чоп этилган якка муаллифликдаги монография ва қўлёзма учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

8) ноёб қўлёзмаларни илмий муомалага киритган нашр муаллифига (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

и) ўқув жараёнида амалий қўлланиладиган ёки ишлаб чиқаришга жорий қилинган интеллектуал фаолият натижаси ҳамда ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган дарслик, ўқув қўлланма, тадқиқотни амалиётга жорий қилинганлиги ҳақида марказий давлат органлари ва давлат бошқарув органларининг далолатномаси борлиги учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача миқдорида белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим;

к) ҳар бир ихтиро ва/ёки фойдали моделга патент олганлик учун муаллифга (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, хорижий ҳаммуаллифлар ва илмий даражага эга бўлмаганлардан ташқари, фақат илмий даражалилар ўртасида тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан белгиланади. Бунда:

ҳар бир ихтирога патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

ҳар бир фойдали моделга патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

л) илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун:

маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим.


10. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки қуйидаги зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

б) диссертациянинг ўз вақтида ёки муддатидан олдин ҳимоя қилинишини таъминлаганлиги учун:

фалсафа докторлари (PhD) илмий раҳбарларига лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

фан докторлари (DSc) илмий маслаҳатчиларига лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача;


в) ташкилотнинг мезбон сифатида иштирок этадиган нуфузли халқаро конференцияни (симпозиум, давра суҳбати) ташкил этганлиги учун, ходимнинг қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача;


г) хорижий мамлакатларда ташкил қилинган илмий-педагогик фаолиятга оид халқаро тадбирларда (форумлар, конференциялар, конгресслар, анжуманлар ва бошқалар) таклифга асосан маъруза билан қатнашганлигига ҳар бир иштироки учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

д) хорижий халқаро кўргазмаларда ўзларининг илмий ютуқларини оммалаштиришда расмий иштирок этганлигига ҳар бир кўргазма учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;


е) ихтисослашган халқаро маълумотлар базасига киритилган ҳар бир илмий нашр (монография, илмий реферат, информацион реферат, услубий ишланмалар, тавсиялар, тезислар, шунингдек илмий конференция материаллари, илмий мақолалар, илмий ишлар тўпламлари) учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

ж) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мурожаатига асосан илмий-амалий таклифларни тайёрлаш учун қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача.


3-БОБ. ИЛМ-ФАН СОҲАСИДАГИ

ТАШКИЛОТЛАРДА ҚЎШИМЧА ҲАҚ

ТЎЛАШ МЕЗОНЛАРИ, ҲАЖМИ

ВА МУДДАТЛАРИ

12. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:

б) илмий даражалар берувчи хорижий илмий, экспертлик, илмий-техник кенгашларда аъзолик (иштирок этиш) учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача бўлган миқдорда белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

г) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларига кирган журналларда эълон қилинган мақола (монография) учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан қуйидагича белгиланади. Бунда:

1) биринчи квартилга (Q1) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

2) иккинчи квартилга (Q2) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача;

3) учинчи квартилга (Q3) кирган журналларда эълон қилинган мақола учун ҳар бир муаллифга лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

4) тўртинчи квартилга (Q4) ва бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бир муаллифига лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

5) Scopus, Web of Science индексацияланган маълумотлар базаларда конференция материалларида эълон қилинган ҳар бир маъруза муаллифига лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

6) маҳаллий илмий журналларда чоп этилган мақола учун ташкилот (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача;

7) республикада чоп этилган якка муаллифликдаги монография ва қўлёзма учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

8) ноёб қўлёзмаларни илмий муомалага киритган нашр муаллифига (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

е) ҳар бир ихтиро ва/ёки фойдали моделга патент олганлик учун муаллифга (бир нечта муаллиф бўлган тақдирда, хорижий ҳаммуаллифлар ва илмий даражага эга бўлмаганлардан ташқари, фақат илмий даражалилар ўртасида тенг миқдорда тақсимланган ҳолда) лавозим маошига нисбатан белгиланади. Бунда:

ҳар бир ихтирога патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга 20 фоизгача;

ҳар бир фойдали моделга патент (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно) олганлик учун ҳар бир муаллифга 15 фоизгача.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

ж) илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун:

маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

з) хорижий илмий лойиҳаларда иштирок этганлиги учун:

тадқиқот гуруҳи аъзоси сифатида лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

лойиҳа раҳбари сифатида лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади;

к) олий таълим муассасаларида ҳар бир жорий этилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалар нашри учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

л) янги инновацион корхона ташкил этганлиги учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади;

м) давлат илмий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқадиган илмий-техник кенгашларда ҳар бир аъзолик (иштирок этганлик) учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

н) олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий ёки лаборатория воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда, янги ўқув маҳсулотлари (тренинг курслари, услубий таъминотли ўйинлар, услубий қўлланмалар)ни ишлаб чиқиш ва жорий этишдаги иштироки учун:

ўзбек ёки рус тилида, шунингдек, тил мутахассисликлари бўйича чет тилида ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача;

хорижий тилда (тил мутахассисликларидан ташқари) ҳар бир маҳсулот (мажмуа) учун лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозим;

о) илмий кенгашлар ҳузуридаги ихтисосликлар бўйича (чет тили ва мутахассислик фанларидан) малакавий имтиҳон комиссияси ҳамда олий таълимдан кейинги таълимнинг барча шаклларида ўқишга талабгорларни танлаб олиш учун кириш имтиҳонлари ва изланувчиларни мониторингдан ўтказиш бўйича комиссия (ишчи гуруҳ) аъзоси бўлганлиги учун лавозим маошига нисбатан 5 фоизгача миқдорда белгиланади.

Мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 15 фоиздан ошмаслиги лозим.

13. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки қуйидаги зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

б) ўз вақтида ёки муддатидан олдин илмий даража олиш учун тадқиқот ишини ҳимоя қилганда:

фалсафа доктори (PhD) илмий раҳбарига ҳимоя қилганлиги тўғрисида далил тақдим қилганида лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

фан доктори (DSc) илмий раҳбарига ҳимоя қилганлиги тўғрисида далил тақдим қилганида лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача;

г) ташкилотнинг мезбон сифатида иштирок этадиган халқаро конференцияни (симпозиум, давра суҳбати) ташкил этганлиги учун, ходимнинг қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан 50 фоизгача олти ойда бир марта;

д) хорижий мамлакатларда ташкил қилинган халқаро илмий, илмий-техникавий ва бошқа илмий-маърифий тадбирларда (форумлар, конференциялар, конгресслар, анжуманлар, ва бошқалар) таклифга асосан маъруза билан қатнашганлигига, ҳар бир иштироки учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

е) хорижий халқаро кўргазмаларда ўзларининг илмий ютуқларини оммалаштиришда расмий иштирок этганлигига ҳар бир кўргазма учун лавозим маошига нисбатан 50 фоизгача;

ж) нуфузли халқаро маълумотлар базасига киритилган ҳар бир тадқиқот натижаси учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

з) давлат бошқарув органларининг мурожаатига асосан илмий-амалий таклифларни тайёрлаш учун қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача.


4-БОБ. ЎРТА МАХСУС, ПРОФЕССИОНАЛ ВА

УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

БЕЛГИЛАНАДИГАН ҚЎШИМЧА ҲАҚ МИҚДОРИ

ВА МУДДАТЛАРИ

14. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:

а) ёшларни тарбиялашга оид ҳар бир ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган илмий-методик қўлланма, илмий-таҳлилий услуб (ёндашув)лар учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

б) таълим ва тарбия соҳасида тегишли ташкилот билан боғлиқ илмий мақола (монография) нашр қилганлиги учун:

журналнинг даражаси ва муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда миллий илмий журналлардаги нашр учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

халқаро журналларда эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур банднинг барча кичик бандлари асосида ҳар ойлик қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда фалсафа доктори (PhD)ra 30 фоиз ва фан доктори (DSc)ra 60 фоиздан ошмаслиги лозим.

15. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

а) фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлагани учун лавозим маошига нисбатан:

туман ва вилоят миқёсдаги натижалар учун 15 фоизгача;

республика миқёсдаги натижалар учун 20 фоизгача;

халқаро миқёсдаги натижалар учун 30 фоизгача;

б) замонавий ўқув-кўргазмаларни яратганлиги учун 10 фоизгача;

в) ноанъанавий йўналишдаги (робототехника, ментал арифметика ва бошқалар) ўқув машғулотларини ташкил қилганилиги учун 30 фоизгача;

г) ўқувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун 20 фоизгача.



5-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

БЕЛГИЛАНАДИГАН ҚЎШИМЧА ҲАҚ

МИҚДОРИ ВА МУДДАТЛАРИ

16. Лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходимнинг фаолияти натижалари асосида қуйидагича ўрнатилиши мумкин:

а) мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбиялашга оид ҳар бир ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган илмий-методик қўлланма, илмий-таҳлилий услуб (ёндашув)лар учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

б) таълим ва тарбия соҳасида тегишли ташкилот билан боғлиқ илмий мақола (монография) нашр қилганлиги учун:

журналнинг даражаси ва муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда миллий илмий журналлардаги нашр учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача;

халқаро журналларда эълон қилинган ҳар бир мақола (монография) учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Мазкур банднинг барча кичик бандлари асосида ҳар ойлик қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда фалсафа доктори (PhD)ra 30 фоиз ва фан доктори (DSc)ra 60 фоиздан ошмаслиги лозим.

17. Лавозим маошига бир марталик қўшимча ҳақ маълум бир давр учун эришилган натижалар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда ёки қуйидаги зарур шартлар бажарилганда белгиланади:

а) кўрик танловлардаги иштироки учун лавозим маошига нисбатан:

туман ва вилоят миқёсдаги натижалар учун 15 фоизгача;

республика миқёсдаги натижалар учун 20 фоизгача;

б) ўйин тамойилига асосланган замонавий машғулотларни ташкил қилганлиги учун 15 фоизгача;

в) тарбияланувчиларни илм-фанга қизиқишини оширишга қўшган ҳиссаси учун 20 фоизгача.



5-1-БОБ. ТАШКИЛОТЛАРДА ИЛМИЙ ДАРАЖАГА

ЭГА ХОДИМЛАРГА ҚЎШИМЧА ҲАҚ ТЎЛАШ БЎЙИЧА

ИШЧИ КОМИССИЯНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

17-1. Қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг аризаларини умумлаштириш ва коллегиал орган йиғилишида кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишчи комиссия таркиби ҳар йили декабрь ойида Коллегиал орган қарори билан камида етти кишидан иборат этиб тасдиқланади.


17-2. Ишчи комиссия таркибига олий таълим муассасалари учун илмий ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари), илмий ташкилотлар учун директорнинг илм-фан бўйича бўйича ўринбосари, бундай лавозим бўлмаганида илмий котиб, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим ташкилотлари учун директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, мактабгача таълим муассасалари учун бош услубчи раҳбарлик қилади.


17-3. Ташкилотлар ишчи комиссия ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқлайди.



6-БОБ. ҚЎШИМЧА ҲАҚ МАБЛАҒЛАРИНИ

РЕЖАЛАШТИРИШ ВА МОЛИЯЛАШТИРИШ


18. Ташкилот томонидан қўшимча ҳақ белгилаш учун бюджет маблағлари ҳажмини режалаштириш илмий даражали ходимларга штат бирлиги сонидан келиб чиқиб, қўшимча ҳақнинг энг кўп миқдорида белгиланади:

фалсафа доктори (PhD) ёки фан номзоди илмий даражаси (ёки шунга тенглаштирилган хорижий давлатлар даражаси)га эга ходимларнинг лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача;

фан доктори (PhD) илмий даражаси (ёки шунга тенглаштирилган хорижий давлатлар даражаси)га эга ходимларнинг лавозим маошига нисбатан 60 фоизгача.

Мазкур қўшимча ҳақни молиялаштириш илмий даражали ходимларнинг ҳақиқий штат бирлиги сонидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.


19. Ходимларга қўшимча ҳақни белгилаш билан боғлиқ харажатлар штат жадвалида алоҳида акс эттирилади ва ташкилотнинг харажатлар сметасида алоҳида модда билан бюджет классификацияси харажатларида назарда тутилади.


20. Ташкилот ушбу низомга мос равишда, мажбурий тартибда бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига келиб тушадиган ва ундан сарфланадиган пул маблағларини алоҳида ҳисобини юритади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Ушбу Низом бўйича ажратиладиган пул маблағларининг мақсадли, самарали ва оқилона ишлатилиши, шунингдек, қўшимча ҳақ миқдори асосланган ва тўғри ҳисобланиши ҳамда белгиланиши учун ташкилот раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.


22. Мазкур Низом талаблари асосида қўшимча ҳақ тўлаш қўшимча ҳар ойлик ва бир марталик тўловлар миқдори бир ойда фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган) илмий даражасига эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 30 фоизидан ҳамда фан доктори (DSc) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 60 фоизидан ошмаслиги керак.


23. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


24. Тизимида ташкилотлар мавжуд бўлгаи вазирлик ва идоралар Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда конун доирасида ташкилот коллегиал органларнинг қўшимча ҳақ миқдорини ўрнатишни ташкил қилиши устидан назорат қилади.

24-1. Ушбу Низом докторантурада таҳсил олаётган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларда фаолият юритувчи илмий даражага эга ходимларга мазкур Низом талаблари асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча ҳақ тўланиши мумкин. Бунда қўшимча ҳақ белгилаш талаблари (мезонлари) давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг асосий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг коллегиал органи қарори билан тасдиқланади.

Академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга ушбу ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳам қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

Бунда, қўшимча ҳақ белгилаш талаблари (мезонлари) ушбу ташкилотларнинг кузатув кенгашлари қарори билан белгиланади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 декабрь