Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.12.2019 й. 3207-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 27.11.2019 й. 2019-58-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 30 декабрда 3207-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил 27 ноябрдаги

2019-58-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ

тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган

солиқ назорати тадбирини видеотасвирга

олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон "Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан давлат солиқ хизмати органлари (бундан буён матнда солиқ органи деб юритилади) томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шаклларда амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


солиқ назорати тадбири - Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчиларда солиқ назоратининг айрим шаклларида амалга ошириладиган тадбирлар (бундан буён матнда назорат тадбири деб юритилади);


видеотасвирга олиш мосламалари - видеотасвирга олиш қурилмалари, жумладан видеокамералар ва видеотасвирга олиш имконини берувчи бошқа қурилмалар;


видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) - солиқ органининг ходимлари, солиқ тўловчилар ҳамда уларнинг вакиллари ва бошқа шахслар (назорат тадбирига жалб қилинган мутахассислар, экспертлар, таржимонлар, зарур ҳолларда холис ва харидорлар);


видеотасвирга олиш - солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғига асосан иштирокчилар томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда кузатиш ва қайд этиш (тасвирга олиш).


2. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати жараёнини, далилларни қайд этиш учун назорат тадбирлари жараёни видеотасвирга олинади, бундан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда видеотасвирга олиш тақиқланган муайян тартибга бўйсунувчи объектлар мустасно.


3. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини ташкил этади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно. Солиқ органига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади.



2-БОБ. ВИДЕОТАСВИРГА ОЛИШ ЖАРАЁНИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


4. Назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнида солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:


а) солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари ҳуқуқлари:

солиқ органининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиш;

назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш;

солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш;


б) солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари мажбуриятлари:

назорат тадбирини солиқ органи томонидан видеотасвирга олиш учун шароит яратиш;

солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик;

солиқ органи ходимларининг талабига кўра назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш.


5. Видеотасвирга олиш жараёнида солиқ органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:


а) солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари ва бошқа шахслар иштирокида видеотасвирга олиш;

солиқ тўловчидан видеотасвирга олиш жараёнининг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этишни талаб қилиш;

назорат тадбири якуни бўйича солиқ тўловчи ва унинг вакиллари томонидан олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш;


б) солиқ органи мансабдор шахсларининг мажбуриятлари:

иштирокчиларни назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш;

назорат тадбири жараёнида солиқ тўловчи ҳамда унинг вакиллари ва бошқа шахсларга видеотасвирга олиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари талабига кўра солиқ назорати тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш;

солиқ тўловчи ва унинг вакиллари фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

солиқ тўловчи ва унинг вакилларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик.


6. Видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари бўлган бошқа шахслар қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:


а) видеотасвирга олиш жараёни иштирокчилари бўлган бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари:

видеотасвирга олиш жараёнининг сабаблари билан танишиш;

видеотасвирга олиниши юзасидан ўз эътирозларини билдириш;


б) видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари бўлган бошқа шахсларнинг мажбуриятлари:

солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнига тўсқинлик қилмаслик;

назорат тадбири жараёнида ўзига маълум бўлган солиқ тўловчи ва унинг вакиллари фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.



3-БОБ. НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИНИ

ВИДЕОТАСВИРГА ОЛИШ


7. Назорат тадбирлари жараёнини видеотасвирга олиш солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида амалга оширилади.


8. Солиқ органи томонидан қуйидаги назорат тадбирларининг видеотасвирга олинишига йўл қўйилади:

солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишда;

хронометраж кўздан кечиришда;

хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги сонининг ва ҳақиқий сонининг мувофиқлиги юзасидан мониторингда;

солиқ текширувларида;

мавзули экспресс-ўрганишда;

фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллашда;

акциз тўланадиган айрим турдаги товарларни маркалашда;

солиқ мониторингида.


9. Амалга ошириладиган назорат тадбирида қуйидаги жараёнлар видеотасвирга олинади:

солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларини, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказишда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик фактини қайд этишда;

назорат хариди билан бошланадиган текширишларда харид кузатувини амалга оширилиши, назорат касса машинаси (виртуал касса) ҳамда тўлов терминаллари кўрсаткичи бўйича ҳисоботларни олиниши ҳамда кассадаги пул маблағларини саноқдан ўтказилиши жараёнини кузатишда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш ҳужжатларига имзо қўйишдан бош тортилганда;

солиқ тўловчи ҳамда унинг вакиллари ва бошқа шахслар томонидан солиқ назоратининг амалга оширилишига тўсқинлик қилинганда;

солиққа оид ҳуқуқбузарлик предметлари (буюм ва ҳужжатлар), иш бўйича ашёвий далиллар олиб қўйилганда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакилларининг талабларига кўра;

зарур бўлганда ҳужжатлар нусхаларини тайёрлашда ҳамда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларда.


10. Назорат тадбирини видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилади.


11. Видеотасвирга олиш вақти назорат тадбирида солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш, ишга доир ашёвий далилларни, предметларни (буюм ва ҳужжатларни) олиш жараёни давомийлигида амалга оширилади.


12. Солиқ органи томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган назорат тадбири жараёни видеотасвирга олинган ҳолларда холисларнинг иштирок этиши талаб этилмайди, бундан қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар мустасно.


13. Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада (баённомада, маълумотномада) тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси (қурилманинг русуми ва серия рақами), видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.


14. Солиқ органи томонидан амалга оширилаётган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олишда солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари, шунингдек бошқа шахслар томонидан тўсқинлик қилинганда ва қаршилик кўрсатилганда солиқ органи ходими мазкур ҳолат юзасидан далолатномани (баённомани) расмийлаштириб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини назорат тадбирида иштирок этишга жалб қилиши мумкин.



4-БОБ. НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИДА ОЛИНГАН

ВИДЕОТАСВИР МАЪЛУМОТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


15. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга оширилган назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотлари назорат тадбирлари натижаси бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар билан бирга алоҳида сақланади.


16. Иштирокчилар томонидан солиқ тўловчиларнинг фаолиятида амалга оширилган назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотларидан ушбу назорат тадбирлари натижаларини кўриб чиқиш, солиқ органлари томонидан қарор қабул қилиш, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўриб чиқишда фойдаланиш мумкин.


18. Назорат тадбирларида олинган видеотасвир маълумотларидан хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келадиган тарзда тарқатиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат тадбирларида олинган видеотасвир маълумотларидан профилактика мақсадларда солиқ тўловчига нисбатан қонуний чора кўрилгандан сўнг оммавий ахборот воситаларида ёритиш бундан мустасно.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


19. Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларини видеотасвирга олиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


21. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 декабрь