Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг бюджетдан ташқари Жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.12.2019 й. 1060-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 31 декабрдаги

1060-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг

бюджетдан ташқари Жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг бюджетдан ташқари Жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Бюджетдан ташқари Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) фаолиятини амалга ошириш, уни юритиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоялаш чораларини кўриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадларида юридик шахс ташкил этмасдан тузилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

лицензия талабгорлари аризаларини кўриб чиқиш учун йиғимлар;

актуарийларни сертификатлаш учун йиғимлар;

суғурта ташкилотларининг календарь бадаллари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари грантлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағлари белгиланган тартибда Агентлик томонидан очиладиган тегишли ғазначилик ҳисобварағида йиғилади.


5. Барча манбалардан Жамғарма ҳисобига тушган даромадлар солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.


6. Жамғарманинг фойдаланиш йўналишлари бўйича даромадлари ва харажатлари сметаси, сметага ўзгаришлар, шунингдек, Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.



3-БОБ. КАЛЕНДАРЬ БАДАЛИНИНГ

МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


7. Календарь бадали суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари томонидан ҳар чоракда Агентликнинг ғазна ҳисобварағига тегишли миқдордаги пул маблағларини ўтказиш орқали киритилади.


8. Календарь бадали ставкаси суғурта (қайта суғурта) ташкилотларининг соф суғурта мукофотларининг 0,1 фоизи миқдорида белгиланади.


9. Ҳар бир ўтган чорак учун соф суғурта мукофотлари қуйидагича ҳисобланади:

тўғридан-тўғри суғурта ва биргаликда суғурта (суғурта ташкилотининг биргаликда суғурталаш шартномасида белгиланган улуши) бўйича суғурта мукофотлари ҳамда кирувчи қайта суғурта мукофотлари йиғиндисидан чиқувчи қайта суғурта мукофотлари чегириб ташланади.


10. Календарь бадалининг 70 фоизи миқдоридаги маблағ тугатилаётган суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари суғурта (қайта суғурта) мажбуриятларининг ва қайтарилиши лозим бўлган суғурта мукофотларининг етишмаган қисмларини, шунингдек, уларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилганда, молиялаштиришга йўналтирилади.

Календарь бадалининг қолган қисми ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.


11. Календарь бадали ставкаси ўзгарган тақдирда Агентлик суғурта ташкилотларига бу ҳақда кейинги тўлов муддатига қадар ўттиз кундан кечиктирмай хабар бериши лозим.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


12. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

суғурта бозорини ривожлантиришга, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ташкил қилиш, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда суғурта фаолияти масалалари бўйича семинарлар, конференциялар ва форумларни ташкил этиш;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни, шу жумладан хорижда ташкил қилиш;

миллий ва хорижий мутахассислар, халқаро ва хорижий ташкилотларни, шунингдек, консалтинг ташкилотларини жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, мукофотлаш, шу жумладан қўшимча тўловлар, устамалар тўлаш ва ижтимоий таъминлаш;

ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш;

Агентлик ходимларига суғурта соҳасида ва (ёки) Агентлик тизимида кўп йиллик хизматлари учун мукофотлар тўлаш;

нархларни индексация қилишни ҳисобга олган ҳолда овқатланиш ва йўлкира харажатлари, шунингдек, мавсумий тусдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни қоплаш учун ходимларга қўшимча тўловлар белгилаш;

Агентликнинг жорий харажатларини молиялаштириш (автомобиллар, мебеллар, компьютерлар ва ташкилий техника, идора ашёлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва ҳоказоларни харид қилиш);

Агентликнинг идора қилиш ва бошқарув функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ сарфлар, шу жумладан, электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бўйича харажатларни қоплаш;

Агентлик фаолиятини яхшилашга йўналтирилган тадбирлар (видеороликлар, даврий нашрлар, брошюралар, буклетлар, китоблар, тўпламлар тайёрлаш, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва ҳоказоларни ўтказиш);

Агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

делегациялар, меҳмонлар, шу жумладан, хорижий делегациялар, меҳмонларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вакиллик харажатлари;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг, шу жумладан, хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари харажатлари;

Агентликнинг коммунал-эксплуатация ва бошқа жорий харажатлари.


13. Агентлик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметалари бажарилиши бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботлар тақдим этади.


14. Ушбу Низомда назарда тутилмаган мақсадларда Жамғарма ҳисобварағидан пул ўтказиш ва маблағларни вақтинчалик олиш тақиқланади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


15. Агентлик ходимларини Жамғарма маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантириш Агентлик директорининг буйруғи асосида амалга ошилади.


16. Жамғарма маблағлари ҳисобига ходимларни моддий рағбатлантириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

ходимларнинг лавозим маошларига шахсий ҳар ойлик устамалар;

Агентликнинг умумий натижаларига ходимнинг шахсий ҳиссасига мувофиқ, ёхуд маълум бир вазифани муваффақиятли бажарганлиги учун бирйўла тўланадиган мукофотлар;

давлат байрамлари муносабати билан мукофотлар тўлаш;

ижтимоий, компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги бошқа тўловлар.

Моддий рағбатлантиришлар миқдорлари маошлар, суммалар кўринишида ёки ходимнинг лавозим маоши фоизларида белгиланади, ижтимоий ва компенсация тўловларининг миқдорлари эса - Ўзбекистон Республикасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан белгиланади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


17. Жамғармани бошқариш Агентлик директори томонидан амалга оширилади.


18. Агентлик директори:

белгиланган манбалардан даромадларни Жамғармага жалб қилишга кўмаклашади;

Жамғармага маблағлар ўз вақтида тушиши, даромадларни шакллантиришнинг доимий назоратини амалга оширади;

Жамғарма маблағлари шаклланиши ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.


19. Агентлик бухгалтерияси:

Жамғарманинг оператив бошқарувини амалга оширади;

Жамғарманинг даромадлари тўлиқ шаклланишини таъминлайди;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари йиллик сметасининг, ушбу Низомга мувофиқ алоҳида тадбирлар ва харажатлар бўйича харажатлар сметаси лойиҳаларини, шунингдек, уларнинг бажарилиши тўғрисида чораклик ҳисоботларни тайёрлайди;

директор сўровига кўра Жамғарма маблағларини олувчилари билан бирга Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ахборот тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилишни ташкил қилади;

зарур бўлганда самарасиз тадбирларни камайтириш ёки тўлиқ тўхтатиш ҳақида таклифлар, шунингдек, Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланмаслигига йўл қўйган олувчилар ҳақида ахборот киритади;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини директор билан келишган ҳолда тижорат банклари депозитларига жойлаштиради;

ушбу Низомда ва Агентлик директори томонидан белгиланган функциялар ва вазифаларни бажаради.


20. Жамғарма маблағларидан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш тартиби Агентлик бухгалтерияси томонидан ишлаб чиқилади ва Агентлик директорига тасдиқлаш учун тақдим этилади.


21. Жамғарманинг молия-хўжалик фаолияти Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан мажбурий тартибда йиллик текширувдан ўтказилади. Ушбу Низом талаблари ва шартларига амал қилиниши текширилганда текширувчи ходимлар томонидан икки нусхада далолатнома тузилиб, улардан бири Агентликда, иккинчи нусхаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясида қолади.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


22. Жамғармани тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 31 декабрь