Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 19.03.2020 й. 172-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 мартдаги

172-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича

агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни

қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

курсларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


тингловчилар - агросаноат мажмуи таркибидаги вазирлик ва идоралар томонидан "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тавсия этилиб, танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар;


агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш - халқаро тажрибалар, стандартлар ва талаблар асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларига мувофиқ агросаноат мажмуининг раҳбар ва мутахассис кадрларида замонавий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш курси;


агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларнинг малакасини ошириш - халқаро тажрибалар, стандартлар ва талаблар асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларига мувофиқ агросаноат мажмуи раҳбар ва мутахассис кадрларининг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали касбий маҳоратининг ўсишини таъминлашдан иборат ўқув курси;

танлов комиссияси - танлов комиссияси таркиби агросаноат мажмуи таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг тавсияси асосида университет ректори томонидан тасдиқланади.


3. "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг ўқиш даврида асосий иш жойи ва ойлик иш ҳақи миқдори сақланади.



2-БОБ. АГРОСАНОАТ МАЖМУИ УЧУН РАҲБАР

ВА МУТАХАССИС КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА

УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ КУРСЛАРИГА

ТИНГЛОВЧИЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


4. Тошкент давлат аграр университети (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ҳузуридаги "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига тингловчилар олий маълумотли ҳамда агросаноат мажмуининг соҳа ва тармоқларида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган ходимлар таркибидан тўлов-контракт асосида қабул қилинади.


5. Ўқув дастурларининг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда, "Агробизнес ва бошқарув" йўналишида агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш Университетнинг илмий кенгаши қарори билан белгиланади ва тегишли ўқув йили учун тингловчилар Университетнинг танлов комиссияси томонидан қабул қилинади.

Танлов комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Университет ректори томонидан тасдиқланади.


6. "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш манфаатдор вазирлик ва бошқа ташкилотлар (буюртмачилар) билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади.


7. Манфаатдор вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг тегишли ёзма мурожаатлари асосида "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурлари доирасида ўқиш учун тавсия этилган номзодлар Танлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

иш жойидан тавсифнома;

3,5 x 4,5 ҳажмдаги фотосурат (6 дона);

меҳнат дафтарчасидан нусха (электрон база орқали);

паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда).


8. "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига номзодлар Танлов комиссияси томонидан суҳбат ўтказиш орқали танлаб олинади. Бунда номзодларнинг мутахассислиги бўйича назарий ва амалий билими, бошқарув кўникмалари, мантиқий, таҳлилий ва креатив фикрлашга эга эканлигига, шунингдек, уларнинг етакчилик сифатларига алоҳида эътибор қаратилади.

"Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш бўйича "Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва етакчилик", "Мутахассислик" ва "Амалий инглиз тили" фанларидан ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳамда уларнинг натижаларини баҳолаш мезонлари Университетнинг илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.


9. "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига номзодлар билан ўтказиладиган суҳбат натижалари 100 балли тизим бўйича баҳоланади. Бунда белгиланган максимал баллнинг 55 фоизидан юқори натижага эга бўлган номзодлар танловдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.


10. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар Танлов комиссияси томонидан "Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг тингловчилари сафига тавсия қилинади ҳамда Университет ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


11. Марказ агросаноат мажмуи раҳбар ва мутахассис кадрларининг касбий билим ва қобилиятларига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда, сайёр ўқув-амалий семинарларни ташкил этади;

тингловчиларда иш фаолиятини режалаштириш ва иш режалари ("йўл харита")ни сифатли бажариш бўйича кўникмаларни шакллантириш учун доимий равишда интерфаол машғулотлар ва маҳорат дарсларини ўтказади;

тингловчиларда маҳаллий бошқарув ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли бажариш бўйича кўникмаларни шакллантиради;

"Агробизнес ва бошқарув" йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда даврий равишда ўқув-амалий семинарларни ўтказиш жараёнида аниқланган муаммо ва таклифлар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди.


12. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 март