Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.02.2020 й. ПҚ-4597-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.02.2020 й.

N ПҚ-4597



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ҲУЗУРИДАГИ ОРОЛБЎЙИ ХАЛҚАРО ИННОВАЦИЯ

МАРКАЗИНИНГ ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг молиявий ва моддий-техник таъминотини яхшилаш, унинг тажриба-синов майдонларини кенгайгириш ҳамда тузилмасини такомиллашгириш, Оролбўйи ҳудудида инновацион ва илмий ишланмаларни янада кенгроқ жорий этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3975-сон қарорига асосан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази (кейинги ўринларда - Халқаро инновация маркази) томонидан:

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 20,3 гектар майдонда "Мўйноқ" тажриба-синов майдони, Нукус туманида 20 гектар майдонда "Саманбай" тажриба-синов майдони ташкил этилганлиги;

шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, унга киритилган 13 турдаги ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Халқаро инновация маркази ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган "My garden in the Aral Sea" ("Оролдаги боғим") агро ва экотуризм лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Оролбўйи ҳудудида илмий-тадқиқот ва амалий ишларни олиб бориш, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ривожлантириш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун кўргазмали тажриба-синов майдонларини ташкил этиш мақсадида Халқаро инновация марказининг эҳтиёжларига мувофиқ равишда ушбу марказга икки ой муддатда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши - Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги захира ер майдонлари ҳамда Орол денгизининг қуриган тубидаги ҳудуддан;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси - Оролбўйи ҳудудидаги ўрмон фонди ерларидан ер майдонлари ажратилишини таъминласин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Халқаро инновация марказининг бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар 2020 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ҳамда шу муносабат билан ушбу харажатларни Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тўхтатилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани "Мўйноқ" тажриба-синов майдонида маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларини қуриш, шунингдек, Нукус тумани "Саманбай" тажриба-синов майдонида лаборатория биноси ва хостел қуриш ҳамда ушбу ҳудудни ободонлаштириш бўйича харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Халқаро инновация марказининг илмий лабораторияларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, шу билан бирга зарур сарфланадиган материаллар ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз равишда таъминлаш, шунингдек, "My garden in the Aral Sea" ("Оролдаги боғим") агро ва экотуризм лойиҳасини амалга ошириш бўйича харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Халқаро инновация маркази директорига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқаро инновация марказининг ижро аппарати тузилмасига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Халқаро инновация маркази Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар Халқаро инновация маркази ҳузуридаги Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш тартибини назарда тутган ҳолда ушбу жамғарма тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Халқаро инновация маркази Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда доимий равишда вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган илмий-инновацион лойиҳалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди грантлари ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борсин.

8. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ икки ой муддатда Халқаро инновация марказининг маъмурий биноси ва унга туташ ҳудудларни барча зарур асбоб-ускуналарни ўрнатган ҳолда электр энергия билан таъминлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси уч ой муддатда мавжуд тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида "Мўйноқ" тажриба-синов майдонига олиб борувчи ички йўл ва Нукус туманида "Саманбай" тажриба-синов майдонига олиб борувчи 2,1 км узунликдаги йўл (4R 176-Г), шунингдек, Халқаро инновация маркази маъмурий биносига киришдаги 650 м узунликдаги йўлларда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилишини таъминласин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Нукус шаҳар Марказий бозоридан Нукус туманидаги Халқаро инновация маркази ҳудудигача бўлган йўналишда мунтазам жамоат транспорти қатнови ташкил этилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3975-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


12. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов - мазкур қарор ижросининг масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини ташкил қилсин, улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов - Оролбўйи ҳудудида инновацион ва илмий ишланмаларни кенг жорий этсин, Халқаро инновация марказининг инновацион ва илмий фаолиятини мувофиқлаштирсин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул вазирлик, идора ва ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича 2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига якуний ахборот киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси К.Р. Сариев - Халқаро инновация марказининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши, шу жумладан тегишли инфратузилма объектларининг барпо этилишини, ушбу тадбирларнинг мазкур қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджета маблағлари ҳисобидан ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 12 февралдаги

ПҚ-4597-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2018 йил 16 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация

марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3975-сон

қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 6-банднинг "б" кичик бандидаги "(2018 йилда ва 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида)" сўзлари "(2018-2019 йилларда)" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. 7-бандда:


а) иккинчи хатбоши "тузилмасига" сўзидан кейин "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқаро инновация марказининг ижро аппарати тузилмасига Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча штат бирликларини киритиш";


в) учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 17 февраль, 6-сон, 61-модда