Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.2020 й. 8-сон "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.01.2020 й.

N 8




РЕСПУБЛИКА ҲУДУДЛАРИДА

ТАДБИРКОРЛИКНИНГ РИВОЖЛАНГАНЛИК

ДАРАЖАСИГА БАҲО БЕРИШ ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 мартдан бошлаб республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш бўйича маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ҳаққонийлиги учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш бўйича тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган сўровнома шаклларини ҳамда ўтказиш муддатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2020 йил 1 мартга қадар ҳудудларнинг тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишлаб чиқилишини ва ишга туширилишини таъминласин;

баҳолаш натижалари бўйича тегишли ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига таклифлар бериб борсин;

Низомга асосан баҳолаш якунлари бўйича тегишли ҳудуддаги 2-иловада назарда тутилган ташкилотларнинг раҳбар ва бошқарув ходимларини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларини намунали кўрсаткичга эга бўлганда - рағбатлантириш ҳамда қониқарсиз кўрсаткичга эга бўлганда - интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳар ярим йиллик якунлари бўйича 15 августга қадар, йил якунлари бўйича 15 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

5. Белгилансинки:

а) тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларини рағбатлантириш - маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан;

ҳудудлардаги тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига таъсир этувчи 2-иловада назарда тутилган ташкилотлар раҳбарлари ва бошқарув ходимларини рағбатлантириш - уларнинг бюджетдан ташқари ва ўз маблағлари ҳисобидан;

ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш - Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига тенг миқдорларда амалга оширилади;

б) ҳудудларнинг тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш натижалари бўйича ярим йиллик ва йиллик маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари, шунингдек, Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиб борилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш хизмати кўрсатиш юзасидан, истисно тариқасида, тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан харид комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан шартнома тузиш ҳуқуқи берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан биргаликда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўровлар, шу жумладан электрон сўровлар ўтказилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш кўрсаткичларини такомиллаштириб бориш, зарур ҳолларда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги икки ой муддатда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" рейтинги услубиёти асосида тегишли хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда баҳолаш ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 8 январдаги

8-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик

даражасига таъсир этувчи ташкилотлар

РЎЙХАТИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий ва маъмурий судлари.*


2. Республика давлат бошқаруви органларининг лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш функцияларини амалга оширувчи ҳудудий бўлинмалари.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бўлинмалари.


4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари.


5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари.*


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.


9. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари.

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари.


12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг ҳудудий бўлинмалари.*


13. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳудудий девонлари.*


15. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари.*


16. Давлат улуши иштирокидаги тижорат банклари.*


17. "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари.*


18. "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари.*



*) Ушбу ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тавсиявий хусусиятга эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 9 январь