Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2019 й. ПҚ-4495-сон "Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.10.2019 й.

N ПҚ-4495



ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДА ҚОЗОНИЛГАН

ҒАЛАБАНИНГ 75 ЙИЛЛИГИНИ МУНОСИБ

НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА


Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.

Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Шунинг учун ҳар йили 9 май - Ғалаба байрами мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирилиб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатиш юртимизда олижаноб анъанага айланиб қолди.

Ана шундай эзгу ишларни изчил давом эттириш, 2020 йили дунё миқёсида кенг нишонланадиган буюк сана - Ғалабанинг 75 йиллик байрамига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак даражада ўтказиш, Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги, уруш ортидаги қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш ва абадийлаштириш, ёш авлодимизни ота-боболаримиз жасоратига муносиб бўлган, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашга қодир, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида:


1. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурга биноан:

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини, шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

"Аждодларимиз жасорати - мангу барҳаёт" деган ғоя асосида мамлакатимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳарларда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, концерт дастурлари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақалари, "уч авлод вакиллари учрашувлари"ни, шунингдек, меҳнат жамоалари, маҳалла ва гузарларда, турар-жой мавзеларида ободончилик ишларини ташкил этиш;

фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли асарлар, кино ва спектакллар, мусиқа ва тасвирий санъат асарлари яратиш;

фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманлар, ҳарбий-спорт ўйинлари ва аскар қўшиқлари халқаро фестивалларида иштирок этиш бўйича тайёргарлик ишларини юксак савияда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин.


2. Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 2-иловага мувофиқ асос сифатида қабул қилинсин.

Концепцияни амалга оширишда:

Ғалаба боғи моҳият эътибори билан халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатларини, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштиришга, юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини таъкидлашга, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилганини эътиборга олиб, ушбу ғояни таъсирчан бадиий-монументал усуллар, инновацион ечимлар асосида ифода этишга алоҳида аҳамият берилсин;

Ғалаба боғининг умумий кўриниши, меъморий тузилиши миллий анъаналаримизга мос бўлиши ҳамда мемориал ёдгорликлар яратиш бўйича жаҳондаги илғор тажрибаларни ўзида мужассам этиши таъминлансин;

боғ марказида беш ўғли урушда мардларча ҳалок бўлган Зулфия Зокирова ва унинг садоқатли келинлари сиймосида ўзбек оиласининг умумлашган образини акс эттирадиган "Матонат мадҳияси" деб номланган ёдгорлик мажмуасини юксак ғоявий-бадиий савияда яратиш учун энг истеъдодли ва маҳоратли ижодкорлар, меъмор ва мутахассислар жалб этилсин;

Ғалаба боғидаги ҳар бир объект ва қурилма, музей экспонатлари орқали халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка, бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мустақилликнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига тайёр туриш руҳида тарбиялашга устувор аҳамият берилсин;

боғда аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилсин.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ғалаба боғини унинг таркибига кирадиган барча иншоот ва бинолар билан биргаликда тўла қуриб битказиш ҳамда мажмуага туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш чораларини кўрсин.


4. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳ (А. Арипов):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда "Аждодларимиз жасорати - мангу барҳаёт" деган ғояни ўзида мужассам этган Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминласин;

Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида ёш авлодни она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ҳарбий техника, тарихий экспонатлар, инсталляцияларни ўз ичига олган замонавий "Ватанпарварлар" боғларини барпо этсин ҳамда ғалабанинг 75 йиллиги арафасида уларнинг тантанали равишда очилишини таъминласин;

байрамга тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон урушида ва фронт ортидаги оммавий сафарбарлик ишларида иштирок этган ота-боболаримизнинг, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ибратли фаолиятини аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан маданий-маърифий ва ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида - Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, ушбу қарор ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни кенг ёритиш, шунингдек, мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаб эфирга узатиш, матбуот нашрлари ва Интернет саҳифаларида мақолалар эълон қилиш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПҚ-4495-сон қарорига

1-ИЛОВА



Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг

75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш

ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар


Бажариш

муддати


Масъул ижрочилар


I. ТАШКИЛИЙ-АМАЛИЙ ТАДБИРЛАР

1.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилий қўмиталарини тузиш.


2019 йил

декабрь


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти


2.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларва Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун таниқли фан арбоблари, ижодкор зиёлилар, маданият, санъат ходимлари ва спортчилар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг минтақавий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоларидан иборат тарғибот-ташвиқот ва ижодий гуруҳларни тузиш.


2020 йил

апрель-май


Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг минтақавий бўлинмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди


3.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида ўз бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тўлиқ рўйхатини шакллантириш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва ҳарбий қисмларни бириктириш.


2020 йил

апрель-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти


4.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида уларнинг хонадонларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳарбий округ, қисм ва муассасалар, мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бошқармалар ва бўлимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг шахсан ташрифларини ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари


5.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари иштирокида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш бўйича асосий байрам тадбирларини ўтказиш жойларини аниқлаш.

Асосий байрам тадбирларида қатнашадиган, республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийларининг рўйхатини шакллантириш ҳамда уларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқаришлари ҳамда зарур ҳолларда тегишли кийим-кечаклар билан таъминланишини ташкил этиш.


2020 йил

апрель

Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятларва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси


6.

Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар ва туманларда "Аждодларимиз жасорати - мангу барҳаёт" шиори остида юқори савияда ўтказиладиган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини тасдиқлаш ва амалга ошириш.


2020 йил

февраль-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлиги давлат хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси


7.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фахрийлар ташкилотлари фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ходимлари иштирокида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб тантанали маросимлар ва концертларни кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш.


2020 йил

апрель


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи


8.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид музей экспонатлари асосида кўчма кўргазмаларни ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


9.

Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи бадиий фильм ҳамда Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабага қўшган ҳиссаси мавзусида тўлиқ метражли ҳужжатли фильмни суратга олиш ишларини якунлаш.


2020 йил

апрель


"Ўзбеккино" миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси


10.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, амалий ҳамда тасвирий санъат асарлари, куй-қўшиқлар, шунингдек, тарихий-бадиий асарлар, шеърлар тўпламини яратиш.


2019-2020

йиллар


"Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


11.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қуролли Кучлар давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳамда вилоятлардаги музейларга талабалар, ўқувчилар, ҳарбийларнинг оила аъзолари, идора ва ташкилотлар ходимларининг экскурсияларини ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


12.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўзбек халқининг фронт ортидаги меҳнати ва Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамда юртимизга кўчириб келтирилган етим болалар, кексалар ва аёлларга бошпана бериш, сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўриш борасидаги юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатларини очиб беришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


13.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб олий таълим муассасалари талабалари ва олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида фанлар олимпиадаси ва ҳарбий-спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш.


2020 йил

апрель


Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


14.

Ўқувчи ва талаба ёшларни ҳарбийлик касбига қизиқтириш, ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий қисмларга, олий ҳарбий таълим муассасаларига уларнинг танишиши учун боришларини уюштириш ҳамда ушбу масканларда ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, спорт ўйинларини ташкил этиш.


йил

давомида


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Халқ таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи


15.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техникалар намойишини ўтказиш.


2020 йил

7-9 май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


16.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилишини ташкил этиш.


йил

давомида

Касаба уюшмалари федерацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси


17.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқароларга бепул равишда халқаро ва шаҳарлараро телефон алоқасидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш.


2020 йил

1-10 май


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


II. МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ТАДБИРЛАР

18.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш.


2020 йил

апрель

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси


19.

Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва фидойилиги учун тақдирланган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берувчи китоб (тўплам) яратиш.


2020 йил


Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази


20.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг кўрсатган қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт ортидаги меҳнати ва Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамда жабр чеккан инсонлар, ота-онасиз қолган болаларни асраб олишдаги инсонпарварлиги ва бағрикенглигини очиб беришга қаратилган "Аждодларимиз жасорати - мангу барҳаёт" мавзусида илмий-назарий конференция ўтказиш.


2020 йил

апрель


Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


21.

Ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида санъатнинг турли соҳалари бўйича "Номингиз дилларда мангу яшайди" мавзусида ижодий ишлар танловини ташкил этиш.


2020 йил

апрель


Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


22.

Умумтаълим мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида урушва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳақида хотира дарсларини ташкил этиш ва ўтказиш.


2020 йил

май


Халқ таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти


23.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, "Эслайман! Фахрланаман! Номингиз дилларда мангу!" мавзусида болалар расмлари танловини ташкил этиш ва ўтказиш.


2020 йил

май


Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


24.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ижодий учрашувлар, санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари, махсус кўрсатувлар ва ижтимоий роликлар тайёрлаш ва уларнинг эфирга узатилишини таъминлаш.


2020 йил

апрель-май


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Маданият вазирлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


25.

Оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Интернетнинг ижтимоий тармоқларида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган туркум мақолалар, очерклар эълон қилиш.


2020 йил

апрель-май


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Электрон ва оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси


26.

Қуролли Кучлар тизимининг расмий сайтларида Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий воқеалар ва уларнинг иштирокчиларига бағишланган туркум мақолалар эълон қилиб бориш.


2020 йил

апрель-май


Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


27.

Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари учун унвон ва орден билан тақдирланган юртдошларимиз тўғрисида маълумот берувчи www.warheroes.uz расмий интернет сайтини яратиш.


2020 йил

Мудофаа вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси


28.

Уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қабрларини обод қилиш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш.


2020 йил

март-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


29.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг мардлиги ва жасоратларини очиб бериш бўйича "Ғалаба-75" бадиий-публицистик асарлар танловини ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


30.

Барча вилоят, шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик, ўқувчи ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш.


2020 йил

апрель-май


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


31.

Барча ҳарбий қисм ва муассасаларда, таълим масканларида уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан биргаликда кекса, ўрта ва ёш авлод вакиллари учрашувларини ташкил этиш.


2020 йил

апрель-май


Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


32.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа операторлари томонидан абонентларга СМС - табриклар жўнатиш.


2020 йил

9 май


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


33.

Ўзбекистон Қуролли Кучлар таркибига кирувчи тузилмаларнинг ҳарбий оркестрлари, ашула ва рақс ансамбллари, Маданият вазирлиги тизимидаги оркестрлар ва бадиий жамоаларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият масканлари, хиёбонларда "Аждодларимиз жасорати - мангу барҳаёт" номи билан тарғибот акциялари ва концерт дастурлари намойишини ташкил этиш.


2020 йил

май


Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


34.

Оммавий ахборот воситалари орқали Иккинчи жаҳон урушида мудофаага кўмаклашувчи ташкилотлардан чиққан қаҳрамонлар ҳамда тиббиёт ходимларининг Ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи мавзули чиқишлар қилиш ва уларнинг кенг ёритилишини таъминлаш.


2019-2020

йиллар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, "Нуроний" жамғармаси, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, республика оммавий ахборот воситалари


35.

Ўзбекистон ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид мавжуд биродарлик қабрлари, ҳарбий қабристонлар ҳамда монументларни тартибга келтириш борасида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш.


2019-2020

йиллар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги


III. ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ, МЕҲНАТ ФРОНТИ

ФАХРИЙЛАРИ, ХИЗМАТ БУРЧИНИ БАЖАРИШ ВАҚТИДА ҲАЛОК БЎЛГАН

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР

36.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида соғлигини йўқотган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари соғлигини тиклаш учун мақсадли ёрдам кўрсатиш, уларга протезлар, ногиронлиги бўлган шахслар аравачалари ва бошқа зарур тиббий асбоб-анжомлар ажратиш, уларнинг оила аъзоларини имтиёзли равишда ҳарбий госпиталь ва бошқа тиббиёт муассасаларида даволаш ва дори-дармон воситалари билан бепул таъминлаш.

доимий


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси

37.

Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг турар-жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш ҳамда уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиш.


доимий


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


38.

Ёшлар, маҳалла фаоллари томонидан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилаларига бориб, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш.


2020 йил

апрель-май


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


39.

Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларга "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги" эсдалик юбилей медали ва бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топшириш бўйича тадбирларни ташкилий равишда амалга ошириш.

2020 йил

9 майга қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси


IV. МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР

БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

40.

2020 йил Москва шаҳрида уруш фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ва МДҲга аъзо давлатлар Қуролли Кучларининг байрам гуруҳлари иштирокида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган ҳарбий тантанали маросимда (парад) иштирок этувчи Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг байрам гуруҳи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар рўйхатини шакллантириш ва иштирокини таъминлаш.


2020 йил

апрель-май


Мудофаа вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятларва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти


41.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг75 йиллигига бағишлаб 2020 йил июнь ойида Қозоғистон Республикасида ўтказиладиган ҳарбий оркестрлар иштирокидаги Халқаро ҳарбий-мусиқий фестивалда иштирок этиш учун тайёргарлик кўриш.


2019-2020

йиллар


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги


42.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб 2020 йилда Озарбайжон Республикасида ўтказиладиган Халқаро аскар қўшиқлари фестивалида иштирок этиш учун тайёргарлик кўриш.


2019-2020

йиллар


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси


43.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатларнинг дўстона армиялари ўртасидаги III ҳарбий-спорт ўйинларида юқори ўринларни олиш учун пухта тайёргарлик кўриш.


2019-2020

йиллар


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги


44.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, МДҲга аъзо давлатлар Қуролли Кучлари спортчи ҳарбий хизматчиларининг гуруҳ бўлиб, Қирғизистон Республикасидаги юқори тоғ чўққисига чиқадиган спортчи ҳарбий хизматчилар гуруҳини шакллантириш ва уларнинг муносиб иштирок этишларини таъминлаш.


2019 йил

давомида


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги


45.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб МДҲга аъзо давлатлар Қуролли Кучлари спортчи ҳарбий хизматчиларининг гуруҳ бўлиб, Тожикистон Республикасидаги юқори тоғ чўққисига чиқадиган спортчи ҳарбий хизматчилар гуруҳини шакллантириш ва муносиб иштирок этишларини таъминлаш.


2020 йил

давомида


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги


46.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган МДҲга аъзо давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчилари ўртасидаги IV Халқаро ҳарбий-илмий ишлар танловида муносиб иштирок этишларини таъминлаш.


2019-2020

йиллар


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


47.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг75 йиллигига бағишлаб Ёшлар симфоник оркестри ҳамда ёш истеъдод эгаларининг қўшма концерт дастурини ташкил этиш.


2020 йил

апрель


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати


48.

МДҲга аъзо давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида "Қувноқларва зукколар ҳамдўстлиги" номли халқаро фестивалда Қуролли Кучлар таркибига кирадиган олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларининг иштирокини таъминлаш.


2020 йил

давомида


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


49.

МДҲга аъзо давлатларнинг Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, уруш ва ҳарбий хизмат фахрийларининг халқ ижодиёти намуналарини намоён этиш бўйича ўтказиладиган халқаро фестивалида ҳарбий хизматчиларнинг иштирокини таъминлаш.


2020 йил

октябрь


Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


     





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПҚ-4495-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг

КОНЦЕПЦИЯСИ


Жаҳон ҳамжамияти 2020 йилда фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлайди. Ҳар қандай уруш ва қирғинбаротларнинг ўз мақсади ва мафкуралари бор. Фашизм "олий табақа инсон"лар жамиятини яратиш учун ўзидан бошқа ирқ ва тоифадаги инсонларни қул сифатида "олий ирқ" манфаатлари учун хизмат қилдиришни кўзда тутган ёвуз ғояга суянар эди. Умуминсоният тамаддуни ва тараққиётини фақат бир ҳовуч "сараланган" одамлар манфаатига йўналтиришни кўзда тутар эди. Бу ёвуз ғоянинг тантанаси ер юзидаги барча халқларнинг Оллоҳ берган неъмат - яшаш, яратиш ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишга асосланган эди. Шу боис барча тараққийпарвар кучлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва адолат тантанаси учун курашга отландилар.

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшди.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида Ғалаба боғи барпо этилади.

Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

Ғалаба боғи концепциясининг бош ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак" деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган.

Юз минглаб навқирон ватандошларимиз жанг майдонларида қон тўкиб, жон бердилар. Уларнинг жасоратидан кам бўлмаган жон фидолик намуналари сифатида фронт ортида ҳам аёллар, кексалар, ёш болалар чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу сўнмас жасорат халқимиз учун шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион киши эди. Шулардан 1,5 миллиондан ортиғи урушда қатнашди. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Ўзбекистон аҳолисининг 22 фоизи жанг қилди. Агар аҳолининг ярмини аёллар, болалар ва кексалар ташкил этиши ҳисобга олинса, меҳнатга яроқли аҳолининг 40 фоиздан ортиғи фронтда жанг қилган.

Уларнинг ярим миллиондан зиёди қақшатқич ва қонли жангларда мардларча ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтди.

Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Уларнинг 301 нафари "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвонига, 74 нафари учала даражадаги "Слава" ("Шуҳрат") орденига сазовор бўлган.

Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз "Ҳамма нарса - фронт учун, ҳамма нарса - ғалаба учун!" деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Ўзбекистон фронт учун зарур барча нарсаларни етказиб берадиган муҳим таянч марказлардан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди.

Юртдошларимиз бутун куч ва имкониятларини Ўзбекистонга кўчирилган 100 дан ортиқ завод ва фабрикаларнинг фаолиятини ғоят қисқа муддатда қайта йўлга қўйишга сафарбар қилдилар. Уруш йилларида республикамиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб танк ва қурол-яроғлар, юзлаб ҳарбий-санитар поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Уруш ўчоғига айланган ҳудудлардан Ўзбекистонга қарийб 1 миллион киши, жумладан, 200 минг нафар бола эвакуация қилинди. Халқимиз сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Ўша машаққатли даврда халқимизга азалдан хос бўлган инсонпарварлик, меҳрибонлик ва қалб саховати каби фазилатлар айниқса ёрқин намоён бўлди.

Ғалаба боғининг тавсия этилаётган Концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2019 йилларда қабул қилинган "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимлардаги маърузаларида билдирилган ғоя ва фикрлар асосида ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Концепцияни тайёрлашда Мудофаа, Ички ишлар, Ташқи ишлар ҳамда Маданият вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Нуроний" жамғармаси, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, "Ўзархив" агентлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, етакчи музейлар ва бошқа тегишли ташкилотлар, илмий-ижодий жамоатчиликдан олинган таклиф ва тавсиялардан фойдаланилди.

Бир қатор хорижий мамлакатлар тажрибаси, уларда шу йўналишдаги барпо этилган боғ ва хиёбонлар, монументлар, мемориал мажмуалар ижодий ўрганиб чиқилди.

Мажмуадаги рамзлар Иккинчи жаҳон уруши даврининг тарихий манзаралари ва мустақиллик мафкураси тамойиллари асосида тайёрланади.

Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат бўлади:

Биринчи қисм - фронтдаги ўзбекистонликларнинг жанговар ҳаётидан лавҳалар.

Иккинчи қисм - фронт ортидаги Ўзбекистон ҳаёти.

Биринчи мажмуада тематик экспозициялар, ҳарбий техникалар кўргазмаси, музей, кинотеатр, кутубхона ўрин олади.

Аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш учун боғ ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.



I. Ғалаба боғининг кириш қисми

Боғнинг кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: "Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак", деган сўзлари мармар лавҳада акс эттирилади.



II. Боғнинг марказий кириш қисмида рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади

Ғалаба аркаси:

баланд устунлардан иборат бўлади ва боғнинг ички кўринишини тўсиб қўймайдиган ҳолда ўрнатилади;

арканинг юқори қисмида "Ғалаба боғи" деган ёзув ва унинг атрофидаги тасвирларда Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига доир композициялар акс эттирилади;

арка миллий меъморлик анъаналари руҳида барпо этилади ва ўша даврнинг тарихий манзаралари ўз ифодасини топади;


Маълумот учун: Бундай дарвозалар "Зафар аркаси", "Ғалаба аркаси", "Тинчлик аркаси" каби номлар билан Франциянинг Париж, Италиянинг Милан, Англиянинг Лондон, Россиянинг Москва шаҳарларида ва дунёнинг бошқа шаҳарларида барпо этилган.



III. Ғалаба боғининг экспозицияси

Боғ олдидаги майдонда Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи юксакликда ҳилпираб туради.

Боғ ҳудудида бир неча улкан мармар деворлар ўрнатилиб, уларда мавзуга оид энг муҳим маълумотлар акс этган композицион паннолар яратилади. Хусусан:

дастлабки паннода ўзбек халқининг тарихидаги ҳарбий-ватанпарварлик манзараларидан лавҳалар (Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур сиймолари билан боғлиқ ҳолда) ҳамда миллий армиямизнинг ҳозирги жанговар ҳолатидан айрим кўринишлар;

Иккинчи жаҳон уруши манзаралари;

фронт ортидаги Ўзбекистонда кечган машаққатли меҳнат жараёнлари;

уруш даврига оид шиорлар;

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ҳалок бўлган, бедарак йўқолган юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар ва тасвирлар бўртма шаклларда акс эттирилади.

Алоҳида барпо этилган панноларда ва майдончаларда Иккинчи жаҳон урушида ғалаба учун ҳисса қўшган давлатларнинг герб, байроқ ва хариталари акс эттирилади.

Бу ерда янграб турадиган уруш йилларидаги куй-қўшиқлар ва информацион хабарлар асосида тарихий муҳит яратилади.


Маълумот учун: Ю.Левитан ўқиган аудио материаллар, ўша даврда фронт мавзусида олинган фильмлардан кадрлар ва "Правда" газетасида эълон қилинган матнларни бериш мумкин. Шунингдек, урушнинг дастлабки кунларида Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида бўлган митинг, йиғинлардаги фотосуратлар, хроникал кадрлар акс эттирилади.


Боғ ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси, жумладан, окоп ва блиндажлар, муваққат ҳарбий алоқа станциялари, палаткалар, ҳимоя истеҳкомлари, ҳарбий ва дала госпиталлари, идиш-товоқлар, кийимлар, ҳужжатлар, шахсий буюмлар, фотосуратлар ва бошқа урушга оид лавҳалардан иборат тематик кўргазмалар ташкил этилади. Шунингдек, чегара мавзусини ёритиш учун сим тўсиқлар, чегара ёғоч устунлари, назорат излар йўлаги, кузатув минораси ўрнатилади.

Марказий йўлакларга туташ ҳудудда ҳарбий техникалар кўргазма майдони бунёд қилинади. Майдонга Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий техникалар - танклар, артиллерия қуроллари, бронетехникалар, самолёт ва вертолётлар, жумладан, ўша йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар, ўқ-дори, снарядлар намуналари жойлаштирилади.

Шунингдек, бу ерда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг доимий ишлайдиган замонавий ҳарбий-техник экспозицияси фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу майдонда ёшларни жанговар техникалар билан таништириш ишлари ҳам олиб борилади.

Ғалаба боғида хотира музейи, санъат галереяси, халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлиги ва матонати ҳақида ҳикоя қиладиган диорамалар, уруш фахрийлари учрашадиган заллар, уруш билан боғлиқ барча турдаги маълумотларни жамлаб борадиган архив барпо этилади.

Шунингдек, инновацион лойиҳалар асосида турли голограммалар, интерактив сенсор столлар, интерактив экскурсия дастурлари ташкил этилади. Махсус веб-сайт, Иккинчи жаҳон уруши йилларида эришилган ғалабага халқимизнинг қўшган ҳиссаси ҳақидаги мобил илова фаолият кўрсатади.

Ғалаба боғида:

Матонатли юртдошимиз Зулфия Зокирова ва унинг урушдан қайтмаган беш ўғли ҳамда бева қолган тўрт келини сиймосида ўзбек оиласининг умумлашган образини акс эттирадиган "Матонат мадҳияси" ёдгорлик мажмуаси;

уруш даврига оид куй-қўшиқлар ва мумтоз мусиқалар садосига монанд равишда ҳаракатланадиган мусиқали фаввора;

9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимлар ҳамда Иккинчи жаҳон урушига оид турли учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, ҳарбий ўқув муассасалари битирувчиларининг Ватанга қасамёд маросимларини ўтказишга мўлжалланган майдон, замонавий амфитеатр ва 3D, 5D форматли техник усуллари орқали уруш манзараларини акс эттирувчи кинотеатр (30 - 35 кишига мўлжалланган) бунёд этилади.

Ғалаба боғи ҳудудида ўзбек хонадонининг бадиий тимсоли барпо этилади. Уй айвонида урушга кетган ўғлонларнинг насибаси рамзи сифатида бир чети тишланган нон илиб қўйилади.

Боғ ҳудудида ўзбекистонлик генераллар хиёбони ташкил этилади.

Хиёбон марказида муайян баландликда генерал Собир Раҳимов ҳайкали қад кўтаради. Ҳайкал пойига қадар икки томондан "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлган ўзбекистонлик 301 нафар жангчининг сиймоси акс этган барельефлар ўрнатилади.


Маълумот учун: Кавказ учун олиб борилган жангларда Тошкентда тузилган Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизия 8 мингдан ортиқ душман аскарларини қириб ташлади.

Бу дивизия Шарқий Пруссиягача жанговар йўлни босиб ўтди. Кейинчалик У Польша ерларини озод қилишда алоҳида ажралиб турди. Данциг шаҳрига биринчилардан бўлиб кирди. Оғир ярадор бўлган С. Раҳимов 1945 йил 25 март куни ҳалок бўлди. 1965 йил 6 майда тарихий ҳақиқат тикланиб, С. Раҳимовга ўлимидан сўнг "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвони берилди.


Боғдаги турли объектларда (боғ ҳудуди ва музейдаги тематик экспозициялар) замонавий интерфаол ахборот воситаларидан (тачскрин) кенг фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунингдек, махсус композиция асосида ўзбек халқининг миллий руҳини ифода этадиган дарахт кўчатлари экилади.

Масалан: мажнунтол (мунг, қайғу ифодаси);

тут (сабр-бардош, чидам ифодаси);

чинор (матонат, бағрикенглик, умрбоқийлик рамзи);

қайрағоч (қатъият ва мустаҳкам руҳ тимсоли);

жийда (шукроналик, қаноат ифодаси);

узум (умрбоқийлик, барқарорлик ва барака рамзи).

Боғ ҳудудига уруш даврида фойдаланилган поездлар намуналари қўйилади.



IV. Ғалаба боғида барпо этиладиган музей

Боғ ҳудудида Хотира музейи ташкил этилади.

Музейда Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши сингари тарихий воқеаларни замонавий технологиялар ва интерактив усуллар ёрдамида акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Музей қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:


1-бўлим. Ўзбекистон аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши. Жанг майдонларидаги жасорат.

Мазкур бўлимда қуйидаги мавзулар ёритилади:

Ўзбекистонлик жангчиларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратлари.


Маълумот учун: Республикамизда умумқўшин тузилмаларидан ташқари 14 та миллий қўшилма ва қисмлар ташкил этилган эди. Кўпгина жанговар бўлинмалар Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи операцияларида фаол иштирок этди ва Москвадан Берлингача бўлган жангларда қаҳрамонона йўлни босиб ўтди.


Ўзбекистонлик жангчиларнинг Сталинград, Кавказ, Курск, Болтиқбўйи, Украина, Белоруссия, Польша, Германия, Чехословакия, Манжурияда душманга қарши жангларда, Москва, Киев, Смоленск, Севастополь, Ленинград, Брест қалъаси мудофааларида кўрсатган алоҳида қаҳрамонликлари.


Маълумот учун: 1942 йил май-июнь ойларидаги совет қўшинларининг ҳужумкор операцияларини тўхтатган душман 25 июнда Волга ва Шимолий Кавказ йўналишида ҳужумга ўтди. Мамлакатда яна қалтис вазият вужудга келди. Ана шундай бир пайтда халқимиз ўзбек жангчиларига очиқ хат билан мурожаат қилиб, ўз фарзандларини ватанга содиқлик ва жанговарликка чақирди. Бу чақириққа қаҳрамонлик билан жавоб берган ватандошларимиздан 1974 нафари "Кавказ мудофааси учун" медали билан мукофотланди.

Волга бўйидаги Сталинград мудофаасини ёриб, душман устидан катта ғалабанинг қўлга киритилиши урушнинг боришида туб бурилишга асос бўлди. Бу жангларда кўрсатган жасоратлари учун 2 733 нафар ўзбекистонлик жангчилар "Сталинград мудофааси учун" медалига сазовор бўлди.

Сталинграддаги "Павлов уйи"нинг машҳур ҳимоячиларидан бири ўзбек ўғлони Камол Турғунов эди.

1943 йилда Орёл-Курск йўналиши бўйича олиб борилган шиддатли жангларда кўрсатган жасоратлари учун А. Шукуров, В. Шаландин, М. Абдуллин, А. Солиҳов сингари юртдошларимиз "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлдилар.

Днепрни кечиб ўтишдаги қаҳрамонликлари учун 100 га яқин ўзбекистонликлар "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвони билан тақдирландилар. Улардан Ж. Усмонов, В. Набиев, В. Малясов, Х. Аминовнинг жасоратларини алоҳида қайд этиш мумкин.

1944-1945 йилларда Белоруссия, Украина, Молдавия, Болтиқбўйи республикалари ва Россия Федерациясининг ғарбий вилоятларида фаолият кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар орасида М. Топиболдиев, Ж. Отабоев, И. Мусаев, А. Ҳакимов, И. Қосимов сингари юртдошларимиз юксак мардлик намуналарини кўрсатдилар.

Москва шаҳрини ҳимоя қилишда қаҳрамонлик кўрсатган, генерал-майор И.В. Панфилов қўмондонлик қилган 316-ўқчи дивизиянинг фаолиятини алоҳида кўрсатиш мумкин. Ушбу дивизия таркибида ўзбекистонлик жангчилар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Москва мудофаасида А. Тоғаев, М. Мадаминов сингари ботир ўғлонлар чинакам қаҳрамонлик кўрсатган.

Москва остонасида фашист қўшинларини тор-мор қилишдаги жасоратлари учун 1753 нафар ўзбекистонлик жангчи "Москва мудофааси учун" медали билан тақдирланди. С. Қосимхўжаев "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлди.

Ўзбекистондан Урал, Бошқирдистон, Перм, Чкаловск, Орск, Нижний-Тагил, Свердловск, Москвадаги мажбурий меҳнат колонияларидан 1941 - 1945 йилларда ҳарбий комиссарликлар томонидан урушга сафарбар қилинган "Қуролсиз аскарлар" ва уларнинг қаҳрамонона, лекин фожиали ҳаёти, тақдири билан ғалабага қўшган ҳиссаси кўрсатилади (хусусан, Владимир Васильевич Карпов (1922 йил 28 июль. Оренбург - 2010 йил 18 январь Москва) таниқли Россия ва Совет ёзувчиси, публицист, жамоат арбоби, Совет Иттифоқи Қаҳрамони (1944), СССР давлат мукофоти лауреати (1986), 1939 - 1941 йиллари Тошкент ҳарбий пиёда билим юртида ўқиган, бокс бўйича Ўзбекистон ва Ўрта Осиё республикалари чемпиони бўлган, 1941 йил февралида курсант ҳибсга олинган. Ўрта Осиё ҳарбий трибунали антисовет тарғиботи учун 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1942 йил октябрида Калинин фронти штраф ротасига жўнатилган, 629-ўқчи полки 134-ўқчи дивизясида разведка взводига юборилган).

Шунингдек, Ўзбекистондан Украина, Шимолий Кавказ, Шимолий Қозоғистонга 1931 - 1933 йилларда сургун қилинган "қулоқ" хўжаликларидаги армия ёшида бўлган ҳарбий мажбуриятни ўташга лойиқ деб топилган эркаклар ҳам ҳаракатдаги фронтларга, ҳам фронт ортидаги мудофаа иншоотлари, уруш қуроллари, ўқ-дори, ҳарбийлар учун кийим-кечак, озиқ-овқат тайёрлайдиган меҳнат армиялари лагерларига сафарбар этилганлиги ва уларнинг буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси кўрсатилади.


Иккинчи жаҳон урушида фидойилик кўрсатган ўзбекистонлик генераллар.


Маълумот учун: Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабада ўзбекистонлик С. Раҳимов, В. Канарёв, П. Чупиков, С. Охунжонов, Ф. Норхўжаев, Б. Сирожиддинов, М. Узоқов, П. Курбаткин, В. Позняк, А. Павлушко, И. Бекжонов, И. Петров сингари мард ва жасур генералларнинг ҳиссаси катта бўлган.


Ўзбекистонлик ҳарбий разведкачиларнинг қаҳрамонликлари.


Маълумот учун: ўзбек разведкачилари (Шариф Ширинбоев, Баҳром Иброҳимов, Илёс Фозилов ва бошқалар) ва контрразведкачиларининг саъй-ҳаракатлари ва фидойилиги натижасида фашистлар томонидан жанубдан, яъни Афғонистон ҳудудидан "Учинчи фронт"ни очиш учун қилинган уринишлар батамом йўққа чиқарилган.


Ўзбек жангчиларининг орден ва медаллар билан мукофотланиши. Жумладан, "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвони, учала даражадаги "Слава" ("Шуҳрат") ордени билан тақдирланган ўзбекистонликларнинг ҳаёти ва фаолияти.


Маълумот учун: ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг 301 нафари "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвони, 74 нафари учала даражадаги "Слава" ("Шуҳрат") орденига сазовор бўлган.


Ўзбек жангчиларининг хорижий давлатларнинг орден ва медаллари билан мукофотланиши.


Маълумот учун: 1944 йилнинг кузига бориб, СССР чегаралари душмандан бутунлай тозаланди ва совет қўшинлари Европа мамлакатларига халоскор куч сифатида кириб борди. Уларнинг сафида юртимиз ўғлонлари ҳам Польша, Руминия, Болгария, Югославия, Венгрия, Чехословакия, Австрияни озод қилишга ҳисса қўшди.

Бу мамлакатларни озод қилишдаги жасоратлари учун Т. Аҳмедов, Б. Бобоев, П. Нурпексов, Т. Назаров, А. Раҳимов, М. Фаёзов ва бошқалар "Совет Иттифоқи Қаҳрамони" унвони, 2 430 нафар ҳамюртимиз "Будапештни озод қилиш учун" медали, 1 706 киши "Берлин забт этилгани учун", 109 мингдан ортиқ киши "Германия устидан қозонилган ғалаба учун" медали билан тақдирланди.

Шунингдек, Польша, Югославия, Италия, Франция, Норвегия, Австрия, Германия давлатларида ташкил топган озодлик армиялари сафида, партизанлар тузилмаларида иштирок этган 40 мингдан ортиқ совет фуқаролари орасида ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилар эди. Масалан, Югославия халқ озодлик армиясида 260 дан кўпроқ ўзбекистонликлар, жумладан, У. Холмабоев, А. Мамажонов, Р. Раҳимов, Ҳ. Жабборов, Л. Колантаров, Ҳ. Исмоилов сингари машҳур жангчиларимиз фаол ҳаракат олиб борганлар.


Ўзбек аёлларининг уруш йилларидаги жасорати.


Маълумот учун: ўзбек аёлларининг фронтдаги ва фронт ортидаги жасоратларини кўрсатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, Москва учун олиб борилган жанглардаги мардлиги учун машҳур снайпер - Зебо Ғаниева "Қизил Байроқ" ордени билан мукофотланган. Мингдан зиёд жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган ҳарбий врач Муқаддам Ашрапова ҳам кўплаб жанговар мукофотлар билан тақдирланган.


Урушда асир тушган, концлагерларда вафот этган ва бедарак кетган ватандошларимиз ҳақида.


Маълумот учун: урушда ўзбекистонлик аскарлардан 150 минг нафари асир тушган, 50 минг аскар концлагерларда вафот этган, 133 мингга яқин ватандошимиз бедарак кетган.

Ушбу бўлим экспозициясидан ўзбек хонадонларига юборилган "қора хат"лардан намуналар ҳам ўрин олади.


"Амерсфорт" концлагерида 1942 йил 9 апрелда фашистлар томонидан отиб ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг фожиали тақдири.


Маълумот учун: Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак жасорат кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлган 101 нафар ўзбек аскари ҳақидаги шу пайтгача ошкор этилмаган архив ҳужжатлари эълон қилинди.

101 нафар ўзбек аскари Голландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагердаги жаҳаннам азобига қарамасдан инсоний ор-номуси ва ғурурини сақлаб қолдилар.

Ушбу мавзуга бағишлаб А. Иргашев ва Ю. Медведовская муаллифлигида яратилган "Бир юз бир" номли романни музей экспозицияси ва кутубхонага жойлаштириш тавсия этилади.

Фашизмнинг ёвуз мақсадлари инфографикалар асосида ёритилади, Гитлернинг "Майн кампф" китобидан Ўрта Осиё халқларини қириб ташлаш тўғрисидаги фикрлардан кўчирма берилади.


Ўзбекистон фуқароларининг "Ишчи батальони"га сафарбар қилиниши.


Маълумот учун: 1943 йилга оид ҳужжатларда кўрсатилишича, республикамиздан "Ишчи батальони"га сафарбар қилинганларнинг сони 155 минг кишидан иборат бўлган. Уларнинг ёши асосан 40-50 ва ундан ҳам юқори бўлиб, улар орасида 16 яшар ўсмирлар ҳам бор эди.


Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фронтга кўрсатган ёрдами.


Маълумот учун: Масалан, 1943 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистондан Белоруссия, Украина ва Россиянинг душмандан тозаланган ҳудудларига 800 нафар врач, Сталинградни тиклаш учун 350 нафар қурувчи сафарбар қилинди.


2-бўлим. Ўзбекистон - фронт учун ишончли таянч қўрғони.

Мазкур бўлимда қуйидаги мавзулар акс эттирилади:

Иқтисодиёт: уруш даврида республика халқ хўжалигининг ҳарбий изга солиниши.


Маълумот учун: республикамиз ҳукумати 1941 йил сентябрь-декабрда Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришини ҳарбий йўсинга мослаб қайта қуришнинг умумий режаларини белгилаб берди. Кадрларнинг кескин танқислиги, саноат хомашёси, ёқилғи, дастгоҳлар, асбоблар ниҳоятда тақчиллигига қарамасдан, 1941 йилнинг декабрь ойига келибоқ, Тошкентдаги 63 та корхона ва республикадаги бошқа 230 та корхона мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлади. Улар орасида "Тошқишлоқмаш", паровоз таъмирлаш заводлари, Чирчиқ электр-кимё комбинати ва бошқа корхоналар бор эди. Тўқимачилик ва тикувчилик саноати ҳам фронт эҳтиёжларига хизмат қилишга киришди.


Саноат: ҳарбий аҳамиятга эга бўлган 100 дан ортиқ корхоналарнинг Ўзбекистонга эвакуация қилиниши ва уларнинг қисқа муддатда ишга туширилиши. Ушбу корхоналарда фронт учун қурол-яроғ ва бошқа зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, фронтга юборилиши.


Маълумот учун: Ўзбекистонга ҳаммаси бўлиб 104 та завод ва фабрика эвакуация қилинди. Улар орасида Ленинград тўқимачилик машиналари, "Россельмаш", Сумск компрессор заводи, Москвадаги "Электрокабель", "Подъёмник", Ульяновскдаги Чкалов номидаги авиация корхонаси, "Красньй путь", Киевдаги "Транссигнал" заводлари, Сталинград кимё комбинати ва бошқалар бор эди.

Эвакуация қилинган завод ва фабрикаларни тиклашда талабалар, ўқувчилар, уй бекалари, фан ва маданият ходимлари, хизматчилар ва колхозчилар тинимсиз ва оғир меҳнат қилдилар. Улар очлик ва ниҳоятда чарчаб-толиқишдан силласи қуришига қарамасдан, фронтни қурол-яроғ, жанговар техника, моддий ресурслар билан таъминлаш учун бор имкониятларини ишга солдилар.

Урушдан олдинги йиллар мобайнида қилинган ишлар кунлар ва ойлар мобайнида бажарилди. Масалан, "Россельмаш" заводи 25 кундан кейин маҳсулот ишлаб чиқара бошлади.


Қишлоқ хўжалиги: пахта, ғалла, гуруч, картошка, мева-сабзавот, қуруқ мева, узум, гўшт, чарм-тери маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг фронтга жўнатилиши.


Маълумот учун: Ўзбекистон фронт учун барча зарур маҳсулотларни жўнатиб турди.Масалан, 1942 йили республика Ленинградга 600 вагон ун ва гўшт, 100 вагон гуруч, 60 вагон қуруқ мева етказиб берди.

1944 йилнинг биринчи ярмида эса Украинага 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 6700 бош қўй жўнатилди. Шунингдек, 1943 йил август ойида озод қилинган ҳудудларга 1152 трактор, 25 комбайн, 1138 плуг, 38 сеялка олиб кетилди.

Халқимиз фронтга юборилган дон, мева-сабзавот маҳсулотларини асосан, омоч, кетмон, ўроқ сингари оддий меҳнат қуроллари ёрдамида, қариялар, хотин-қизлар ва ўсмирларнинг оғир қўл меҳнати орқали етиштирган. Шунинг учун экспозицияда ўша даврга оид меҳнат қуролларидан намуналар, маҳсулотларнинг от ва туяларда темир йўл станцияларига етказиб берилгани каби жараёнлар акс эттирилиши мақсадга мувофиқ.


Ўзбекистон халқи эвакуация ва депортация қилинган турли миллатга мансуб инсонлар - болалар, аёллар, кексалар, илм-фан, таълим, адабиёт ва санъат намояндалари ва бошқа соҳа вакилларини бағрикенглик билан кутиб олди.


Маълумот учун: ўзбек халқи Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, уларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик намунасини кўрсатди.

Кўчириб келтирилганларни қабул қилиш ва ишга жойлаштириш юзасидан катта ишлар амалга оширилди. Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 1941 йил 24 ноябрдан 31 декабргача 37,6 мингдан ортиқ киши, 1941-1942 йилларда эса қарийб 240 минг киши жойлаштирилди ва иш билан таъминланди.

Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир миллион аҳоли бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланди.

200 минг етим боланинг катта қисмини ўзбек оилалари ўз бағрига олиб, ўз фарзандларидек тарбиялади.

Кўчириб келтирилган болаларни қабул қилишни тартибли йўсинда ташкил этиш мақсадида республика ҳукуматининг қарори билан 1941 йил октябрда эвакуация қилинган болаларни қабул қилиш учун марказий пункт ташкил этилди. Тошкент, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларда махсус штаблар кеча-кундуз ишлаб турди.

1941 йил 25 ноябрдан 1942 йил октябрга қадар бўлган вақт мобайнида ана шундай пунктлар орқали 15 649 нафар болалар қабул қилинди ва уларга тегишли ёрдам ва кўмак кўрсатилди.

Кўчириб келтирилган болалар ва фронтга кетганларнинг фарзандлари Тошкент, Самарқанд, Андижон, Қўқон ва Наманганда ташкил этилган ошхоналардан ҳар куни бепул овқат олишарди. Бемор ва заифлашиб қолган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиларди. Корхона ва ташкилотларда болалар уйларининг филиаллари ташкил этилиб, улар бутунлай меҳнат жамоалари маблағи ҳисобидан таъминланарди.

Эвакуация қилинган ва етим болаларни жойлаштириш ҳамда тарбиялаш комиссияси 1942 йилнинг бошларида махсус ҳисоб-рақам очди. 1942 йилнинг март ойига қадар унга 2 миллион 74 минг рубль маблағ тушди. 1943 йилга келиб бу жамғарма фонди 3,5 миллион рублга етди.

Ишчилар, хизматчилар, деҳқонлар, талабалар ва мактаб ўқувчиларининг оталиқ ёрдам кўрсатиш шакллари кенгайди. Масалан, Тошкент вилояти пахта тайёрлаш трести колхозчилари 1942 йилнинг баҳорида клуб биносини интернатга айлантириб, қайта жиҳозладилар ва бу ерда Белоруссиядан келтирилган 25 болани тарбияладилар. Бу ташаббусга шаҳардаги 70 та корхона қўшилди.

Айни вақтда кўпгина корхона ва муассасаларда, йирик қишлоқ хўжалик артелларида болалар боғчалари ва яслилар очилди. 1943 йилда болалар боғчаларида тарбияланаётган 53 072 боладан 15 108 нафари эвакуация қилинган шахслар эди.

Юзлаб ўзбек оилалари уруш туфайли ота-оналаридан ажралган болаларни ўз тарбияларига олди. Кўпгина оилалар иккита ва ундан ортиқ етим болаларни ўз қарамоғига олди.

Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри Акромова турли миллатга мансуб 14 болани ўз оиласига қабул қилди. Каттақўрғонлик Ҳамид Самадов оиласи 12 болани асраб олди. Бухоролик Муаззам Жўраева ва Ашурхўжаевалар ўз оилаларига 8 нафардан болани тарбияга олдилар. Янгийўлдаги 9 та колхоз жамоаси кўчириб келтирилган 169 болани ўз тарбиясига олди.

1943 йилнинг охирига келиб шаҳарларда 4 672 та, қишлоқларда эса 870 та ўзбек оилалари томонидан асраб олинган эди.

Уруш йилларида Ўзбекистонга мажбурий равишда кўчириб келтирилган корейслар, чеченлар, қрим татарлари, месхети турклари ва уларнинг фарзандлари бағрикенг ўзбек халқи томонидан илиқ кутиб олинди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.

Уруш пайтида Ўзбекистоннинг Россия, Белоруссия ва Украина зиёлиларини сақлаб қолишдаги роли беқиёс бўлди. Ўша даврда 200 га яқин таниқли ижодкорлар, жумладан, А. Ахматова, И. Вирта, С. Городецкий, А.Дейч, К. Зелинский, Я. Колас, Н. Погодин, А. Толстой, В. Ян, К. Чуковский, Е. Бертельс, Б. Мейлах И. Кашкин каби адабиёт ва санъат намояндалари Ўзбекистонда яшадилар. Уларнинг аксарияти ўзбек адиблари билан ҳамкорликда ажойиб асарлар яратдилар.


Ўзбекистоннинг уруш йилларида умумиттифоқ госпиталига айланиши.


Маълумот учун: Ўзбекистонда уруш йилларида юзлаб тиббий муассасалар - шифохоналар, профилакторийлар, илмий-тадқиқот муассасалари иш олиб борди.

Эвакуация қилинган госпиталларга Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлардаги энг яхши бинолар ажратиб берилди. 1942 йилнинг охирида Ўзбекистон ҳудудида эвакуация қилинган 113 та госпиталь жойлаштирилган эди.

Даволанаётган жангчилар учун тўлақонли овқатланишни ташкил этиш тўғрисида бутун халқ ғамхўрлик кўрсатди. Масалан, 1941 йил ноябрда Андижондан ярадор жангчиларга 7 тонна ҳўл ва қуруқ мевалар, 2 минг килограмм гуруч, 1800 килограмм асал, кўп миқдорда тамаки, майиз маҳсулотлари юборилди.

Ҳамма жойда меҳнат жамоалари, жамоат ташкилотлари госпиталларни оталиққа олди. Одатда битта госпиталга бир неча ташкилот ҳомийлик қиларди, улар оталиққа олинган госпиталлар ҳаётида фаол иштирок этар, биноларни жиҳозлаш, таъмирлаш, озиқ-овқат ва ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришда, кутубхоналарни китоблар билан тўлдиришда, маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш ва ёрдамчи хўжаликлар ташкил этишда қатнашар эдилар.


Ўзбекистон халқининг фронт учун маблағ тўплаши.


Маълумот учун: ўзбекистонликлар урушнинг дастлабки кунлариданоқ мудофаа жамғармасини ташкил этиш ҳаракатида фаол иштирок этди.

Кенг халқ оммасининг ташаббуси билан шанбаликларда ишлаб топилган пуллар, фуқароларнинг шахсий жамғармалари, қимматбаҳо бойликлари, давлат заёмлари, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жамғармага топширилди.

Уруш йилларида мудофаа фондига республика аҳолиси томонидан 650 миллион рублдан ортиқ пул ва давлат заёми облигациялари, 22 миллион рублдан ортиқ қимматбаҳо буюмлар, 55 килограмм қимматбаҳо заргарлик маҳсулотлари тақдим этилди. Ушбу маблағларга "Ўзбекистон", "Красновосточник" бронепоездлари, авиаэскадрилия, танк колонналари ва бошқа техникалар ишлаб чиқарилиб, фронтга жўнатилди.


Фронт учун иссиқ кийимлар тўплаб топшириш ва уларни тайёрлаш.


Маълумот учун: армияга 7,5 миллиондан ортиқ гимнастёрка, 2,5 миллиондан ортиқ пахталик куртка, 2 миллион жуфтдан ортиқ этик ва қўнжли ботинкалар юборилган. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга 246 миллион 918 минг 700 рубль миқдоридаги маҳсулот жўнатилган.

Қийинчилик ва хомашё етишмаслигига қарамасдан, Тошкент тўқимачилик комбинати фронт учун 410 миллион метр газлама ишлаб чиқарди. Шунингдек, Самарқанд, Наманган, Хоразм ва бошқа вилоятлардан ҳам кўп миқдорда кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотлари фронтга мунтазам жўнатиб турилди.


Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида юз берган муҳим воқеалар.


Маълумот учун: фашизмга қарши кураш умумхалқ ҳаракатига айланган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси раҳбар арбоблари - Усмон Юсупов, Йўлдош Охунбобоев, Абдували Мўминов, Абдужаббор Абдураҳмонов ва Республиканинг барча вилоятлари раҳбарларининг фронт ва фронт орқаси учун олиб борган ташкилотчилик фаолиятини акс эттириш мумкин;

Уруш йилларида республикадаги ғоят оғир шароитга қарамасдан, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Фарҳод, Товоқсой, Оқтепа, Оққовоқ, Қибрай, Солар гидроэлектр станциялари барпо этилган;

Ўзбекистоннинг биринчи металлургия заводи ишга туширилган;

Чирчиқ, Оҳангарон, Бекобод, Янгийўл сингари саноат шаҳарлари барпо этилган;

Лангар, Ингичка, Қўйтош, Ғортепа, Олмалиқ, Оқтош конлари, шунингдек, янги нефть конлари ўзлаштирилган;

янги темир йўл тармоқлари қурилган;

Ўзбекистондаги турли ўқув курсларида 200 мингдан ортиқ киши ўқиб, муҳандис-техник, қишлоқ хўжалиги мутахассиси, иқтисодчи, ўқитувчи ва бошқа касблар бўйича маълумот олган;

Ўзбекистон Фанлар академияси, янги олий таълим муассасалари (Чимбой, Урганч, Наманган ва Марғилон шаҳарларида педагогика институтлари, Тошкент театр институти, мавжуд олий ўқув юртларида янги факультетлар) ташкил этилган ва ҳоказо.

Уруш йилларида фронтларда асир тушган немис ва япон солдатлари (фақат япон асирларининг ўзи 25 минг нафар эди) мамлакатимиздаги Алишер Навоий, Муқимий номидаги театрлар, Марказий телеграф, Тошкент тўқимачилик комбинати каби бино ва иншоотлар қурилишида фаол қатнашган.


3-бўлим. Уруш йилларида Ўзбекистонда илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш.


Маълумот учун: Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш бўйича олиб борилган ишлар. Жумладан, Ленинградда қамал пайтида А. Навоийнинг 500 йиллигига бағишланган илмий конференциянинг ўтказилиши, шу ҳақдаги тарихий ҳужжатлар, профессор М. Муродовнинг рисоласи.


4-бўлим. Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги.


5-бўлим. Уруш йилларида бадиий адабиёт, санъат ва матбуот.

Ушбу бўлим экспозициясида уруш мавзусида яратилган шеърий асарларга кенг ўрин берилади. Масалан, Ғафур Ғуломнинг "Сен етим эмассан", "Соғиниш", Ҳамид Олимжоннинг "Қўлингга қурол ол", "Жангчи Турсун", "Роксананинг кўз ёшлари", Зулфиянинг "Ўғлим, сира бўлмайди уруш", Абдулла Ориповнинг "Аёл", Эркин Воҳидовнинг "Нидо", Константин Симоновнинг Ҳамид Олимжон таржимасидаги "Мени кутгил" каби шеърлари ва бошқалар.

"Жангчи бўл, ўғлим!", "Биз фронтга борамиз", "Қоронғу тун" ("Тёмная ночь"), "Турналар" ("Журавли"), "Офицерлар" ("Офицеры") каби уруш йилларида машҳур бўлган куй-қўшиқлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Уруш йиллари Мосфильм киностудиясининг Тошкентда фаолият юритиши. Шу йилларда ишлаб чиқарилган бадиий ва ҳужжатли фильмлар.

Республикамизда уруш йилларида нашр қилинган газеталар, журнал ва китоблар, шунингдек, турли фронтларда ўзбек тилида чиқарилган газеталар ҳақида материаллар намойиш этилади. Таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимларнинг жанг майдонларидаги учрашувлари ва маданий чиқишларига бағишланган стендлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.


Маълумот учун: Ўзбекистон театр жамоалари, санъат усталари ҳарбий қисмлар ва госпиталларга, ишлаб чиқариш корхоналари, колхоз ва совхозларга, қурилиш майдонларига бориб, чиқишлар қилдилар.

Уруш йилларида республика санъат ходимлари 30 дан ортиқ концерт бригадалари таркибида фронтларда ҳаракатдаги армия қисмларида 35 мингдан ортиқ, Туркистон ҳарбий округи ҳарбий қисмлари ва госпиталларда 26 мингта концерт бердилар.

Бу концерт бригадалари таркибида Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Сора Эшонтўраева, Мукаррама Турғунбоева, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Гавҳар Раҳимова, Муҳиддин қори Ёқубов, Карим Зокиров, Шукур Бурҳонов ва ўзбек санъатининг бошқа арбоблари, шунингдек, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор сингари атоқли шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар.

Шоира Зулфиянинг "Уни Фарҳод дер эдилар" достони қаҳрамони Қобил қори Сиддиқовнинг фронт жангларида кўрсатган қаҳрамонлиги, у томонидан ижро этилган қўшиқлар ("Сўлим", "Фарҳод ва Ширин" спектаклидан "Фарҳод арияси") ва ҳофизнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлиши ҳақидаги лавҳалар, хотиралар намойиш этилади, қўшиқлари радио архивидан олиб эшиттирилади.

Шунингдек, мазкур бўлимда "Ўзбек жангчиларига уларнинг эл-юртидан мактуб" рукни остида ўша даврда марказий газеталарда чоп этилган хатлар ҳам жамланади.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли фронтларда ўзбек тилида чиқиб турган "Ватан учун", "Совет жангчиси", "Қизил аскар ҳақиқати", "Ватан шарафи учун", "Душманга қарши олға", "Фронт ҳақиқати", "Ғалаба байроғи", "Қизил Армия", "Бонг" газеталари ҳақида маълумотлар. Нашрларнинг асл нусхалари.

Алоҳида стендда фашист босқинчиларига қарши жангларда қатнашган ўзбек адабиёти намояндалари (Қодир Мирмуҳамедов, Назармат Эгамназаров, Одил Ёқубов, Зоҳиджон Обидов, Султон Акбарий, Султон Жўра, Мумтоз Муҳамедов, Шароф Рашидов, Владимир Карпов, Зиннат Фатхуллин, Матёқуб Қўшжонов, Шуҳрат Алимов, Адҳам Раҳмат, Адҳам Ҳамдам, Иброҳим Раҳим, Назир Сафаров, Вали Ғофуров, Парда Турсун, Мирзакалон Исмоилий, Мавлон Икром ва бошқалар) ҳақидаги материаллар жойлаштирилади.


6-бўлим. "Мардлар жасорати мангу яшайди".

Урушда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари қайд этилган 33 жилдлик "Хотира" китоби, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар музейдан алоҳида жой эгаллайди.

Ватандошларимизнинг уруш йилларида жанг майдонларида кўрсатган жасорати, фронт ортидаги фидокорона меҳнати, мамлакатимиз ёшлари учун мардлик, матонат ва олижаноблик ҳамда Ватанга муҳаббат фазилатларининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади. Ушбу мавзу мамлакатимиз мустақиллигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида жонфидо этган аскар ва офицерлар жасоратига бағишланган стендларда ёритиб берилади.

Бу борада алоҳида аҳамиятга эга экспонатлар сифатида "Мард ўғлонлар номи барҳаёт" китоби ва унинг асосида суратга олинган кўп қисмли ҳужжатли фильмдан фойдаланиш тавсия этилади.



V. Ғалаба боғида барпо этиладиган инновацион тоннель

Боғ ҳудудида Хотира музейига олиб борадиган инновацион тоннель барпо этилади. Унинг деворларида турли мавзулардаги видеороликлар намойиш этиладиган проекцион экранлар ўрнатилади.



VI. Ғалаба боғидаги кинотеатр

Ушбу кинотеатрда Иккинчи жаҳон урушига бағишлаб мамлакатимизда ва хорижда суратга олинган фильмлар намойиш қилинади.

Бу ердаги фильмотека Ўзбекистоннинг Буюк Ғалабага эришиш борасидаги ҳиссаси ҳақидаги кинохроника ва ҳужжатли фильмларни ўз ичига олади.



VII. Ғалаба боғидаги кутубхона, ўқув боғи ва бук-кафе

Ғалаба боғида кутубхона, бук-кафе (book-cafe), шунингдек, wi-fi ҳудуди ташкил этилади.

Кутубхона турли ёшдаги ўқувчилар учун сиёсий, бадиий-ҳужжатли адабиётлар билан тўлдирилади.

Очиқ осмон остидаги Ўқув залида ўриндиқлар ўрнатилади, манзарали дарахтлар экилади, мутолаа учун қулай муҳит яратилади.

Бук-кафеда Иккинчи жаҳон урушига бағишланган асарларни оммалаштириш учун турли тадбирлар (тақдимотлар, учрашувлар, шеърият кечалари) ўтказилади.


Эслатма: Ғалаба боғи концепциясини амалга ошириш жараёнида унга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 октябрдаги

ПҚ-4495-сон қарорига

3-ИЛОВА



Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг

75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш

ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

1. А. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, ишчи гуруҳ раҳбари


2. В. Махмудов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


3. Х. Султонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси - Спичрайтери


4. А. Абдуваҳитов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси


5. Т. Худайбергенов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси


6. Ф. Махмудов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари


7. А. Саъдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари


8. А. Абдуҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари


9. К. Алламжонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи


10. П. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири


11. Б. Курбанов

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири


12. А. Қўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари


13. А. Ҳайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари


14. И. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири


15. Ш. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири


16. Б. Сайфуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири


17. Б. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири


18. Р. Мирзаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони


19. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари


20. Ш. Шакиров

-

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари


21. Ш. Ахмедов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девонининг шўъба мудири


22. И. Бўрибоев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири


23. М. Исаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири


24. А. Мирзарахимов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бош консультанти


25. Қ. Рафиков

-

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси


26. А. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи


27. А. Кўчимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори


28. Р. Ниязов

-

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши раиси


29. М. Ходжиматов

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари


30. Ш. Жалилов

-

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Марказий кенгаши раиси


31. Ш. Жавлонов

-

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари


32. С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


33. Р. Абдуллаев

-

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси


34. С. Ҳакимов

-

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси


35. А. Нуридинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси


36. И. Мирзаалиев

-

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси


37. Б. Йўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президенти


38. У. Юсупов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги бош директори


39. Ф. Абдухолиқов

-

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси


40. С. Ашуров

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, ишчи гуруҳ котиби

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 октябрь