Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2020 й. 107-сон "Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2020 й.

N 107



ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ БЎСТОНЛИҚ

ТУМАНИДА ТАЖРИБА ТАРИҚАСИДА СОЛИҚ

СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИНГ

АЛОҲИДА ТАРТИБИНИ ЖОРИЙ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишни соддалаштириш, савдо ва хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, маҳаллий бюджетга даромадлар тушумларининг қўшимча манбаларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2020 йил 1 майдан бошлаб, 2021 йил 1 майгача Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини (кейинги ўринларда тажриба деб аталади) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилаб қўйилсинки, тажриба даврида:

жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар (кейинги ўринларда кўчмас мулк объектлари деб аталади), шунингдек, мазкур қарорга иловада кўрсатилган айрим мол-мулк турлари (кейинги ўринларда айрим мол-мулк турлари деб аталади) солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади;

жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектларининг ижарага берилиши билан бир вақтда Давлат солиқ қўмитасининг ягона электрон платформасига (мобил илова ёки веб-сайт орқали) бу ҳақдаги маълумотлар киритилииш лозим. Бунда ягона электрон платформага тегишли маълумотлар киритилган тақдирда, кўчмас мулк объектларини ижарага бериш шартномасини тузиш ва уни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш талаб этилмайди;

кўчмас мулк объекти ва айрим мол-мулк турлари солиқ органларида ҳисобга олинган махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади ҳамда тегишли солиқлар тўланган тақдирда, ушбу фаолиятдан тушган нақд пулни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади;

солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳномасиз кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш ёҳуд кўчмас мулк объектларининг ижарага берилгани тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда ягона электрон платформага киритмаслик - солиқларни тўлашдан бўйин товлаш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;

солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳнома асосида айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт эмас ҳамда уларнинг даромадларига белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади;

тадбиркорлик субъекти сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари хизматлари кўрсатаётган ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга мазкур қарор талаблари татбиқ этилмайди.


3. Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пунктлари ташкил этилсин ва солиқ органлари бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 30 та штат бирлиги ажратилсин.


4. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда солиқ таянч пунктлари учун Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида ер участкалари ажратиш ёки уларни бўш бинода жойлаштириш чорасини кўрсин.

Мазкур солиқ таянч пунктлари учун ихчам бинолар қурилиши ҳамда уларни замонавий ахборот-коммуникация тизими билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳамда Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарорнинг 2-бандида кўрсатилган ягона электрон платформа ва мобил илованинг яратилишини ва Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасига интеграция қилинишини таъминласин;

Молия вазирлиги билан биргаликда Бўстонлиқ туманида ташкил этиладиган солиқ таянч пунктлари ходимлари учун мазкур қарорда назарда тутилган солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби бўйича ўқув курсларини ташкил этсин;

мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида тажриба жараёнига бағишланган мавзули аудио ва видеороликлар, баннерлар, плакатлар, стендлар ҳамда инновацион ахборот-тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда кампаниялар ўтказсин.

Ягона электрон платформа ва мобил иловани яратиш билан боғлиқ бўлган маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан ажратилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитасига 2020 йил 1 апрелга қадар Бўстонлиқ тумани давлат солиқ инспекциясининг қўшимча 5 та хизмат автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ва уларни харид қилишга зарур пул маблағлари ажратилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш, унга кўчмас мулк объектлари ижарага берилгани тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартиби ҳақида вақтинча низом ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар тажриба натижаларига кўра, уни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлилий маълумотнома ва таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қучқоров - мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш, белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев - мазкур тажрибанинг муваффақиятли ва самарали амалга оширилиши юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини ва унда белгиланган вазифаларнинг солиқ органлари томонидан бажарилиши жараёнини ахборот-коммуникация технологиялари орқали назорат қилишни таъминласин;

Тошкент вилояти ҳокими Р.Қ. Холматов - солиқ таянч пунктларининг самарали фаолияти учун тегишли шарт-шароитларни таъминласин ҳамда зарур маблағларни ўз вақтида ажратсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д. Хаджаев - мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, мавзуга доир телекўрсатувлар ташкил этсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 20 февралдаги

107-сон қарорига

ИЛОВА



Жисмоний шахсларнинг даромад манбаи сифатида

солиқ органларида ҳисобга қўйиладиган мол-мулклари

РЎЙХАТИ*


1. Сув транспорти (моторли ва моторсиз, шу жумладан шишириладиган).


2. Сув мотоцикллари (скутерлар ва бошқалар).


3. Қорда юрадиган техника воситалари (қор автоулови).


4. Квадрацикллар.


5. Парапланлар ва дельтапланлар.


6. Супа, сўри, топчанлар ва шунга ўхшаш дам олиш учун жойлар.


*) Мазкур рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 21 февраль