Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.01.2020 й. 20-сон "Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси бинолар комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.01.2020 й.

N 20



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИНИНГ

АБУ-ДАБИ ШАҲРИДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ БИНОЛАР

КОМПЛЕКСИНИ ҚУРИШ ВА ЖИҲОЗЛАШ БЎЙИЧА

ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4256-сон ҳамда "Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида" 2019 йил 21 июндаги ПҚ-4361-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида 2019 йил 25 мартда Абу-Даби шаҳрида имзоланган, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Элчихонасини жойлаштириш учун ер участкасини тақдим этиш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда Битим деб аталади) амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикасига Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Элчихонаси бинолари комплексини қуриш ва жиҳозлаш учун Абу-Даби шаҳри, диломатик тумани, Ғарбий Ҳавзада (W59/2) жойлашган умумий майдони 5575 кв.м бўлган 9-сонли ер участкаси ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Элчихонасининг элчихона биноси, консуллик масалалари бўйича фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида бино, элчи учун қароргоҳ, назорат-ўтказиш пунктлари, муҳандислик-техник блок, спорт иншоотлари, 6 та машина учун ёпиқ гараж, элчихона ходимлари ва ташриф буюрувчилар учун очиқ автотурар жой каби объектлардан иборат бинолари комплексини (кейинги ўринларда комплекс деб аталади) қуриш ва жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Комплексни қуриш ва жиҳозлаш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги - буюртмачи;

"ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК - бош лойиҳачи ташкилот;

"Трест-12" АЖ - бош пудратчи ташкилот;

2022 йил 1 декабрь - фойдаланишга топшириш муддати этиб белгилансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

суғурта ташкилоти билан комплексни қуриш ва жиҳозлашга жалб этиладиган шахслар Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида бўлиш даврида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш шартномаси ҳамда комплексни қуриш ва жиҳозлаш даврида қурилиш хавфларини суғурталаш шартномалари тузилишини;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларга комплексни қуриш ҳамда жиҳозлаш давомида сафарбарлик ишларини ташкил этишга кўмаклашишни;

комплексни қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқилиши ва ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.


5. Бош пудратчи ташкилотга Абу-Даби банкларида ҳисобварақлар очиш ва ажратилган маблағлар доирасида хорижий валютани белгиланган тартибда харид қилиш ҳамда тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, валюта маблағларини комплексни қуриш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш (Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида ундириладиган йиғимлар, солиқлар ва тўловлар, шунингдек, товарлар ва хизматлар) учун кейинчалик ушбу ҳисобварақларга ўтказишга рухсат берилсин.

Буюртмачи ва бош пудратчи ташкилотга валюта маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш бўйича масъулият юклансин.

Белгилаб қўйилсинки, комплексни қуриш ва жиҳозлаш ишлари якунлангач, шунингдек, Абу-Даби банкларидаги ҳисобварақлар ёпилгандан сўнг бош пудратчи ташкилот фойдаланилмай қолган валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига қайтариш учун буюртмачига қайтариб беради.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилот билан биргаликда икки ой муддатда Бирлашган Араб Амирликларининг қурилиш меъёрлари ва стандартларига мувофиқ тегишли лойиҳа ва қурилиш-монтаж ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Амирликнинг муҳандислик компанияси белгиланган тартибда жалб қилинишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси комплексни қуриш ва жиҳозлаш ишлари учун олиб чиқиладиган зарур қурилиш техникаси, машиналар ва механизмлар, қурилиш материаллари, ускуна ҳамда бошқа товарларнинг белгиланган тартибда тезкор божхона расмийлаштирувини амалга оширсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакиллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун марказлаштирилган капитал қўйилмаларининг тегишли лимитларини белгиланган тартибда назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилда ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган ишларга 2020-2022 йилларда марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун маблағ ажратишни назарда тутсин.


9. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Uzbekistan Airways" АЖ буюртмачи, бош пудратчи ва бош лойиҳачи ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича:

комплексни қуриш ва жиҳозлаш учун қурилиш техникаси, машиналар ва механизмлар, қурилиш материаллари, ускуналар ва бошқа товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ва транзит мамлакатлар орқали Абу-Даби шаҳрига ташиб бориш ва қайтариб олиб келишни таъминласин. Заруратга кўра, чартер ҳаво юк ташувини ташкил этишни назарда тутсин;

комплексни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш ишларини бажаришга жалб этиладиган шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжатлари брон қилиниши ва сотиб олинишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги буюртмачи, бош пудратчи ва бош лойиҳачи ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича комплексни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишларини бажаришда иштирок этадиган шахсларга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 14 январь