Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида сертификат бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.03.2020 й. 132-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 9 мартдаги

132-сон қарорига

4-ИЛОВА



Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик

тайёрловдан ўтганлик тўғрисида сертификат

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат бериш тартибини белгилайди.



2-БОБ. СЕРТИФИКАТ БЛАНКАЛАРИГА

БУЮРТМА БЕРИШ, УЛАРНИ САҚЛАШ,

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ЖОЙЛАРГА ЕТКАЗИШ


2. Сертификат бланкалари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълими вазирлигининг буюртманомасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг "Давлат белгиси" давлат унитар корхонаси томонидан муҳофазаланган қоғозда чоп этилади.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача таълими бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармаларга), туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларида сертификат бланкаларини сақлаш, ҳисобга олиш ва жойларга етказиш бўйича масъул ходимлар (кейинги ўринларда - масъул шахслар) белгиланади.


4. Сертификат бланкалари ҳудудий бошқармаларга ҳар йили 1 июнга қадар етказилади.


5. Ҳудудий бошқармалар сертификат бланкаларини олганларидан сўнг уларнинг сонини ва тартиб рақамларини юк хати бўйича текширади. Текшириш якунига кўра сертификат бланкаларининг қабул қилиб олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Далолатнома ҳудудий бошқарма бошлиғи ҳамда масъул шахс томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.


6. Ҳудудий бошқармаларга олиб келинган сертификат бланкалари сертификатни ҳисобга олиш ва тарқатиш дафтарида ҳисобга олинади ҳамда сейфда сақланади.


7. Ҳудудий бошқармалар сертификат бланкаларини ҳар йили 5 июнга қадар туман (шаҳар) мактабгача таълими бўлими масъул шахсига ишончнома асосида беради.

Туман (шаҳар) мактабгача таълими бўлимларидан ҳар йили 8 июнга қадар сертификат бланкалари мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига берилади ва бу ҳақида далолатнома тузилади.


8. Ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) мактабгача таълими бўлимлари ҳар бир мактабгача таълим ташкилотларига берилаётган сертификат бланкаларининг сони, уларнинг тартиб рақамлари сертификатни ҳисобга олиш ва тарқатиш дафтарида қайд этилишини назоратга оладилар.


9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги сертификатлар реестрини юритади.

Сертификатлар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

тарбияланувчи фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари (гувоҳнома рақами, ким томонидан ва қачон берилгани);

мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларга сертификат бериш тўғрисидаги буйруғи санаси ва рақами;

сертификат ҳисоб серияси ва рақами;

сертификат берилган сана.



3-БОБ. СЕРТИФИКАТ БЛАНКАЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ

ВА БИТИРУВЧИЛАРГА ТОПШИРИШ


10. Сертификат бланкалари тарбияланувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва гуруҳ журналларидаги маълумотлар асосида тўлдирилади.


11. Сертификат раҳбарнинг имзоси ҳамда мактабгача таълим ташкилоти муҳри билан (муҳри бўлган тақдирда) тасдиқланади. Муҳр аниқ ва ўқилиши осон бўладиган ҳолда туширилади.


12. Мактабгача таълим ташкилотларида битирувчиларга сертификат ҳар йили 20 июнга қадар тантанали равишда топширилади.

Битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакиллари (кейинги ўринларда ота-оналар) сертификатни олгани ҳақида сертификатни ҳисобга олиш ва тарқатиш дафтарига имзо қўяди.



4-БОБ. СЕРТИФИКАТ ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


13. Сертификат йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган, бузилган ҳоларда дубликат берилади.


14. Дубликат олиш учун битирувчининг ота-онаси (улардан бири) мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига сертификатнинг йўқотилиши, яроқсиз ҳолатга келиши ёки бузилиши ҳолати тўлиқ баён этилган ёзма ариза берадилар.

Аризага боланинг туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси илова қилинади.


15. Битирувчининг мактабгача таълим ташкилотида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, 5 кун муддатда мактабгача таълим ташкилоти раҳбари дубликат бериш масаласида туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилади ва унинг мурожаати ҳудудий бошқармага юборилади.


16. Дубликатлар ҳудудий бошқармалар томонидан берилади. Дубликатни бериш муддати мактабгача таълим ташкилотига ариза келиб тушган кундан бошлаб бир ойдан ошиб кетмаслиги керак.


17. Яроқсиз ҳолга келган сертификат мактабгача таълим ташкилотига қайтарилиши лозим.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Болалар бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик

тайёрловдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг

ДАВЛАТ НАМУНАСИ

(Сертификат тавсифи)

Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисидаги сертификат А5 форматидаги оқ қоғозга офсет усулида, қуйидаги бешта бўёқдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади: қора - матн учун, яшил, кўк, қизил - расмлар тасвири учун, оч жигар ранг - фон учун. Тасманинг юқори қисмига диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири жойлаштирилган.

Варақнинг юқори қолган қисмига лотин ёзувида давлат тилида "O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA TA'LIM VAZIRLIGI. MAKTABGACHA TA'LIM TO'G'RISIDA SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат МТ ҳарфларидан иборат тартиб рақамга эга ва етти хонали сондан иборат. Сертификат матни нақшли растрдан иборат оч жигарранг фонда қора рангда ўзбек тилида ёзилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.






Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири



O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI

MAKTABGACHA TA'LIM TO'G'RISIDA


SERTIFIKAT


MT N 0000000

Ushbu sertifikat 20 ____ __________ da

(tug'ilgan joyi)

tug'ilgan

ga 20 _____ yilda


(familiyasi, ismi, otasining ismi)


da

(muassasa nomi)


boshlang'ich ta'limga bir yillik tayyorlov dasturini bitirganligi to'g'risida berildi.

M.O'.     Rahbar


(F.I.O.)


(imzo)

Guruh rahbari

(imzo)

(F.I.O.)

Qayd qilingan raqami _______

20___ yil ______________ da berildi.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 март